Абдурашид Абдуғафуров. Осмондин мақтов ёғсин у қаламга

ёхуд Муҳаммад Паҳлавоннинг ҳазили

Аввал 1479 йили тартиб берилган “Бадоеъ ул-бидоя”га, кейинчалик “Хазойин ул-маоний” китобини тузишда “Ғаройиб ус-сиғар” девонига киритилган қуйидаги ишқий ғазални Навоийнинг ўзи Машҳад шаҳрида бир саҳар чоғи қоғозга туширгани ҳақида гувоҳлик беради:

Ҳар қаён боқсам кўзумға ул қуёшдин нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар ул ой манга манзур эрур.

Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ не суд?
“Мушк исин ёшурса бўлмас!”. Бу масал машҳур эрур.

Телбарарман то ани кўрмон, ажойибдур буким,
Ул пари девона кўзидин доғи мастур эрур.

Чун мудом эрнинг майи қошиндадур кофир кўзунг,
Недин эркинким, даме – усрук, даме махмур эрур?

Дилраболар доғи жоним сафҳасида гўиё,
Дард эли ишқим учун муҳр айлагон маншур эрур.

Пар уруб бошингға тутма авжким, ҳар неча мўр
Ким, қанотлонғой қачон учмоқ анга мақдур эрур?!

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб! Невчунким, хом этган тамаъ ранжур эрур.

Шоирнинг таржимаи ҳолидан маълумки, Хуросон ҳукмдори Абулқосим Бобур 1456 йил охирида пойтахтни Ҳиротдан Машҳадга кўчирганида, у ҳам Машҳадга боради. Навоийга ҳомийлик қилган бу маърифатпарвар ҳукмрон 1457 йили бевақт вафот этганидан кейин Алишер асосан мадрасаларда ва йирик мударрислар қўлида то 1463 йилга қадар билимини ошириш, ижод билан машғул бўлган. Юқорида матни келтирилган ғазални шоир шу йиллар оралиғида бир саҳар вақтида яратган. Аммо асар шу саккиз йилнинг қайси бирида ёзилганини аниқ айтиш қийин.
Шундай бўлса-да, Навоийнинг “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида бу ғазал ҳақида берган маълумотлари асосида ғазалнинг яратилиш санасини тахмин қилиш мумкин.
Аввало, бу асарнинг ўзи тўғрисида қисқача тўхтаб ўтайлик. Паҳлавон Муҳаммад узоқ йиллар давомида “кўраги гилам ҳидламаган”, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонда донг таратган курашчи полвон. У Навоийнинг ўз сўзлари билан айтганда, “қирқ йилға яқин… мусоҳиби жоний (жонажон дўст, улфат) ва маҳрами рози ниҳоний” (яширин сирлардан бохабар, сирдош) бўлган. Ўз замонасининг етук зиёлиларидан бири, барча билимлардан бохабар, маданиятли ва ахлоқан баркамол Паҳлавон Муҳаммад шеъриятни ҳам нозик фаҳм этувчи ва юксак қадрловчи бўлган.
Навоий ана шу фозил вафотидан кўп ўтмай 1493 йили унинг хотирасига махсус асар яратиб, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” деб атайди. Бу асарда у Паҳлавон Муҳаммаднинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти ҳақида, инсоний фазилатлари ва хислатлари хусусида кўтаринкилик билан сўз юритади, ўзининг узоқ йиллар давомида бу фозил билан олиб борган дўстона муносабатлари, учрашув-суҳбатларини қоғозга туширади. Паҳлавон Муҳаммаднинг ноёб қобилиятлари жумласига ниҳоятда ўткир зеҳн ва фавқулодда хотира қуввати соҳиби бўлганлигини алоҳида таъкидлайди. Бу фикр далили учун юқорида матни келтирилган ғазал тарихига доир бир қизиқ воқеани баён қилади.
“Анинг (Паҳлавон Муҳаммаднинг) зеҳн ва закоси латофатидин ва ҳофизаси тезлиги ва зарофатидин бир неча калима хотирға келур”, – деб ёзади шоир ҳамда Машҳадга келгач, “мафосил марази тори бўлуб” (яъни, бўғинлар зирқираши касалига мубтало бўлиб), ётиб қолганида Машҳадда бўлган Паҳлавон Муҳаммад “ҳар кун қадам ранжа қилиб… қоидаи шафқат ва ёрлиғ ва тариқи муҳаббат ва ғамхорлиқ бажо” келтиришини мамнуният билан ёдга олади. Тиббиёт илмидан, хусусан, уқалаш билан даволаш усулидан яхши хабардор бўлган Паҳлавон Муҳаммад табиблар кўрсатмасига кўра кунда келиб ётиқлиқ шоирни даволай бошлайди. Шундай кунларнинг бирида…
Навоий бундай хотирлайди: “Қазоро (тасодифан), бир кунким, саҳаре фақир бу шеърни айтиб эрдиким, матлаи будурким:

