Алишер Отабоев. Ҳаёт яшаб ўтиш учун берилган

Бир улуғ одам «Дунёда икки нарса абадий қолади: дононинг сўзи-ю ботирнинг иши», деган эди. Инсоният тарихида доно сўзлар айтган донишмандлар ҳам, унутилмас мардликлар кўрсатган ботирлар ҳам сон-саноқсиз. Улар бутун башариятнинг фарзандлари, башарият юлдузларидир. Мазкур рукнимизни ўтган йили тарихда ўчмас излар қолдирган бобокалонимиз, барча замонларнинг қаҳрамони Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган адабий портрет билан бошлаган эдик.
Халқимизнинг жаҳон тан олган бундай азиз фарзандлари эса бисёр…
Буюк зотлар барча халқларга дахлдор бўладилар. Чунки уларнинг ибратли ҳаёти, эзгу аъмоллари оламшумул аҳамиятга моликдир. Биз ана шундай жаҳоний сиймолар бўлмиш Ҳомер, Ҳеродот, Шекспир, Байрон, Гёте, Пушкин, Тҳакур, Кавабата сингари зотлар ҳақида сўз кетганда уларнинг қайси миллатга мансублиги хаёлимизга ҳам келмайди. Бу, табиий ҳол.
Бироқ, таассуфки, бугунги ёш авлод вакилларининг ҳаммаси ҳам инсоният даҳоларини яхши билмайди. Модомики, келажагимизни ёшлар билан боғлаган эканмиз, навқирон авлод дунё тамаддуни ва унинг устунларини яхши билишлари шарт! Бу борада ҳам масъулият тағин ёшларнинг ўз зиммасига тушади. Улар онгли, фаол ҳаёт кечиришлари: пухта ўқиб-ўрганишлари, тинмай изланишлари, мустақил фикр юритишлари лозим бўлади.
Эътироф этиш жоизки, ёшлар орасида бу борада умид уйғотаётганлари талайгина. Бу кишини қувонтиради, албатта. Ана шундай умидбахш ижодкор ёшлардан бири Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг магистранти Алишер Отабоэвдир. У бўлажак журналист ва таржимон. Кўпчилик адабиёт мухлислари унинг буюк инглиз адиби Сомерсет Моэм, машҳур япон ёзувчиси Харуки Муракамидан қилган таржималарини билади. Бу асарлар инглиз ва рус тилларидан ўзбекчалаштирилган. Алишер мазкур сўз санъаткорлари ҳақида адабий-танқидий мақолалар ёзишга ҳам уринаётир. Умидвормизки, ижодкор йигитимизнинг бу интилишлари кутилган самараларни беради.
Маҳмуд Саъдий

Жаҳон адабиёти юлдуз тўла осмонга ўхшайди. Қараганда кўз қамашадиган юлдузлар ёғдуси ақлни шоширади: уларнинг ҳар қайсиси ўзига хос бир оламки, бу майдонда чарақлаб ёниш – ёзувчи ёки шоир сифатида янги гап айтишнинг ўзи бўлмайди. Бу ҳам, майли. Ўша юлдузларнинг сирли-сеҳрли жилваларини – дурдона асарлардаги жозибани тушуниб, ҳис этиб ўқишнинг ўзи ҳам бугунги китобхондан озмунча қунт ва савия талаб қилмайди. Бугунги китобхон жаҳон адабиётидан баҳра олишни истаса, бадиият сирларидан машҳур адибларнинг таржимаи ҳолларигача хабардор бўлмоғи, яъни ўзига хос пойдеворга эга бўлмоғи лозим. Келинг, бу борада билганларимизни бойи­тиш, «пойдевор»ни мустаҳкамлаш ниятида жаҳон адабиёти юлдузларидан бири – инглиз адиби Сомерсет Моэм шахси ва ижодини ўрганишга уриниб кўрайлик.

