Баҳодир Карим. Гаспринский ёди

Инсондан дунёда яхши ном, эзгу амаллар мерос қолади. Бу дунёда жамиятнинг маънавий-руҳий камолоти ва бахт-саодатли ҳаёт кечириши учун чин дилдан хизмат қилган фидойи шахсларнинг хайрли ишлари ҳамиша яхшилик билан эсга олинади. Бугун вафотига юз йил тўлган қримтатар халқининг атоқли фарзанди Исмоилбек Гаспринскийни ёдга олганда шу донишманд маърифатпарварнинг тарих олдида нақадар улкан ишлар бажаргани хаёлдан кечади. Зеро, биргина “Таржимон” газетаси орқали инсонлар қалбига зиё улашган бу маърифатпарвар олимнинг маънавият ва адабиёт учун қимматли фикрлари, илғор қарашлари ва жадидона мулоҳазалари барчанинг юрагидан бирдек ўрин олган эди. Улкан жадидшунос, профессор Бегали Қосимов ўринли таъкидлаганидек, “Уни Қашқардан Лондонгача, Санкт-Петербургдан Бомбейгача билар эдилар”, унга эргашар ва эъзозлардилар.

Боқчасарой фарзанди, барча жадидлар отаси, машҳур “Таржимон”нинг эгаси Исмоилбек Гаспринский дорилфанодан дорилбақога рихлат қилганда кўпчилик қалбини маҳзунлик эгаллади. Замондош ва маслакдошлари бу айрилиқ туфайли қайғурган, унинг нақадар ташаббускор ва тиришқоқ инсон бўлганини қайта-қайта таъкидлаган эдилар. “Миллатга, халқ ва жамоатга хизмат этувчилар эҳтимол ҳар вақт бўлиб келгандир, бири илм бирла хизмат этган бўлса, эҳтимолки, иккинчилари моллари ва ақллари бирла ёрдам этгандирлар. Лекин Исмоилбекнинг хизмати барокотли ва жуда фойдали бўлди. Исмоилбек бу миллат учун хайрли ва назирсиз бир ходим эди”[1]. Бу фикр эгаси Риззоуддин Фахриддин ўзининг “Шўро” журналида Гаспринский фаолиятига назар ташлаб, унинг умрининг охирги лаҳзалари тўғрисида бир қанча қимматли маълумотлар ёзган эди. Маълум бўлишича, Исмоилбек 1914 йил 9 сентябрь куни ўз авлодларини, яқинларини ёнига чақириб: “Сўйлаяжак сўзларимга диққат этингиз, ҳолим оғир, бунинг натижаси ушбу кунларда англашилади, модомики, туғилдикми, бир кун албатта ўлажакмиз, сўзларимдан мутаассир бўлмангиз, туғилиш табиий бўлғони каби, ўлмак-да табиийдир”, деган мазмунда сўзлаган ва бир қанча васиятлар қилади.

И.Гаспринский 1914 йил 10 сентябрь куни кечга томон, юзини қибла томонга буриб, эрталабгача шу зайлда ётади.

1914 йил 11 сентябрь куни эрталаб соат саккизларда жон таслим этади.

1914 йил 12 сентябрь жума куни жанозаси ўқилади.

Бу ҳақда фикр билдирар экан, Исмоилбекнинг елкадоши Ҳасан Сабрий Айвазов: “Эй устоз! Сен бир қуёш эдинг! Шарқда асрларча жаҳолат зулмати туфайли инқирозга маҳкум қолмиш турк-мусулмон қавмларини танвир (нурли қилиш) учун тулуъ этмиш (чиқмиш) бир қуёш эдинг”, деб ёзди.

Шу жумладан, ўзбек жадид адабиётининг дарғалари, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудийдек етакчи зиёлилар ҳам уни ўзларига маънавий падар, йўлбошчи ва маслакдош санаганлари бежиз эмас. Айниқса, Гаспринский вафоти муносабати билан дунёнинг турли бурчакларидан афсус-надомат, йиғи-йўқлов товушлари эшитилди, айни дамда тақдирга тан берилди. Марҳумнинг яқинларига – Боқчасаройга юксак одоб билан таъзия изҳор қилинган телеграммалар, хабарлар тинимсиз бориб тургани – буларнинг барчаси тарихий ҳақиқат, албатта. Ўша даврда дунёнинг кўплаб газета ва журналларида, хусусан, татар матбуотида босилган мақолаларнинг сон-саноғига етиб бўлмайди. Чунки биргина ўзбек матбуотида Гаспринскийга бағишлаб 1914 йилнинг сентябридан ноябригача бўлган, бор-йўғи икки ой давомида – ўнлаб асарлар эълон қилинди. Бу адабий, илмий, ижтимоий руҳдаги манбаларни “Марсия-шеърлар”, “Публицистик мақолалар ва хабарлар” тарзида шартли равишда таснифлаш мумкин. Қўлимизда жамланган манбалар шунга асос беради.

