Баҳодир Карим. Ҳерман Вамбери – ўзбек мақоллари таржимони

(1867 йилда олмон тилига таржима қилинган 112 та ўзбек мақоли тўғрисида айрим мулоҳазалар)

Можор олими Ҳерман Вамбери номини дунё билади. Унинг мураккаб шахслиги,  аслида кимлиги тўғрисида ҳам турлича фикрлар бор. Бу ҳақда бир қанча мақолалар ҳам ёзилган[1].

Маълумки, Ҳерман Вамбери 1863–1864 йилларда дарвеш қиёфасида Ўрта Осиёга келади. Саёҳатда кўрган-кечирганларини махсус китоб ҳолида нашр қилдиради. У саёҳати давомида ўлкамиз тарихи, хусусан, адабий-маданий асарлари, халқ оғзаки ижоди намуналарига ҳам қизиқади. Имкони доирасида манбаларни йиғиб, ўзи билан олиб кетади. “Ўрта Осиёга саёҳат” китобидан кейин кўп ўтмай, Вамберининг “Чиғатой тили сабоқлари” номли яна бир китоби босилади. Вамбери шу китобининг “Хрестоматия” қисмида бундан роппа-роса бир ярим аср олдин, яъни 1867 йилда халқ оғзаки ижодининг энг кичик жанрларидан бири – ўзбек мақолларидан 112 тасининг аслини  ўзбек-арабий ҳамда лотин имлосида, шунингдек, давомидан олмон тилига таржимасини беради[2]. Бу китоб тўғрисида, чет элдаги ўзбек адабиёти ёки  адабий алоқалари билан шуғулланган ўзбек олимларининг мақолаларида эслаб ўтилган, албатта[3]. Х.Исматуллаев китоб ҳақида бундай  ёзади: “Китобнинг биринчи қисмида тилнинг грамматик қурилишига оид маълумотлар, 2-қисмида “Тоҳир  ва Зуҳра”, “Юсуф ва Аҳмад”, “Ҳурлиқо ва Ҳамро” каби асарлар келтирилади. Бундан ташқари, А.Вамбери 112 та ўзбек халқ мақолини ўзбек тилида келтириб (араб ва лотин ёзувларида), уларнинг немис тилидаги таржимасини ҳам беради. Оллаёр, Насимий, Навоий, Фузулий ғазалларидан намуналар ҳам шу китобдан ўрин олган”[4]. Адиблар  ва адабий манбалар сони бу маълумотдан кўра кенгроқ, иккинчидан, унда “Ҳурлиқо ва Ҳамро” асари илова қилинган эмас.

Одатда илмий-адабий мақола  ва ҳатто улкан монографияларда ҳам Ҳ.Вамбери томонидан ўзбек адабиёти ва фольклори намуналарининг олмон тилига таржимаси ҳақида маълумотлар келади. Афсуски, аниқ адабий манба ва матнлар масаласи ўртага келганида, таржималар савияси, ҳажми, айнан қайси асарлар таржима қилингани каби саволлар кўпинча жавобсиз қолади. Далил муҳим; улар ўжар. Сувга чўкмас, ўтда ёнмас тарихий далил ва манба илмдаги бўшлиқни тўлдиради, хатоларни ўнглайди; тахминий қарашларга чек қўяди.

Шу маънода Ҳ.Вамбери ўзбек мақолларини олмон тилига таржима қилгани ва бу манбанинг ХХ асрда, аниқроғи, 1975 йилда ҳам қайта нашр бўлганини таъкидлаш ўринлидир. Қайси ўзбек мақоли таржима қилингани, уларнинг мавзу йўналиши ва таржиманинг оригиналга мослиги, тил хусусиятлари соҳа мутахассисларини қизиқтириши табиий деб ўйлайман.

Қўлимизда жамланган манбаларни чоп этишга қизиқиб, бирор ношир рағбат билдирса, албатта, уларни таржима ва аслиятни бараварига  – бор ҳолича илм аҳлига етказиш ниятидамиз.