Жаҳон адабиётида инглиз адабиёти алоҳида ўринга эга. Ўз ижоди билан бу адабиётда янги саҳифалар очган Т.Ҳарди, Р.Киплинг, О.Уайлд сингари англиялик ёзувчиларнинг номлари ўзбек китобхонларига ҳам таниш. Лекин яна бир улуғ ёзувчи борки, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида бизда адабиёт ихлосмандлари ҳали кўп нарса билмайдилар. Бу – ҳақгўй, чўрткесарликда ном чиқарган адиб Уилям Сомерсет Моэмдир.

Англияда Диккенсдан кейин асарлари энг кўп ўқиладиган Моэм узоқ давом этган ижодий фаолияти давомида турли жанрларда қалам тебратди. ХИХ асрнинг 90-йилларидан ХХ асрнинг 50-йилларигача ёзишдан тўхтамади. У ўзидан йигирмата роман, ўттиздан ортиқ пиэса, бир неча ҳикоялар тўплами, автобиографик асарлар ва кўплаб адабий-танқидий мақолалар қолдирди. «Ой ва чақа» романи эса, жаҳондаги энг яхши юзта китобдан бири сифатида тан олинди.

Ҳикоя ва романлари ёрқин ранглар, саргузаштли воқеалару ажойиб образларга тўла Моэмнинг умр йўли ҳам нимаси биландир детектив асарни эслатади.

«Инсон ҳаётини доимо катта қизиқиш билан кузатган Моэм ўз турмушига бировнинг бурун суқишини истамасди», деб ёзади адиб ҳақидаги биографик асарида инглиз адабиётшуноси Тед Морган. Ҳар қандай одам тўғрисида фақат рост гаплар ёзилса, бу одамнинг жиноятчидан фарқи қолмайди, деб ҳисоблаган Моэм тириклигида бошқаларнинг ўзи ҳақида китоб ёзишига рухсат бермаган. Шунга қарамай, вафотидан кейин ёзувчи асарларига қизиқиш ортгани боис, унинг шахсий ҳаётига ҳам эътибор кучайди.

«Саргузашт воқеаларга ишқибозлиги туфайли Моэм ўз ҳаётини саргузаштга айлантириб юборди», дейди Тед Морган. Ростдан ҳам, Моэм ҳақидаги асарларни ўқисангиз, унинг ҳаёти нимаси биландир Ҳолливуд филмлари қаҳрамонлари ҳаётига ўхшаб кетишига гувоҳ бўласиз. Аксарият ижодкорлардек фақат ижод билан боғланган бир маромдаги умргузаронликдан қочган Моэм тажриба ва таваккалчиликдан, турли тўсиғу муаммолардан қўрқмай яшаган.

* * *

Уилям Сомерсет Моэм 1874 йилнинг 25 январида Парижда инглиз элчихонасида дунёга келади. Лекин бўлажак ёзувчини Франсияда туғилган, деб бўлмайди. Ўша даврда Франсияда туғилган ўғил болалар шу мамлакат фуқароси ҳисобланиб, уруш шароитида Франсия қўшинлари сафига чақириларди. Париждаги инглиз элчихонасида ҳуқуқшунос бўлиб хизмат қилган Роберт Моэм фарзандининг Англияда дунёга келиши учун расман Буюк Британия ҳудуди ҳисобланган элчихона биносининг иккинчи қаватини туғруқхонага айлантиради.

Ўн ёшгача Парижда яшаган Уилям кейинчалик бу йилларни ҳаётидаги энг бахтли дамлар сифатида кўп ёдга олади. Биографларининг ёзишича, етти ёшида қариндошларидан бири йигирма франк бериб, бу пулларни нимага сарфлайсан, деб сўраганда: Леди Энглесси ўйнаган спектаклни кўрмоқчиман, дейди у. Бўлажак драматургда театрга иштиёқ болалигидаёқ уйғонган эди.

Аммо болаликнинг ширин дамлари Уилям учун қисқа бўлади. Саккиз ёшни қоралаганда касалманд онаси вафот этади. Икки йил ўтиб отаси ҳам ҳаётдан кўз юмади. Етим қолган Уилямни Англиядаги руҳоний амакисиникига жўнатишади. Париждаги бахтиёр ҳаётга кўниккан бола ўзига буткул нотаниш Англияда, қаттиққўл амакисининг оиласида яшай бошлайди. Тили франсузчага мослашгани боис, у инглизчада яхши гапира олмас, оқибатда янги шароитга мослашиши ҳам қийин кечади.