Ҳар қаён боқсам кўзумға ул қуёшдин нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар ул ой манга манзур эрур.

Ва бу шеър етти байт эрди ва мусаввада қилиб жайбимға (чўнтагимга) солиб эрдим ва ҳануз кишига ўқумайдур эрдим ва кўрсатмайдур эрдим”. Саҳарда ғазал битилган куни ҳам, кейинги кунлари ҳам Паҳлавон Муҳаммад келиб Навоий баданини уқалашни давом эттирган. Навбатдаги келганида, одатдагидек, у адабиётдан суҳбат бошлайди, туркий шеъриятнинг буюк намояндалари ҳақида мулоҳазаларини айтади. Шу аснода у Са йид Насимий шеърларини мақтаб, намуна сифатида “юқори битган байтни ўқудиким, фақир бу саҳар айтиб эрдим, – деб ёзади Навоий. – Чун матлаъни ўқуди, ўзга абъётин ҳам мутаоқиб (тўхтатмай) баён қилди ва тахаллусиким, бу навъ воқеъ бўлубтурким:

Гар Навоий сиймбарлар
васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб! Невчунким,
хом этган тамаъ ранжур эрур.

“Навоий”ни “Насимий”га тағйир бериб ўқуди ва филвоқеъ бу байтда “Навоий” лафзидин “Насимий” лафзи муносиброқдур ва фақир мутаажжиб бўлдум. Оҳистароқ илгимни жайбимға элттим ва мулоҳаза қилдим: ўзум битиб жайбимға солғон мусаввада мавжуд эрди – ҳайрат ва таажжубим ортти”.
Чиндан ҳам, ҳар қанча ҳайратланиб, таажжубланса арзийдиган воқеа юз берди. Навоий бир саҳарда ёзиб ҳали ҳечкимга кўрсатмаган ғазални ўтган асрларда қалам тебратган Насимийга нисбат бериб Паҳлавон Муҳаммад оқизмай-томизмай пайдарпай ўқиб бермоқда. Шубҳага борган Навоий билдирмай чўнтагига қўлини солиб кўради: ғазал битилган қоралама қоғоз ўз жойида турибди.
“Ва Паҳлавон, – ўқиймиз хотирада, – …ул шеърнинг абётин мукаррар (қайта-қайта) ўқур эрди. Ва бу фақир бетаҳаммул бўлуб (чидаёлмай) сўрдумким, ул иш кайфиятин маълум қилгаймен. Ул ўзин йироқ тутти ва ўз сўзида русух (қатъийлик) кўпрак зоҳир қилди. Фақир муболаға қилғон сойи Паҳлавон ҳам муболаға кўргузди. Зарурат юзидин сўрдумким:
–Бу шеърни қачон ёд қилиб тутуб эрдинг?
Дедики:
–Ўн икки йил бўлғайки, Бобур Мирзонинг мажлисида бу шеър ўтар (ўқилар) эрди, менга бағоят хуш келди, битиб олиб ёд туттум”.
Бу суҳбат эртасига ҳам Паҳлавон Муҳаммад келганида давом этади. Навоийнинг қизиқиши ортгани сари у: “Мендан бош қалар ҳам бу ғазални ёд биладилар”, деб оловни ёқаверади: “Ул вақтки, мен бу шеърни ёд туттум, куштигирлардин полвонлар ҳам нечаси бор эрдилар, улар ҳам ўргандилар, – деб уч-тўрт… куштигирники, анинг била келиб эрдилар, тилаб дедики: “Ўқунг, андоқки, менинг била ўрганиб эрдингиз!”. Алар дағи пайдарпай равон ўқудилар. Фақирға таажжуб устиға таажжуб воқеъ бўлди ва Паҳлавон сўзи сидқида муболаға қилур эрди. Агарчи муболаға ҳожат эмас эрди, невчунким, сидқи даъвосида неча тонуқ (гувоҳ) ҳам ўткарди…”
