Адҳамбек Алимбеков. Туркиялик шогирд

Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг довруғи ҳаётлигидаёқ ватани сарҳадларидан чиқиб, ўзга юртларда ҳам машҳур бўлган. Хусусан, Туркияга унинг ғазаллари 1483 йилда, Султон Боязидга етиб борган. Бу 33 та ғазални Султон Боязид даврининг таниқли шоирларидан бўлган Аҳмад Пошога беради. Аҳмад Пошо Алишер Навоий шеъриятига мафтун бўлиб бу ғазалларнинг барчасига назира бағишлайди. Туркияга Алишер Навоийнинг “Девон”и биринчи марта 1501 йилда, шоир Вазирий томонидан келтирилган. XVI асрда яшаб ижод этган таниқли турк шоирларининг деярли барчалари Алишер Навоийни ўзига устоз деб билганлар. Аҳмад Пошо, Боқий, Ускубли Ота, Ломий, Масиҳий, Озодий, Аҳмад Надим, Шайх Ғолиб каби турк мумтоз адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган шоирларнинг А. Навоий ғазалларига бағишлаган мухаммаслари ва эътирофи фикримизга далилдир. А. Навоий ижодининг усмонли адабиётига ижобий таъсири ҳақида атоқли турк адабиётшунос олимлари Ф. Кўпрули, А. Лаванд, А. Кабоқли, К. Эраслан, М. Чавушўғли ва бошқалар илмий ишларида ёзганлар. Таниқли адабиётшунос олим С. Банарли Алишер Навоий ижодига юқори баҳо бериб: “Алишер Навоий бутун туркий оламда замондошларидан бугунга қадар ўтганларнинг энг буюгидир, устозидир”, – дейди.

Ўзини Алишер Навоийнинг шогирдларидан деб билган, машҳур турк шоирларидан бири Аҳмад Надимдир.

Аҳмад Надим (1680-1730) турк мумтоз адабиёти тарихида ўз ўрнига эга бўлган, “Лола даври” турк адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан.

Турк адабиёти тарихида 1718-1730 йиллар “Лола даври”деб юритилади. Атамани илк бор Яҳё Камол қўллаган. 1913 йили Аҳмад Рафиқ Олтин “Лола даври” китобини эълон қилган. Лола даврида гулзорларга лолалар экиш, саройларни лола расмлари билан безаш шу даражада урф бўладики, чет эллардан кўплаб турли нав лолаларнинг уруғлари келтирилар, айрим ноёбларининг уруғи ўз даври учун юқори баҳода бўлган – минг олтингача кўтарилган эди. Истанбулда лоланинг 639 тури экилган экан.

Шеъриятда ҳам лолани васф қилиш мусобақага айланганди. Шунинг баробарида адабиёт ва санъат гуллаб-яшнади.

Аҳмад Надим Истанбулда зодагон оилада ту­ғилиб тарбияланади. Отаси Меҳмед Надим қози бў­либ, саройга яқин кишилардан эди. Яхши билим олган Надим мударрис даражасигача етади. Айниқса Сул­тон Аҳмад билан танишгач унинг толеъ юлдузи янада порлайди. Мулла Каримий, Эски Нишонбоши мадрасаларида мударрислик қилади.

Тарихчи, таржимон, шоир бўлган Надим жўшқин ҳаёт кечирган. Шоир сифатида “Девон” тузган. Надим шеърияти ўзининг серзавқлиги билан ажралиб туради. “Девон”да 39 қасида, 159 ғазал, 82 қитъа, 28 шарқий ва бир қанча мустаҳзод, тахмис, тажнис, рубоийлар мав­жуд. Шеърият мухлислари орасида, айниқса, Надимнинг шарқийлари машҳур бўлган. Аҳмад Надим адабиётда шарқий асосчиларидан бири сифатида ҳам маълум. Шарқийлар турк адабиётида XVIII асрда яратила бошлаган. Асосан куй басталанган шарқийлар иккитадан бештагача тўртликдан иборат бўлган. Ишқ ва гўзаллик мавзулари қаламга олиниб, кўпинча арузнинг фоилотун, фоилотун, фоилотун, фоилун ўлчовида ёзилган. Шарқийларда кўтаринки руҳ, халқ қўшиқларига оҳангдошлик устувордир.

Аҳмад Надим ижодининг юксалишида Алишер Навоий шеъриятининг таъсири кучли бўлган дейишимиз мумкин. Буни Аҳмад Надим ижодини ўрганган олимлар ҳам таъкидлайдилар. Аҳмад Надимнинг ўзи Навоий ижодининг таъсири ҳақида шундай ёзганди: “Навоий қаламининг қудратидан, руҳидан келган бир наво таъсирида гўзал бир ғазал ёздим”. Бу ғазалнинг матлаъси шундай бошланади:

Бориб куйинга йиғламоқ тиладим бир садо тортиб,
Йоғурди мен сари ул ғамзе тиғ-и сурме-со тортиб.

Ғазалнинг мақтасида эса, Аҳмад Надим ҳазраат Алишер Навоий асарларидан нақадар лаззатланганлигини, илҳомланганини шавқ билан таърифлайди:

Навойи руҳ-и килкин-дин Надимо кўп топар лаззат
Тараннум айлагач не янлиғ ун солиб наво тортиб.

Кўринадики, Алишер Навоий ижодининг ҳаётбахш таъсири туркиялик шоирларни нафис ғазаллар ёзишга руҳлантирган. Бу, албатта, ҳар бир юртдошларимиз кўнглида ифтихор ҳисларини уйғотади.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 2-сон.