Уйида тартиб-интизомни маҳкам сақлаган руҳоний амакиси болани ўзи ўйлаб топган турли қоидаларга сўзсиз итоат этишга мажбурларди. Сиқувлардан кўнгли озор чеккан Уилям ўзини ёлғиз, ҳимоясиз ҳис қила бошлайди. Ёлғизлик азоби уни Кентерберидаги бошланғич мактабда ҳам, кейинчалик Қироллик мактабида ҳам тарк этмайди. Бу изсиз кетмайди – Уилям гапирганда дудуқланиб қолар, синфдошлари эса уни камситишарди. «Дудуқланиб гапиришим ҳаётимга ҳам, ижодимга ҳам салбий таъсир қилган», деб ёзди у кейинчалик. Бу қусур оқибатида Моэм келажакда руҳоний ҳам, сиёсатчи ҳам, ҳуқуқшунос ҳам бўла олмасди. Чунки ваъз ўқиётганда ёки нутқ сўзлаётганда дудуқланиши панд бериши тайин эди. Улуғ ёзувчи умр бўйи бу хасталикдан халос бўла олмади.

Ўсмирлик палласига келиб Уилям бу аҳволга кўникади. Энди у ёлғизликдан изтироб чекмайди, ҳатто ёлғизликни қўмсай бошлайди. Мутолаага берилиб, руҳоний амакисининг китоб жавонидан бекитиқча фойдаланишга одатланади.

Ўн беш ёшида зотилжамга йўлиқиб қолган йигитча баъдига урган диний мактабни ташлаб, амакисининг маслаҳати билан Германияга отланади. Бу бўлажак ёзувчининг мустақил ҳаёт йўлидаги илк қадами эди. Бу пайтда Германиянинг Ҳейделберг шаҳрида адабиёт ва санъатга қизиққан кўплаб ёшлар истиқомат қилишар, университетда маш­ҳур адиблар ва файласуфлар иштирокида турли анжуманлар ўтказиларди. Маданият ва эркин фикр ўчоғига айланган бу шаҳарда Уилямнинг дунёқараши шакллана бошлайди. Ҳейделбергда у адабиёт ҳаётининг мазмуни эканини англайди. Бир ярим йил ичида Моэм бу шаҳарда дўстлар орттиради, Шопенгауэр, Гёте сингари алломалар ижодини қунт билан ўрганади.

Ўн саккиз ёшида, 1892 йили Англияга қайтган Моэм Лондоннинг энг камбағал тумани саналган Ламбетдаги авлиё Фома шифохонасига ишга жойлашади. Бўлажак ёзувчининг тиббиёт соҳасини танлаганига бир неча сабаблар бор эди. «Тиббиёт Моэм учун жуда қулай касб эди, – деб ёзади Тед Морган. – Биринчидан у ўзи истагандек оддий одамлар ҳаётини, руҳан, жисмонан азоб чекаётган беморларни ўз кўзи билан кузатиш имконига эга эди. Иккинчидан, ишдан кейин ижод билан шуғулланиш, кўрган-кечирганларини қоғозга тушириши учун вақт топарди». Айнан шу йиллари, аниқроғи, 1896 йили Моэмнинг биринчи романи «Ламбетлик Лиза» нашр этилади. Т.Морганнинг таъкидлашича, «Ламбетлик Лиза»да Моэмнинг ноёб истеъдоди – кўрганларини аниқ тасвирлаш қобилияти намоён бўлади. Лондоннинг энг қашшоқ аҳолиси яшайдиган Ламбетдаги оғир турмушни ҳаққоний тасвирлаган ёш ёзувчи бу романи билан инглиз реалистик адабиётида янги саҳифа очганди.

