Мақоламиз Машраб ва “Мабдаи нур” асари муаммосига оиддир. Бу масалага икки сабабга кўра тўхталдик. Аввало, Ҳерда Ҳенкел жамғармаси билан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ходимлари ҳамкорлигида қўлёзма асарлар электрон каталогини тузишда “Мабдаи нур”, “Кимйо” ва “Ғазалийоти эшон Машраб” каби шеърлар тўпламига дуч келиб, уларни аниқ ва батафсил тавсифлаш зарурати пайдо бўлди. Иккинчидан, “Мужаддидийларнинг Бухоро хонлиги маърифий ҳаётида тутган ўрни” мавзусидаги тадқиқотда Рўзибой Машраб мужаддидийлар сафида учради.
“Мабдаи нур” асари ҳамда Рўзибой Машрабга доир илмий адабиётларга мурожаат қилганимизда қарийб юз йилдан буён давом этиб келаётган, бироқҳануз узил-кесил ечими топилмаган муаммога дуч келдик. “Мабдаи нур” муаллифи ким? Барча тадқиқотчилар ҳозиргача шу саволга жавоб қидирган экан.
Бу масалани биринчи бўлиб илмий доирага олиб кирган ва уни муаммо сифатида кўтариб чиққан мутахассис профессор В.А. Вяткин эди. У 1923 йили чоп этилган “Фарғоналик дарвеш – Девонаи Машраб” номли илмий мақоласида Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодига кенг тўхталади. Ишида “Мабдаи нур” Бобораҳим Машраб асари эканига шубҳа билдиради. Илк бор у “Машраб битта эмас, камида иккита бўлиши керак” мазмунидаги илмий фаразни илгари суради. Иккинчи Машраб ҳам биринчиси билан замондош, у ҳам Офоқ хожадан таълим олган ва Наманган, Ўш ёки Ўзганд томонларда яшагани тахмин қилинади. Бу иккинчи Машрабни таниш учун ташланган илк қадам эди.
Орадан етти йил ўтиб, 1930 йил январ ойида профессор Абдурауф Фитрат матбуотда “Машраб” мақоласини эълон қилади ва Вяткин фикрларини бутунлай рад этади. У Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди юзасидан катта, анча муваффақиятли тадқиқотни амалга оширганди. Бироқ Фитратнинг ўзбек адабиётида Машраб тахаллусли яна бир шоир борлигиданбехабарлиги ҳам шу мақолада билиниб қолади.
Рўзибой Машрабни илм аҳли ва адабиёт мухлислари таниши учун яна йигирма тўққиз йил керак бўлди. 1959 йил 14 феврал куни Пўлат Қаюмов “Мабдаи нур”нинг бир нусхасида(11119- рақамли қўлёзма) “Олдимга кел” радифли ғазални учратиб, Рўзибой Машрабни кашф қилади. Кўп ўтмай, ўша йили академик Ғафур Ғулом 9251-рақамли бошқа бир қўлёзмада худди шу ғазални ва “олдимга кел” радифли мухаммасни топади ва улар асосида “Икки Машраб” номли мақола тайёрлаб, 12 июл куни “Қизил Ўзбекистон” газетасида чиқаради. Шу тариқа, Ҳофиз Рўзибой исмли яна бир Машраб ўзбек адабиётига кириб келади ва “Мабдаи нур”, “Кимйо” асарлари унга тегишли экани расман тан олинади.
Лекин баъзи тадқиқотчилар бу масалага кўпроқ аниқлик киритишга уринардилар. Улардан бири Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими Абдулла Носиров эди. У ушбу муаммо устида ўн йилча (1964 — 1975) бош қотирган ва уни ёритиш мақсадида мазкур асарларнинг 19қўлёзма нусхасини тўплаган. Уларнинг кўчирилган жойи ва йилини аниқлашга интилган, “Қиссаи Машраб” матни билан қиёслаган. Масалага ёндашувда манбашунос сифатида тўғри йўл тутган. Фақат Рўзибой Машраб ҳақида маълумот тополмагани сабабли ишни охиригача етказмасдан ярим йўлда тўхтайди ва тадқиқотини: “Эҳтимол, Рўзибой “Мабдаи нур”дан ёд олиб-олиб, ҳофизлик қилиб, “Мабдаи нур”ни дилига жо қилганлигиҳақида ҳам хонишлар қилса керак, деган фикрларга ҳам келиб қўйдим,” деган тахмин билан тамомлайди. Айни дамда “Мабдаи нур”нинг Бобораҳим Машрабга тегишли эканини ҳам исботлай олмайди.
Шу тариқа, 1959—1990-йиллар оралиғида адабиётшуносликда “Мабдаи нур” ва “Кимйо” Рўзибой Машраб асари экани тўғрисидаги қарашлар устувор бўлди.
