Абдураҳмон Пиримқулов. Поктийнат устоз

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Абдурашид Абдуғафуровни эслаганда беихтиёр ҳазрат Алишер Навоийнинг поклик, ҳалоллик ҳақидаги машҳур қитъаси ёдга тушади:

Тузлукка мойил ўлки, ишинг борғай илгари,
Юз мушкул ўлса, йўқса, минг оллингда ҳар замон.
Юз саҳфа бир қалам бирла котиб қилур рақам,
Минг қўйни бир асо била ҳар ён сурур шубон.

Дарҳақиқат, эътиқоди, ҳаётий аъмоли билан Абдурашид Абдуғафуров ушбу қитъада таърифланган “тузлук” — тўғрилик, ҳалолликни умр мазмуни деб билган инсон эди. У кишининг манбашунослик, матншунослик, Алишер Навоийдан тортиб Юсуф Сарёмийгача бўлган мумтоз шоирларнинг адабий фаолияти, бадиий маҳорати хусусидаги монографик тадқиқот ва мақолалари, беистисно, ХХ асрнинг иккинчи ярми ва истиқлол даври ўзбек адабиётшунослигининг ёрқин саҳифалари бўлиб қолди. Домланинг навоийшуносликка қўшган ҳиссаси алоҳида эҳтиромга лойиқ. Зеро, олимнинг “Хамса” таркибидаги ҳикоятлар таҳлили ёки куллиётга оид жумбоқлар, илк девоннинг яратилиши, чор девон мундарижасидан четда қолган ғазаллар, шоир ижодий эволюциясининг нозик қирралари, баъзи ғазалларга назира ва тахмис боғлаш анъанасининг Қўқон ва Хоразмда қизғин давом этгани, шунингдек, гениал шоир шеъриятининг форс-тожик адабиётига таъсири каби муаммоларга бағишланган мақолалари давримиз навоийшунослигининг қимматли саҳифаларига киради.

Холислик ва ҳақгўйлик А.Абдуғафуров илмий меросининг негизини ташкил этар эди. Устоз мумтоз адабий омилларни чуқур таҳлил қиларди. Муҳим адабий ҳодисани тарихий-ижтимоий муҳит ва долзарб назарий муаммо аспектида текширар, муайян давр адабий муҳитида жиддий ўрин тутган муқобил асар билан қиёслар ва ҳар қандай асарни тадқиқ этганда, миллий мафкура тамойилларига асосланар, айниқса, тадқиқот марказида ҳазрат Навоий турганлигини чуқур ҳис қилган ҳолда қалам тебратарди. Бошқа олимларнинг тадқиқотларига баҳо беришда ҳам худди шу мезондан келиб чиқиб мулоҳаза юритарди. Бирор мақола ёзсам, одатда, маълум муддат домлага кўрсатолмай юрардим. У кишининг “бўлади” ёки “бўлибди”, деганлари биз учун катта баҳо эди. Устоз қанчалик қаттиққўл бўлмасин, ўзаро суҳбатларда даврага алоҳида файз бағишлаб, иштирокчиларга табассум улашиб ўтирарди, ҳазил-мутойибани хуш кўрарди, айниқса, ҳаётий латифалар айтиб, суҳбат орасида қойилмақом лутф қиладиган одатлари бор эди.

Домланинг расмий шогирдлари унчалик кўп эмасди. Ҳар ҳолда у киши билан ишлаш ёш тадқиқотчидан катта журъат талаб этиларди. Дарвоқе, Сидқий Хондайлиқий ижоди бўйича номзодлик иши ёқлаган Рамида Жавҳарова: “Домла билан ишлаш учун сув келса симириш, тош келса кемириш керак”, дерди.

Домланинг Бобур лирикаси, айниқса, унинг жаҳонда бирор-бир тахт ҳукмдорида учрамайдиган сирли қобилият, улуғвор сиймоси, астойдил илтижо орқали ўғлининг дардини ўзига “кўчириши”, онгли равишда Ҳумоюн учун жонини тасаддуқ этиши ҳақидаги нисбатан ихчам, аммо теран мазмунли мақолалари истиқлол даври бобуршунослигининг ютуқлари сирасидандир. Ўрни келганда таъкидлаб ўтишни хоҳлардикки, ­Абдурашид ака “Бобур лирикаси” сарлавҳаси остида бир эмас, икки мақола эълон қилган. Бири таҳлил назокати ила кенг қамровга эга бўлса, иккинчиси шоир девони учун кириш сўз сифатида ёзилган. Бири иккинчисини тўлдириб келади. Домла бирини олимлар, иккинчисини эса кенг китобхонларга мўлжаллаган.

Устознинг шахсиятини эслаганимда, бир ҳаётий воқеа ёдимга тушади.

Домла “Бобур девони”ни нашрга тайёрлаган, китоб 1994 йили “Фан” нашриётида 50 минг нусхада чоп этилганди. Қалам ҳақи ҳисобидан домлага юзтача китоб беришгани ёдимда. Кейинчалик нашриёт директори фондда қолган нусхаларни ҳам домлага бериб юборган экан. Домла ихтиёридаги мингтадан ортиқ китобни менга топшираётиб тайинладилар: “Аълочи ўқувчиларингизга, айниқса, ётоқхонада турадиган талабаларга бепул тарқатинг”.

Устоз билан охирги суҳбатимиз ҳам ҳеч эсимдан чиқмайди. 2003 йил бошларида домланинг ҳузурига бориб, институтимиз жамоаси Ғафур Ғулом таваллудининг 100 йиллигини нишонлашга ҳозирлик кўраётганини, атоқли адиб ижоди ҳақидаги маърузалар тўплами чоп этилишини айтдим. Бу бежиз эмасди. Чунки академик шоир Абдурашид аканинг устози бўлганини, чамаси 60-йилларда шу инсон раҳбарлигида номзодлик иши ёқлаганини билардим. У киши устози ҳақида сўзлаганда доимо Ғафур ака, деб эслаганининг гувоҳи бўлганман. Хуллас, домланинг мақоласини “Ғафур Ғулом ва давримиз” (2003) номли тўпламга киритдик. Тўплам кириш сўздан кейин Абдурашид аканинг “Ғафур Ғулом – адабиётшунос” сарлавҳали мақоласи билан очилади. Ўша учрашув биз учун сўнгги дийдорлашув бўлди. Домла 74 ёшда боқий дунёга рихлат қилдилар. Устоздан яхши ном, бой илмий мерос ва ҳаммамиз учун ибрат бўладиган инсоний фазилатлар қолди.

Абдураҳмон Пиримқулов,

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 19-сонидан олинди.