Бойбўта Дўстқораев. “Алпомиш” матнининг жилолари

Ўзбек халқи оғзаки ижодининг дурдоналаридан бири, шубҳасиз, “Алпомиш” достонидир. Деярли бир аср бўлдики, достон матни бахшилардан қайта-қайта ёзиб олинди, хилма-хил нашрлари амалга оширилмоқда, турли-туман тадқиқотлар олиб бориляпти. Бу нашрларни ўқиб, бир қанча авлодлар олам-олам завққа тўлмоқда, уларда ўзига хос эстетик дид сайқал топмоқда. Ушбу сатрлар муаллифи ҳам шундай бахтга мушарраф бўлганлар сирасидан. ХХ аср 40-йиллари охирида, айрим қишлоқларга ҳали радио кириб бормаган пайтларда узоқ қиш кечалари қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар йиғилишар, овози ёқимли бир киши достонларни ўқир, бошқалар завққа тўлиб тинглашарди. Шундай давраларнинг бир четида камина ҳам бўларди. Энди олти-етти ёшга кириб, бадиий сўзнинг сеҳрини чала-чулпа англай бошлаган вақтларимда достонларда тасвирланган воқеаларни болаликнинг чекланган хаёлот доирасида ўзимча тасаввур этар, ҳодисаларни ўз қишлоғим сарҳадларидан узоқ бўлмаган макондагина бўляпти, деб ўйлардим. Шу тариқа, халқ оғзаки ижоди, хусусан, достонлар ҳали жўн тарзда бўлса-да, бадиий тафаккуримнинг шаклланишида ўзига хос замин бўлган, дея оламан. Бу туйғу ҳалигача мени тарк этган эмас. Ҳар замон-ҳар замонда юз марта эшитилган, ўқилган достонларни юз биринчи марта яна қўлга оламан, уларга бошқача нигоҳ билан қарайман: энди ундаги ҳар бир сўздан, ҳар бир атамадан тарихий ўтмишимиз муҳри босилган реалийларни қидираман, агар шундайларни тополсам, беҳад қувончга тўламан.

Мана, “Алпомиш”нинг 1998 йили чоп этилган нусхаси. Сатрларга кўз югуртирарканман, йиллар ўтган сайин унинг матни ҳам бахшилар томонидан замонага мос ҳолда “таҳрир” этилиб, сайқалланиб борганини, даврлар ўтиб, маъносини англаш қийин бўлган архаик сўзлар бошқаси билан ўзгартирилганини тушунаман. Шундай бўлса-да кул орасидан чиқиб қолган чўғ мисол эски, минг йиллар оша келаётган сўзларга ҳам дуч келиб қолганимда, ёмби топгандек қувонаман.

“Алпомиш” гўё ўзбекларнинг неча минг йиллик ҳаётининг, турмуш тарзининг мухтасар бир қомусидек туюлади. Буни қарангки, достондаги персонажларнинг исмлари соф туркий бўлгани баробар, аждодларимизнинг исм қўйиш тамойилини ҳам кўргандек бўламан. Ўғил болаларга катта ният билан улуғ, улкан нарса ёки кучли мавжудотларнинг отлари қўйилган. Ёхуд ёш жониворларни англатувчи исмларни танлашган. Негаки, ҳар қандай жонзотнинг кичиги “ширин”, ёқимли кўринади. Достонда Олпинбий, Добонбий, Бойбўри, Бойсари деган туркий номлар учрайди. Олпинбий асли баҳодир, полвон деган маънони англатувчи “алп” ва катта маъносини берувчи қўшимча “мон”дан ташкил топган, “Алпмон” сўзига қўшилган “бий” эса, туркий қавмларда “қози” ёхуд “оқсоқол” маъноларини билдирган. Достонда келтирилишича, дунёдан бор-йўғи тўқсон нафаргина “алп” ўтган, шуларнинг бири Алпомишдир. Добонбий “дев” ва “мон” ўзакларидан таркиб топган. “Улкан дев” дегани. (“Дев” ўзаги товуш ўзгаришига учраб “доб” тарзига келган, “мон”нинг “м” товуши талаффузда тушиб қолдирилган). “Кўкаман” сўзида ҳам шундай ҳолатни кўриш мумкин. “Кўка” сўзи кўксдан олинган бўлиб, кўкрак, юрак маъноларини билдиради. Кўкаман (кўкамон) “юраги катта” дегани. Алпомиш сўзини ҳам “алп”, “мон” ва “миш” каби ўзак ҳамда қўшимчаларга бўлиш мумкин. Унинг асли исми деб берилган “Ҳакимбек” эса чорвадор туркий қавмлар исломни қабул қилганларидан кейин бахшилар томонидан “таҳрир этилган” вариант. Эҳтимол, достоннинг қадимги вариантларида Алпомишнинг ҳам асли номи соф туркийча бўлгандир. Қизларга кўркам, сулув паррандаларнинг отларини қўйиш одат бўлган. Қаранг, Бойсарининг қизи Барчин, Бойбўриники эса Қалдирғоч. “Барчин” сўзи “бовурчин” деган сўз билан боғлиқ, жигарранг, чиройли муаннас ўрдак, дегани.