Бу ўринда Вамбери тартиб берган “Хрестоматия”нинг фақат мақоллар бўлими ва уларнинг баъзи ўзига хос қирраларини қисқача баён қилиш, мақоллардан айрим мисоллар келтириш билан чекланамиз.

Сайёҳ Вамбери ўзбек мақолларини халқ орасида юриб тўплагани ҳақиқат; таржимада уларнинг мазмунини имкони борича тўғри баён қилгани кузатилади. Аслида методологик жиҳатдан адабий-тарихий манбаларни баҳолашда таснифлаш усули қўл келади. Шунга кўра, таржима қилинган мақолларнинг оригиналга мослиги, мазмуннинг тўла акс этган-этмагани жиҳатидан кузатиш мақсадга мувофиқдир.

Биринчи. Мақоллар аслиятда қандай бўлса, худди шу тарзда мазмуни таржима тилига тўла кўчиб ўтган. Бунда таржимон мақол учун махсус изоҳлар беришга зарурат сезмайди. Чунки инсоният тарихидаги умумбашарий ҳикматлар борки, уларнинг айримлари мазмунига кўра барча миллатларда бир хилда қўлланилади. Бундай эквивалент мақолларни энг мақбул таржима ўрнида қабул қилиш ва баҳолаш ўринлидир. Мисоллар келтираман:

“Бош бўлмаса гавда лош”.

Таржимаси:

Ohne Kopf ist der Körper eine Leiche”;

“Дўст йиғлатур, душман кулдирур”.

Таржимаси:

“Was den Freund weinen macht, macht den Feind lachen”;

“Ўлук арслондин, тирик сичқон яхшидур”.

Таржимаси:

“Besser eine lebendige Maus, als ein todter Löwe” ;

“Манманлик шайтонға ярашур”.

Таржимаси:

“Egoismus steht nur dem Taufel gut” ;

“Оч айуқ ўйнамас”.

Таржимаси:

“Der hungrige Bär tanzt nicht” ;

“Яхшилик эт, дарёға ташла, балиқ билур, Балиқ билмаса, Холиқ билур”.

Таржимаси:

“Thue Gutes und wirf es in den Fluss, der Fisch sieht es schon; und sollte der Fisch es nicht Finden, Gott sieht es schon” ;

“Яхши бирла юрсанг, етарсен муродға, Ёмон бирла юрсанг, қолурсен уётға”.

Таржимаси:

“Mit Gutem wirst du bald dein Ziel erreichen, mit Schlechten aber beschämt zurückbleiben”;

Умумҳисобда ўзбек мақолларининг олмон тилига бундай ўринли, аслиятга мос, яхши, аниқ ва лўнда таржималари кўпчиликни ташкил этади.

Иккинчи. Таржимон мақолнинг асил матнини теран англатиш мақсадида махсус изоҳлар қўшади. Бунда мақоллар мансуб миллатнинг ўзига хос маънавий олами, турмуш тарзи, қадриятлари ва бошқа  индивидуал хусусиятлари таржима тилида осон тушунилиши назарда тутилади.  Мисоллар:  “Болани ёшдин, хотунни бошдин”. Таржимаси: “Das Kind in der Jugend, das Weib im Anfang”. Таржима яхши, аммо шарқона одоб-аҳлоқни ўзида жамлаган бу мақол таржимон наздида изоҳга мухтож кўринади. Шунинг учун таржимадан кейин қавс ичида  “wenn du sie an etwas gewöhnen willst”, яъни “агар сен уни бирор нарсага кўниктиришни истасанг” деган қўшимча қўшади. Изоҳ мақол мазмунини кенгайтириб, уни қийналмай англашга ёрдам беради. Бошқа бир мисол: “Болалардан сўр хабарларни”. Таржимаси: “Von den Kindern verlang Nachricht”. Таржимадан кейин қавс ичида : “Kinder und Narren pflegen die Wahrheit zu sagen”, яъни “Болалар ва аҳмоқ-тентаклар ҳақиқатни ёқлаб гапиради”, деган изоҳ берилади. Болаларнинг кўнгли тоза бўлади, улар бор гапни ўз ҳолича айтади, сир сақлашни билмайди. Бу мақолнинг халқимиз орасида “Болали уйда сир ётмас” варианти ҳам бор.

