Баҳодир Карим. Бир тақриз талқини

Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиёти тарихида талабчанлиги, адабий ҳодисаларга жиддий муносабатда бўлганлиги билан машҳур. У ўз даврида барча ёшу кекса адиблар ижодига доимо юксак талаб ва масъулият билан қарагани маълум. Адиб ўзини шунга ҳақли санагани аниқ. Зероки, устоз ўз ижодига ҳам худди шу зайлда шафқатсиз қараган.

Абдулла Қаҳҳор “Ҳаёт ҳақиқатидан бадиий тўқимага” деган мақоласида: “Мен ҳаммаси бўлиб саксонга яқин ҳикоя ёзганман, лекин 1957 йилда чиққан танланган асарларим тўпламига шулардан фақат 26 тасини киргизишни лойиқ кўрдим, холос. Тўпламга кирмаган ҳикояларимнинг бир қисми ёзувчилик фаолиятимнинг дастлабки даврида ёзилган, уста кўрмаган шогирднинг машқлари, бир қисми ўзимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бўш, жуда бўш чиққан”, деб ёзади. Адабий-эстетик қарашлари маълум даражада шакллангандан кейин ижодининг илк даврига, хусусан, «Олам яшаради» тўпламига ниҳоятда жиддий танқидий муносабатини баён этади. Китобдаги кўпгина ҳикояларнинг “илҳомсиз, дардсиз” ёзилганини тан олади. Зотан ёзувчининг ўзи айтмоқчи: “Нима бўлиб илҳомсиз ёзиб қўйган ёзувчи, ўзини билса, ёзганидан пушаймон, хижолат бўлади”.

1932 йилда нашрдан чиққан “Қишлоқ ҳукм остида” деган китобининг ноёб бир нусхаси ҳозирда Абдулла Қаҳҳор уй-музейида сақланади. Китобга “ноёб” сифати берилишига боис шуки, унда Абдулла Қaҳҳop қўлининг излари бор, унда адибнинг назари, нафаси сезилади. Энг муҳими, уни варақлаган киши адибнинг ўз ижодига, сўзга нақадар талабчан эканига гувоҳ бўлади. Китоб саҳифалари таҳрирдан лолазорга айланган ва охирги саҳифага айнан 1932 йил санаси ёзиб қўйилган. Алабиётшунос О.Шарафиддинов гарчанд: “Қишлоқ ҳукм остида” қиссасининг энг муҳим томонларидан бири шундаки, асар ҳажман кичкина бўлса-да, унда коллективлаштириш жараёнидаги синфий кураш тасвирига кенг ўрин берилган”, дея андиша билан мулоҳазалар айтган бўлса-да, асарнинг жиддий камчиликлари борлигини, хусусан, бадиий савиянинг юқори эмаслиги, қаҳрамонни “бевосита ҳаракатда кўрсатиш ўрнига кўпроқ ўринларда унинг ҳақида оддий ахборот берилгани” каби нуқсонлар устида тўхталади. (О.Шарафиддинов. Абдулла Қаҳҳор. 1988 йил. 158 — 159-бетлар). Бизнингча, ўша “Қишлоқ ҳукм остида” ва “Олам яшаради” китобларига энг одил ва энг тўғри баҳо — бу адибнинг ўз муносабатида, яъни уларни кейинги ўттиз йиллик ижод даврида қайта нашр этишини раво кўрмаганида намоён бўлса ажаб эмас.

Адабиёт майдонида маза-матрасиз, бадиияти саёз, мазмуни ғариб асарларнинг урчиб кетиши адибга маъқул келмайди. А.Қаҳҳор бу масалада энг аввало ўзини ўзи тафтиш, аёвсиз танқид қилиб, тергаб турган эди. Айни чоғда бошқа қаламкашлар ижодига ёзган тақриз-мақолалар моҳиятида ҳам шу ҳолни кузатиш мумкин. 1940 йилда Саид Аҳмаднинг “Тортиқ” номли ҳикоялар тўпламига, 1948 йилда эса ёзувчи ва журналистларнинг асарлари жамланган “Тортиқ” китобига тақриз ёзади.

