Театр санъатининг равнақи, саҳнага қўйилаётган асарлар савиясини кўтаришга доир муаммоларни ҳал этишда улуғ адибларнинг саҳна санъати билан ҳамкорлигини ўрганиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бу борада барча бадиий жанрларда унумли ва самарали ижод қилган Чўлпон адабий меросида ҳам бугунги театр санъати учун фойдали жиҳатлар жуда кўп. Санъаткорнинг ижтимоий-лирик характердаги гўзал шеърлари, “Кеча ва кундуз” каби машҳур романи, “Ёрқиной” каби пиесалари, “Ҳамлет”нинг таржимаси, адабиётшунослик ва театр танқидчилигига доир мақола ва тақризлари адибнинг театр ҳаёти билан жуда яқин бўлганини кўрсатади.
Чўлпон театр танқидчилиги соҳасида ҳам жиддий, ҳар томонлама ўрганишга лойиқ маданий мерос қолдирган. У театр санъатини билимдонлик билан тарғиб қилган. Чўлпон бадиий меросининг бугунги кунларимиз учун қимматли томони шундаки, у бизни 20-йиллар ва 30-йилларнинг биринчи ярмидаги санъат оламига олиб киради, ўша давр бадиий санъати манзараси билан таништиради, саҳна асарларининг савияси, уларнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида тасаввур туғдиради.
Чўлпон ўзбек театрининг ривожланиш манбаларини асосан миллий-маданий анъаналарни тўлиқ ва ҳар томонлама ўзлаштириш ҳамда тараққий эттиришда деб билди. Зеро, адиб ўзбек халқининг санъатига оид барча манбаларни авайлаш, кўз қорачиғидай сақлаш, уларга янги мазмун ва оҳанг бериш зарурлигини қайта-қайта таъкидлаган эди. Унинг миллий мусиқа асбоблари ҳақида куюниб айтган сўзларига аҳамият берайлик: “Бизнинг чолғимиз йўқолиб кетишдан сақланмоғи лозим, куйларимиз унутилиш ва бузилишдан асралмоғи даркор. Бизнинг вазифамиз — ўшаларни тор бурчаклардан кенг майдонларга олиб чиқиш, ўстириш, парвариш қилиш, тарбия беришдир”.
Чўлпон халқ орасида томир отган аския ва қизиқчиликни кенг тарғиб қилиб, уларнинг кўламини янада оширишни таъкидлаши ҳам характерли: “Халққизиқларини ўрганиш театримизнинг комедиячилик томони учун катта озиқ беради”. Халқўртасида авж олган бу анъанага санъат руҳи ва мазмунини тўлиқ киритиш борасида Чўлпоннинг қайғуришлари таҳсинга сазовор. Чўлпон қизиқчилар санъатини янада кенг қўллашни таклиф этади. Унинг фикрича, “… уларнинг асарларини, уларнинг оммавий ва янги ижодларини ёлғиз сайиллар, тўйлар ва очиқ майдонларгина эмас, опера, драма, комедия саҳналарида ҳам кўриш лозим”.
Чўлпон ҳеч бир санъат фақат ўзининг миллий қобиғида ўралиб қолиб, улкан ютуқларга эришиши мумкин эмаслигини чуқур тушунган эди. Унинг эстетик қарашидаги асосий масалалардан бири санъатда байналмилалликка катта аҳамият бериш, унинг заминида ўзбек санъатини тараққий эттиришдир. Мана унинг эстетикасининг туб моҳияти: “…Оврўпа музика билимини етарлик даражада ўрганиб, ундан кейин Шарқ классик мақомлари ва халқ куйларини ҳам яхшилаб текшириб, Шарқнинг эски музика билимлари билан ҳам танишиб майдонга чиқса, қимматбаҳо асарлар берган бўлар эди”, деган эди Матюсуф Ҳарратов ҳақида. Чўлпон Европа санъатини ўрганишнигина эмас, уни чуқур эгаллаш лозимлигини уқтиради. “…Оврўпа музика билими зинасининг биринчи поғонасига қадам қўйғонлар, нариги поғоналарга ҳам тирмашиб чиқмасалар, чала билим билан музика соҳасида кўп нарса қилолмайдилар…” дейди.