“Эл ўғрисиз бўлмас, Тов бўрисиз бўлмас” мақоли таржимасидан  сўнг таржимон “Vorsicht ist immer gut”, яъни “Эҳтиёткорлик ҳар доим яхши” изоҳини беради. “Оқ қўй ҳам, қора қўй ҳам ўз  оёғидин осилур”. Таржимон митти матнни тўғри тушунади ва ўринли талқин қилади. Айни дамда “Kein Unterschied. Tod ist Tod” – “Фарқи йўқ. Ўлим ўлимдир” изоҳини ёзишга зарурат сезади. “Сўз берур, бўз бермас”. Қизғанч-зиқна одамга қўлланадиган бундай мақол таркибида ички қофия, сўз ўйини борлиги таржимонни бефарқ қолдирмайди. “Сўз” ва “бўз” сўзларини “Ein Wortspiel”, яъни “сўз ўйини” деб атайди. “Уйқусиз эснар, ошиқ керилур”. Бу нимани англатади? Олмонларга тушунарсиз бўлишини тахмин қилган Вамбери таржимадан кейин қавс ичидаги изоҳда ҳар ким ўз ички дунёсини қайсидир тарздаги хатти-ҳаракатлар билан ҳам ифода қилишига урғу беради.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Табиийки, таржимон қўшган ўша махсус қўшимча – изоҳ ва тушунтиришлари мақолларнинг мазмун-моҳиятини бошқа тилда аниқ ифодалашга хизмат қилади. Аммо…

Учинчи: Кузатишимизча, таассуфки, мақоллар баъзан хато англанган, нотўғри таржима қилинган, ҳатто, мақолга ноўрин изоҳ берилган бир-икки ўринлар ҳам учради.

Масалан: “Тўйға борсанг, тўйиб бор”. Таржимаси: “Wenn du zu einem Gastmahle gehst, so gehe gesättigt dahin”. Умуман олганда, таржима тўғри. Бироқ унга ёзилган изоҳ “denn im Gedränge könntest du hungrig bleiben”, яъни “Чунки оломон ичида оч қолишинг мумкин” гапи жуда содда изоҳ ва фикримизча, тўғри ҳам эмас; мақол моҳиятига мос келмайдигандек кўринди. Чунки бу мақолни айтган аждодларимиз гапининг тагида “оч қолиш” тушунчаси асосий ўринда турмайди. Балки бунда меҳмонга бориш одоби, меҳмондорчилик маданияти, тўйда тўйган одамдек одоб сақлаб ўтириш назарда тутилади, бизнингча. Чунки мақолнинг Вамберига одамлар айтишни эсидан чиқарган ёки айтган тақдирда ҳам, уни ёзиб олишни унутган “Тўй тўнингни кийиб бор” деган иккинчи қисми ҳали- ҳануз халқ орасида яшаб келади. Мақолнинг ана шу давомида ҳам чирой­ли кийиниб, ораста ҳолда  тўйга бориш маданияти назарда тутилади.

Яна бир мисол: “Лўлунинг эшагини суғор, пулини ол”. Таржимаси: “Tränke auch den Esel der Hure (diene ihr), doch lass dich bezahlen (nimm ihren Pfennig)”. “Лўлу”ни нима учундир таржимон “бузуқ аёл”, “фоҳиша” деб тушунади. Сўзни бундай англаш ва ўгириш мақол мазмунига таъсир қилиб, маънони ўзгартиради. Чунки “фоҳиша” эшак миниб юрмаслиги мумкин. Мақол генезиси қишлоқма-қишлоқ, кўчама-кўча эшак миниб, садақа сўраб, тиланчилик қилиб юрадиган лўлилар ҳолига бориб тақалар, эҳтимол. Аслида барча мақоллар мазмунан кўчма маънога, метафорик табиатга эга бўлади. Қавс ичида “унга хизмат қил” деган бир изоҳи ҳам бор. Ҳар ҳолда бу мақолнинг таржимаси ва изоҳи менга анча муаммоли бўлиб кўринди.

