2018 йилнинг 13 январь куни кечқурун соат 21 дан 33 дақиқа ўтганида шоир оғам Абдунаби Бойқўзиев, 21 дан 40 дақиқа ўтганида ношир оғам Бахтиёр Каримовлар Тошкентдан Бўстон шаҳридаги уйимга қўнғироқ қилишиб азиз устозимиз, атоқли адиб, таниқли таржимон Носир оқсоқол Фозилов оламдан ўтганини чуқур қайғу билан хабар қилдилар. Иккови ҳам бир неча кун олдин менинг хаста оқсоқол муолажа олаётган тиббиёт маскани – Иккинчи ҳукумат шифохонасида, иккинчи қаватдаги терапия бўлимининг 12-палатасида, устоз ҳамда унга меҳр билан қараётган Муборак ая ҳузурида бўлганимни, “патриарх” билан бир соатча гурунглашганимни яхши билишарди. Мана, миллий адабиётимизнинг Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирдек азим чинорларидан рағбат олиб ўсган улкан садақайрағочларидан бири қулабди. Қулоқларимга ишонмай, бошимни чангаллаб қолдим. Кечагина хиёл нафаси сиқаётганига қарамасдан юрагини очиб самимий суҳбатлашган, Абдижамил оқсоқолнинг уй номерини айтиб, “Сен, болам, тортинмасдан Нурпеисов домлага қўнғироқ қил, мендан салом айт. Албатта, “Сенг”( ўзбекча “Музкўчки”) асарини сенга жўнатади. Ўн икки босма тобоқлик шу асарни меҳр билан таржима қилсанг, жабрдийда Оролбўйи олдидаги бир қарзингни узган бўласан!” деган эди. “Эртага Меҳмонқул ака Қозоғистонга кетяпти. “Олиб келаман!” дедилар, десам “Адабиёт манфаати учун адиб адибни безовта қилишдан тортинмаслиги керак. Сизлар шунга ўрганинглар!” деб уқтирган эдилар.
Энди устоз йўқ. Кейинги ўн йил ичида оқсоқол адиб билан “Дўрмон” ижод уйида камида йигирма марта учрашган эдик. У киши ижод уйига мартнинг ўрталарида чиқиб, октябрнинг охирларида ўзининг қадрдон Чилонзорига қайтиб кетарди. Ҳар куни икки марта садоқатли рафиқаси Муборак ая билан ижод уйи боғини айланарди. Боғнинг ўнг томонидаги узун йўлак охирида бир ўриндиқ бор. Биз унга “Носир оқсоқол ўриндиғи” деб ном берганмиз. Чимён чўққиларидан сарин саболар етиб келадиган бу ерда устоз менга, Қўчқор Норқобилга, Муҳаммад Исмоилга, Мирпўлат Мирзога, Тоҳир Қаҳҳорга, Чоршаъм Рўзиевга, Ғулом Фатҳиддинга, Мирзапўлат Тошпўлатга, Вафо Файзуллоҳга, Амир Худойбердига, Беҳзод Фазлиддинга ва бошқа ўнлаб оға-иниларимга носирлик ҳамда ноширликнинг тенгсиз сабоқларини берганлар. Бир гал уч туғишган оғам – Ўрозбой, Кенгесбой, Муротбойни шу ерда шогирд тайёрлаш борасида қаттиқ тергагани ёдимда. Оқсоқолнинг бетга ачитиб айтган ўгитлари, таъналари ҳам болдан ширин бўларди. Қаҳри қаттиғу меҳри мойдек юмшоқ эди: 2017 йили ёзда ногоҳ Муборак аянинг қўли шикастланганида оқсоқолнинг опа ёнида ўтириб астойдил оҳ тортганлари ҳамон қулоғим остида. Ўшанда оқсоқолга таскин бериш учун Андижондан Қамчибек Кенжа, Фарғонадан Охунжон Ҳаким, Тошкент вилоятидан Ортиқбой Абдуллаев, Самарқанддан Хосият Бобомуродова, Намангандан Дилбар Ҳайдарова, Қашқадарёдан Жаббор Халил, Хоразмдан Исмоил Оллоберганов, Қорақалпоғистондан Айитжон Оллоберганова келган эдилар. Партадош дўсти, профессор Ғаффор Мўминовнинг ўғли Абдусаттор узоқ йиллар отасининг қадрдонига мурувват кўрсатди. Оқсоқол тўққиз ой “Дўрмон” ижоди уйида бўлганида ўғил ва келинлари, неваралари ҳар куни хабар олишарди. Ҳар куни!