Алпомиш” достонида баён этилган давр қабила, уруғчиликдан давлатчиликка ўтилаётган пайт бўлган. Эндигина давлатчиликнинг маълум бир унсурлари кўзга ташланади. Бу даврнинг асосий хусусияти — ҳар бир қабила, уруғ ўзини сақлаб қолишга интилган. Кучли, мард ва қўрқмас йигитларгина қабиласи, уруғини сақлаб қола оладиган куч саналган. Таъкидлаш керакки, қабила, уруғнинг бирлиги, яхлитлиги уларнинг яшаб қолиш омилларидан саналган. Шу боис, “Алпомиш”нинг ғоявий мазмунини уруғнинг яхлитлиги, бирлигини сақлаб қолиш, ёвларга қарши курашга тўғри келганда асқотадиган тенгсиз куч, қудратни улуғлаш ташкил қилиши табиий ҳол.

Достонда ишлатилган “азамат” сўзи бу ҳодисани ёрқин очиб берувчи ўзига хос калит, дейиш мумкин. “Алпомиш” достонининг 22-саҳифасида “Азамат бош берар диннинг йўлига”, деган сатр келган. Бу ердаги “азамат” сўзи туркийча бўлиб, муайян мазмунни англатувчи атамадир. (Чорвадор туркий қавмлар исломни қабул қилгунларига қадар бу сатр бошқача, балки “Азамат бош берар юртнинг йўлига” каби вариантда бўлгандир). Туркий қавмларда ўғил болаларни ёшига қараб қуйидаги туркумларга бўлишган: 10 дан 20 ёшгача бўлганларни “бўз бола”, деб аташган. Яқин-яқинларгача балоғатга етган йигитлар уйланиш олдидан “бўз бола”ларни чақириб, зиёфат бериш ҳодисаси учрарди. 20 ёшдан 30 гача бўлганларга “азамат”, дейилган. Азаматлар уруғ-қабилани, қавмни ёвдан ҳимоя қилиш учун доимо тайёр туриши лозим бўлган. Тимсолли айтганда, улар заҳирадаги, аммо ҳар лаҳзада чақириққа тайёр турувчи аскар ҳисобланган. Ҳали-ҳалигача яқин кишингизнинг ўғли бўй чўзиб, кўзга ташланиб қолган бўлса, “Э, азамат бўлиб қолибди-ку!”, деймиз. Ўспиринга айтилган бу далданинг замирида “Хайрият, азаматларимиз сафига яна бири қўшиладиган бўлди”, деган қониқиш ҳисси ҳам ётган бўлади. 30 ёшдан 40 ёшгача бўлганларни “эр йигит”, дейилган. Бу гуруҳ, асосан, оиласини парваришлаш, фарзандларини эл-юртга муносиб қилиб тарбиялаш билан шуғулланган. 40 билан 50 ёш орасидагиларга “қуш оғаси”, дейилган. “Қуш” сўзи қассоблик билан боғлиқ бўлган “куш”дан батамом фарқ қилади. “Қуш” бир ота-онадан тарқалган ака-ука, амакиларнинг оилалари мажмуини билдирган. “Қуш оғаси” мана шу кичик ижтимоий гуруҳнинг бошлиғи ёки обрўли аъзоси бўлган. Чорвадор қавмлар кенг яйловларда ўтов тикиб ўрнашганлар, ўша жойларда ўт-ўланлар камайгач, бошқа ерларга кўчиб ўтишган. Танишлар бир-бирларини учратиб қолишганда, “Қушхонанглар қаерда жойлашган?”, деб сўраш одат бўлган. 50 ёшдан 60гача бўлганларни “ўтоғаси”, дейилган. Улар бир неча “қуш”ларга бошчилик, раҳбарлик қилишган. Ҳозир ҳам бу ёшдаги кишиларга “ўтоғаси”, деб мурожаат қилиш ҳоллари Тошкент ва унинг атрофларида учраб туради. Жамият аъзоларининг бу тарзда гуруҳланиши ва уларга юкланган ижтимоий вазифа чорвадор туркий қавмларда қадимдаёқ, содда бўлса-да, ижтимоий тизим шаклланганини кўрсатади.

