Таниқли навоийшунос Ёқубжон Исҳоқов нафақат Алишер Навоий ижодига, шунингдек, адабиёт тарихчиси ва манбашунос сифатида кўп асрлик мумтоз адабиётимиз тарихининг чигал масалаларига оид қатор мақолалар муаллифи ҳамдир. Олимнинг адабий манбаларга ёндашуви, илмий муаммони шакллантириш тажрибаси, тадқиқот услубини ўрганиш бугунги кунда адабиётшуносликка кириб келаётган ёш тадқиқотчилар учун алоҳида сабоқ бўлади, деб умид қиламиз.
Маълумки, ўтган асрнинг 60-йиллари мумтоз шоир Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари форс тилидан таржима қилиниб, таржимаи ҳолига тааллуқли айрим маълумотлар билан тўлдирилиб нашр этилганди. Мавзуни атрофлича ўрганган Ё.Исҳоков салафлари ишларининг ижобий томонларини эътироф этиб, айни пайтда, уларга танқидий ёндашади. Шоир ҳақида маълумот берувчи қўлёзма манбаларни синчиклаб қиёслаган олим айрим зиддиятли фикрларнинг юзага келиш сабабларини кўрсатиб ёзади: “Мазкур манбаларнинг қиммати масаласига келганда шуни айтиш керакки, уларнинг деярли барчаси танқидий муносабатда бўлишни тақозо этади. Хусусан, рубоийларнинг мақбарага битилиши кейинги асрларда амалга оширилган бўлиб, уларнинг манбаи биз учун номаълумдир”. У “Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари” номи остида сақланаётган ўнлаб қўлёзмаларни кўздан кечириб, улар XIX асрда кўчирилганига диққатни қаратди ва таркибига бошқа шоирларнинг форсий рубоийлари кириб қолганини аниқлади.
Бундан ташқари, рубоийларни таҳлил этиб, шоир ўша даврда Хуросонда кенг тарқалган мафкуравий оқимлардан бири жавонмардлик йўналишига мансублигини далиллар билан исботлаб кўрсатди ва ўзбек адабиётшунослигида биринчи бўлиб жавонмардликнинг ихчам тавсифини берди: “Ҳунармандлар гуруҳининг илғор қарашлари ва интилишларини ифодалаган бу йўналиш ўша даврдаги илғор кучларнинг маълум қисми учун маънавий замин бўлган”. Ҳолбуки, рубоийларни нашр этган тадқиқотчилар шоир шеърларининг жанрий хусусиятидан келиб чиқиб, уни “Хоразм Хайёми”, деб таърифлашган эди. Ё.Исҳоков эса муаллиф нусхаси бизгача етиб келмаган асарнинг атрибуцияси(ишончлилик даражаси)га эътибор қаратиб, адабий меросга ижодкор яшаган даври билан алоқадорлигидан келиб чиқиб ёндашди. Бугунги кунда адабий манбага тарихийлик принципи асосидаги ёндашув (биргина “Девони ҳикмат” теварагидаги фикр-мулоҳазаларни эсланг) негадир четда қолиб, таъриф-тавсиф устунлик қилмоқда. Айнан шу сабабли ҳам Ё.Исҳоқовнинг бу йўналишдаги мақолаларини ўқиб ўрганиш фойдадан холи эмас.
Олимнинг “Гул ва Наврўз” достонининг муаллифи” номли мақоласи кўп йиллар Мавлоно Лутфийга нисбат бериб келинаётган асарнинг манбашунослик йўналишидаги теран таҳлили намунасидир. Қизиғи шундаки, достонни Лутфий ёзганлиги хусусида бирор-бир тарихий ёхуд адабий манбада, жумладан, шоирни кўрган ва билган Навоий асарларида ҳам маълумот мавжуд эмас. Бироқ шунга карамай, достон Мавлоно Лутфий асари сифатида эътироф этиб келинди.