Бу соҳадаги туб бурилишлар 1990 йилдан бошланди. Жалолиддин Юсупов Машрабнинг “Меҳрибоним қайдасан” китобига қўшиб, “Ҳақиқий Машрабни излаб…” номли мақоласини ҳам чоп этади. Унда иккала Машраб таржимаи ҳолига эътибор қаратилади. Муаллиф Рўзибой Машраб ҳақида: “3692-инвентар рақамли қўлёзма “Мабдаи нур” 1263 ҳижрий, 1820 мелодий йилда кўчирилганлигига эътибор берилса, бу йилларда Ҳофиз Рўзибой 9-10 ёшлардаги ўспирин бўлган дейиш мумкин ва унинг бу ёшда Жалолиддин Румийнинг тасаввуфий “Маснавий”сини туркий тилда шарҳ этиб, “Мабдаи нур” каби етук бир асар ёзганлиги ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди”, деган хулосага келади. (Бу ерда кўрсатилган 1263 санаси нашрда нотўғри босилган, аслида 1236 йил ёзилиши керак эди. “Мабдаи нур” асарига бағишланган мақоламизда бу масалага яна алоҳида тўхталамиз.) Бирор илмий тушунтириш ва изоҳларга эга бўлмаган бу фикр, негадир, кейинги 20 йил мобайнида кўпчилик тадқиқотчилар учун асос маълумотга айланди.
Таниқли машрабшунос Муҳсин Зокиров ўша йили “Машраб олдидаги гуноҳларим”, дея тавба қилиб, “Ёш ленинчи” газетасига мақола ёзди. У ўз мақоласида Бобораҳим Машраб асарларини нотўғри талқин этгани ва шулар қаторида “Мабдаи нур” ва “Кимйо” асарларини ноҳақ равишда Рўзибой Машрабники, деб айтгани учун кечирим сўради. Бу чиқишлар ўқувчилар оммасида кучли таассурот қолдирди. Жумладан, воқеанинг бундай тус олиши профессор Исматулла Абдуллаевни ҳам тўлқинлантириб юборди ва у киши мазкур асарларнинг Бобораҳим Машрабга тегишли эканини матбуотда исботлашга тушиб кетди. Мақолаларининг кўпчилигида “жабрдийда” Машраб адабий мероси ҳақида гапирилади. (Ҳолбуки, советлар даврида ўзбек мумтоз адабиёти вакилларидан жуда камчилик шоирларгина Машраб сингари шўроларнинг жўшқин олқишига сазовор бўлган эди.) Тадқиқотчининг бу асарлар Бобораҳим Машрабники бўлишини жуда истаётгани ёзганларида яққол кўриниб туради.
Умуман, 1990—”Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил йиллар машрабшуносликда янги давр бўлди. Бу даврнинг бугунги фаолларидан бири Мўмин Ҳошимхоновдир. У Ж.Юсупов ва И.Абдуллаев қарашларини қувватлайди. Бироқ бу тадқиқотчилар Рўзибой Машраб ҳаёти ва ижодига доир бирор муҳим илмий янгилик олиб кирмаган ёки бунга деярли эътибор қаратган ҳам эмас.
Бу вақт оралиғида, Рўзибой Машраб номи адабиётшунослик саҳнасидан яна анча четга сурилгандек бўлса-да, янги тадқиқотлар давом этаётганди. 1997 йили П. Равшанов, О. Равшанов, М. Ҳусенов ҳамкорлигида “Ҳофиз Рўзибой Машраб” номли китоб босилиб чиқди. Ушбу асарда муаллифлар Рўзибой Машраб ҳаёти ва ижодини батафсил ёритишга ҳаракат қиладилар. Шунга қарамай, адабиётшунослик майдонида қарийб бир асрдан бери осилиб турган муаммонинг асосий жиҳатлари бу ишда ҳам очилмай қолади. Рўзибой Машраб ҳаётига оид оғзаки ривоятлар ва улар асосида юзага келган ортиқча талқинлар тадқиқотчиларни муаммо ечимидан узоқлаштириб кетади.
2000 йили Германиянинг Берлин шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида XVIII—XIX асрларда ёзилган тасаввуфга оид қўлёзма асарлар рўйхати” нашр этилди. Унда “Мабдаи нур” ва “Кимйо” асарлари муаллифи деб Рўзибой Машраб кўрсатилган. Аммо изидан муаллифлик масаласи баҳсли экани алоҳида таъкидланади.
Хуллас, илмий адабиётлар ва бирламчи манбаларнинг дастлабки таҳлили муаммонинг 1990 йилдан олдинги даврларга қараганда ҳам ортиқроқ чигаллашганини кўрсатди.
* * *
Жуда чуқурлашиб кетган йирик ва бундай мураккаб муаммо ечимини газетада бир уринишда ҳал этиб бўлмайди. Шу сабабли икки қисмдан иборат мазкур мақолада Рўзибой Машраб ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ фақат баъзи тарихий маълумотларни кўздан кечирамиз.
Машҳур “дариғ” радифли таркиббанд ва “Олдимга кел” мухаммаси шоирнинг таржимаи ҳоли ҳамда “Мабдаи нур” асари ҳақида хабар берувчи илк ишончли манбалар ҳисобланади. Муаммо ечимига олиб борувчи калаванинг икки учи ҳам улар бўлса, ажабмас…
Бу шеърий асарлар тадқиқотчиларга яхши таниш. Шу пайтга қадар уларни ҳар ким ҳар хил талқин қилишга уринди. Аслида Рўзибой Машраб ҳаётининг айрим муҳим жиҳатлари “дариғ” радифли таркиббанднинг иккита бандида қисқа ва лўнда баён этилган. Ишни шу ердан бошлаймиз. Шоирнинг таъкидлашича, унинг биринчи устози мулла Ёрмуҳаммад исмли кўзи ожиз бир кишидир. Илмий-тадқиқот ва адабиётларда бу шахс ҳақида деярли маълумот учрамайди. Поён Равшанов уни оддий бир зиёли киши, қишлоқ мулласибўлса керак, деб тахмин қилади. Шоирнинг ўзи эса, бу устози тўғрисида “Таркиббанди Ҳофиз Рўзибой” (ЎзР ФА ШИ 5735-2-рақамли тошбосма) асарида шундай ёзади:
Бор эди бир шайх гуё ул манга мавло эди,Исми поки Ёрмуҳаммад, соҳиби тақво эди,
Гуҳари кўзидин ниҳону илмга дарё эди,
Кони Соҳибзодадин чиққан дурри якто эди.