Энди бевосита тўпланган манбалар тафсили ва таҳлилига келадиган бўлсак, гап аввалидаёқ айтиш лозимки, уларнинг умумпафосида бир-бирига уйғунлик, маъно-мундарижаси ва умуммоҳиятида яқинлик мавжуд. Бу умумият негизи ачиниш ва ифтихор, афсусланиш ва орзу-умид каби икки қиррали ҳис-туйғулардан иборат. Шу билан бирга дунёдаги бирор тирик жон қочиб қутила билмайдиган, бандасининг бошига қачон келиши номаълум бўлган ўлимдек сирли ҳодиса Гаспринский феноменини атрофлича идрок этиш учун ҳам ғанимат бир фурсат бўлгандек таассурот қолдиради. Чунки ер учун лангар ўлароқ яратилган тоғлар маҳобати, ҳайбати, улуғворлиги ундан узоқлашган сари кўринади, англанади, ҳис қилинади, идрок этилади. Замондошлари, маслакдошлари Исмоилбек Гаспринский вафот этган маҳалининг ўзидаёқ бу шахсият миллат учун чинакам бир порлаган маёқ бўлганини тан олишди, эътироф этишди. Орадан вақт ўтган сари эса бу шахс баён қилган ўгитлар, ҳикматлар, ҳаёт учун дастурга муносиб қарашлар ўз исботини топди; ўзидан кейингиларга миллий ўзликни англаш борасида муҳташам фикр майдони бўлиб хизмат қилди. Маҳобатга ҳақиқат ва ҳайбат қўшилди.

Ўзбек ижодкорларининг Гаспринскийга бағишланган асарлари, асосан, унинг вафоти муносабати билан майдонга келди. Аммо алоҳида таъкидлаш керакки, бу ўлим ҳодисасидан аввал ҳам айрим ўзбек шоирлари Гаспринский номи ва “Таржимон” газетаси билан боғлиқ бир-икки асар ёзган эди.

Самарқандлик шоир ва маърифатпарвар Сиддиқий-Ажзий томонидан ёзилган, Оренбургдаги машҳур “Шўро” журналида босилган “Ташаккур ва рижо” номли шеърда туркий халқларнинг барча таниқли жадид зиёлилари, миллат раҳнамолари – “Анвори иттифоқ, тараққий зиёлари”нинг хизматлари улуғланади, “Юлдуз”, “Улфат”, “Тараққий” каби матбуот нашрлари тилга олинади. Муаллиф ўша миллат ойдинларининг унутилмас хизматларига урғу берар экан, албатта, Гаспринский ҳамда унинг “Таржимон” газетасига тўхталиб:

“Ижро эдан вазифасин Оллоҳ лисони ила,
Нашр этди маъвизасин “Таржумон” ила,
Халқ ўлди ошно бу сабаб жаҳон ила,
Ҳал этди мушкулоти фунунинг баён ила”[2],

мисраларини ёзади.

Ўзбек матбуотидаги илк асар – тошкентлик шоир Каримбек Камийнинг “Мўътабар, “Таржумон” ва Исмоилбек Ғаспринский жаноблари ҳаққинда” сарлавҳали шеъри “Ойна” журналининг 1914 йил 19 февраль сонида босилади. Гаспралишунос З.Абдирашидов берган маълумотга кўра ушбу шеърни Камий 1898 йили ёзган ва “Таржимон”га юборган. Гаспринскийнинг “Тошкандлик шоир Камийга” жавоб мақоласидаги (“Таржумон” 1898. № 41) маълумотда айтилишича, муҳаррир ўзларига тегишли бўлган бу мақтов шеърни газетада беришга истиҳола қилган[3]. Гаспринский вафотидан анча аввал ёзилган бу шеърда “чўқ расо, фикри фасиҳ” деб газета муҳаррири сифатланса, “Таржимон”нинг ўзида эса турфа хил хабарлар, илм-фан, “одобу маош”га доир насиҳатлар, ҳатто инсонни шоду хуррам қиладиган латифалар чоп этилиши шеърий йўсинда таъкидланади:

“Ҳар ҳуруфи гул каби, ҳар нуқтаси ғунча мисол,

Хуш тамошо истаянларға гулистон “Таржумон”[4].