* * *

Моэм – инглиз романчилигида ўз услубини яратган ёзувчи сифатида тан олинган. Унинг «Инсоний ҳасратлар юки», «Ой ва чақа», «Пишириқлар ва пиво», «Устара дами» сингари машҳур асарлари бу жанрнинг чинакам намуналаридир. Автобиографик руҳдаги «Инсоний ҳасратлар юки» романини ўқиган америкалик адиб Т.Драйзер Моэмни буюк мусаввир дея таърифлаган, асарни эса Бетховен симфониясига қиёслаган эди.

Моэм санъатда оқсуякларнинг турли машваратлар-у урф-одатларга қурилган қалбаки, зерикарли ҳаётидан фарқ­ли ўзгача бир оламни кўрарди. У, айниқса, ижод кишисининг феъл-атвори ва истеъдоди ўртасидаги номутаносибликка жиддий эътибор билан қараган. Ана шу синчковлик унинг 1919 йили ёзган энг машҳур «Ой ва чақа» романида кузатилади. Бу асар буюк рассом Гогеннинг фожеали ҳаёти тўғрисида. Гоген тимсолида яратилган Моэмнинг қаҳрамони Чарлз Стрикленд санъат йўлида киборлар жамиятидан юз ўгиради. Романда реал ҳаёт билан чинакам санъат ўртасидаги жарлик тиниқ ва ҳаққоний тасвирланган.

«Пишириқлар ва пиво» романида адиб истеъдодининг бошқа бир қиррасини кўрамиз. Асарда фожеавий талқин ўрнини ҳажвий оҳанг эгаллаган. ХИХ аср охири – ХХ аср бошларидаги Лондон адабий ҳаёти манзаралари чизилган бу романда Моэм сохта қаламкашларнинг китобхонлар эътиборини тортиш учун қўллаган найранг-усулларини фош қилиб, қалбаки обрў орт­тиришга чиранганлар устидан кулади. Асардаги аксар қаҳрамонлар қиёфаларини ўзига таниш-билиш ёзувчи, адабиётшунослардан олиб акс эттиргани ўз вақтида лондонлик ижодкорларга хуш келмайди, муаллиф уларнинг аёвсиз тан­қидларига дучор бўлади.

Ижодда мақтовга ҳам, танқид­га ҳам холис қараган адиб ноҳақ айбловларга эътибор бермайди. Аслида Моэмнинг ўзи ўз асарларининг холис тан­қидчиси бўлган. Масалан, 1899 йили ёзган «Креддок хоним» асари ҳақида, орадан анча йиллар ўтгач, у шундай деб ёзганди: «Романимнинг баъзи жойларини ўқисам, ҳозир кулгим қистайди. Менингча, бу асарнинг бирдан бир ютуғи ХИХ аср охиридаги Англия ҳаётини акс эттира олганимда, холос».

* * *

Такрорланмас романлар муаллифи Сомерсет Моэм драматургияда ҳам улкан муваффақиятларга эришган. «Сар­ҳисоб этар эканман…» номли автобиографик асарида адиб драматургияга кириб келиши сабабларини изоҳлаб: «Кўпчилик ёш ижодкорлар каби мен ҳам воқеаларни тасвирлашдан кўра суҳбатни қоғозга тушириш осон, деб ҳисоблардим», деб ёзади.

Аслида Моэмнинг пиэса ёзишга киришганининг бошқа сабаблари бор. Муваффақиятли чиққан илк романи чоп этилгач, Моэм шифохонадаги ишини ташлаб, китобига олган қалам ҳақига Испания, Италия ва Германияга саёҳат қилади. Ўзи ёқтирмаган амакисига ёрдам сўраб боришни истамаган ёзувчи энди оммавий китобхонга мўлжалланган енгил-элпи, ўртамиёна китоблар ёзиб пул топиши ёки олдинги касбига қайтиши керак эди. Моддий аҳволини ўнглаб олиш уни пиэсалар ёзишга ундайди.