Ҳам азал боғида бир сарви баланд, боло эди,
Ўзи қори эрди мулла, дийдаси аъмо эди.
Пок табъу ҳам расо ва ошиқи шайдо эди,
Хавфи Ҳақдин йиғлаған шариъ аҳлига устод эди,
Жумла бир-бир ерни остига жо бўлди дариғ.
Бу шеърий парчадаги “Кони Соҳибзодадин чиққан дурри якто эди” сатри шу пайтгача тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келмоқда. Аслида шу битта сатрда мулла Ёрмуҳаммад ҳаёти яшириндир. Сатрдаги Соҳибзода нимани англатади? —Соҳибзоданинг жуда катта кони, бойлиги бор. Ёрмуҳаммад эса, шу коннинг(ёки хазинанинг) тенгсиз дурларидан бири… Соҳибзода ким? Бирламчи манбаларда у тўғрида бирор маълумот учрайдими?
Ҳа, Соҳибзода номини бир қанча манбаларда учратиш мумкин. Тарихда асосан икки киши шу ном билан аталган. Уларнинг биринчиси Мийон Фазл Аҳмад ва иккинчиси — унинг ўғли Мийон Ғуломқодир Соҳибзодадир. Улардан биринчиси Бухоро ва иккинчиси Қўқон хонлигида яшаган мужаддидий шайхлар эди.
Мийон Фазл Аҳмад кўпроқАс-Соҳиб номи билан машҳур бўлган. Баъзи манбаларда унга нисбатан ҳам Соҳибзода атамаси ишлатилган. У Амир Шоҳмурод Бухоро тахтига ўтиргач, мулла Сафар Хоразмий мужаддидий вафотидан сўнг унинг бош пирига айланади. Тахминан, 1786—1801 йиллар атрофида Бухорода яшаб, тариқатда ўз мактабини яратган. У нақшбандийа сулукининг Ҳиндистондаги Сирҳинд тармоғи вакили, яъни мужаддидий-нақшбандий эди. Сулукдаги фаолиятининг кўп қисми Лоҳур вилояти ва Сийолкот шаҳрида кечган. Насаб жиҳатидан Мужаддиди Алфи Соний шайх Аҳмад Сирҳиндий авлоди ҳисобланади. Унинг Мийон ас-Соҳиб номи билан шуҳрат қозонишига бир томондан шу сабаб бўлган. У ўз даврида жуда кўп сўфийларни тарбиялаган. Бухоро давлати ҳукмдори амир Шоҳмурод улар қаторида эди. Мийон Фазл Аҳмад шеъриятни жуда қадрлаган, ўзи ҳам асарлар ёзиб қолдирган.
Биз кимлигини аниқламоқчи бўлган мулла Ёрмуҳаммад худди шу Мийон ас-Соҳибдан тариқат илмини ўрганади ва устозининг кўрсатмаси билан Қаршига қайтади. Мулла Ёрмуҳаммаднинг Мийон ас-Соҳибдан таълим олганини бошқа қўлёзма манбалар ҳам тасдиқлайди. Мир Фазлуллоҳ Тошкандийнинг “Шажараи алийа нақшбандийа” асарида халифа Ёрмуҳаммад Насафий исми устози Мийон ас-Соҳибнинг илғор муридлари қаторида қайд этилади.Рўзибой Машраб дастлаб Абдураҳмон ан-Насафий Даҳбеддан Қаршига кўчиб келгунга қадар шу устозидан таълим олади.
Халифа Ёрмуҳаммад Насафийнинг Рўзибой Машрабга ота томондан хеш экани ҳақида Қамаши қишлоғидан оғзаки ривоятлар эшитдик. Айтишларича, у мазкур қишлоқда яшаган экан. Лекин қабристонда у кишининг қабри ё шунга ўхшаш бирор белги топилмади. Қишлоқ аҳлида ҳам бирор ёзма маълумот сақланиб қолмаган. Шу сабабдан ҳозирча бу ривоятларни ишончли, дейиш қийин. Лекин тадқиқотларда уларнинг ҳам фойдаси тегиб қолиши мумкин.
Демак, мавжуд маълумотлардан халифа Ёрмуҳаммад Насафий 1790 —1795 йиллар атрофида мужаддидийа-нақшбандийа тариқатининг муршиди сифатида Қарши, Косон, Касби ҳудудларида фаолият бошлагани маълум бўлади. Рўзибой Машрабнинг “етти ёшдан беҳазрат эмам” сатрларига эътибор қаратадиган бўлсак, шоир худди ўша 1790 — 1800 йиллар оралиғида ундан илк тариқат сабоғини олади. 1800 — 1801 йиллари Қаршига унинг бўлажак иккинчи устози кўчиб келади.