Абдулла Қаҳҳорнинг адабий-илмий меросида, хусусан, тақризлари ичида Маъруф Ҳакимнинг “Ҳаёт қўшиғи” ҳикоялар тўплами хусусидаги мулоҳазалари муҳим. Тақриз-мақоланинг ҳажми катта ва энг муҳими, унда адибнинг адабий-назарий қарашлари ўз ифодасини топган. Бу мақола “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1940 йил 27 сентябр сонида, шунингдек, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” журналининг 5-сонида икки марта нашр қилинади. Мақоланинг қисқартирилган, давр тақазосига кўра таҳрирдан чиққан нусхаси 1968 йили “Ёшлар билан суҳбат” китобида ҳам босилади. Абдулла Қаҳҳорнинг 1987 йилда чоп этилган беш жилдлик асарлари тўпламининг бешинчи жилдига Кибриё Қаҳҳорова мақоланинг 1940 йилги нусхасини қайта нашрга тайёрлаб киритади.

Абдулла Қаҳҳор адабий манбаларни текширганда ҳам адабиётнинг фойдасига, сўзнинг маъно-мазмунига эътибор бергани аниқ сезилади. Адибнинг уй-музейида Маъруф Ҳакимнинг 1939 йилда нашр қилинган “Ҳаёт қўшиғи” номли ҳикоялар тўплами бор. Ушбу тўплам шу номда ёзилган тақриз учун асос — манба бўлиб хизмат қилган. Бу ноёб китоб нусхаси А.Қаҳҳорнинг ўзи ёзмоқчи бўлган мақоласи устида қай тарзда қунт билан жиддий ишлаганини, муҳокама қилинаётган адабий-назарий масаланинг кўлами кенгайиб, жаҳон адабиёти намуналари билан қиёслашга ўтиб борганини кўрсатади.

Бизнинг тасаввуримизча, А.Қаҳҳор ўша тўпламни камида уч марта ўқиб чиққан. Чунки китоб ҳошияларида қизил қаламда, яшил ва сиёҳ рангли ручкаларда қўйган турли белгилари, ёзувлари муҳрланиб қолган.

Абдулла Қaҳҳop мақолани қўл учида, йўлигагина ёки аллақандай ўткинчи мажбурият остида ёзган эмас. Унда ўттиз ёшдан эндигина ошган ижодкорнинг адабий-эстетик концепцияси акс этган. Тақриз-мақола ана шу нуқтаи назардан аҳамиятлидир.

А.Қаҳҳор китобни чизиб ўқиган; пайдо бўлган дастлабки фикрни ўша саҳифа чеккасига ёзган. Шу маънода “Ҳаёт қўшиғи” китобида чизилган ўринлар, турли белгилар, сўзлар, сўз бирикмалари, гаплар, айрим ҳикояларнинг ҳошияларида, боши ёки охирида фикр-мулоҳазалар, баъзан русча, ўзбекча, баъзида арабий ёки лотин имлосида ёзиб қўйилган.

“Ҳаёт қўшиғи” китобига “Ҳаёт бошланиши”, “Рашк”, “Ҳаёт қўшиғи”, “Яшасин дўстлик”, “Учрашув”, “Қаҳрамоннинг ўлими”, “Назир”, “Бўта” номли еттита ҳикоя киритилган бўлиб, мундарижадаги белгиларга кўра улардан иккитаси — “Бўта” билан “Рашк” тақризчига нисбатан маъқул келган (уларнинг тўғрисига қўшув аломати қўйилган), учтаси — “Ҳаёт бошланиши”, “Яшасин дўстлик”, “Қаҳрамоннинг ўлими” маъқул келмаган (булар тўғрисига айириш аломати қўйилган), қолган иккита ҳикоя тўғрисига ярим қўшув аломати қўйилганидан ўртача муносабатда бўлганини англаш мумкин.

Абдулла Қаҳҳор тақризида ҳикояларни санасига кўра тарзида таҳлил қилмайди. Аввал “Қаҳрамоннинг ўлими”га эътибор беради. М.Ҳакимнинг биринчи ҳикояси эканини айтади. Бу ҳикоянинг биринчи эканини А.Қаҳҳор қаердан билган? Ҳикоя охирида ёзилган йили кўрсатилган эмас. Аммо сарлавҳа тепасида қалам билан лотин алифбосида “Шу ҳикоя биринчи ёзган ҳикоям” деган бир ёзув бор. Хўш, бу китобни муаллифнинг ўзи ёзувчигa тақдим этмаганмикин? Балки шундайдир. Аммо китобда муаллифнинг дастхати йўқ. Аввалги бетларидаги белгига кўра “Сигнальний” деган муҳрдан кейин яна расмий рухсатлар учун қўйилган иккита муҳр, кейинги бетда эса “Личная библиотека Абдулла Каххара №544” деган ёзув бор. Бироқ дастхат йўқ. Фикримизча, китобнинг “Сигнальний” нусхасини адибга муаллифнинг ўзи олиб келиб берган кўринади.

