Жек Лондон америкалик ёзувчи, публицист, жамоат арбоби, машҳур ҳикоялар ва романлар муаллифи. У йигирма йилга яқин вақт мобайнида 200 дан ортиқ ҳикоя, 20 та роман ва 3 та саҳна асари ёзди. Жек Лондоннинг “Шимол Одиссеяси” туркумидаги “Аждодлар даъвати” “Оқ қозиқтиш” қиссалари, “Ҳаёт қонуни”, “Ҳаётга муҳаббат” ва “Гулхан” номли ҳикоялари анча машҳур. Лондон насри аниқ ва жонли бўлиб, ХХ асрнинг кўплаб адиблари, хусусан, Хемингуэй, Оруэлл, Мейлер, Керуака ижодига сезиларли таъсир кўрсатган.
Исми ўзгарган болакай
Жек Лондон (Жон Гриффит Чейни) 1876 йилнинг 12 январида Сан-Францискода туғилган. Унинг онаси Флора Веллман мусиқа ўқитувчиси бўлиб, астролог Уильям Чейни билан яшарди. Аввалига ҳаммаси яхши эди. Бироқ Флоранинг ҳомиладор бўлганини эшитган Чейни болани олдириб ташлашни талаб қила бошлади. Аёл буни қатъий рад этди, Чейни туриб олгач, чорасиз қолди ва ўз жонига қасд қилишга уринди. Бахти бор экан, ўқ уни енгил жароҳатлади, холос.
Ўшанда газеталар роса шов-шув кўтариб (масалан, “Кронил”да “Ташлаб кетилган аёл” мақоласи босилди), профессор Чейни номи бадном қилинди. Алал-оқибат бу Чейнининг оталикдан воз кечишига сабаб бўлди (1899 йили Жек Лондон Чейнига бир нечта хат ёзиб, бу масалага аниқлик киритишга ҳаракат қилган, аммо профессор унинг отаси эканлигини рад этиб туриб олган).
Флора ёш гўдагини маълум вақт собиқ чўриси Виржиния Прентиссга қолдириб кетганди. 1876 йилнинг охирида АҚШдаги фуқаролар уруши ногирони ва фахрийси Жон Лондонга турмушга чиққач, боласини қайтариб олди. Орадан саккиз ой ўтган эди. Онасининг бошқа киши билан турмуш қургани боис, боланинг исм-шарифи Жон Чейнидан Жон Гриффит Лондонга ўзгарди. Яъни, бўлажак ёзувчи Жон Лондон деб номланди (Жек — кичрайтирилган шакли).
Лондонлар оиласи Сан-Францискодаги ишчилар ҳудудига жойлашди. Уруш фахрийси Жон Лондон икки қизини ҳам олиб келганди, уларнинг тўнғичи Элиза бутун умр Жекнинг содиқ дўсти бўлиб қолди. Жоннинг ўзи ҳам ўгай ўғлини турткиламаган, унга меҳр кўрсатиб, оталарча муносабатда бўлган.
Уч юз доллар қарз
Бу вақтда мамлакат 1873 йили бошланган шафқатсиз иқтисодий бўҳронни бошдан ўтказар, юз минглаб одам ишидан айрилган, озгина бўлса-да пул ишлаш учун шаҳарма-шаҳар изғиб юришарди. Жекнинг ўгай отаси тезда бойиш иштиёқидаги хотинининг маслаҳатига кўра, бир неча бор фермерлик билан шуғулланиб кўрди ва иши ўнгидан келмади. Уларнинг оиласи муҳтожлик туфайли бир жойдан иккинчисига кўчишга мажбур бўларди. Ниҳоят Сан-Францискодаги Окленд шаҳрига жойлашиб, Лондон бошланғич мактабни шу ерда ўқиб тугатди.
Етишмовчилик туфайли Жек Лондон меҳнат фаолиятини анча эрта бошлади. У ўқувчилик давридаёқ тонгги ва кечки газеталарни сотар, дам олиш кунларида кегли ўйналадиган жойда соққаларни келтириб бериш эвазига пул ишлар, шунингдек, истироҳат боғидаги пивохоналарда югуриб-елиб хизмат қиларди.