Бор эди шаб то саҳар бедор ҳам покиза хў,Шайх Сиддиқ эрди оти, нисбати эрди неку.
Ўтти оламдин, қолибдур нисбат ўғлиға неку,
Шуҳрати оламни тутти, қилди ҳар ким орзу.
Ул азиз Даҳбеддин кўчти, қилиб Қаршига рў,
Зийнати шариъ тариқат, масжид ичра шариъ жў.
Абдураҳмон махдум оти қуддус оллоҳу руҳу,
Азми уқбо айлади, тарихин этсанг жустужў,
Минг икки юз олтмиш эрдиким фано бўлди дариғ.
Абдураҳмон махдум тўғрисида нима биламиз? Илмий адабиётларда у кишининг “Даҳбеддан Қаршига кўчиб борган эшон”ҳамда “ҳ. 1260 йилда вафот этган”иҳақидаги қайдучрайди, холос. 2005 йилнинг баҳор пайтида қарши шаҳри тарихий обидаларини ўрганаётганимда у кишининг қабрига дуч келдим. Абдураҳмон махдум хонақоҳи қўрғонча маҳалласида жойлашган зиёратгоҳ экан. Бу тарихий мажмуа таркибида хонақоҳ, минора, Бухоро ҳовузларига ўхшаш ҳовуз, хонақоҳнинг шимолий тарафида кичиккина қабристон ва қадимий ҳужраларнинг қолдиқ излари бор эди.
Абдураҳмон махдум қабрида араб тилида мужаддидийа-нақшбандийа силсиласи битилган тош сақланиб қолган экан. Матндан бир парча таржимасини келтирамиз:
“У мужаддид эди. Нақшбандийа хирқасини отасидан, у замон қутби ҳазрат Мусохон хожа Махдуми Аъзамийдан, у Обид раҳматуллоҳдан, у отаси шайх Абдулаҳаддан, у отаси шайх Мийон Муҳаммад Саъиддан ва у отаси мақтовлар эгаси суюклиси шайх Мийон Аҳмад ар-Раббонийдан олган эди. Уларга Оллоҳнинг жаннати насиб этсин.
Қабри нурга тўлгур, марҳум шайх қутблар қутби саховат эгаси маҳбуби, шайхул комил шайх Муҳаммад Сиддиқ Нақшбандий ад-Даҳбедийнинг фарзандидир. Сана 1270”.
Бу маълумотлар “дариғ” таркиббандидаги маълумотларни тасдиқлаш билан бирга уни тўлдириб ҳам келмоқда. Фақат махдумнинг вафоти санасида фарқ бор. Абдураҳмон ан-Насафий вафоти ҳ. 1264 йил деб кўрсатилган манбалар ҳам учрайди. Биз улар орасидан қабртошидаги ҳ. 1270 санани (м. 1853-1854) қабул қилдик. Энди махдумнинг силсиласига эътибор берайлик.
Худди таркиббанда айтилгандек, Абдураҳмон махдум отаси шайх Муҳаммад Сиддиқдан таълим олади. Жумақули Ургутийнинг таъкидлашича, халифа Муҳаммад Сиддиқ шайх Саййид Мусо хожа Даҳбедийнинг иккинчи халифаси бўлган. Халифа Худоёр вафотидан сўнг у устозининг ўғли Хонхожа билан биргаликда иршод маснадига ўтиради. Унинг даврида мужаддидийа тариқати довруғи яна-да ошиб кетади. Шайхнинг суюкли одатларидан бири ибодатдан кейин Қуръони карим тиловати, унинг изидан бирор ширали овозга эгава ёқимли оҳангга солиб ўқий оладиган ҳофизга “Маснавийи шариф”ни ўқитиш эди. Ундан сўнг ўзи Махдуми Аъзамнинг “Рисолаи самъоийа” асарини ўқиб, унинг мазмунини ўтирганларга шарҳлаб бераркан. Бу рисолада раҳмоний ва шайтоний оҳанглар, самъонинг хосияти, оҳанглардан баҳраманд бўлиш йўл-йўриқлари каби ҳолатлар ҳақида гап боради. Жумақули Ургутий 20 ёшида қисқа фурсат ушбу шайх хизматида бўлади.
Халифа Сиддиқҳ. 1210 йили (м.1795-1796) вафот этади (Тарихи Хумулий. ЎзР ФА ШИ 37-5- рақамли қўёзма). Унинг қабри Даҳбеддаги шайхлар қабристонининг шимолий тарафида, боғлар орасида жойлашган. Шогирдларидан халифа Ҳусайн, Зокирхожа шайхулислом Наманганий ва Абдураҳмон махдум (ўғли) унинг ишларини давом эттириб, ўз даврида шуҳрат қозонгани бир қанча манбаларда қайд этилган.
Халифа Сиддиқнинг пири шайх Саййид Мусо ибн Саййид Исо хожани Жумақули Ургутий “анвари олам ва қандили жаҳон”, деб таърифлайди. У тоғаси Мирзо Муҳаммад Қоратоғий тавсияси билан Ҳиндистонга шайх Мийон Муҳаммад Обид хизматига боради. Айрим манбаларда эса, у Мирзо Жони Жонон билан танишиб қолиб, “шайх Мийон”ҳузурига боргани нақл қилинади. Рўзибой Машрабнинг бу силсиласи ҳам шу тариқа Ҳиндистонга, Сирҳинд мактабига бориб туташади.