Бизни бу масалада Ё.Исҳоқовнинг муаммога ёндашув услуби қизиқтиради. Олим, аввало, мавзуга алоқадор манбаларни синчиклаб ўрганиб, асарни Лутфийга нисбат бериш “Абушқа” луғатига (XVI аср) бориб тақалишини аниқлади: “Дарвоқе, “Абушқа”да бир шоирнинг байтини бошқасига нисбат бериш ҳоллари анчагина учрайди. “Гул ва Наврўз”дан олинган байтларнинг Лутфий асари сифатида талқин этилиши ҳам шундай хатолардан биридир. Бу хатонинг юзага келиши икки ҳолатдан бири билан боғланган бўлиши мумкин: ё “Абушқа” автори ўзи фойдаланган форсий луғатдаги мавжуд хатони такрорлаган (масалан, Ҳайдар Хоразмий байтининг Навоийга нисбат берилиши каби) ёки “Гул ва Наврўз”нинг Лутфий девони билан бирга муқоваланган нусхасидан фойдаланган”. Эслатиб ўтамиз, асар матнида ҳам Лутфий тахаллуси учрамайди. Хатонинг юзага келиш сабабларини тўғри ҳал этган олим олдида иккинчи бир масала — асарнинг муаллифи ким, деган мантиқий савол пайдо бўлади. Шарқ поэтикаси қонун-қоидаларидан пухта хабардор олим диққатини асар матнига ва унинг услубига қаратади: “Ваҳоланки, у ёки бу асарнинг муаллифини аниқлашда (айниқса, муаллиф нусхаси етиб келмаган бўлса — А.Э.) тадқиқотчи учун мавжуд асарнинг услуб хусусиятлари, унинг таркибида учрайдиган ва маълумот беришга лойиқ деталлар, шу асарга дахли бор шоир ё ёзувчи ҳақида унинг замондошлари асарларида ёхуд бошқа тарихий-адабий манбаларда учрайдиган муҳим маълумотлар мажмуаси асосий мезон бўлиши лозим. “Гул ва Наврўз” услубидаги баъзи хусусиятлар (лексика, вазн ва қофия кабилар)нинг ўзиёқ китобхонда бу асарнинг Лутфий қалами остидан чиққанлигига шубҳа туғдиради». Олим достон матнини синчиклаб кузатиб муаллифнинг тахаллусини аниқлашга муваффақ бўлди:
Таваққуъ улдур асҳоби ҳунардин, Ки чун файз олсалар бу мухтасардин Соғингайлар Муҳибби бенавони Дуо бирла севиндургайлар они.“Бу байтдаги Муҳиб шоирнинг тахаллуси бўлиб, мазкур сўзнинг луғавий маъноси бу ерда ўринсиздир. Умумий контекст ва байтнинг маъноси ҳам мазкур сўзнинг истилоҳий функциясини тақозо этади: яъни у билим, ҳунар эгалари мазкур асарни ўқиб, файз олсалар, бенаво Муҳибни ҳам эсга олиб, дуо билан руҳини шод этишларини илтимос қилади”.
Хуллас, навбатдаги масала асар муаллифи ва достон бағишланган Султон Искандар билан муносабатларни ойдинлаштириш бўлиб, олим бунда Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасига мурожаат қилади. Тазкирада Навоий Султон Искандар ҳақида сўзлаб, унинг саройидаги туркигўй шоирлардан бири хусусида маълумот бериб, ижодидан бир байт намуна келтиради: “Мавлоно Ҳайдари туркигўй анинг модиҳи экандур”. Келтирилган байт Мавлоно Ҳайдар Хоразмийнинг “Махзан ул-асрор”идан (Низомий Ганжавий асари таржимаси) олинган бўлиб, ҳар икки асар темурийзода Султон Искандарга бағишланган. Ё.Исҳоқов “Гул ва Наврўз” ва “Махзан ул-асрор”ни синчиклаб қиёслаб услуб жиҳатдан бир неча муштарак ўринларни аниқлайди. Бу ҳол достон ёзилиш сабаблари ҳамда муаллифнинг китобхонга мурожаати баён этилган бобларда яққол кўзга ташланади. Олим Муҳиб ва Ҳайдар Хоразмий бир шахс эканлигини рад этиб бўлмас далиллар билан исботлайди: “Муҳиб” Ҳайдар Хоразмийнинг адабий тахаллуси ёхуд тахаллусларидан бири деган хулосага келиш учун асос бўладиган далиллардан бири “Махзан ул-асрор”нинг “Сўз боши”, деган қисмида учрайди:
….Дард керак жондаки кўргай сафо, Меъда керак, токи сингургай бало. Сувға балиқ, ўтқа самандар керак, Ғамға Муҳиб, дардға Ҳайдар керак.Бизнингча, шоир Муҳиб ва Ҳайдар сўзларида иттифоқ санъатини ишлатган. Яъни, у тахаллус ва исм бўлиб келган сўзларнинг ҳам луғавий, ҳам истилоҳий маъносидан баравар фойдаланган». Демак, ҳар икки асарнинг муаллифи Ҳайдар Хоразмий бўлиб, илгари сурилган мулоҳаза ўзининг мантиқий исботини топган.
