Абдураҳмон Пиримқулов. Муҳйи эмас, Муҳий?

Кейинги йилларда тадқиқотчилар томонидан XIX аср Қўқон адабий муҳитида “тож уш-шуаро”, “шоҳи шоирон” дея эъзозланган зуллисонайн шоир, муаррих ва хаттот Муҳиддин Муҳаммад Ризо охунд ўғли Муҳий Хўқандийнинг адабий тахаллусини “Муҳйи” шаклида ёзиш урфга айланмоқда. Бу урф, менингча, адабиётшунос Н.Зоҳидовнинг “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали(1994 йил 3-сон)да эълон қилган мақоласидан бошланган. Бу тахаллус профессор Ш.Юсупов мақолаларида ҳам “Муҳйи” шаклида ёзилган. Тахаллуснинг шундай шаклда ёзилишини исботлашга уринган муаллифлар ҳам бор. Жумладан, Самарқанд давлат университети ўқитувчиси Аҳадхон Муҳаммадиев “Муҳийми ёки Муҳйи?» номли мақоласи­(“Тил ва адабиёт таълими” журнали, 2005 йил 5-сон)да шу пайтгача ишлатиб келинган “Муҳий”ни негадир хато ҳисоблайди ва уни “Муҳйи” деб ёзиш тарафдори эканини, бу ҳодиса араб тили қоидаларига ҳам мос тушишини исботлашга уринади. Унутмаслик лозимки, араб ёки форс тилидаги ном ёхуд атамалар ўзбек тилига ўзлашганда, шу тил меъёрларига кўпроқ амал қилади. Боз устига ўзаги “ҳ” билан тугайдиган тахаллуслар туркий адабиёт тарихида жуда кўп учрайди. Аммо уларнинг бирортасида “-йи” қўшимчаси мавжудлиги кўзга ташланмайди. Мабодо шундай ҳол жорий ёзувдаги номларда учраса, билингки, у табдилчи-ноширнинг жузъий хатосидир.

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Яҳъё Себак исмли шоирнинг арузшунос олим ва хаттот эканлигини, бир эмас, тўрт тахаллус қўллаганини, улардан дастлабки иккитаси “Туффоҳий” ва “Фаттоҳий” бўлганини ёзган. Улуғ шоир темурийзодалардан Султон Масъуд мирзонинг “Шоҳий”, шунингдек, ўз жияни, аниқроғи, тоғаваччаси Мир Ҳайдарнинг “Сабуҳий” тахаллуси билан ижод қилганини ёзган. Тазкирада Субҳий, Оҳий, Масиҳий, Салоҳий, Маҳвий ва Волаҳий каби шоирлар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Кўринадики, тахаллуснинг ўзаги “ҳ” (умуман ундош) билан тугаса, унга фақат “-ий” (баъзан -вий) қўшимчасини қўшиш тарихий жиҳатдан ҳам тўғри бўлар экан. А.Муҳаммадиев юқорида эсланган мақоласида ўз фикрини исботловчи далиллардан бири сифатида “Муҳйи”ни рамал баҳрига мос тушишини айтиб, мулоҳазаларига якун ясайди. Бизнингча, бу фикр “Муҳий”нинг рамал ёки арузнинг бошқа бир баҳрига мос тушишини инкор қилмайди. Агар биз ушбу мақола муаллифининг фикрига қўшилсак, “Шоҳий”ни “Шоҳйи”, “Сабуҳий”ни “Сабуҳйи”, “Огаҳий”ни “Огаҳйи” деб ёзишимизга тўғри келмайдими?!

Тахаллуслар тарихи билан қизиққан, улар ҳақида ғоят кўламли тадқиқотлар олиб борган марҳум адабиётшунос олим Тожи Қораев бирор ўринда ундош билан, хусусан “ҳ” билан тугаган адабий унвонларга “-йи” қўшимчасини қўшмайди. У киши бир неча тахаллуслар ичида кўпчиликка номаълум “Мувашшаҳий” номини ҳам тилга олади.

“Муҳий”ни “Муҳйи” шаклида ёзишни тавсия этувчи олимлар шоирнинг асл исмини “Муҳйиддин” тариқасида ёзадиган бўлишди. Хўш, уларга “Муҳиддин”нинг нимаси номаъқул ­туюлди экан?!

Хуллас, “Муҳий”ни ўзгартиришга ҳеч қандай асос ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ.

Абдураҳмон Пиримқулов,

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 30-сонидан олинди.