Халифа Сиддиқ вафотидан кейин Мусохон Даҳбедийнинг учинчи халифаси Муҳаммад Амин Даҳбедий иршод маснадига ўтиради. У ўз даврида Эшони Пир лақаби билан машҳур эди. Абдураҳмон махдум бир-икки йил унинг хизматида бўлади. Амир Ҳайдар тахтга ўтиргач, 1800 — 1801 йиллардан сўнг Эшони Пирни Бухорога чақиртириб олади. Бу пайтда Абдураҳмон махдум Қаршига кўчиб ўтган эди. Рўзибой Машраб кечи билан(агар олдинроқ бўлмаса) 1805-йиллардан сўнг 20 ёшлар атрофида унинг хизматига келади. Абдураҳмон ан-Насафийнинг шогирдларидан уч нафари — Абдураҳмон Бувий, мулла Тошмуҳаммад Бўстоний, Ҳофиз Рўзибой Машраб тарихда маълум ва машҳурдир. Тошмуҳаммад Бўстоний аввал Муҳаммад Амин Даҳбедийдан таълим олган. Устози ҳ. 1229 йили (1814) вафот этади. Шундан сўнг у Қаршига Абдураҳмон ан-Насафий хизматига боради ва бир қанча вақт ундан тариқат илмини ўрганади. Бу пайтда Абдураҳмон махдум аллақачон “ан-Насафий” нисбаси билан шуҳрат қозонган ва Рўзибой Машраб 30 ёшларда эди. У умрининг сўнгги даврларини Насаф вилоятининг Қамаши қишлоғида ўтказган. Бу ерда унинг қабри сақланиб қолган. Устида қуйидаги таърих битилган тош бор:
Соҳиби санг мулла Рўзибой,Уммати Аҳмад аст, абди худой.
Гашт марҳум у бо амри Раҳим
Сор таърихи “ғафуран” вурудо. (Тош эгаси мулла Рўзибой,
Аҳмад уммати, қули худой.
Раҳим амри-ла, бўлди марҳум,
Таърихҳи “ғафуран”дадуро.)
“Ғафуран” сўзини рақамга айлантирсак, ундан ҳ. 1287 йил келиб чиқади. Бундан Рўзибой Машраб камида 1871 йилнинг биринчи чорагида 80-85 ёшларида вафот этгани ва туғилган йили 1785 — 1790 йилларга тўғри келиши маълум бўлмоқда. Соҳибзоданинг бебаҳо дури аслида унинг ўзи эди…
Энди шоирнинг “Олдимга кел” мухаммасини варақлаймиз. Ўтмишда бир қанча машҳур шоирлар 10 —15 ёшидан бадиий етук шеърлар ёза бошлагани ҳақида кўп нақллар учрайди. Агар икки устозининг тариқатдаги фаолияти ва “Мабдаи нур” асарининг илк нусхаларидан бири ҳижрий 1239 йили(1824) кўчирилганини ҳисобга олсак, Рўзибой Машраб тахминан 1795 — 1805 йиллардаёқўзбек тилида шеърлар ёзганини эътироф этишга тўғри келади. Суҳбатларда айрим машрабшунослар “У сира “Машраб” тахаллусини қўлламаган, ёзган шеърларига Ҳофиз Рўзибой деб имзо чеккан” деганларини эшитдим. ХХ аср адабиётшунослигида эса уни асосан “Машраби Соний”,баъзи ҳолларда “Мабдаи нур” тахаллусли шоир, дея аташди. Бир-бирига бутунлай терс бўлган бундай қарашларга аниқлик киритишнинг иложи борми? Ўзбек мумтоз адабиётида Иккинчи Машраб ростданам мавжудми? Агар бўлса, унинг адабиётдаги ўрни қандай? Кейинги пайтлари нега бу мавзуда зиддиятли ва шубҳали, мавҳум маълумотлар кўпайиб бормоқда?
Бу муаммо ечимига Ҳофиз Рўзибойнинг “олдимга кел” радифли ғазали ва мухаммаси орқали йўл топишга уриниб кўрайлик. Уларнинг қўлёзма нусхалари 1870 йилдан кенг тарқалган ва айнан шу шеърлар ХХ аср ўрталарида “Мабдаи нур” муаммоси ҳал этилишига сабаб бўлган эди. Ушбу тадқиқотда ЎзР ФА ШИ, 4566(1870-1871), 9251-5(1873 йил, 18 сентабр), 11119 (1890-1891) — рақамли нусхалар матнига таяниб иш кўрамиз.