Бошланғич мактабни тугатган Жек ўн тўрт ёшида консерва фабрикасига ишчи бўлиб жойлашди. Аммо бу ерда иш жуда оғир эди, ҳар қанча ҳаракат қилмасин, ўсмир бардош бера олмади. Натижада фабрикадан кетди. Шундан сўнг Виржиния Прентиссдан уч юз доллар қарз олиб, кичикроқ елканли кема харид қилди ва “молюскалар қароқчиси”га айланди. У Сан-Франциско кўрфазида ноқонуний равишда моллюскалар тута бошлади. Кейин эса ушбу фаолиятига тескари иш тутди — балиқчи патрулида хизмат қилди (“Балиқчи патрулнинг ҳикоялари”).
Жек Лондоннинг меҳнат фаолияти яна давом этган. 1893 йили у Япония ва Беринг қирғоқларидан денгиз мушукларини тутувчи “Софи Сазерланд” овчилик кемасига матрос бўлиб ёлланди. Биринчи сузиш Лондонда ёрқин таассурот қолдирди ва шу мавзудаги туркум ҳикоялари ҳамда романлари (“Денгиз бўриси” ва бошқалар) учун мавзуга айланди. Ҳаётининг кейинги босқичида эса Жек Лондон каноп фабрикасида, кирхонада ишлади, гўлахда ўт ёқувчи бўлиб хизмат қилди.
Дайдилар сафида
Лондоннинг илк очерки — “Япония соҳиларидаги тўфон” 1893 йил 12 ноябрда Сан-Францискодаги газеталардан бирида босилган ва қўшимча ҳақ билан тақдирланган. Ўшанда Лондон денгиз овидан қайтган, адабий танловда қатнашганди. Махсус танловда ғолибликни қўлга киритди ва ҳаётидаги биринчи мукофот — 25 долларни қўлга киритди. Бу эса унинг адабий фаолияти бошланишига хизмат қилди.
1894 йили Лондон Вашингтондаги ишсизлар намойишида иштирок этди. Оқибатда дайдилиги учун Ниагара-Фоллсга яқин жойда ҳибсга олиниб, бир ой қамоқда ётиб чиқди. Дайдилар билан саргардонлик чоғида у “жисмоний меҳнат кераклича таъминлай олмайди, инсон фақат ақлий меҳнати туфайли қадр топади”, деган хулосага келди. Шу тариқа Жек ёзувчи бўлиши кераклигини тўла англаб етди. Бу орада Лондон илк бор социалистик ғоялар, Маркс ва Энгельснинг “Коммунистик партия манифести” билан танишди. Орадан бир йил ўтиб, Америка социалистик меҳнат партиясига аъзо ҳам бўлиб кирди. Аммо 1914 йили уни тарк этди. Сабабини партиянинг “жанговарлик руҳ”ига ишончи йўқолгани билан изоҳлади.
Уйга қайтган Жек ўрта мактабда ўқий бошлади. Бу даргоҳнинг “Иджис” журналида АҚШ кўчалари бўйлаб юрган сафарлари ҳақида ёзган очерк ва ҳикояларини чоп эттирди. Мактабдаги таълим суръати Лондонни зиғирча қониқтирмади, шу боис илмгоҳни тарк этиб, Калифорния университетига ўқишга кириш учун мустақил тайёрланишга аҳд қилди.
Имтиҳонларни муваффақиятли топширган Жек Лондон мазкур университетга ўқишга кирди. Афсуски, моддий жиҳатдан қийналгани боис 3-семестрдан ўқишни ташлашга мажбур бўлди.
Шимол сари йўл
1897 йилнинг баҳорида “олтин васвасаси”га берилган Жек Лондон дўстлари билан Аляскага йўл олди. Аввалига уларнинг омади чопди — бошқалардан аввалроқ Юкон дарёсининг юқорисидаги жойни эгаллаб, қозиқ билан чегаралаб олдилар. Бироқ олтиндан дарак йўқ, келгуси баҳоргача қолиб бўлмас, бунинг учун имкониятлари етмасди. Устига-устак, қишда Лондон милк касаллиги билан оғриб қолди.
У Сан-Францискога қайтди. Шимол таассуроти бир олам, тақдир олтин ўрнига Жек Лондонни бўлажак асарларининг қаҳрамонлари билан учраштирган эди.
Жек Лондон 23 ёшида, Аляскадан қайтганидан сўнг адабиёт билан жиддий шуғуллана бошлади. У шу йўлни маҳкам тутишга аҳд қилганди. Бошловчи ёзувчи кунига 1000 та сўз ёзишни қоида қилиб олди ва бутун умр шунга амал қилишга интилди.