Дастлабки пиэсалари муваффақиятсиз чиққанига қарамай у чекинишни хаёлига ҳам келтирмайди, стсенарийларини театр ва журналларга юбораверади. 1902 йили «Никоҳлар самода ўқилади» деб номланган пиэсаси Берлинда саҳналаштирилади. Англияда эса, ёш драматургга ҳадеганда омад келавермайди. 1903 йили ёзган «Леди Фредирик» комедияси орадан тўрт йил ўтиб саҳналаштирилади. Шунга қарамай бу пиэса муаллиф номини бутун Англияга танитади. Дастлаб репертуардаги бўш ўринни тўлдиришга яраб қолган, турмуш ва пул можаролари қаламга олинган бу қизиқарли пиэса кейинчалик Буюк Британиянинг бешта театрида 422 марта намойиш этилади.

Ўзига хос «саҳна туйғуси»га эга драматург пиэсалари воқеа ва қаҳрамонларининг ноанъанавийлиги, диалогларнинг ўткирлиги билан ажралиб турарди. Кейинчалик у саҳна асарларида жўшқинликка, кескин фикрларга, истеҳзоли кулгига кенг ўрин беради. Натижада унинг пиэсаларига талаб ортади. Моэм қаламига мансуб «Леди Фредирик», «Шеппи», «Айлана», «Ноаниқлик» каби пиэсалар бугун ҳам жаҳон театр саҳналарида муваффақият билан намойиш этилмоқда.

* * *

Биринчи жаҳон уруши бошланганда паканалиги боис Моэмни аскарликка олишмайди. Бу пайтга келиб Европага танилган, бир неча тилни мукаммал эгаллаган адиб инглиз жосуслик хизматида фаолиятини бошлайди ва бир йил Швейтсарияда ишлагач, махфий топшириқ билан Россияга жўнатилади. 1917 йилнинг август ойида Петроградга келган Моэмга Россиянинг урушдан чиқмаслигини таъминлаш вазифаси юклатилганди. Лекин кўп ўтмай Россияда инқилоб бошланиб, Моэм Лондонга қайтишга мажбур бўлади.

Дастлаб жосусликни Киплинг қаҳрамонларидек «катта ўйин» деб тушунган ва ўзида бу ўйинда иштирок этиш иштиёқини сезган адиб кейинчалик «Эшенден ёки Британия агенти» китобида бу ишга ўта чиркин ва зерикарли, деб таъриф беради.

Жосуслик хизматидан бўшагач, Моэмда дунё бўйлаб саёҳат қилиш истаги туғилади. Ижоди орқасидан каттагина маблағга эга бўлган ёзувчи энди пул ҳақида ортиқча ўйламай эркин яшаши мумкин эди.

Дарвоқе, Европанинг энг бой ёзувчиларидан бирига айланган кезда ҳам яқин дўстлари Моэмни мудом хасисликда айблашган. Аслида Моэм хасис эмас, тежамкор бўлган. Ўта тежамкорлик одати унга ҳар бир шиллингни ўйлаб ишлатишни уқтиришдан чарчамаган қурумсоқ руҳоний амакисидан юққанди. Қизиғи шундаки, пули кўпайгани сари Моэм кўнглида қашшоқликка тушиб қолиш хавфидан қўрқиш ҳисси кучайиб боради. Замондошларидан бирининг ёзишича, бойлиги миллион долларга етганда ҳам ёзувчи пулни тежаш учун жамоат транспортида юраркан.

Хуллас, 1916 йил ноябрида у котиби билан Таитига жўнайди. Таити – Шарқий Осиёдаги энг гўзал ўлкалардан. Ёзувчи улуғ рассом Гоген ҳаётидан олиб ёзган машҳур романи «Ой ва чақа»га керакли ашёларни айни шу ўлкада йиққан.