Бизгача бу борада П. Қаюмов, Ғ. Ғулом, М. Зокиров, Ж. Юсупов, И. Абдуллаев, П. Равшанов каби мутахассислар ўз фикрларини айтган. Улар орасида Ж. Юсупов ва И. Абдуллаев бошқаларга қарши борадилар. Жумладан, Ж. Юсупов шундай ёзади: “Олимлар “Мабдаи нур” ва “Кимйо” Ҳофиз Рўзибой асари эканлигини исботлаш мақсадида унинг “Олдимга кел” радифли мухаммасини намуна сифатида келтирадилар. Ҳақиқатан ҳам, бир қарашда мухаммасда баён этилган “Мабдаи нур” ва “Кимйо” “Зоҳир исми Рўзибойю Мавлавий ўғлум деган” Машраби Сонийнинг қаламига мансуб экан, дегандек хулоса келтириб чиқаради. Аммо у синчиклаб ўрганилса, бошқача хулоса бераётгандек кўринади. Фикримизча, Машраби Соний бу асарларни ёд олган кўринади(“Сийнайи покимга жодур кулли шарҳи Маснавий”). Шунингдек, бу асарлар Машраби Соний анча кексайган йилларида унинг қўлига тушган(“Вақти охир ошкора бўлди бу Мабдаи нур”).
И. Абдуллаев салафи фикрларини давом эттиради: “Ғафур Ғулом хулоса қилиб, “Демак, Бобораҳим Машраб “Мабади нур” авторлигидан холис бўлди”, деб ёзади. Мулла Рўзий юқоридаги шеърида шарҳқилиб ўзбек тилига айлантирилган “Мабдаи нур”ни қалбига жо қилиб, ёдлаб олганини, бу китоб “Маснавий” Жалолиддин Румий байтларининг шарҳи эканлигини ёзяпти. Шу шарҳни мен ёзганман, деган гап йўқ-ку!”
Уларнинг хулосасига қўшилиб бўладими? “Ҳофиз Рўзибой 1810 йиллардан кейин туғилган”, деган тушунтиришга эга бўлган тақдирда ҳам ўқувчи мухаммас матни билан тўлиқ танишгандан сўнг бу шарҳлардан қаноатлана олмайди.
Мухаммасда муаллифнинг тарихий шахсияти ҳамда ижоди ёритилган. Унда тасаввуфий иборалар талайгина ва оддий ўқувчи уни бирдан тушуниши осонмас. У 20 банд — 100 сатрдан иборат, 11-бандидан шоир шахсининг тарихий жиҳатлари ёрқинроқ кўрина бошлайди.
Кеча кундуз эрурман яхшилар пайрави,Бул сабабдин ҳақ манга еткурди ҳоло Маънавий.
У эргашган (пайравлик қилган) яхшилар зоҳиран халифа Ёрмуҳаммад ва Абдураҳмон ан-Насафий эди. Устозлари тарбияси туфайли у Ҳақнинг лутфига эришади. Тангри унга “маънавий” инъом этади. Бу сўзга икки тушунча сингдирилган. Биринчиси —маъсиятлардан қутулиш имконини берувчи ва Ҳақҳузурига элтувчи ошиқнинг саргузаштларга бой машаққатли йўли; иккинчиси — Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асаридир. Рўзибой Машраб ўзининг ботиний оламини унда топади. Маснавийлар воситасида бир умр уни сайқаллайди. Ижоди ҳаётга, ҳаёти ижодга айланади. Устозлари бу девонаи дарвешнинг ҳаракатларини кузатади, завқланади. УМавлавий Румий изини қадам-бақадам такрорлашга ҳаракат қилади. Бу излардан илоҳиёт рақси пайдо бўларди… Кейинги жумлалар тасвирни кенгайтириб, очиб бораверади.
Саҳли панд аро тийма, нодони эй марди қавий,Сийнайи покимга жодур кулли шарҳи маснавий,
Ойати “Тоҳо” талаб бўлсанг, мани олдимга кел.
“Маснавий шарҳи” мазкур сатрлар соҳибининг қалбига бус-бутун жойлашиб олган. Нима, у “Маснавий шарҳи”ни ёдлаб олганини айтиб мақтанаяптими? Нега ўқувчи “Тоҳо” оятини Рўзибойдан сўраши керак?
Қуръоннинг 20-сураси “Тоҳо” ояти билан бошланади ваномланади. Сура Мусо пайғамбар, унинг биродари Ҳорун ва золим Фиръавн ўртасидаги кураш, исроил қавмининг Тангри йўлини топишда дуч келган саргардонликлари каби жуда қизиқарли, ибратли ҳикоядан иборатдир. “Тоҳо” сураси руҳияти “Мабдаи нур” асарининг ўқ илдизини ташкил этади. Унинг забардаст танаси, тарвақайлаб кетган шохлари, илоҳий оҳангларда тебраниб турган сон-саноқсиз япроқлари шу ўқ илдиздан оби ҳаёт олади. Асарда Мусо пайғамбарга оид жуда қизиқарли ривоятлар келтирилади. Муаллиф Мусога чексиз яқинлашиб боради. У орқали Тангрининг овозини эшита бошлайди. Бу яқинлик уни сармаст этади… Қалб яралари малҳами — “саҳли панд” шу тариқа кашф қилинади. У “Мабдаи нур” асарининг яна бир номидир.
Лутф айлаб, ҳақ манга билдурди асрори нур,Инжили Исойу ҳам Таврот, Фурқон, Забур,
Борадурман чарх уруб, мастона суйи кўйи Тур,
Мисли Мусо нурдин қилған асо дастимгадур,
Рози-ул-ахфо талаб бўлсанг мани олдимга кел.