Қарашларининг яна бир жиҳати санъатда ҳаққонийликка эришиш билан боғлиқ. Санъаткор бу масалани жуда кенг тушунади. Унингча, ҳаётни, ундаги воқеа-ҳодисаларни худди ўзидай қилиб санъатга, спектаклларга ўтказиш шарт эмас. Асосий гап бадиий ижод қонуниятидан келиб чиқиб, санъат ҳодисаларига баҳо бериш, улар қанчалик ҳақиқат мезонига мос тушишидадир.
Чўлпоннинг асосий андозаси бадиий асарда, спектаклда мавжуд “асллик”ка, яъни ҳаққонийликка эришишдир. Чўлпоннинг барча танқидий мақола ва тақризларида бадиий-ижодий маҳоратни эгаллаш, уни юксалтириш масаласи қўйилган. Театрнинг ҳам, ҳар бир артистнинг ҳам ютуғи ва қусури маҳоратга бориб тақалиши мисоллар асосида исботлаб берилади. Бунинг учун ҳар бир ишда, қилинган ҳар бир юмушда, ҳар бир ижрода ҳақиқат юзага қалқиб чиқиши лозим. У “Насаб қурбонлари”(мусиқали драма)даги энг катта нуқсон нимадан иборат, деган саволга шундай жавоб беради: “Асар фожиалик бўлғони ҳолда ўйнашда кулги бўлиб чиқди”. Жанр табиатини тушунмаслик, унинг характерли хусусиятини беролмаслик санъаткорни ранжитмаслиги мумкин эмас эди.
Адибнинг сатирик асарларга қўйган талаблари ҳам диққатга сазовор. “Турмушда кулуна турган жойлар бор: аммо у жойларни саҳнада ясамоқлик билан берилганда кулги чиқмайди, балки аксинча, табиий турмушдагидай қилиб берилса кулги чиқади”. У спектаклдаги ҳар бир ҳодиса, ҳар бир қилиқ, артистнинг ташқи қиёфаси ўзи ўйнаган ролга ҳар жиҳатдан мос тушиши лозимлигини қатъий талаб қилган. “Коваи оҳангар” спектаклида бир чол образи хусусида тўхталиб, “…ёшим саксонга етди” деган чолнинг башараси ва ҳаракатлари кўпроқ ёшларча бўлуб ўтди…”, дейди.
Чўлпон театр тарихида жуда характерли бўлган, спектаклда кичик бўлиб кўринган, аммо асар моҳиятига зарар етказадиган, томошабинларни санъат ҳақиқатидан бездирадиган бир мисолни келтиради. Фитратнинг “Чин севиш” асари асосида қўйилган спектакл ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай дейди: “Саҳна орқасидан отилувлар ўз вақтида чиқмади ва шунинг натижасида Раҳматуллахон ўқ тегмасиданоқўла берди”.
Спектаклнинг барча томонларини зийраклик билан кузатган Чўлпон унда ҳар бир деталнинг реал бўлишига даъват этган. Масалан, гримлар ортиқ даражада сунъий эканлиги унинг ғашини келтирган. У ачиниб, куйиб шундай ёзган: “…бизда тузаниш (грим)га кўб аҳамият берилмайдир. Тузанишни шошилиб ясайлар-да, сўнгра сунъий сочлар остидан ҳақиқий сочлар кўб вақт “мана мен” деб кўрунуб қўядилар”.
Чўлпон ўз ролларини қойил қилиб ўйнаган, характер моҳиятидан келиб чиқадиган кулгини табиий равишда беролган, ижрода самимийлик, ҳаққонийликни сақлаёлган актёрлардан мамнун бўларди. У артист Лутфулла Назруллаевнинг “Ҳамлет” спектаклидаги Полоний образини худди шундай талаб даражасида яратганидан завқланиб, кулгили ҳолатларнинг табиий, тўғри чиққанини алоҳида қайд этган.
