Инглиз адиби Сомерсет Моэмнинг «Ой ва чақа» романи ХХ асрда шу жанрда яратилган асарлар орасида энг кўп ўқиладиган юзта романнинг бири, деб эътироф этилган. Асар воқеалари асосий персонажлардан бири — ёш ва иқтидорли ёзувчи йигит тилидан ҳикоя қилинади. Роман бош қаҳрамони Чарлз Стрикленд рассомлик билан шуғулланиш мақсадида оиласидан, биржадаги яхши ҳақ тўланадиган даллоллик касбидан воз кечиб, охир-оқибат, улуғ рассом даражасигача кўтарилади, бетакрор санъат асарлари яратади ва Таитида ёлғиз, абгор бир аҳволда ҳаётдан кўз юмади.
Роман номини шарҳлаган адабиётшунослар асарда яратувчи ижодкор ва оломон бир-бирига қарама-қарши қўйилган, бу икки тарафнинг мутлақо бошқа-бошқа ўлчамларда яшаши кўрсатилган, яъни улар ой ва чақага қиёсланган, деб ҳисоблайдилар.
Моэм асарда сюжетни реал воқеликдан олади, машҳур француз рассоми Гоген таржимаи ҳоли асосида яратади. Лекин адиб Гоген ҳаётини тасвирлашни ният қилмаган, балки унинг ҳаётига доир фактларга суянган ҳолда ижтимоий ҳаёт ва ижод ўртасидаги азалий муаммони ёритмоқчи бўлган. Рус адабиётшуноси В.Скороденко ёзганидек, «Бу роман аслида Стрикленд номи остида тасвирланган Гоген ҳақида эмас, балки Чарлз Стрикленд исмли ўйлаб топилган рассом ҳақида. Княгиня Болконская ўз прототипига қанчалик ўхшаса, Стрикленд ҳам ҳақиқий Гогенга шунчалик ўхшайди»(Somerset Manghani «The Moon and Sixpence» Progress publishers, Moskov, 1969). Шунинг учун «Ой ва чақа» романидан Гогенни «фош этган» воқеаларни қидириш беҳуда. Бу асарга жуда катта мазмун юкланганки, уни олдиндан тайёрланган схемага солиб талқин қилиш нотўғри хулосаларга олиб келади.
Адабиётшунослар «Ой ва чақа»да муаллиф санъатнинг уч хил типини тасвирлаган, деб таъкидлашади. Биринчиси, Лондондаги адабий давралар ва ўзига хос бадиий устахоналардаги санъат. Бу санъатнинг тан олинган ёки тан олинишга яқин турган намояндалари (улар қаторига романдаги воқеаларда иштирок этган ва уларни китобхонга ҳикоя қилувчи йигит ҳам киради) билим ва «ўткир дид»га асосланган ёзилмаган қоидалардан четга чиқишмайди, анъаналарни қадрлашади, лекин янгиликни ҳам инкор этишмайди.
«Ой ва чақа»да тасвирланган иккинчи санъат типини Моэм голланд рассоми Дирк Стрёв образи орқали кўрсатади. Худо берган истеъдоддан мосуво бу рассом «ҳаётни борича тасвирлаш»га шунчалик берилганки, расмларидаги ўлик манзараларда ҳақиқий ҳаётдан асар йўқлиги ҳақида у ўйлаб ҳам кўрмайди.