Аждодларимизда хотин-қизларга нисбатан эркинлик берилгани, уларнинг ақлига, фаҳмига ишонилганидан далолатдир. “Ўн тўртга кирган қизнинг кимга эрга тегиши ўз ихтиёрига берилади”, дейилади достонда (64-бет). Вақти келганда, қалмоқ полвонларига жавоб бериш (тегиш-тегмаслик масаласида) ҳуқуқини қизи Барчинга топшириб, унинг ўтовини алоҳида бир қирнинг устига тиктириб берган Бойсарининг ҳаракатини табиий ҳол деб қабул қиламиз. Бу эса, ёшларнинг ўз тақдирини белгилашларида муҳим аҳамият касб этган. Кези келганда таъкидлаш керакки, достонларда йигитнинг қизга муҳаббати ҳар қандай бачканаликлардан узоқ, тўкис, иболи ҳодиса. Барчиннинг келбати ҳам Алпомишникидан қолишмайди. Ҳар яғрини ўн тўрт қарич. Демак, алп йигит Алпомишнинг Барчиндай қомати расо қизга бўлган севгиси сўзда зоҳиран ифодаланувчи туйғудан кўра, кўпроқ ботинига сингиган, сокин, улкан муҳаббатдек англанади.

“Алпомиш”нинг, афсуски, асрлар давомида айтилиб келган вариантлари ёзиб борилмаган. Агар шундай бўлганда эди, жуда кўплаб тарихий сўз ва атамаларга дуч келган бўлардик. Шу ҳолида ҳам достон матнида халқимиз тарихининг тараққиёт жараёнини акс эттирган сўз ва атамалар анчагина. Олайлик, Ёртибой образини. Унда қандайдир нуқсон мавжуд. Шунинг учун унинг исми “ярим”, деган маънони билдиради. Достон айтувчи бахши бу образга бир оз мутойибани ҳам сингдириб юборган. “Мажлисли кун бўлса, тўрдан жой тегмай, пиёладан чой тегмай, бўсағанинг олдида кавуш билан аралашиб, ит йиқилиш бўлиб, пойга бетда ётар эди”, дея тавсиф берилади унга (22-бет). “Ит йиқилиш бўлиб” ибораси тимсолли манзара яратиши билан бирга, Ёртибой образининг моҳиятини чуқурроқ очиб беради. Маълумки, итлар урушиб қолганда, орқа оёқларида туриб олдинги оёқлари билан бир-бирининг елкасидан “ушлагандек” ҳолга келгач, баб-баравар, ёнбоши билан йиқилади. Бунга тенг йиқилиш, дейилади. Бу манзарадан бахши ёрқин тасаввур ҳосил қилдириш йўлида фойдаланган: кавушлар билан тенг ҳолда қаралган Ёртибой уруғ бошлиғи Бойсари ўтказган кенгашда ўзини худбинларча четга тортиб, уруғдоши бошига иш тушганда жўяли маслаҳат беришдан қочади. Яъни “ярим одам” — ёртилигига боради. Бахшилар таъкидлаганидек, “ковуш билан тенг” кимсанинг гапини айтади.