Адиб театрга, артистлар олдига бирдан-бир тўғри талабни қўяди: “Самимийлик, ролни англаб ўйнашлик, саҳнада эркин бўлишлик…”. Атоқли актриса Турсуной Саидазимованинг истеъдодидан, ролларни самимий ижро этганидан, ҳаққоний ўйнаганидан қойил қолган адиб унинг “Арслон” (Фитрат) драмасидаги Зайнаб роли хусусида шундай ёзади: “Турсунойнинг қудрати ва қуввати ўша кичкина рўлни ҳам улканлар қаторига чиқарди, бир кўриниб ўтатургон Зайнабни бир умр унутилмас тасвирга айлантирди”.
Адибимизга Турсунойнинг “Икки бойга бир қарол” спектаклидаги қиролича роли ижроси ҳам жуда маъқул тушган. У жуда берилиб ўйнаганидан, “унинг ичида эркин-эркин” яшашидан чексиз мамнун бўлган. Худди шунга ўхшаш ижобий гапларни саҳна булбули Ҳалима Носирова тўғрисида ҳам тўлқинланиб, завқ-шавққа тўлиб ёзган эди.
Чўлпон эстетикасида яна бир жиддий масала кўзга ташланади. У режиссёр ҳар бир актёрнинг ўз амплуаси – ўзигамос ўйинларига қараб, шуни назарда тутиб рол тақсимлаши зарурлигини илгари сурган. Ҳақиқатан ҳам бир мураккаб, қийин образни яхшилаб саҳнада гавдалантирган артист, бошқа типдаги образни меъёрига етказиб ўйнай олмаслиги мумкин. Бу нарса томошабинлар олдида истеъдодли артистнинг обрўйига путур етказиб қўйишга олиб келади. Буни чуқур тушунган Чўлпон шу каби хатонинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик учун жой куйдирган. У Мольернинг “Жорж Дандин” асари асосидаги спектаклда бош ролни ижро этган артист Каримжон мисолида бу типдаги хатонинг оқибатлари санъатга қанчалик зарар етказишини яққол очиб беради: “…Шундай бир эркин кулдиргичга (Каримжонга – Ҳ.А.), кулгидан кўра кўбрак фожиаси бор бир рўлни берганлар. Шу учун унинг фожиали сўзлари ҳам, кулгили сўзлари ҳам бўш, талвасасиз, ишончсиз (неубидительный) чиқади… Каримга шу рўлнинг янглиш берилгани бутун асарга таъсир қилди”, деб хулоса чиқаради адиб.
Артистлар ижросида нуқсонларнинг келиб чиқишига асосий сабаб, уларнинг ўқиб-ўрганмасликлари, ҳаётни яхши билмасликлари, драма ва театр сирларини эгаллаб олмаганликларидадир. Буни Чўлпон асослаб кўрсатиб берган эди: “Саҳнада, — деб таъкидлайди адиб, — талантдан ташқари, маданият ҳам керак. Бунинг йўли маълум: ўрганиш! Актёр – энг аввал турмушнинг ўзидан (типлар, сўзлар ва ҳоказо), китоб мутолааларидан, лекция ва дарслардан, бошқа театр ва актўрлардан, ўз устозларидан ўрганади. Шуларнинг биргинаси камлик қилғонда ҳам актўрнинг турган жойида депсангани билиниб қолади”.
Қандай тўғри, ҳаққоний гаплар. Ҳар бир киши ўз соҳасида ҳамиша ўқиб, ўрганиши, билимли бўлиши лозим. Бунинг учун бизда Чўлпон айтганидай: “…имкониятлар катта”. Бу нарса, айниқса, театр арбобларидан кўпроқ талаб қилинади. Чунки улар маънавият ва маърифатнинг оташин тарғиботчилари, ўқувчи ва томошабинларнинг онгига муҳим ғояларни олиб кирувчилардир.