Шу тариқа, Навоийни ишонтириб таажжуб ва ҳайратга сол ган Паҳлавон Муҳаммад, кейинчалик маълум бўлишича, ҳазиллашган экан. Навоий бу ажойиб воқеа давомини шундай баён қилади: “Оқибат андоқ маълум бўлдиким, эгнимни улайдурғонда (баданимни уқалаётганда) жайбимда қоғоз кўрубтур, оҳисталик била ул қоғозни чиқориб кўрубтур ва маълум қилибдурки, ушбу яқинда айтилғон шеърдур. У қоғозни очиқ ёнида қўюбдур ва ёд тутубдур ва чирмаб, жайбимға солибдур… Оқшомки, такъясиға (ётоқхонасига) борибдур, куштигирларига таклиф била ўргатибдур ва буюрибдурки, эҳтимоми тамом (интилиш) била такрор қилибдурларки, равон ўқур чоғда равон ўқуғайлар!”
Юз берганидан ўттиз-ўттиз беш йил кейин бутун тафсилоти билан баён қилинган бу қувноқ воқеа аслида Паҳлавон Муҳаммаднинг ноёб қобилияти, ўткир хотираси ҳамда унинг ҳазилга мойил табиати мадҳида бўлса-да, воқеага туртки бўлган ғазал хусусида ҳам айрим хулосалар чиқаришга имкон беради.
Аввало, Навоийнинг ўзи бир неча бор таъкидлаганидек, ғазал бир саҳар вақтида – тонг илҳоми билан ёзилган. Бу улуғ Навоийнинг юксак шоирлик иқтидорининг, бир ўтиришда ҳар жиҳатдан мукаммал шеърни якунлай олиш қобилиятининг ишончли далили бўла олади. Иккинчидан, Навоий Машҳадга етиб келганидан кўп ўтмай хасталаниб ётганида (“… анда (Машҳад назарда тутилади) етгандин сўнгра мафосил марази тори бўлуб…”) ғазал битилган ва у билан боғлиқ кулгили воқеа юз берган. Шунга кўра, ўйлаш мумкинки, ғазал 1458-59 йили ёзилган. Бу ҳисоб қабул қилинса, уни шоир 17-18 ёшларида яратган бўлиб чиқади.
Энди ғазалнинг ғоявий-бадиий мундарижаси хусусида ҳам қисқача тўхтаб ўтайлик. Бошланма байтда фақат асли арабий бўлган “манзур” сўзини изоҳлаш кифоя – қолган сўзларнинг барчаси тушунарли ва шарҳга муҳтож эмас. “Манзур” – назарга тушиш, кўриниш маъносида. Демак, лирик “мен” – ошиқ тилидан битилган мисраларда маъшуқа жозибаси, ҳусни қуёш ва ойга тенглаштирилади, ошиқ фикри-зикрини унинг сиймоси мафтун этганлиги эътироф қилинади.
Маъшуқа васфини лирик “мен” кечинмалари билан уйқаш ифодаловчи бу ғазалнинг иккинчи байтида ирсол ул-масал бадиий санъатининг, яъни мақол-маталлардан фойдаланиб, мазмунни ёрқин очишнинг гўзал намунасини кўрамиз:

Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ не суд?
“Мушк исин ёшурса бўлмас!”. Бу масал машҳур эрур.

Шарқ шеъриятида тимқора ва ўткир хушбўй мушк – маъшуқа сочининг рамзи. Унинг сочи ошиқларга зулм – мафтун, асир этиши билан шуҳрат тутган, бу ҳақиқатни яширишдан не фойда? Ахир халқда “Мушк ҳидини ёшириб бўлмайди!” деган мақол машҳур-ку! Байт мазмуни ана шундай. Тажниси том бадиий санъати асосига қурилган сўз ўйини ҳам байтга алоҳида файз бағишлаган. Гап шундаки, биринчи мисрадаги “масал” сўзи мақол маъносида келган иккинчи мисрадаги “масал”дан фарқли ўлароқ, “довруғ таратди, шов-шув қўзғади, машҳур бўлди” маъноларини билдиради. Ғазалнинг кейинги байтида эса халқ оғзаки ижодиётидаги “пари” ва “девона” тимсолларига ишора орқали ошиқнинг маъшуқадан айру ҳолати ва кечинмалари ёрқин очилади:

Телбарармен то ани кўрмон, ажойибдур буким,
Ул пари девона кўзидин доғи мастур эрур.