Учинчиси, Стрикленднинг санъати — ҳақиқий ва боқий санъат. Мавжуд қонун-қоида, меъёрларни рад этган бу санъат уни тушунганларгагина ўзининг бетакрор гўзаллигини очади. Моэм санъат йўлида инсонийликдан юз ўгирган ижодкор — Стрикленд образини жуда таъсирчан чизади. Лекин у санъаткор дунёси билан ёнма-ён турган омма ҳаётини ҳам ўзига хос тасвирлайди. Стрикленднинг дунёси мангу, унинг санъати учун вақт ҳеч нарса эмас. Стрикленд оиласидан, дўст-биродарларидан юз ўгириб, ўзини санъатга бағишлаш учун Парижга кетади ва яқинлари, танишларининг тавқилаънатига учрайди. Йигирма йил ўтиб уни аблаҳ деб овоза қилганларнинг ўзлари Стриклендни даҳога чиқаришади…
Романни ўқиган сари манфаатпарастлар ва калтабинлар жамиятида Стрикленднинг ижод эркинлигига уриниши даҳшатли оқибатларга олиб келиши муқаррар эди, деган хулосага келинади. Моэм инсонни эркидан айирувчи ижтимоий қоидаларга қарши чиққан Стриклендни тушунади. Лекин Стрикленд инсонийлик чегарасидан чиқиб кетганда, муаллиф уни ёқламайди. «Стрикленд санъатга хизмат қилиш учун ўзидаги инсонийликни ўлдирди», дейди адабиётшунос В.Скороденко.
«Ой ва чақа»ни ўқигач, китобхонда: одамийлик қиёфасини йўқотган даҳо Стрикленд тўғри иш қилдими ёки ўта очиқкўнгил, меҳрибон, беғубор ва камтар инсон, лекин расмлари бир тийинга қиммат Дирк Стрёв тутган йўл тўғрими, деган савол туғилади. Стрёвнинг эзгулиги — гўзалликдан маҳрум, ўлик эзгулик. Стрикленддаги гўзалликда эса эзгулик йўқ. Фақат Гўзаллик деб яшаш рассомни маънисиз ҳаётдан қутқаради, лекин уни инсонийликдан мосуво қилади. «Стрикленднинг фожиаси фақат унинг қабиҳлигида ва манфурлигида эмас. Унинг энг катта фожеаси инсоният учун ижод қилаётганини билмаганида, билишни истамаганида», дейди В.Скороденко.
Лекин Моэмнинг «Ой ва чақа» романида ҳам, бошқа асарларида ҳам хулосани кўрмаймиз. Воқеани ҳикоя қилиб, китобхон ҳукмига ҳавола этган адиб хулоса чиқаришни унинг ўзига қолдиради. Шунинг учун ҳам «Ой ва чақа» романи турли хил талқин қилинади. Яхши асарнинг энг катта ютуғи уни ҳамма ўзича яхши кўриб ўқишида, деб бежиз айтишмаган.
«Ой ва чақа» романи таниқли адабиётшунос ва тажрибали мутаржим Раҳматилла Иноғомов томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, 2006 йили «Жаҳон адабиёти» журналида босилиб чиққан.
Таржимон маҳорати эркин ва аниқ таржима ўртасида мувозанат сақлай олишда, меъёрни ҳис қилишда кўринади. «Ой ва чақа» романи таржимасида Р.Иноғомов шу меъёрни сақлай олган ва асарни «қайта ёзиш» эмас, ўзбекчага ағдариш йўлидан борган. Таржимоннинг яна бир ютуғи асар тилини, Моэмнинг аччиқ киноя билан жуда аниқ тасвирлаш услубини сақлаб қолганида.
Ҳар қандай асар таржимасида ҳам хатолар, камчиликлар учрайди. Агар асар аслиятдан эмас, иккинчи бир тилдан таржима қилинган бўлса нуқсонлар кўп бўлиши мумкин. Чунки иккинчи бир тилдан ўгирганда таржимон аслиятдан анча узоқлашиб, дастлабки таржима таъсирига тушиб қолади. Оқибатда у асарни эмас, таржимани таржима қилади.