А. Қаҳҳор китобни жиддий ўқийди. “Ҳаёт бошланиши” ҳикояси кўп чизғиланган эмас. Ўқиш жараёнида “Возможно”, “Любовь”, “Ну!” каби ёзувлар қўйилган. Бир жойда (8-бетда) мантиқ бузилганини сезган Қaҳҳop “доктор ифлос, хотинни уйни тоза тутиш учун олади! (Посторонний факт)”, дея ёзиб қўяди. Доктор Мурод билан Динор ўртасидаги муносабатларни тасвирлаётган М.Ҳаким доктор уйидаги “супринди”ни, Динор уйининг покизалигини тасвирлайди. Юқоридаги таққосни “посторонний факт” деган гапни А. Қаҳҳор шу ғайритабиий тасвирдан келиб чиққан ҳолда айтади. Ҳикоянинг охирги саҳифасида “Новая жизнь. Люди нового типа”, “Ҳаёт занжирининг бир ҳалқаси бўлиш — қонун. Автор буни ўзи билмайди. Янги одамлар тўғрисида ёздим деб ўйласа керак!” деган ёзув бор. А. Қаҳҳор қаҳрамон табиати билан тасвир ўртасида зиддиятни кўради. Шу боис “Автор ўз қаҳрамонига тўғридан-тўғри туҳмат қиляпи”, деб ёзади тақризда.

Бадиий деталь ҳикояда “ишлаши”, ёзувчининг асосий ғоясига хизмат қилиши лозим. А. Қаҳҳор Муроднинг табиатига тўғри келмайдиган бадиий деталлар учун ёзувчини танқид қилади. Аслида адиб айнан мана шу ҳикоя мисолида танқидни яна кучайтириши мумкин эди. Бунга мисоллари ҳам бор эди. Масалан, Динорнинг отаси ҳикоянинг бир-икки жойида йўталади. Аммо йўтал ҳикоя учун хизмат қилмайди. Шуни сезиб турган А.Қаҳҳор “Чехотка! Зачем?” деб ёзади. Аммо бу фактни тақризда ишлатмайди.

М.Ҳакимнинг “Рашк” ҳикояси сарлавҳаси ёнига “Синаш” сўзи ёзилган. Демак, А. Қаҳҳор бу ҳикояни шундай номлаш маъқул деган фикрга борган. Аммо тақриз-мақолада уни “Бахиллик” деб аташ тўғри бўлар эди, деган гапни айтади. Чунки икки ёш ўртасидаги ўзаро дўстлик, севгига ўхшаш нарсага рашкми, бахилликми аралашади. Воқеликни ҳикоя қилувчи йигит қизнинг муваффақиятини кўра олмайди. Шу боис у: “Мени бутунлай ақлимни олган, ғазаблантирган нарса — рашк ва бахиллик ўти эди”, дейди. Покиза туйғули қилиб тасвирланаётган қиз бундай пасткаш йигитдан воз кечади. Шу хусусда мактуб ёзади. А. Қаҳҳор М. Ҳакимнинг ғоявий мақсади ноаниқлигини айтади. Агар адибнинг мақсади аниқ бўлганида, гўзал бир қиз тимсоли тасвири, унинг маънавий тозалигини бундан ҳам таъсирлироқ қилиб берган бўларди. Чунончи, А. Қаҳҳор айтмоқчи: “Мақсад аниқ бўлмагани учун ҳикоя ҳам хирароқ бўлиб чиқади. Ҳалиги қизнинг баъзи бир қилмишлари бахил йигитга “кўп вақт мендан уни-буни сўраб, ўз ишини битказаётган экан-да”, дейиш ҳуқуқини беради ва шундай дейди ҳам. Бу қиз образини бузади; унга меҳр қўйган китобхонни хафа қилади”. Қиз образининг теранлигига йигит томонидан берилган ана шу ёрдам ортиқча. Зероки, Чеховдан таълим олаётган А. Қаҳҳор ортиқча деталларни, тафсилотларнинг зарарини ҳам яхши англайди. Ўша жойда Чеховнинг қуйидаги фикрларини келтиради: “Бир парча мармардан кишининг юзини ясаш учун шу юзга алоқаси бўлмаган бирон бўртиқни ҳам қолдириш керак эмас — ҳаммасини тарашлаб ташлаш керак”.