Мақолага бир оз кенгроқ тўхталганимизнинг сабаби олимнинг муаммога ёндашув услубини кўрсатиш эди. Устоз илмий ҳақиқатни топиш йўлида изчил изланади. Унинг мақолаларини ўқиш давомида ўқувчи беихтиёр ана шу мураккаб изланиш жараённинг бевосита иштирокчисига айланади ҳамда тадқиқотчининг далиллаш маҳоратидан завқ олади.
Баёзнинг пайдо бўлиши, унинг адабий жараёндаги ўрни, баёзчилик мактаблари каби масалалар таҳлилига бағишланган “Баёз ва баёзчилик тарихи” рисоласида олим баёзни фақат ўзбек адабиёти доирасида ўрганмайди, балки камровни кенг олиб, дастлаб араб адабиётида юзага келганига диққатни қаратади. Айрим илмий адабиётларда баёз антология, деб ҳам аталган. Ё.Исҳоқов эса бу икки тушунчанинг фарқли жиҳатларни аниқ кўрсатиб ўтади: “Баёз ва антология ўртасидаги тафовут уларнинг композициясида яққол кўзга ташланади: антологияда шоирлар муайян хронологик тартибда берилади ва бир шоир ҳеч қачон иккинчи марта такрорланмайди. Баёзларда эса шоирнинг шеърлари бир неча ўринда берилиши мумкин. Бинобарин, баёз ва антология моҳият нуқтаи назаридан бир-биридан катта фарқ қилади”. Манбашунос олим баёзлар тасодифан пайдо бўлмаслиги, улар адабий муҳитнинг ҳосиласи ва унда даврнинг эстетик қарашлари акс этишини таъкидлайди.
Олим Тошкент, Санкт-Петербург, Душанбе шаҳарларидаги қўлёзма фондларида изланиб, юзлаб қўлёзмаларни кўздан кечириб, ўзбек адабиётига алоқадор адабий манбалар рўйхатини тузди.
Фарғона, Тошкент, Бухоро, Хоразм баёзчилик мактаблари қай тарзда юзага келгани, уларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини аниқ далиллар асосида кўрсатиб берди. Олимнинг мазкур рисоласи тугал тадқиқот сифатида адабиёт тарихи, адабий жараён ва ижодкорнинг ушбу жараёнда тутган мавқеини белгилашда, адабий таъсир қонуниятларини ёритишда муҳим аҳамиятига эга. Биринчи манбаларга асослангани эса унинг илмий қимматини оширади.
Атоқли адабиётшунос Ё.Исҳоқовнинг ифодада илмий академизмга қатъи амал қилиши, фактларга нисбатан холис ва танқидий муносабати, кенг мушоҳадаси, талқинда мантиқий изчилликка риоя этиши ёш тадқиқотчилар учун ўзига хос мактаб, десак янглишмаймиз. Унинг учта йирик монографияси (кейинги пайтларда урф бўлган турли хил мақолалар тўпламлари эмас), бир юз элликтача илмий мақолалари фикримизнинг далилидир. Зеро, устознинг илмий изланишлари академизмдан сабоқ беради, тадқиқотнинг ўзига хос маданияти сари етаклайди.
Абдурасул Эшонбобоев,
ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти илмий ходими
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 46-сон