«Ой ва чақа»нинг олтинчи бобида воқеаларни ҳикоя қилувчи йигит Стрикленднинг ташқи кўринишини тасвирлаб «he was bigger than I expeсted…», дейди. Романнинг Р.Ман томонидан ўгирилган русча таржимасида бу жумла «он оказался выше, чем я думал…» деб, ўзбекчада эса «у мен ўйлаганимдан баланд бўйлироқ», деб ўгирилган. Ваҳоланки, инглиз тилида «баланд бўйли» сифатини «tall» сўзи билдиради. «Big» эса «семиз» ёки «гавдали» дегани. «…his eyes were small, blue or grey» жумласи русчада «… глаза не то серые, не то голубые», ўзбекчада «…кўзлари кулранг билан кўк рангнинг ўртасида қандайдир рангга мойилроқ эди», деб ўгирилган. Рус таржимони «small» («кичкина») сўзини ташлаб кетган. Бу хато ўзбекча таржимага ҳам кўчган.
«One wonld admire his excellent qualities, but avoid his company» жумласи русчага: «Некоторые его качества может быт, и заслуживали похвалы, но стремиться к общения с ним было невозможно» деб, ўзбекчага: «Унинг баъзи фазилатлари, эҳтимол, диққатга сазовордир, лекин у билан мулоқот қилишга чидаш мумкин эмасди», деб ўгирилган. Аслида бу жумла «Унинг фазилатларини қадрлаганлар ҳам Стрикленд билан мулоқотдан қочарди», деб ўгирилганда мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки рус таржимони «to avoid» («қочмоқ, чап бермоқ») сўзининг ўрнига «невозможно»ни қўллаб, Стриклендни қарийб телбага чиқариб қўйган.
Оиласини ташлаб Парижга кетган Стриклендни излаб топган ёзувчи йигит рассомни уйига қайтармоқчи бўлиб у билан баҳслашади. Диалогда шундай жумлалар бор: «At all events, you can be forced to support your wife and children», I retorted, somewhat piqued. «I suppose the law has some protection to offer them».
«Can the law get blood out of a stone?».
Рус тилига бу савол-жавоб шундай ўгирилган:
«— Вас ведь могут заставить содержать жену и детей, — возразил я, несколько уязвленный. — Я не сомневаюсь, что закон возьмет их под свою защиту.
— А может закон снять луну с неба?».
Ўзбекча таржимада бу диалог шундай жаранглайди:
«— Ахир сизни хотинингиз ва болаларингизни боқишга мажбур қилишлари мумкин, — дедим ранжиб. — Қонун уларни ўз ҳимоясига олишига шубҳа қилмайман.
— Осмондаги ойни олиб берадиган қонун ҳам бордир?».
Аслида, Стрикленднинг жавобини сўзма-сўз таржима қилганда: «Тошдан қон чиқарадиган қонун ҳам борми?», деган гап ҳосил бўлади. Менингча, бу ўринда Стрикленд қонун ўзи учун бир пуллигини таъкидлаш билан бирга, ўзини ҳис-туйғусиз тошга ўхшатади. Ҳар иккала таржимада эса Стрикленд ўзининг феълини намоён этган шу муҳим жумла ўзгариб кетган.
Ёзувчи йигит ва Стрикленд Париждаги қаҳвахоналарнинг бирида ўтиришганда рассомнинг ёнига бир енгилтак қиз келади. Йигит Стрикленднинг юз ифодасини шундай тасвирлайди: «I Looked at him curiously. There was real distaste in his face, and yet it was the face of a coarse and sensual man. I suppose the girl had been attracted by a certain brutality in it».
Русча таржимада асарнинг бу парчаси қуйидагича: «Я с любопытством посмотрел на него. Непритворное отвращение выражалось на его лице, и тем не менее это было лицо грубого, чувственного человека. Наверно, последнее и привлекло девушку».