“Таржимон” ва газета муҳарририни шу зайлда гулу гулистонга қиёслаган Каримбек Камий у зот вафотига бағишлаб “Ҳақойиқи огоҳ, маорифи дастгоҳ, устози замон, соҳиби “Таржумон”, жаноби Исмоилбек ҳазратларининг руҳи пурфутуҳларина иттиҳоф” деб номланган, узун сарлавҳали таърих-марсиясини ёзади. Зеро, шоирнинг Гаспринскийга муносабати сарлавҳадаёқ акс этгани аниқ: кўпчиликнинг устози, ҳақиқатга ошно, маорифпарвар; сўнгра матнда “фарди замон” экани айтилади.

“Жумлаи ислом элиға раҳбару устоз эди,
Барча шогирдонина эрди атодек меҳрибон.

Эрди ул зоти мукаррам дину миллатга паноҳ,
Эрди ул зоти муаззам мақтадои мўъминон”[5].

Камий фикрича, у зотнинг бундай гўзал сифатлари – “мадҳу авсофи”ни жуда кўп келтириш мумкин. Энг муҳими, мусулмонлар бошига келган бу катта мусибатни енгил ҳам санаб бўлмайди, яъни “Жумлаи ислом элиға бу мусибатдур калон”.

Таъкидлаш керакки, Гаспринский вафотига бағишлаб марсия-таъзиянома руҳида ёзилган шеърларда шоирларнинг одамларга, миллат аҳлига, мусулмонлар жамоасига мурожаат услуби кузатилади:

“Йиғла, миллат қон тўкуб, айлаб наволар йиғлагил,
Исмоилбек руҳина қилғил дуолар, йиғлагил.

Чок-чок айла яқонг, қон тўк кўзингдин тинмайин,
Алиф қаддинг дол этиб, ушлаб асолар, йиғлагил”[6].

Шундай даъват билан бошланган марсия-таърих шеърида шоир Тавалло Исмоилбек Гаспринскийни нур сочиб турган юлдузларга, зулматли тунни ёртигувчи Ойга ўхшатади; олий насабли эканига урғу беради. “Биз жужуқларға қўшул, келғил оталар, йиғлагил”, деб кексаю ёшларнинг маҳзунлигини ифода этади.

Бухоролик Садриддин Айний ўз шеърида устозидан, яъни “Руҳи авлодан жудо, нури мусаффодан жудо” бўлганига фарёдлар қилади:

“Бир ўзунг биз миллати ислома фарёд айладинг,
Банди ғафлатдан заволли халқи озод айладинг,
Сўйладинг, ёздинг, чолишдинг ҳеч маъюс ўлмадинг
Юрту ер вайроная дўнмишди обод айладинг”[7].

Таҳлил қилинган шеърларда баён этилган юрак дардларига, ҳис-туйғуларга ҳамоҳанглик андижонлик 16 ёшли талаба Ҳамидийнинг “Маърифатпарвар бобомиз Исмоил Ғаспринский ҳазратлари ҳаққинда таъзияномамиз”, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Марсия”, Ҳусайнхўжа Саодатий исмли кишининг “Марсия”, Абдулла Авлонийнинг “Адиби шаҳир Исмоилбек руҳина”, самарқандлик шоир Фахриддин Рожийнинг “Исмоилбек ҳазратлариға”, Сиддиқий-Ажзийнинг “Исмоилбек ҳазратлари ёдиға”, Васлий Самарқандийнинг тожик тилида ёзилган “Таърихи рихлати жаноб Мирзо Исмоилбек соҳиби жаридаи “Таржумон” раҳматуллоҳ раҳматан ва асъатан ва удхула фил жинон”, самарқандлик муаллим Хатоийнинг “Исмоилбек ҳазратлари ёдиға”, Мулла Шамсиддин Қори Хоибнинг “Муҳтарам фозили нуктадон ва фаридуз-замон, ношири “Таржумон”, аҳволи замон Исмоилбек Ғаспринский жанобларининг таърихи соли фавтлари” номли таърих-шеърларида ҳам ўз ифодасини топган.

Исмоилбек Гаспринский вафотига бағишланган публицистик руҳда ёзилган адабий мақолалар ҳам муаллифларнинг ички туйғулари, маҳзун кайфияти ва айрилиқнинг ҳаяжонли надоматлари билан йўғрилгандир.

Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг “Саёҳатнома” асарида 1914 йил 20 июнь куни Истанбулнинг Гулхона паркида Исмоилбек Гаспринский билан учрашиб қолгани ва улар якка ҳолда, юзма-юз етти соат давомида суҳбатлашганини ёдлайди. Устоз шогирд ўртасида бўлиб ўтган жиддий суҳбатнинг асосий ўринлари шу хотирада берилади. Беҳбудий Гаспринс­кийнинг ташқи қиёфасига диққат қаратар экан, ундаги бетоблик аломатлари, енгилгина йўталишлари ва анча озиб кетганини ёзади. Суҳбат жуда мароқли бўлиб ўтганини Беҳбудий шундай эслайди: “Устод ҳазратларини Истанбулда кўрмоқ ва суҳбат этмоқ ҳеч хаёлимга келмаган эди. Аллоҳнинг лутфи ила устод ҳазратларининг танҳойи 7 соат суҳбатларидан у қадар файз топиб мамнун қолдимки, айтган ила адо этолмайман. Ва ул суҳбатнинг лаззати асло мандан кетмайдур”[8]. Албатта, бу хотирани Беҳбудий устозининг ўлим хабарини эшитгандан кейин ёзган эди. Шу билан бирга Гаспринский вафоти муносабати билан “Ойна” журналида босилган “Исмоилбек ҳазратлари” номли махсус мақоласида И.Гаспринский фаолиятига юқори баҳо берган ҳолда, унинг туркий халқлар маданияти ва санъати ривожида турган ўрни ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиради. Беҳбудий ёзишича, “устози муаззам”нинг олимлар, муҳаррирлар, муаллим ва ўқувчилар тоифасига мансуб миллионлаб шогирдлари бор.

Абдурауф Музаффарзода “Марҳум Исмоилбек номиға ёдгор қолдирув масаласи” мақоласида Гаспринский умумфаолиятини туркий миллатлар тарихига қиёслаган ҳолда тавсифлайди. Устозининг таржимаи ҳолига, оилавий муҳитига, бошидан кечирган қийинчиликларига, фикрий салоҳиятига, ижтимоий-сиёсий тафаккури кўлами ва даҳолигига урғу беради: “Исмоилбекда бўлганидек қатъий қарор ва ғоявий хаёлининг қатъий умидларга ўралмоғи ниҳоятда нодир зотлардагина кўринади”. Шу билан бирга мақола муаллифи Гаспринский вафоти-иртиҳолидан ҳам қиймат топиб: “Ул олийжаноб орқасидан бизгина эмас, бутун ислом дунёси йиғлайдур. Не бахтлидур бу руҳ, не чиройлик ва гўзалдир бу иртиҳол”, деб таъсирли қилиб ёзади[9].

Ҳ.Ҳ.Ниёзий айни мавзудаги “Явмул вафот” мақоласида Исмоилбекни: “Ўзини инсон эканлигин ҳақиқий кўз билан кўргандан бери бутун Русия мусулмонлари орасида маориф денгизини оқизмоқ ва тошзорларни сабзазор этмоқ муродида қаршидаги “садд” бўлган баъзи нифоқ, ғафлат ва жаҳолат каби ҳисобсиз тизилган энг зўр катта тоғларни ёлғиз ўзи Фарҳод каби ижтиҳод ва ғайрат тешаси билан бузиб текис қилғон зот-да бу марҳум ва мағфур Исмоилбек ҳазратлари эди”[10], дея улуғлади.

Гаспринскийга бағишланган бу йўналишда ёзилган асарлардан биттаси аёл киши қаламига мансуб. Сора Музаффария “Шафқатли отамиздан айрулдук” мақоласида хотин-қизлар номидан таъзия изҳор этади. “Таржимон” газетасига илова ўлароқ “Олами нисвон” (“Аёллар олами”)ни нашрдан чиқарганини ёдга олиб: “Муҳтарам отамиз Исмоилбек хотун-қиз тоифаси учун ҳам улуғ бир ҳомий эди. Ул доимо бизларни ҳимоя қилуб, илмий ва маданий ҳаракатимиз учун йўллар кўрсатди”[11], деб таъкидлайди.

Юқорида айрим қирралари таҳлил қилинган мақолалардан ташқари ўша даврдаги ўзбек матбуоти “А.А.З” (Ашурали Зоҳирий)нинг “Марҳум Исмоилбек қандоғ ишлар қилган?”, “К.А.” имзоли муаллифнинг “Исмоилбек ким эди?”, “Қ.Ш.С.” имзоси билан каркилик муаллифнинг “Улуғ бобом қайғуси” номли мақолалари босилади. “Туркистон вилоятининг газети”да эса Гаспринский вафотига оид хабар билан бирга Мирмуҳсин Шермуҳаммад ёзган махсус мақола эълон қилинди.