Бу ҳикоя, гарчанд А. Қаҳҳорга нисбатан маъқул келган, айрим бетлар ҳошиясига “яхши”, “хорошо” сифатларини ёзиб қўйган бўлса-да, ҳикоядаги камчиликларни юқоридаги тарзда кўрсатиб беради. Тилдаги нўноқ жумлаларни ҳам танқид қилиб ўтади. Ҳикоя охирида “Хорошие испитание человеческое качество. Новое в любви”, деган сўзлар ёзилган. Ҳикояда камчиликлар бор. Бироқ қайсидир маънода ҳикоя адибга маъқул келганини англаш мумкин.

Абдулла Қaҳҳop тўпламга ном қилиб олинган “Ҳаёт қўшиғи” деган ҳикояни ўқиш жараёнида жуда кўп чизгиламайди. Ҳикоянинг ўзи ихчам. Унда Қипчоқ отанинг ўлим тўшагида ётиши тасвирланади. Хаёли пахта режасини бажариш билан банд. Бунга раиснинг ёрдам бериши, отбоқарнинг от бермаслиги, ўғилларининг чойхонада эканлиги, докторни айтиб келиш каби ҳодисалар илова қилинади. Қaҳҳop бу тафсилотлар ҳикоянинг қурилмасини бузган, деб ҳисоблайди. Ҳикоянинг таҳлили учун аввалги ўқишида бир оғизгина қилиб “Суть в чём?” деб ёзиб қўяди. Кейинги ўқишида эса “Идеяси аниқ эмас” ёзувидан кейин рақамлар билан учта нарсага диққат қилади. “1. Чол план олиб алаҳлайди. 2. Кампир бориб айтмагунча ҳеч ким ёрдамга келмайди. 3. Отбоқар доктор олиб келгани от бермайди (бу нимани кўрсатадиган факт)”. Қaҳҳop томонидан ҳикояни ўқигандан кейин ёзиб қўйилган муҳим белгилар шу. Аммо бу фикр-мулоҳазалар тақриз-мақолада ҳар бири алоҳида аҳамият касб этади. Бу фактлар ўзига хос назарий моҳият билан сўзлайди. Қaҳҳop назарида ўлим тўшагида алаҳсираб ётган Қипчоқ отанинг ҳолати ишонарли тасвирланган эмас. Ҳеч ким уни кўргани ҳам келмайди, биров бу касалга нима бўлди ҳам демайди. “Ҳолбуки, — деб ёзади тақризчи, — Қипчоқ отанинг жуда оғир аҳволда ётгани ҳақидаги хабар муаллифнинг тили билан айтганда “Уч кундан бери ёғаётган қордай бир текис бутун қишлоққа тарқалади”. Биров хабар олиш у ёқда турсин, докторга боргани от сўралганда колхоз отбоқари бермайди. Ҳикоя ғоясини очишда отбоқарнинг от бермаслик фактининг қандай аҳамияти бор? Буни автор нима учун киргизган?” Бу саволнинг ўзида жавоб ҳам бор.

Энг муҳими, воқеликни тасвирлаётганда муаллиф ишонарли қилиб, ҳақиқатни ёзиши лозим. Ёлғон ёзса, биров ишонмайди. Қолаверса, “адабиётда ёлғоннинг катта-кичиги йўқ. Ҳаммаси ҳам баравар зарарли”, деб ёзади Қаҳҳор ушбу тақризда.

Ёзувчи мазкур ҳикоялар тўплами ҳошияларига, ҳар бир ҳикоянинг охирига ёки аввалига ёзиб қўйган фикрларни кенгайган тарзда, албатта, мақолада ўз мақсади йўлида ишлатган.

М.Ҳаким “Яшасин дўстлик” ҳикоясини “новелла” деб атаган. Бундай атама А.Қаҳҳор назаридан четда қолган эмас. Ҳикоянинг сарлавҳаси тепасига шундай жумлалар ёзилган: “Ҳикоя эканига ўзи ҳам шубҳа қилади. Новелла деб қутулмоқчи. Новелла Декамерон ҳикоялари маъносида бўлса, тўғри келмайди. Ҳозир новелла ҳикоянинг ўзи”.