Умрининг кўп қисмини йўлда ўтказган Моэмнинг саёҳатларга ружу қўйгани ҳам бесабаб эмас. Ёшлигида зотилжамга чалинган ёзувчига шифокорлар ҳавоси мусаффо, гўзал табиатли ўлкаларда бўлишни маслаҳат беришганди. Лекин бу Моэмнинг элкезарлигига юзаки важдир. Аслида у Лондондаги киборлар давраси ва инжиқ хотини Сири Велкомдан иложи борича узоқроқ юришни маъқул кўрарди. Пойтахтдаги бой-бадавлат танишлари ва олифта адабиётшуносларнинг ялтироқ ҳаёти унинг баъдига урган эди. Моэмни умр бўйи тушунмай ўтган Сири хоним эса, эри қанча йироқда юрса шунча хурсанд бўларди.

Қолаверса, ёзувчини дунё халқларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, феъл-атвори ва ҳаёти қизиқтирарди. Инсонни табиатнинг энг катта жумбоғи, деб ҳисоблаган адиб Шарқий Осиёнинг бир неча мамлакатларида – Хитой, Малайзия, Ява, Бирма, Ҳиндистон ва Сингапурда бўлиб, турли маданиятларга мансуб одамлар билан танишади. Кейинчалик саёҳатларидан олган таассуротлари, кўрган-кечирганлари, эшитган ва гувоҳ бўлган ғаройиб воқеаларни ўзи янги, юксак босқичга олиб чиққан жанр – ҳикояларида бетакрор маҳорат билан акс эттиради.

* * *

Моэмнинг илк ҳикоялар тўплами – «Барг титроғи» 1921 йили босилиб чиқади. Бу пайтда Англияда ҳикоя жанрига қизиқиш ортган, Киплинг, Конан-Дойл, Уэллс сингари ёзувчиларнинг ҳикоялари кўпчиликка манзур бўлаётганди. Моэмнинг еттита китобига жамланган юздан ортиқ ҳикояси орасида «Ёмғир», «Кал мексикалик», «Қайсар», «Малла» каби бу жанрнинг нодир намуналари талайгина. «Ҳикояларимни бошдан охиригача бир чизиқда олиб боришга ҳаракат қилдим… Уларни кўп нуқта эмас, нуқта билан якунлашни хоҳладим», деб ёзганди муаллиф. Унинг ҳикоячи сифатидаги иқтидори инсон тақдирининг чиндан ҳам жумбоқлигини кўрсата олганида намоён бўлади. Аслида ҳаёти ва саёҳатлари давомида Моэм бошига тушган турфа савдолар, ғаройиб тасодифлар асарларининг қаҳрамонлари кечмишидан кам бўлмаган.

Ёзувчининг кутилмаган воқеалар билан якунланган аксарият ҳикоялари шакли жуда содда, уларда ортиқча таърифу тавсифлар, узундан-узоқ фалсафий мулоҳазалар йўқ. «Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, – деб ёзади бир ўринда адиб, – муваффақиятга фақат бир йўл билан: ҳақиқатни қандай англасанг, айнан шундай ёзиш орқали эришиш мумкин».

Саргузашт-у таҳликали вазиятлар кетидан қувган Моэм Бирмага саёҳати вақтида мўъжиза туфайлигина ҳалокатдан омон қолади. Тед Морган бу воқеани шундай баён этган: «Моэм котиби Жералд билан кун бўйи қайиқда тўқайзор оралаб ўтган дарёда сузиб юрганида узоқда кўтарилиб тушаётган тўлқинни кўриб қолади. Хавфсиздек туюлган тўлқин уларга яқинлашганда уч метрли пўртанага айланиб, ёзувчи ва котиби ўтирган қайиқни домига тортиб кетади. Бўғзигача сув тўлиб, ҳаёт билан видолашаёзган Моэм билан котибини маҳаллий балиқчилар муқаррар ўлимдан қутқариб қоладилар».