Ўн йил! Миллион йиллик сайёра учун бу киприк қоққулик муддат ҳам эмас. Ана шу ўн йил ичида мени меҳру мурувват билан ўз қаноти остига олган ўн нафар азиз устозларим, ҳайриҳоҳларимдан айрилдим. 2008 йилнинг июлида туркийзабон халқлар шеъриятининг забардаст вакили Ошиқ Аёз – Ибройим Юсупов, 2010 йилнинг сентябрида атоқли наср устаси Тўлепберген Қаипбергенов, беқиёс сўз заргари Матназар Абдулҳаким, декабрида атоқли шоир Жуманиёз Жабборов, 2013 йилнинг майида прозамизнинг икки азим чинори – Ўткир Ҳошимов ва Омон Мухтор, 2016 йилнинг майида улуғ сўз санъаткори Эркин Воҳидов, ноябрида замонамизнинг буюк шоири Абдулла Орипов, 2017 йилнинг майида ажойиб болалар шоири Турсунбой Адашбоев, июлида истеъдодли шоир, иқтидорли публицист, жонкуяр жамоат арбоби Носир Муҳаммад бу ёруғ олам билан видолашдилар. Энди Носир оқсоқол…
1989 йили “Юлдузча” нашриётида 30 минг нусхада чоп этилган 384 бетлик “Болалигим-пошшолигим” (5 қиссаси ва ҳикоялари кирган) китобига ёзган сўзбошисида устоз Носир Фозилов “Қўлимга қалам тутиб, ёзиш имконияти яратиб бергани учун ҳаётимдан, давримдан миннатдорман. Мана, оқ билан қорани ажратадиган ёшга етиб, босиб ўтган йўлимга шукроналик билан назар соламан. Шу пайтгача ёзганларимни олдимга қўйиб, бундай қарасам, ўша давр воқеаларини эсласам, болалигим бир пошшоликка менгзаб кетди.”, деб ёзган эди.
Навоий ва Бобур, Қодирий ва Қаҳҳор дарёларидан сув ичган бу бели бақувват садақайрағоч саксон тўққиз йиллик баракали умри давомида тоғ-тоғ ижодий ишларни ниҳоясига етказди: “Ташвиш”, “Саратон”, “Қуш қаноти билан”, “Қорхат”, “Оқим” қиссалари, болаларга ва катталарга бағишланган ўнлаб илиги тўқ ҳикоялари, “Устозлар даврасида”, “Мунаввар лаҳзалар”, “Эсласанг кўнглинг ёришур”, “Ношир ва Носир сўзи” эсселаридан иборат қирққа яқин, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, рус ва бошқа тиллардан ўгирилган олтмишга яқин, жами юзга яқин китоби миллий адабиётимизнинг хазинасидан ўрин олди. Таржимон сифатида Абайнинг “Қирқ беш насиҳат”идан тортиб севимли шогирди Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Чангалзор пайғамбари”гача бўлган олтмиш асарни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди. Ўз асарлари жаҳоннинг ўттиздан ортиқ тилларига таржима қилинди.
Бу оқшом кўзларимда шашқатор ёшлар билан “Оқим” қиссасининг сўнгги сатрларини ўқийман: “…куни билан оламни тандирдек қиздирган, бутун борлиққа нур берган қуёш қизариб ботиб борар…ботиш азалий одати бўлгани учунгина эмас, балки эртага бугунгидан ҳам чароғонроқ, бугунгидан ҳам нурлироқ бўлиб чиқиш учун ботиб бораётгандек туюларди…” Эртага тонг отади. Қуёш бугунгидан ҳам чароғонроқ бўлиб чиқади. Аммо энди Сиз буни кўра олмайсиз, донишманд устоз. Энди Сиз улуғ устозлар қўним топган Чиғатой хилхонаси оғушидасиз. Шу йилнинг 5 январь куни эрталаб шоир оғаларим Турсун Али ва Азим Суюн учаламиз устоз Абдулла Ориповнинг сўнгги манзилини зиёрат қилиш учун Чиғатойга борган, у киши ва у ерга яқин қўйилган қадриабад мураббийларимиз Эркин Воҳидов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Жуманиёз Жабборов руҳларига оят ўқиган эдик. Уларнинг ёнида бўш ўрин бор экан. Майса ўсган ўша жойга тикилган Турсун Али “Бу ерга ким қўйилади?” деб сўради. Азим ака чуқур ўйга толиб “Ё халқ шоири, ё давлат мукофоти совриндори қўйилади!” деди. Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, Сиз – 2 марта Ўзбекистон, бир неча марта бошқа давлатлар мукофотлари соҳиби ўша жойга қўйилганингизни, таъзиямизни Муборак аяга етказганини кечқурун Абдунаби акам телефонда айтдилар. Сиз кетдингиз. Китоблар қолди. Дилларга қуёшдек нур таратган, “Фақат кўрган-билганларингиз ёзилган”,(“Қорхат”дан) “Ҳаёт саҳифалари варақланган”, “Қуш қаноти билан”дан), “Ҳар қандай совғадан ҳам бебаҳо, ёрқин, покиза туйғулар ҳадя қилган”, (“Саратон”дан), “Муҳаббат олдида жавоб беришдек ташвишлар” (“Ташвиш”дан) муҳрланган юздан ортиқ ўша китобларингиз юз йиллар мобайнида йўлларимизни ёритиб тургай. Алвидо, устоз, ўзбегимнинг қозоғи, қирғизи, қорақалпоғи. Она Туркистонимизнинг, етмиш йил беминнат нон берган Тошкентнинг тупроғи Сизга пардек юмшоқ болиш бўлсин!
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари,
Бобур номидаги халқаро фонд минтақавий бўлими раҳбари