Театр ижод лабораторияси, драма учун синов майдони эканини Чўлпон чуқур англаб етган эди. Н.В.Гоголнинг “Саҳнага қўйилмаган пиеса танасиз жон” эканлиги ҳақидаги таърифи ҳам санъаткоримизга яхши аён эди. У драматург билан театр алоқаси, режиссёрнинг аҳамияти, актёрларнинг ғоят катта роли, рассом ва гримчининг хизматлари ҳақида ҳам кўп қимматли фикрларни изҳор этган.
Чўлпон эстетикасини ташкил этувчи муҳим масалалардан яна бири – тил. Чўлпондрама ва спектакл тилига жуда катта эътибор бериб, мақолаларидан бирини “Сўз, сўз, сўз!” деб номлашида чуқур маъно бор. “Сўз, — дейди адибимиз, — санъатнинг классик энг мукаммал нусхасидир”. У “…томошаларнинг, театру томошасининг асосан сўз устиға қурулғонини..” алоҳида айтиб ўтади. Шу сабабдан ҳам актёрдан халқдан ва фолклордан руҳланиб, озиқ олиб, сўз устида тинмай, узлуксиз ишлашни, саҳнадан туриб чиройли луқмаларни гўзал қилиб айтишни, асарларнинг мазмунига, қаҳрамонлар характерига, юз берган воқеалар маъносига қараб овоздаги оҳангни турлича изҳор қилиб беришни талаб қилар экан, бу билан муҳим бадиий принципларни тарғиб ҳам этган. Адиб саҳнада арабий ва форсий сўзларни янглиш айтишга, шеваларни ўринсиз ишлатишга, сўзларнинг бузиб, тутилиб, ямлаб талаффуз қилинишига, мазмундаги товланишни беролмасдан бир оҳангда гапиришга, сўз билан ҳаракатнинг узилиб қолишига, мусиқа театри билан драма театрида овозларнинг фарқига етмасликка қарши чиққан.
Чўлпон эндигина бошини кўтариб, қадди-қоматини ростлай бошлаган, Ҳамза ва Маннон Уйғур ташкил қилган миллий ўзбек театрига жуда юксак баҳо берди, унинг ҳар бир муваффақиятли спектаклидан завқланиб, зудлик билан ижодий-илмий фикр билдириб, халқўртасига ташлади. “Орқамизда, — деб ёзади Чўлпон, — тахминан 12-13 йиллик ҳаваскорлик йўли қолди. Чин маъноси билан театримиз эмас, саҳна билан ошнолиғимиз бошланғичликдан чиқди. Демак, биз – саҳнада (қайтариб айтаман: саҳнада!) анча ўсдик”.
Шуниси характерлики, адиб миллий театрнинг эволюциясини йилма-йил кузатиб борди, унинг ривожи қалбларини қувончларга тўлдирди. Театр тўғри йўлни танлаб, изчиллик билан олға қараб бораётганини алоҳида қайд этди.
Адибнинг бошини кўкка етказган нарса В.Шекспирдай улуғ драматургнинг жаҳонга машҳур мураккаб, қийин, оғир асарларини саҳнага “…қўйиш даражасига эришган театр”нинг вужудга келгани бўлди. Шу сабабдан ҳам кундан-кунга гуллаб борган, ҳар ерда мақталган, ўзини қойил кўрсатган театримизга халқ оқиб кела бошлаган. “Халқ театрга юрмайди, деган гап тўғри эмас, — деб таъкидлади адиб, — халқ юрадир… ўзини қизиқтиратурғон замоналарда ёзилғон ва яхши ўйналатурғон томошаларга халқ юрадир”. Гапининг исботи учун театр тажрибасидан қатор мисоллар келтиради. Ўзига ҳамда санъатига ниҳоятда талабчан бўлган Чўлпон театрни, унинг режиссёр ва актёрларини турғунликка учрамасликка чақиради, бир жойда депсиниб қолишларига, ижодий малакаларини ошириб бормасликларига астойдил қарши чиқиб, “… доим олдинга қараб интилиш”га чорлади.
Ҳа, бугун улкан адибнинг умидлари рўёбга чиқди. Ҳозир Европа театрлари билан беллаша оладиган ўзбек миллий театрига эгамиз. Бу эса, Чўлпон руҳини шод этиши турган гап.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 45-сонидан олинди.