Унинг илк шимол ҳикоялари 1899 йили нашр этилди, 1900 йили эса биринчи китоби — “Бўри боласи” ҳикоялар тўплами босмадан чиқди. Шундан сўнг “Унинг оталари илоҳи” (Чикаго, 1901), “Аёз болалари” (Нью-Йорк, 1902), “Одамга эътиқод” (1904), “Ой орази” (1906), “Йўқотилган чеҳра” (1910) ҳикоялар тўплами, “Қорлар қизи” (1902), “Денгиз бўриси” (1904), “Мартин Иден” (1909) романлари нашр қилинди. Жек Лондон жуда кўп: кунига 15 — 17 соатдан ишлаб, узоққа чўзилмаган адабий фаолияти давомида қирққа яқин асар ёзди. Ёзувчи бадиий услуби оғир ҳаётий шароитда, қисмат зарба берганида инсоннинг интилишларини намоён этиши билан характерлидир. Жек Лондон бу ҳолатни ҳаққоний ёритиш асносида руҳий кўтаринкилик ва саргузаштни ўзаро уйғунлаштиради (муаллиф ўзининг услубини “инсон эътиқоди ва иштиёқига сингиб кетган руҳи баланд реализм”га қурган).
Лондон ўқувчиларини тезда асарлари воқелигига олиб кириб, қаҳрамонларининг сўзлашув ва фикрлари назмий тили билан жалб этади. У Р.Стивенсон, Р.Киплингни ўзининг адабий устози деб ҳисобларди (гарчанд Киплингнинг дунёқарашини хушламаса-да, услубий ўзига хослигини эъзозлаган).
Оила, қалам ҳақи ва сиёсат
1900 йилнинг январида Жек Лондон университетда бирга ўқиган марҳум дўсти Бэсси Маддерннинг беваси Элизабет Маддернга уйланди. Оилада икки қиз — Жоан ва Бэсс дунёга келди. 1903 йилнинг ёзида эса Чармиан Киттержни севиб қолган адиб оиласини тарк этди. Бу аёл Элизабетнинг дугонаси эди. 1905 йили Жек Лондон Чармианга уйланди.
1904 — 1905 йиллардаги рус-япон уруши пайтида Лондон ҳарбий мухбир сифатида фаолият кўрсатган. 1907 йили эса ўзининг “Снарк” кемасида дунё бўйлаб саёҳатга чиқди. Ёзувчининг режасига кўра, саёҳат етти йил давом этиши керак эди, бироқ Лондон бетоблангани боис бу сафар икки йилдан кўпга чўзилмади. Шунга қарамай, ёзувчининг “Снарк” саёҳати”, “Жануб денгизлари ҳикоялари”, “Қуёш ўғлони” китоблари учун бой манба йиғилган эди.
Бу вақтда улкан гонорарлари туфайли Жек Лондон ўзига тўқ одамга айланди. Битта китоби учун қалам ҳақи 50 минг доллар бўлиб, ўша даврда катта пул эди. Бироқ барибир ёзувчига доимий равишда пул етишмасди. Жек Лондоннинг “Ҳаётга муҳаббат” номли ҳикоясида ўзгача фалсафа бор. Асар қаҳрамонига дўсти хиёнат қилгач, у баланд бақувват дарахтлар ўсадиган ва хоҳлаганча егулик мавжуд бўлган Канада тундраси жанубига йўл олади. Саёҳати давомида оёғи жароҳатланади, кийим-кечаги йиртилади, астарида гугурт яширилган бош кийими ва милтиғини йўқотади. У бўри билан яккама-якка олишади. Қаҳрамоннинг йўналиши Катта айиқ кўли шимолидан Коппермайннинг Шимолий муз океанига қуйилиш жойигача давом этади. Бу ерда кит овловчи кемачилар томонидан қутқарилиб, Сан-Францискога етказилади.
“Очликдан ўлаётган одам инсон қадами етмаган қор саҳроси орқали катта дарёнинг кемалар тўхташ жойига қадар одимлайди, — деб ёзади Жек Лондон. — Оёқлари куч-қувватдан қолган, у одимламайди, ўрмалайди. Ёнма-ён эса ўлаётган бўри ҳам ўрмалаётир. Улар ўртасида кураш кетмоқда. Одам енгади — ярим жон, ярим телба ҳолда манзилга етади”.