Таъзия кунларида “Таржимон”га дунёнинг тўрт тарафидан таъзия мактублари ва телеграммалари ёғилади. Буларни йўлловчилар орасида туркистонлик муҳаррир ва адиблар ҳам бор эди. “Таржумон”нинг “Таъзия телеграфлари” рукнида Беҳбудий Самарқанддан юборган: “Кадарингиза иштирок эдиёрим. Жаноби Ҳақдан сабр ва таҳлил ниёз эдиёрим”, деган қисқа хабари берилади. Қўқонлик бир гуруҳ муаллим ва ёшлар: “Садои Фарғона” идорасина севгили Исмоилбекнинг иртихолина доир чекилан хабар бизлари фавқулодда мунгдор этди. Ушбу зиёи олима жумла ила биз-да ағлаёриз. Ҳўқанд генжлари ва муаллимлари марҳумнинг руҳина раҳмат, қолонлара сабр ва таҳмил таманно айлаярак жомеъда дуо этдилар”, деб хабар юборадилар. Хабар газетанинг 1914 йил 5 октябрь сонида босилади. Орадан бир ҳафта ўтиб, газетада “Ойна” муҳаррирларидан Мирзошоҳ Ҳафизов ва Усмон Хўжанинг:“Эски Бухоро мусулмонлари нурландирижи Исмоилнинг вафотидан ўтру кадарларингиза иштирок эдиёриз”, тарзидаги таъзияномаси берилади…

Хулоса қилиб айтганда, ўзбек матбуотида босилган катта ҳажмли шеърий асарлар ва публицистик мақолаларда ҳам, Боқчасаройга йўлланган қисқа сатрли таъзия мактубларида ҳам Исмоилбек Гаспринский феномени, турли хислатлари, юксак инсоний фазилатлари такрор ва такрор ёдга олинади. Зеро, бу “ходимул миллат” шундай ҳурмат-эҳтиромга муносиб, бетакрор тафаккурга эга, бир неча юз йилларда бир марта дунёга келадиган доно ва фидойи шахслар гуруҳига мансуб эди. Уни ўзбек адиблари самимият билан эслашди, бағишловларини чин юракдан жуда таъсирли услубда ёзишди. Аслида, Гаспринский ўгитича, ижод аҳли қаламини икки пуллик қуруқ сиёҳдонга ботириб эмас, балки юрагига ботириб, юрак қони билан ёзиши лозим, шунда бошқаларнинг виждонига етиб боради. “Халқ бирла аралашувингиз шу равишда бўлсинки, ораларида турган вақтингизда улар сизни севсинлар ва айрилгандан сўнг сиз учун йиғласинлар” – Исмоил Гаспринскийнинг бу ҳикмати, фалсафий фикри ўз ҳаёт йўлига ҳам, айрилиқ онларига ҳам бирдек тааллуқлидир.

Баҳодир Каримов,

филология фанлари доктори

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 9-сон

[1] “Шўро” журнали, 1914 йил, ноябрь сони.

[2] “Шўро” журнали, 1913 йил, 1 июль.

[3] Қаранг: З. Абдирашидов. Исмаил Гаспринский и Туркестан в начале ХХ века: связи – отношения – влияние. Ташкент. “Akademnashr”. 2011. стр. 160.

[4] “Ойна” журнали, 1914 йил, 19 февраль (№17).

[5] “Садойи Туркистон” газетаси, 1914 йил, 7 октябрь.

[6] Тўлаган Хўжамёров (Тавалло). Адиби замон, ношири “Таржумон” Исмоилбек Ғаспринский жанобларина таърих// “Садойи Фарғона” газетаси. 1914 йил, 26 сентябрь.

[7] Садриддин Айний. “Буюк бобомизнинг мусибатила паришон ўлан хотирдан бир неча паришон шеърлар” // “Садойи Туркистон” газетаси. 1914 йил, 30 сентябрь.

[8] “Ойна” журнали, 1914 йил, 49-сон.

[9] “Садойи Туркистон” газетаси, 1914 йил, 30 сентябрь.

[10] “Садойи Фарғона” газетаси, 1914 йил, 24 сентябрь.

[11] “Садойи Туркистон” газетаси, 1914 йил, 7 октябрь.