“Мастур” бу байтда яширинган, бекинган маъноларини билдирадики, халқ ривоятларида парилар худди шундай тасвирланади.

Чун мудом эрнинг майи қошиндадур кофир кўзунг,
Недин эркинким, даме – усрук, даме махмур эрур?

Биринчи мисрада Навоий қадимий соф туркий “эрн” сўзини ишлатади. У “лаб”, демакдир. Маъшуқага қаратилган байтнинг мазмуни: раҳм-шафқатсиз кўзинг (“кофир” шу маънода ишлатилган) доимо лабинг майи қошида. Худди шунинг учун ҳам у кўзлар дам масту аласт, дам хумордир. Мисраларда шоир қўллаган таносуб бадиий санъатини ҳам қайд этайлик. Май мастликни, кўз эса хуморликни тақозо қилмоқда.

Дилраболар доғи жоним сафҳасида гўиё,
Дард эли ишқим учун муҳр айлаган маншур эрур –

байтидаги “муҳр” ва “маншур” сўзлари ўша XV аср воқелигига ишора этади. Гап шундаки, “маншур” сўзи “кенг тарқалган, шуҳрат тутган, ёйилган” маъноларидан ташқари “давлат ёрлиғи, муҳим расмий ҳужжат” мазмунида ҳам қўлланилади. Байтда худди шу иккинчи маънода ишлатилган. Шу тариқа, бу мисраларда ошиқ: дилраболар жоним саҳифасида қолдирган доғ дард аҳлининг менинг ишқимни тасдиқлаб ёзган маншурига қўйилган муҳрдир, демоқчи. “Доғ” сўзининг икки: ҳам шаклан муҳрга ўхшаш куюк жой, қора белги ва ҳам қайғу-кулфат маъносида қўлланилганини айтиш ўринлидир.
Навбатдаги байт мазмунан мустақил: унда маъшуқа таърифу мадҳини ҳам, ошиқ изтиробларини ҳам кўрмаймиз. Мисралар замирида ўқувчига одоб-ахлоқ юзасидан, жамиятда ўзини тутиш борасида сабоқ берилади, уни ҳушёр торттиради:

Пар уруб бошингға тутма авжким, ҳар неча мўр
Ким, қанотлонғой – қачон учмоқ анга мақдур эрур?!

Ғазалхонга қаратилган бу мисраларда таъкид оҳанги устун. Аввало, “пар уруб” бирикмасига сингдирилган мазмунни аниқлаб олайлик. Унда “ҳаволанмоқ, ғурурга берилмоқ, ўзига, куч ва имкониятларига бино қўймоқ” мазмуни ифодаланган. “Мақдур” эса арабий сўз бўлиб “тақдирда битилган, олдиндан белгиланган” маъноларини билдиради.
Демак, байтда: сен ғурурга берилиб ҳаволанишга интилма, ахир чумолига (“мўр”) қанот битганида ҳам қачон юксак парвоз қилиш имкони бўлган? – дейилмоқчи. Айни замонда, биринчи мисрадаги “пар” сўзи “қанот”ни ифодалашини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.
Ниҳоят, якунловчи байт:

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб! Невчунким, хом этган тамаъ ранжур эрур.

Бу байт моҳиятида ўқувчига қаратилган панд-ўгит бор: хомтамаълик ғам-ғусса келтириши аниқ. Шу боис, дейилади биринчи мисрада, гўзаллар васлини истаб азоб-уқубат тортиш табиий.
Ишқ-муҳаббат мавзуини юксак маҳорат билан бадиий талқин этувчи бу ғазал улуғ шоирнинг йигитлик йиллари ижодининг етук намунаси сифатида ҳам, яратилиш тарихи нисбатан аниқлиги жиҳатидан ҳам эътиборга лойиқдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 7-сонидан олинди.