Кўп қиррали истеъдод эгаси бўлган Лондонга утопик ва илмий-фантастик асарлари ҳам муваффақият келтирган. “Голиаф”, “Бутун дунё душмани”, “Алвон ўлат”, “Олам навқирон бўлганида” ва бошқа асарлари хотимаси тугалланмаган тарзда ёзилган бўлса-да, янгича услуби, тасаввурларга бойлиги ва кутилмаган воқеалари билан ажралиб туради. Ички сезгиси ва бой кузатуви туфайли Лондон “Темир товон” асарида инсон ҳаётига хавф солувчи жаҳон урушлари ва даҳшатли кашфиётларни акс эттирди.
Жек Лондон сиёсат майдонида ҳам ҳаракат қилиб кўрган, ҳатто АҚШдаги шаҳарчалардан бирининг мэрлигига ўз номзодини қўйган. Бироқ у сиёсатда ўртамиёна бўлиб, мэрликка сайланмади.
Энг ёмони — хоҳламай қилинган иш
Ҳаётининг маълум босқичида Жек Лондон Глен-Эллен (Калифорния)дан ранчо сотиб олди ва уни анча кенгайтирди. Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланди. Лондоннинг нияти ўз ерида хўжаликни бошқаришнинг янгидан-янги услубларини қўллаш, “юксак даражадаги ферма” яратиш эди. 1910 йилнинг охирида ранчода “Бўри уйи” номли улкан қўрғон барпо этила бошланди. Бу қурилишнинг бошидан охиригача Лондоннинг ўзи иштирок этди.
Афсуски, мазкур ишларнинг оқибати кутилганидек бўлмади. Орадан уч йил ўтгач, “Бўри уйи” номаълум кишилар томонидан батамом ёқиб юборилди. Лондон катта миқдорда қарзга ботди.
Адиб қарзларидан қутулиш мақсадида оммабоп журналлар учун саёз асарлар ёзишга мажбур бўлди (ўзининг айтишича, “Саргузашт”, “Смок Беллью” шундай асарлардир). Айнан шу туфайли ёзувчилик фаолияти маълум вақт давомида Лондонда жирканиш туйғусини ҳам уйғотди.
1914 йилнинг баҳорида “Кольерс” журнали топшириғига кўра, у ҳарбий мухбир сифатида Мексикага отланди. Натижада АҚШнинг бошқа давлатлар ички ишларига аралашувини ёқлаб мақолалар ёзишига тўғри келди. Бу эса партиядаги дўстларининг қаттиқ норозиликларига сабаб бўлди.
Фронтда бўлган Жек Лондон япон разведкаси томонидан қўлга олинди. Президент Теодор Рузвельтнинг қатъий талабига кўра, озод қилинди.
“Сюжет сотаман, оласизми?”
Умрининг охирги йилларида Лондон ижодий таназзулни бошдан кечирди. Шу сабабли ичкиликка берилди (кейин ташлаган). Ижодий инқирози туфайли ёзувчи янги роман учун сюжет сотишга мажбур бўлди. Адиб ўз сюжетини америкалик бошловчи ёзувчи Синклер Льисга пуллади. Лондон бу романнинг номини ҳам ўйлаб топган эди: “Қотилликлар бюроси”, бироқ уни тўла-тўкис тугатишга улгурмаган адиб ҳаётдан кўз юмди.
Жек Лондон 1916 йил 22 ноябрда вафот этган. У буйрак касаллигидан азият чекар, морфийдан заҳарланиш туфайли ҳаётдан кўз юмганди (морфий — кўкнор ширасидан олинадиган гиёҳванд модда). Тахминларга кўра, бу ўзини-ўзи ўлдириш бўлган. Ўйлаб амалга оширилган ўз жонига суиқасд қилиш кейин ҳам оммалашди — бу борада Зигмунд Фрейдни ёдга олиш мумкин.
Жек Лондоннинг ўзини ўзи ўлдириши ҳақида ўйлагани борасида эса уммонга ўзини ташлаган “Мартин Иден” қаҳрамонини эслаш кифоя. Ўз жонига суиқасд билан боғлиқ мулоҳазалар унинг автобиографик асари ҳисобланган “Жон Арпа Уруғи”да ҳам учрайди.
1920 йили, Жек Лондон ўлимидан тўрт йил ўтиб, унинг “Уч инсон қалби” номли романи нашрдан чиқди. Ёзувчи бу асари билан Америка адабиётидаги истиқболли жанр — киноқиссага қўл урган эди.