Ўзбекчага бу жумлалар шундай ўгирилган: «Мен қизиқсиниб унинг юзига тикилдим. Унинг юзида нафрат ифодаси зуҳр этганди. Бу қўпол ва таъсирчан одамнинг юзи эди. Эҳтимол, унинг ана шу таъсирчанлиги қизни ўзига ром этгандир». Русча таржимадаги «это было лицо грубого, чувственного человека» жумласи ғалати эшитилади. Қандай қилиб бир одам ҳам қўпол, ҳам ҳиссиётли бўлиши мумкин? Аслида инглиз тилидаги sensual сўзининг биринчи маъноси «таъсирчан», иккинчиси «шаҳватпараст». Менингча, Стрикленднинг юзи ахлоқи бузуқ одамникига ўхшагани учун фоҳиша унга яқин келган.
Асарнинг бир ўрнида шундай жумла бор: «When I saw that Strickland was really indifferent to the blame his conduct must excite, I could only draw back in horror as from a monster jf hardly human shape». Бу жумланинг русча таржимаси қуйидагича: «Когда я понял, что Стрикленду и вправду безразлично отношение, которое должны возбудить в людях его поступки, я с ужасом отшатнулся от этого чудовища, утратившего человеческий облик». Ўзбекчага ушбу жумла шундай ўгирилган: «Ўз ҳаракатлари тўғрисида одамларнинг фикр-мулоҳазаларига Стрикленд тамомила бефарқлигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг инсонийлик қиёфасини йўқотган бу газандадан ихлосим бутунлай қайтди, ундан юз ўгирдим». Рус таржимони бу жумлани ўгираётганда битта қўшимчани — as from(-дай, -дек)ни эътибордан соқит қилади. Оқибатда мен Стрикленддан «махлуқдан қочгандек ортга чекиндим» мазмунида келган жумла мен Стрикленддан — «газандадан… юз ўгирдим» тарзида бўрттирилган.
Романнинг ўн тўққизинчи бобида Дирк Стрёв ёзувчи йигитга Стрикленд ҳақида гапириб шундай дейди: «No: he has no success. I don’t think he’s ever sold a picture. When you speak to men about him they only lough”. Бу жумлаларни рус таржимони: «Нет, успеха он не имеет. Думаю, что он не продал еще ни одной картины. О них кому ни скажи — все смеются», деб ўгирган. Шу жумланинг ўзбекча таржимаси эса қуйидагича: «Йўқ. Асарлари муваффақият қозонаётгани йўқ. Ўйлайманки, у ҳали бирорта расмини ҳам сота олгани йўқ. Кимга бу асарлар тўғрисида гапирсанг кулади, холос». Гапдаги охирги жумла аслиятда «кимга у (Стрикленд) ҳақда гапирсанг кулади» тарзида келган. Рус таржимони негадир he (у — одамга нисбатан ишлатилади) сўзининг ўрнига асарларини назарда тутиб «о них»ни ишлатади. Оқибатда, Стрикленднинг бетайин феъл-атворидан кулган одамлар унинг расмлари устидан кулганга чиқиб қолган. Бу ўринда ҳам романнинг русча таржимасида йўл қўйилган хато ўзбекча таржимада айнан такрорланган.
Асарни иккинчи тилдан таржима қилганда хатоликлар ўтиши табиий, албатта. Лекин шунга қарамай, Моэмнинг бетакрор романи «Ой ва чақа»ни ўзбек китобхонларига етказган Р.Иноғомов меҳнати таҳсинга лойиқ. Зеро, бу асар матни мураккаблиги боис, жуда кўп тер тўкишни талаб этади. Биз юқоридаги айрим мулоҳазаларимизни «Ой ва чақа» романи китоб ҳолида чиқаётганда, асарни қайта таржима қилишга уринадиган таржимонларга асқотар, деган умидда билдирдик. Чунки жаҳон адабиётида яратилган энг яхши юзта романнинг бири сифатида тан олинган С.Моэм «Ой ва чақа» романининг она тилимизда бир неча таржималарига эга бўлсак, ҳеч ҳам ажабланмаслик керак.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 24-сонидан олинди.