Достон матнида муайян тарихий қатламга хос, шу билан бирга, тарихий тараққиёт жараёнида содир бўлган ижтимоий ўзгаришлар ҳисобга олинган ҳолда сўз ва атамаларни қўллаш ҳам анчагина учрайди. Кўкалдош укасига қарата шундай дейди: “Қоражон, сен лот ва манотдан юз ўгириб, ислом динига кириб, сеҳргар-жодугар бўлиб, балога йўлиқиб қолибсан” (139-бет). Маълумки, лот ва манот араблар ислом динини қабул қилишдан илгари сиғинган икки бутнинг номидир. Бу билан бахши қалмоқларнинг ҳам мажусий бўлганликларини таъкидлаган ҳолда, улардан айримларининг мусулмонликка ўтаётган даври тўғрисида гўё йўл-йўлакай маълумот бериб ўтади.

Бахшилар баъзан кутилмаган ўхшатишлар ҳам қўллашади. “Алпомиш” достонида “обдол талагандай”, деган ибора учрайди. “Обдол” асли “абдол” сўзининг ўзгаргани бўлиб, “сеҳргар лўли” маъносида қўлланилган. Лўлиларнинг айримлари хотин-қизларни шундай аврашганки, бечоралар бор-будини уларга икки қўллаб топшириб қўйганини билмай қолишган. Бизнингча мана шу ҳолат ўхшатиш сифатида келтирилган. (“Советское востоковедение” мажмуасининг 1948 йилги сонларидан бирида “Абдол тили”, деган мақола босилган. Унда дунёга тарқалиб кетган лўлиларнинг аксарияти тушунадиган, яъни эспирантога ўхшаш “абдол тили”, яъни “лўли тили” тўғрисида маълумот берилган).

Достон матнида шундай айрим сўз ва иборалар учрайдики, уларнинг маъносини топиш осон эмас. Буларнинг маъносини мутахассислар достонни ёзиб олиш пайтида бахшидан сўраб олганларида иш бошқача кечган бўларди. Биттагина мисол келтирайлик. Достоннинг 160-бетида “ҳар изига кетар анча баҳори» деган сатр учрайди. Биз билган “баҳор” билан боғлиқ “Баҳори” деган сўз мазкур матнга мантиқан тўғри келмайди. Демак, бу қандайдир бўлак атама ёки товуш ўзгаришига учраган сўз. Ўзбек тилига араб тилидан кирган икки сўз бор: бири, раоё – ўтроқ халқни англатади, иккинчиси, бароё – чорвадор кўчманчи қавмни, яъни закот тўловчиларни билдиради. “Баҳори” сўзи “бароё” сўзининг фонетик жаҳатдан ўзгаришга учраган шакли, деб тахмин қилиш мумкин. Бундай хорижий сўз ва атамалар мадраса таҳсилини олган бахшилар томонидан киритилгандир эҳтимол. Чорвадор қавмлар тоғ, қир этакларидаги текислик, сайхонлик жойларга ўтов тикишганлар. Бу жойлар тимсолли тарзда инсон босган изга ўхшатилган бўлиши мумкин.

Ўзбек халқ достонларининг ҳар қайсиси бир олам. Фақат бу оламни тушунишга интилиш, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиш керак. Шундагина достонлар матнидаги беқиёс жилоларни ҳис қила билиш мумкин.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 1-сонидан олинди.