Саёҳатларини якунлаган Моэм 1927 йили Франсиянинг энг хушманзара ўлкаларидан бири Риверадан ўзига ҳашаматли уй-жой сотиб олади. Лондондаги зиёфатлару ғийбатларга тўла ҳаётга кўника олмаган ёзувчи умрининг энг бахтли дамлари – болалиги ўтган Франсияга қайтади. «Моэм жуда меҳмондўст эди, – деб ёзади Тед Морган. – Лекин унинг вилласига ташриф буюрганлар бу ердаги тартиб-қоидаларга бекаму кўст амал қилишлари лозим эди. Доимо тартиб билан яшашга уринган ёзувчи бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди». Моэмнинг Франсия­даги уйига Уинс­тон Черчилл, Ҳерберт Уэллс, Арнолд Беннетс, Жон Пристли, Жан Кокто каби машҳур арбоблар, ижодкорлар келиб туришарди. Адиб тўқсон ёшни қоралаган пайтда унинг уйида меҳмон бўлган рус ёзувчиси Юрий Нагибин шарти кетиб, парти қолган чолнинг дадил фикрлашидан, ижодга иштиёқи кучлилигидан ҳайратга тушганини ёзган.

Иккинчи жаҳон урушида Риверадаги ҳашаматли вилла босқинчилар томонидан аёвсиз таланган, харобага айлантирилган. Уни таъмирлагунча ёзувчи бир йилни Париж ва Лондондаги меҳмонхоналарда ўтказади. Бу пайтда Моэмнинг пиэсалари Европа ва АҚШдаги деярли барча машҳур театрларда намойиш этилаётганди. Шунга қарамай, у драматургиядаги фаолиятини тўхтатади. «Моэм шуҳрат шоҳсупасидан ўз хоҳишига кўра тушди», деб ёзади Тед Морган.

Ижодий фаолиятининг сўнгги йилларида адиб адабий-танқидий руҳдаги эсселар ёзишга киришади. 1948 йили Филдинг, Жейн Остен, Стендал, Балзак, Диккенс, Эмилия Бронте, Мелвилл, Толс­той, Достоэвский ҳақидаги «Буюк ёзувчилар ва уларнинг романлари» номли китобини ёзиб тугатади. Ёзувчининг яна бир эсселар тўплами «Ўзгарувчан кайфият» 1952 йили нашр этилади. Бу тўпламга кирган олтита эсседа муаллиф ўзи яқиндан билган Ҳ.Жеймс, Ҳ.Уэллс, А.Беннетс сингари ёзувчилар ҳақида сўз юритган.

Тед Морган ёзганидек, ўн тўққизинчи асрда ижодни бошлаб, йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида ҳам қалам тебратишни тўхтатмаган «ҳақиқий тарихий экспонат» – Сомерсет Моэмнинг асарлари тириклигидаёқ дунёнинг кўплаб тилларида чоп этилади. Жумладан, ўтган асрнинг 50-60-йиллари АҚШнинг ўзида унинг китоблари беш миллиондан ортиқ нусхада сотилган. Сўнгги «Устара дами» романи бир миллион уч юз минг нусхада чоп этилган. Ўз қалами билан ёзувчи тўрт миллион доллар топган.

1962 йили Моэм шахсий кўргазмасидаги санъат асарлари ва саёҳатлари давомида йиққан буюмларни Сотби кимошди савдосига қўяди. Буюмлар орасида ёзувчи 1917 йили Таитидаги қишлоқлардан бирида 200 долларга сотиб олган мусаввир Гоген ишлаган расм ҳам бор эди. Бу санъат асари Сотбида 37500 долларга сотилади.

1965 йили тўқсон бир ёшга кирган улуғ ёзувчи дўстлари ва котиби Алан Сиэрл даврасида туғилган кунини сўнгги бор нишонлайди ва бир неча кундан сўнг вафот этади.

Ҳаётга ва ижодга Моэмнинг муносабати ҳақида унинг ўзидан ўтказиб бир нарса дейиш қийин: «Ҳаёт у ҳақда ёзиш учун эмас, балки уни яшаб ўтиш учун берилганини мен ёддан чиқармасликка ҳаракат қилдим. Табиат менга нимани раво кўрган бўлса, барчасини синаб кўришга уриндим. Ижодга эса, ўзимнинг бирдан-бир мақсадим деб эмас, инсониятга хос бошқа фаолият турлари билан уйғунликда олиб бориладиган бир соҳа сифатида қарадим».

Алишер Отабоев
“Маърифат” газетасидан олинди.