Тўртинчи: Мақол аслияти билан таржима матни қиёсланганида, таржимон қайд этган баъзи изоҳларнинг мақол мазмунини ғариблаштирган ҳолати кузатилди. Масалан: “Юрган дарё, ўтирган бўрё”нинг таржимаси “Der Fluss zieht weiter, die Natte bleibt liegen” бўлиб, унга “Willst du weiter ziehen, verlass die Natte und besteige das Schiff”, яъни “Ҳаракат нари кетишию, бўрё кеманинг ичида қолиши”, деган мазмунда изоҳланибди. Аслида шу тўртта ўзбекча сўзнинг метафорик маъноси Вамбери изоҳидан кўра кенгроқдир. Яна бир мисол:“Қоғоздан қалъа бўлса, олмаси бало бўлур” мақоли таржимасидан кейин ёзилган “Natürlich in den Augen der berittenen Mittelasien, die nur den Kampf im offnen Felde verstehn” – “Ўрта осиёликлар назарида жанг фақат очиқ майдонда бўлиши керак деб тушунилади” мазмунида берилган изоҳ ҳам мақол маъносини фақат ғариблаштириши мумкин. Ҳ.Вамбери мақоллар таржимаси жараёнида қўшимча изоҳ ва шарҳларни икки хил усулда тақдим қилади. Биринчидан, юқорида кўриб ўтилганидек,  таржима матни ёнида қавс ичида изоҳ ёзади.

Иккинчидан, умумматндан ташқарида, саҳифа ҳаволасида  маълум бир сўз ёки сўз бирикмасига изоҳ ёзади. Ҳар икки ҳолатдан мақсад мақолни аниқроқ тушунтиришдир. Масалан: “Ҳар кимнинг кўнгли тўла бўлса, тили очилур”. Таржимаси: “Dessen Herz voll ist, dem wird bald die Zunge los”. Бу мақолни тушунишга ёрдам бериш учун ҳошияда араб тили ва ёзувида “Иза яъса-л-инсану таала лисануҳу” (Агар инсон қариса, унинг тили узун бўлди), деган қўшимча ҳикмат келтирилади. Ўртасидаги алоқадорлик қисмида бироз ўйлаб иш тутиш лозимлиги маълум бўлади.

“Бўлур одам ўн бешинда бош бўлур, Бўлмас одам қирқға кирса ёш бўлур”. Таржимаси: “Der etwas taugt, wird schon mit fünfzehn Jahren Mann, wer nichts taugt, bleibt im vierzigsten noch ein Kind”. Таржимон ҳошияга “бўлур одам” бирикмасини олиб чиқиб, олмонча ва усмонли турк тили ёрдамида: “bolur odam– aus dem ein Mensch werden soll, so im Osm: adam olurmu olmazmi = wird aus ihm was werden oder nichts?” деб тушунтиради.“Одам бўладими, бўлмайдими” деган халқона таъбирни келтиради. Аслида  “бўлур одам” – бу бўладиган, яхши, оқил одам деганидир.

Олмон тилига таржима қилинган бу мақолларда Хоразм, Тошҳовуз, Қўнғирот ўзбеклари тили, яъни ўғиз шевасига хос унсурлари кўп учрайди.