Рўзибой “Мабдаи нур” ва ўзининг унга қанчалик алоқадорлиги ҳақида кейинчалик турли саволлар бўлишини олдиндан билгандек, буни ўзи тушунтиради:
Саргузаштимдан эшит, аввал худо очди йўлим,Бир кеча уйқумга ҳозир бўлди Мавлонайи Рум,
Оғзима оғзин қўйуб, дам бердийу олди қўлим,
Муншийи зийо-уд-динман, ғарқи дарёйи улум,
Сар хати имло талаб бўлсанг, мани олдимга кел.
“Мабдаи нур” Жалолиддин Румийнинг асари эмас. Лекин нега Рўзибой Машраб бу асар муаллифини алқашдан кўра, ҳадеб “Мавлавий Румий” деяверади? Асарнинг бошдан охиригача “Машраб”, “Машраби шўрида”, “Машраби девона”, “Машраби шайдо” “Мабдаи нур” сатрларини елкасида кўтариб келади. Нима учун шоир ҳеч бўлмаганда мухаммаснинг бирор ўрнида Бобораҳим Машраб номини тилга олмайди? У “Мабдаи нур”нинг муаллифими, мухаммаснинг бош қаҳрамонларидан бири ҳам у бўлиши керак. Рўзибой бу асарни ёдлаб олувчи бўлганда Бобораҳимга минг бор қуллуққилмасмиди! Аксинча, у: “Сар хати имло талаб бўлсанг, мани олдимга кел”, деб турибди. Манбаларда “сар хати тариқат” жумласи тез-тез учрайди. Бу — тариқат сир-асрори эгаси, тариқатнинг барча “кўчасини” биладиган, сулукда мукаммалликка етишган, бош раҳбар,қутб, ғавс каби бир қанча маъноларни ўзида жамловчи ибора, атамадир. “Сар хати имло” ҳам шу сингари беқиёс маҳорат ила ўзликни сатрларда намоён қила олиш, ижоднинг энг олий ва нозик пардаларига қадар кўтарила билган кимсага нисбатан қўлланади. Бу мақомда Ошиқ булбулигўё бўлиб, Маъшуқнинг барча сифатларини васф эта бошлайди… Сар хати имло – бирор асарни ёдлаб олувчининг эмас, буюк ижодкорнинг сифатидир. Яъни у олмайди, беради. Ижодкорлар жамоасининг дарғасидир. Рўзибой бирор кўзга кўринарли асар ёзмаган бўлса, бу гапларни айтишга қандай журъат этаяпти?
Мухаммаснинг бу бандида Мавлавий Румий бўлажак давомчисининг тушида пайдо бўлади ва унинг оғзига оғзини қўйиб, ўзидаги барча ирфоний илҳомни унга ўтказади. Унинг асроридан Рўзибой ишқ шароби тўлдирилган “жом” — “Машраб”га айланади. Бобораҳимга Офоқ хожа “Машраб” деб исм қўйган бўлса, Рўзибой бу номни Жалолиддин Румий туфайли олади. У “ўз”ини қалбидаги илм тўлқинлари бағрида кўради. Диндан таралаётган зийо уммонини ўша “ўз”и измига солиш қувватига эга бўлади. У энди дин зиёси муншиси, зийо эса унинг сатрларидир. Бу сатрлар Румий “Маснавийи маънавий” асарининг шарҳи “Мабдаи нур”ни дунёга келтиради. Буларнинг барчаси Румийнинг хайрли дуоси сабабли содир бўлади. Ўқувчи бу мухаммасдаги шахсни “Мабдаи нур”да ҳам кўриши мумкин.
Шукрким маҳбуби ҳақман мустафо ўғлим деган,Муртазо энгим тутуб, бул мени фарзандим деган,
Кўзи кўр жондин боқиб, жононони кўрдим деган,
Зоҳир исмим Рўзибойу Мавлавий ўғлум деган,
Машраби Соний талаб бўлсанг, мани олдимга кел.
Вақти охир ошкоро бўлди бул “Мабдаи нур”,
Зоҳиру ҳам ботиним толибга еткургай сурур,
Шарҳи байти маснавий Мавлавий Румий будур,
Авлийолар нисбати ҳоло мани дастимгадур,
Зоҳири аъмо талаб бўлсанг, мани олдимга кел.
Рўзибой Машрабга “Мабдаи нур” умрининг охирларида, кексайган пайтида “ошкора” бўлиб, у Жалолиддин Румий мухлисига айланган, деган фикрни ҳаётга тадбиқ этиб кўрайлик.
Аввало унинг устозлари маснавийхонлар эди. Айниқса, Абдураҳмон ан-Насафий “Маснавийи маънавий” мисралари беланчагида катта бўлганди. Шундай ҳолатда унинг энг таниқли шогирдларидан бири Рўзибой Жалолиддин Румийни кексайган бир пайтда таниши ва тасодифан унинг қўлига “Мабдаи нур” асари тушиб, бу асарни ёд олишини тасаввур қилинг. Шоир 11-бандда “Сийнайи покимга жодур кулли шарҳи маснавий”, дея хабар бериб, унинг сабабларини кўрсатганди. Мухаммаснинг охирги — 20-бандида “Мабдаи нур” асари ўша маснавий байтлари шарҳи экани ва унинг оламга ошкор бўлгани, яъни ёзиб тугалланганини алоҳида таъкидламоқда.