Қаҳҳор бу ҳикоя таҳлилида ҳам асосли мулоҳазалар билдиради. Муаллифнинг бир қатор камчиликларини айтади. Унинг мақсади аниқ эмас. Айрим саволлар очиқ қолган. Бунга на муаллифнинг ўзида ва на китобхонда жавоб бор. Муаллиф ҳикоядаги ноаниқликларни унга “Новелла” деб ёзиб қўйиш билан жавоб бермоқчи бўлди. А. Қаҳҳор тақризида юқоридаги фикрни кенгайтириб ёзади: “Гўё новелла деган билан унга бир маъно киради. Гўё китобхон: “Э, бу новелла экан, новелла шунақа бўлса керак”, деб қўя қолади”. Муаллифнинг ҳикояни новелла деб атагани А.Қаҳҳорда бошқа жиддий назарий гапларни айтишга ҳам туртки беради. Жумладан ёзади: “Новелла нима? Ҳикоя эмасми? Ғарбий Европа адабиётида бу термин биздаги ҳикоя маъносида юритилади. Чехов, Мопассаннинг ҳикоялари новелла эмасми? Горькийнинг, масалан, “Челкаш”и новелла бўлганидек, Бокаччо, Генрининг новеллалари ҳикоя, Горький ҳикоялари билан, масалан “Баҳори дониш” ҳикоялари бир-биридан фарқ қилар экан, унинг бири новелла, бири ҳикоя эмас. Бу фарқ конкрет тарихий шароит, адабий стиллардан келиб чиқади. Ёзувчи нима деяётганини ўзи билмай чулдираса, новелла чиқмайди”. Хуллас, М. Ҳаким ҳикоя жанрини “новелла” деб номлашининг ўзи А. Қаҳҳорда бир дунё фикр-мулоҳаза айтишига туртки бўлган. Унинг жиддий мулоҳазалари ёш ёзувчига сабоқ беришга қаратилган.

А.Қаҳҳор М.Ҳакимнинг бошқа ҳикояларини ҳам жиддий текширади. Айниқса, ҳикоялар тилидаги қусурларни кўрсатишга катта эътибор беради. Айрим ўринларда матндаги сўзлар ўрнига – масалан, «майин шамол» бирикмаси ёнига «ел, шабада» вариантларини, «юзини тўсди»нинг тагига чизиб, тагига «беркитди» сўзини, икки жойда «Ехе…Ехе» деган йўтални англатувчи товуш ўрнига «Кхе!» вариантини ёзиб қўйган.

Адиб шу тарзда ҳикоялардаги камчиликларни батафсил кўрсатади. Тақризнинг хулоса қисмида эса қуйидагиларни ёзади: «Ҳаёт қўшиғи»ни ҳозир майдонда бўлган кўп ҳикояларга таққослаб, қиёсий баҳо берадиган бўлсак, бугун айтьилган гапларнинг охирига каттакон бир «аммо» қўйиб, анча мақташимиз ҳам мумкин эди. Маъруф Ҳаким бундай мулоҳазаларга, қиёсий мақтовларга муҳтож эмас. Унинг кучи бор, лекин етилган эмас, у ишлай олади, лекин бир оз эринчоқ». Ўша 40-йилларда «ёш, талантли, умидли» деб қаралган Маъруф Ҳакимнинг адабиётимиз тарихидаги холи барчага маълум…

1937 йилда “Сароб”га мукофот берилиши муносабати билан адиб Иттифоқни кезиб чиқиш имконига эга бўлган эди. Шунда Москвадан олти қутида жаҳон адабиёти намуналарини олиб келади. Бу китобларнинг жиддий мутолаасидан кейин адиб ўз ижодига ҳам, “Ҳаёт қўшиғи” каби тўпламларга ҳам шу мезон ва талаблар билан қаради. Шу боис тақриз аввалида, Гончаров, Добролюбов, Чехов ва Л.Толстойлар тилга олинади. Таққослаш ўрни келганида Жек Лондон ва унинг қаҳрамонларига мурожаат этади.

Умуман айтганда, юқоридаги далиллар А.Қаҳҳорнинг ниҳоятда талабчанлигини, ҳатто оддий бир тақриз ёзиш учун манбани нақадар чуқур ўрганганини кўрсатади. Ёзувчи М.Ҳакимнинг ушбу “Ҳаёт қўшиғи” тўплами баҳонасида бадиий асар ғояси, ҳикоя жанрининг хусусияти, бадиий асар тили, тасвирий воситалар, бадиий тасвирдаги ҳаққоният, бадиий деталларнинг ҳикоядаги ўрни, муаллиф, қаҳрамон ва китобхон муносабатлари, далиллаш, шунингдек, “ёзувчилик маҳоратининг энг муҳим жиҳати” (А.Қаҳҳор таъбири) бўлган психологик саҳналар юзасидан қимматли адабий-назарий фикр-мулоҳазаларни баён этади.

Абдулла Қаҳҳорнинг ушбу тақриз-мақоласидаги қарашлар фақат ёш ёзувчиларга эмас, барча адабиёт мухлислари учун ҳам сўз санъати моҳиятини тушуниш ва уни авайлаш йўлида сабоқ берувчи мўътабар ҳужжат бўлиб қолаверади.

 «Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 11-сон