“Тез сўзлар тез  пишмон бўлар”. Бу мақол таркибидаги “пишмон” бугунги адабий тилда “пушаймон” шаклидадир. “Сув кўрмагунча этик чечма”. Шевадаги “чечма” сўзи адабий тилга “ечма” тарзида олиб кирилгани маълум. “Совлиқим бойлиқим, хасталиқим манглайи қаролиқим”. Бундаги “манглайи қорлиқ”нинг “бахтсизлик, омадсизлик” эканини фақатгина шу шева вакиллари яхши англайди. Шунингдек, “Оқажақ қон томурда турмас”, “Қозонға ёнтошсанг, қароси юғар, Ёмонға ёнтошсанг, балоси юғар” каби мақоллар таркибидаги “оқажақ”, “ёнтошсанг” каби сўзлар ҳам шевага хосдир.

Ҳ.Вамбери олмон тилига таржима қилган мақоллардаги бундай ўзига хосликларни икки асосга кўра табиий қабул қилиш ўринли бўлади. Биринчидан, мақолларни кўпроқ ўғиз шевасига мансуб одамлар орасидан ёзиб олган Вамбери сўзбошида: “Бошида берилган мақоллар асосан бевосита турмушдан олинган бўлиб, уларнинг кўпчилиги бугунги кунда ҳам усмонлилар орасида қўлланиб келаётганини таъкидлаш  шарт бўлмаса керак”, деб ёзади[5]. Иккинчидан, Вамберининг ҳамроҳи, ҳажга бориш ниятида унга эргашиб йўлга чиққан мадраса толиби Мулла Исҳоқ қўнғиротлик эди[6]. Мақолларни таржима қилаётганида Вамбери ёнидаги ўша “тирик луғат”дан унумли фойдаланган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.

Шу билан бирга Вамбери таржима қилган мақоллар орасида муаммоли бўлиб кўринганлари ҳам бор. “Ақл бошда эмас, ёшдадур” мақолининг таржимаси айнан берилади: “Der Verstand ist nicht im Kopf, sondern im Alter”. Бироқ мақолнинг халқ орасида кенг тарқалгани “Ақл ёшда эмас, бошдадур” шаклда бўлиб, таржимон тескарисини танламаганмикин, деган ўйга ҳам борилади.

Ҳ.Вамбери таржима қилган мақоллар ўзбек халқи орасида минг йиллардан бери яшаб келади. Ҳозирги кунда одамлар кенг ишлатадиган чуқур маъноли “Очлиқ нени едирмас, Тўқлуқ нени дедирмас” мақолининг ҳам Вамберида таржимаси бор. Муҳими айнан шу мақол Кошғарийнинг “Девон”ида келади[7].

Хуллас, бугунги адабий-илмий жамоатчилик таржимашунослик тарихида, хусусан, ўзбек тилидан олмон тилига ўзбек адабиёти, фольклори намуналарини таржима қилишда Ҳерман Вамберининг ҳам маълум хизматлари борлигини билиш лозим. Шу билан бирга бир хил мавзуда ёзилган адабий манбаларнинг олмон тилига бўладиган янги таржималарда XIX асрда қилинган таржималар қайсидир даражада тажриба майдони вазифасини бажаради. Умуман, шу каби барча нодир таржималарни аслият матнлари билан бирга борича қайта китоб ҳолида чиқариш, Республикадаги марказий кутубхоналарга ва тегишли олий таълим даргоҳларининг китоб жавонига қўйиш зарурати бор. Бундай нодир адабий манбалар таржимашунослик, фольклоршунослик ва ўзбек адабиёти тарихини кенг ёритиш бўйича изланишлар олиб бораётганларга ёрдам беради, албатта.

 

Ҳерман Вамбери таржима қилган ўзбек мақолларидан намуналар

1.Отали ўғул – хўжали қул.

Der Sohn,  der einen Vater hat, ist immer ein Sklave, der einen Herrn hat. (Denn er muss gehorchen)

  1. Икки кема тутқон ғарқ ичинда қолур.

Der an zwei Schiffe sich anhält, ertrikt gewiss.

  1. Қалб қозони қайнамас, қайнаса-да қўюлмас.