Яна бир қизиқҳолат. Рўзибой Машраб қабри билан ёнма-ён иккита қабр турибди. Уларда шоирнинг фарзандлари ётибди. Уларда ҳам ёзувли тош бор. Унга яқинроқ жойлашган қабр устидаги тошга “Домулла Жалолиддин валади домулла Рўзи. Сана ҳ. 1317”, деб ёзилган. Демак, Жалолиддин махдум отасидан 28 йил кейин м. 12.05.1899 — 01.05.1900 йили вафот этган. П. Равшанов айтганидек, бир неча авлоддан бери бу хонадон аҳли 90 ёшдан ортиқ умр кўриб келган бўлса, у 1809—1810 йиллари туғилган бўлиб чиқади. Нақл қилинишича, Жалолиддин махдум оилада тўнғич ўғил, аммо бош фарзанд эмас. Майли, бу сана ҳақиқатдан бир неча йилга фарққилсин. Бироқ бу ерда бизни қизиқтиргани Рўзибой Машраб ўғлига Жалолиддин деб исм қўйишидир. Бу ҳам тасодифми? Ундан кейинги тошда эса, “Шамсиддинбой валади мулла Рўзибой” ёзуви бор. Вафот йили кўрсатилмаган. Бу тошларда қариндошликдан ташқари яна ғаройиб тарихий боғлиқликни кўриш мумкин. Рўзибой Машраб — Жалолиддин Румий — Шамсиддин Табризий. Булардан “Олдимга кел” мухаммаси Рўзибой кексайган пайтида шунчаки ёдлаб олган асарини бошқаларга билдириб қўйиш учун ёзган шеърга ўхшамаяпти. Ҳатто шу тошлар ҳам бир кун келиб Мавлавий Румий Рўзибой Машрабни ўғлум деганини тасдиқлаш учун гувоҳликка қолгандек. Улар абадийсукунат аро “Мабдаи нур” оҳанглари билан яшамоқда…
“Олдимга кел” мухаммаси 1865 йилдан кейин ёзилган ва “Мабдаи нур”нинг якуний қисмидир. Агар у асар охирида алоҳида бериладиган мухаммаслар қаторига қўйилса ажратиб бўлмай қолади. Худди бир жинсли модда сингари улар ўзаро қўшилиб кетади. Ундаги руҳият такрорини “Мабдаи нур”даги “Ҳикояти бир Амири боэҳтиёт” ҳикоясида ҳам кўриш мумкин.
“Олдимга кел” ғазали “Мабдаи нур” асарининг асосий матни ичида келган нусхалар ҳам учрайди. Иш жараёнида агар ушбу мухаммасдаги ҳар бир сўз атрофлича таҳлил этилса, ундан “Мабдаи нур”нинг яна бир нусхаси ҳосил бўлишига шубҳам қолмади. Рўзибой Машраб ўзининг “Олдимга кел” кемаси билан ҳозир ҳам Мабда нури уммони дунёсида сузиб кетаётгандек…
Шундай қилиб, энди қандай якуний хулоса чиқарсак бўлади? Ўзбек мумтоз адабиётида яна бир Машраб борлигини тан олиш керакми? Агар Рўзибойнинг мазкур шеърларига ишонадиган бўлсак, Машраб ростданам битта эмас, иккитадир. В.А. Вяткиннинг кутилмаган шубҳаси тўғри бўлиб чиқди ва яна бир Машраб кашф этилди. Агар у шубҳа ўринсиз бўлганда, қанчалик ахтарилмасин, иккинчи Машраб ҳеч қаердан топилмасди. Академик Ғафур Ғулом ва домла Пўлат Қаюмовни қандай сабабга кўра хато қилганликда айблаймиз? Барчанинг бошини қотириб, мавҳум бўлиб турган иккинчи Машрабни топгани учун маломат қиламизми? Аниқлаган ва фойдаланган манбалари кўрсатилган жойида айтганларидек турибди. Мутахассислар уларни исталган замонда, шу маконда тафтиш этиши мумкин. Бу маълумотлар қачон бўлмасин кимга дуч келса, барибир улар каби фикр билдирган бўларди. Қайтага, шу кичиккина тадқиқот давомида профессор И.Абдуллаевнингхатоларга йўл қўйгани маълум бўлиб қолди.
Рўзибой “Машраб” тахаллуси билан ижод этмаган бўлса, унинг бисотида шу 1 ғазал, 1 мухаммас ва 1 таркиббанддан ўзга яна нима қолади? Ҳозиргача мазкур уч шеърдан ташқари, Машраб тахаллуси билан боғлиқғазалларда Машраби Соний номига ҳам дуч келмадик. Аммо Машраби Шайдо айрим ғазаллар таркибида учраши, “Дариғ” таркиббандининг “Солиҳ соҳибназар Машраб мулла Рўзибой” сингари сатрлар билан якунланиши бундан кейин икки Машраб масаласига янгича ва жиддийроқ илмий ёндашувни тақозо этади. Юқорида таъкидлаганимиздек, биз оддий муаммо қаршисида эмасмиз. Бироқ бу шеърлар мазмуни “Мабдаи нур” асари ҳақиқатан Рўзибой Машрабга тегишли, дейишга бизни мажбур этади. Бу фикрлар ҳозирча калаванинг икки учи — “Дариғ” таркиббанди ва “Олдимга кел” мухаммасининг қисқача таҳлили доирасидагина шаклланган илк хулосаларимиздир.
Абдусаттор Жуманазар,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 36-38-сонидан олинди.