Des falschen (Menschen) Kessel коcht nie; kocht er auch, so verdichtet er nie. (Vom Pilav, der so lange kochen muss, biss er dick, d.h. gut befunden wird).

  1. Ийд отлунингки, тўй тўнлунингки.

Das Fest gehört dem Reiter (der aus der Ferne und der Sitte gamäss zu Pferde sich dazu begeben kann); das Gastmahl dem Gutgekleideten (da sich Niemand in schlechten Kleidarn zeigen kann).

  1. Замоннинг озғони, отдин эшак ўзғони.

Wenn die Zeit entartet (wenn alles in Wirrwarr geräth), so wird der Esel höher gestellt, als die Pferde (d.h. nir dann wird der Nichtswürdige dem Würdigen vorgezogen).

  1. Танимасни сийламас.

Was man nicht kennt, liebt man nicht.

  1. Тўйға борсанг, тўйиб бор.

Wenn du zu einem Gastmahle gehst, so gehe gesättigt dahin (denn im Gedränge könntest du hungrig bleiben).

  1. Ғарибнинг бир тўйғони, чала бойиғони.

Wenn der Arme einmal satt ist, so ist er schon ein halber Baj (reicher Mann).

  1. Биров ўткарди умрини айиш ила пош,

Биров тотқани йўқ оғзи тўла ош.

Бировнинг нукра-и-тиллоси мўл-мўл,

Биров кўргани йўқ умрида бир пул.

Der eine verbringt sein Leben in Saus und Braus,

Der andre hat kaum ein Stückchen Brod im Haus,

Der eine hat Gold und Silber im Uberfluss,

Der andere oft einen Heller erbetteln muss.

  1. Ўлимдин хўрлуқ ёмон.

Schande ist ärger als der Tod.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 12-сон

____________________

[1] Қаранг: Хайрулла Исматуллаев. Вамбери олимми, жосус? “Фитна санъати” (2-китоб), “Фан” нашриёти, Тошкент, 1993 йил, 149-162-бетлар; . Mim Kemal ÖKE , Armín VAMBERY İngiliz Casusu Prof. Arminius Vambery’nin Gizli Raporlarında II. Abdülhamid ve Dönemi İstanbul, 1983, Üçdal Neşriyat; Salih YILMAZ . “İngiliz Casusu Armin Vambery‘nin Türkistan Seyahatinde Ona Eşlik Eden Özbek İshak Molla Hakkında”Türk Dünyası Araştırmaları Tarih dergisi; Эленора Шафранская. “Шпион” Арминий Вамбери (интернет манбалари).

[2] Қаранг. Čagataische Sprachstudien enthaltend grammatikalischen Umriss, Chrestomathie und Wörterbuch der çagatischen Sprache von Hermann Vambery,  Leipzig:F.A.Brockhaus, 1867.358 p.; Мазкур китобнинг 1975 йилги қайта нашри ҳам бор.

[3] Қаранг:Хайрулла Исматуллаев. Вамбери олимми, жосус? “Фитна санъати” (2-китоб), “Фан” нашриёти, Тошкент, 1993 йил, 159-бет.; Жуманиёзов З.А. “Ҳерман Вамберининг илмий-адабий мероси”; Элтазаров Ж. “Ҳерман Вамберининг қўнғиротлик йўлдоши” (интернет манбалари).

[4] Хайрулла Исматуллаев. Вамбери олимми, жосус? “Фитна санъати” (2-китоб), “Фан” нашриёти, Тошкент, 1993 йил, 159-бет.;

[5] Hermann Vambery.  Čagataische Sprachstudien.,  Leipzig:F.A.Brockhaus, 1867, 43-бет.

[6] Бу ҳақда қаранг: Элтазаров Ж. “Ҳерман Вамберининг қўнғиротлик йўлдоши”

[7] Қаранг: “Оч не емас, тўқ не демас”.  Маҳмуд Кошғарий. “Девону луғати-т-турк”. 1-жилд.  Тошкент. “Mumtoz so’z”,  2016 йил, 71-бет.