Абдулла Улуғов. Жафокаш кўнгил исёни (1990)

Пулдан қалқон, мансабдан кўрғон ясаб олган кимсалар азал-азалдан меҳнаткаш оммани азоблаб келган. Тарихдаги барча инқилоблару қўзғолонлар асли шу тоифанинг нопок хатти-ҳаракатларига нисбатан норозилик туфайли содир бўлган. Бу исёнли кураш, тўқнашувларда сон-саноқсиз меҳнаткаш омманинг қони дарё-дарё бўлиб оққан. Аммо қон дарё-дарё бўлиб оққан ўша замонларда ҳам қалқону қўрғони мустаҳам бу кимсалар барибир яшнаб яшайверган. Кишилар ўртасидаги муомала-муносабатлар оламини ўргимчак тўридай ўраб-чирмаб олган бу қалқону қўрғонлар тоифаси шу даражада мустаҳкам илдиз отиб кетган эканки, уни ҳатто дунёни ларзага келтирган 1917 йилнинг қонли тўнтариши ҳам турмушдан итқитиб ташлай олмади.

Хўш, бизда бир-бирига ҳамкор, ягона мақсадли ишчилар ва колхозчи-деҳконлар синфи, зиёлилар гуруҳи мавжуд бўлса унда ким, қандай куч тараққиётимизга, ҳаётимизнинг фаровон бўлишига, кишиларимизнинг одамдай яшашига, XX аср 80-йилларнинг лоақал ўртача даражасида турмуш кечиришига халақит бераяпти, ғов бўлаяпти? Ёки бўлмаса, одамларимиз ишлашмаяптими? Агар ишлаётган бўлса, нега ишлаганига яраша яшашмаяпти? Улар меҳнатининг натижаси қаерга кетаяпти? Ундан кимлар манфаатдор бўлаяпти, кимлар ҳузурини кўраяпти?

Бу саволга аниқ-равшан қилиб жавоб бериб бўлмаса-да, лекин умумлаштириб айтиш мумкин: ўша ҳамма замонларда яшаб келган пулдорлар, мансабдан мустаҳкам қўрғон ясаб олганлар, буйруқбоз амалпарастлар.

Сўзи бошқаю иши бошқа бу тоифа ўзларининг худбинона хатти-ҳаракати билан жуда кўплаб ҳалол одамларнинг ҳақиқатга, адолатга бўлган ишонч, иштиёқини сўндираяпти, уларнинг кўнглини меҳнатдан совитаяпти. Ҳою ҳаваси баланд ёшларни эса ўзларига эргаштираяпти. Шу туфайли ҳаром-ҳариш йўллар билан, ҳатто жиноят кўчасига кириб, одам ўлдириб бўлсаям пул топишга иштиёқманд, ҳавасмандлар кўпаяяпти.

Инсоний муносабатларнинг шу тарзда чигаллашиб кетаётганлигини, маънавий-ахлоқий муаммолар кескинлашиб бораётганлигини дард ва нозик ҳиссиёт билан бадиий тадқиқ қилиб кўрсатаётган адибларимиздан бири Хайриддин Султоновнинг «Кўнгул озодадур…» қиссаси ҳаётимизнинг бугун биз кўриб, сезиб турган зиддиятли ҳодисалари ҳақида ўйлатади. Чунки бу асар пулдор, мансабпараст кимсалар синфий тузумда ҳам, бизнинг ўтмиш учун орзу бўлган деб келинаётган ҳозирги жамиятимизда ҳам урчибуниб давру даврон сураётгани, ҳамма замонларда ҳалол меҳнати билан яшаб, имон-эътиқодига, ҳақиқатга садоқатда бўлганлар минг азоб-уқубат ичра кун кечиришаётгани хусусида хаёлга толдиради. Мана, асарнинг қаҳрамони ўзи кўриб турган ҳодисалардан кўнгли озурда бўлиб қандай фарёд қилади: «Эҳ Шодиёр, шўрлик қушим, уянгда кўрганинг қурсин! Энди мен яна нима дейин?! Охир замон бўлди, десам, биров ишонадими?! Мени жиннига чиқармайдими?! Негаки… Охир замонда ҳам шундай ишлар бўлмагай! Ахир қайси замонда қайси инсон кўрибдики, ота ўғлига даста-даста пул тутқазиб: «Бунинг бари ҳаромдан келган, ҳаромга кетиши керак. Ма, ўғлим, е-ич, ўйна-кул, энг зўрларини сур», деса! Қайси замонда қайси инсон кўрибдики, тоға жиянини бағрига босиб: «Кавказга олиб кетай, онаси ўпмаганларининг ўзи қўйнингга киради», деб айтса!» Бугун кўпчилигимиз кўриб кўрмасликка олиб эътиборсиз қараётган Шодиёр сингариларнинг бу хил ҳаётига кўнглида покиза туйғулар мавж урган кишигина шундай куйинчаклик билан муносабатда бўла олади. Бу муносабатда замона носозлиги сабабчиларидан ранжиш баробарида тўқликка шўхлик қилувчиларнинг қисматига ачиниш ҳам яққол сезилади. Турмушимизда носоғлом муҳитни туғдираётганларнинг ҳазар қилгулик хатти-ҳаракатларини қоралай туриб, шу нопок кимсаларнинг ҳам инсон қавмидан эканлигини ўйлаш, қайғуриш учун эса кишининг бағри беҳад кенг, қалби мунавварликка ошно бўлиши керак. Хайрият, шукрлар бўлсинки, дунё дарди билан яшаб ҳақиқатга сиғинадиган, руҳи беҳад баланд кишилар Яссавию Навоий, Машрабу Гулханий замонасида қолиб кетмаган. Улар ҳозир ҳам мавжуд. Хору хоксор бўлиб яшашаяпти. Оламдаги мавжуд эзгулик, мавжуд яхшилик, эҳтимол, шуларнинг шарофати туфайлидир. Агар шулар бўлмаганда эди, сабру бардош тугаб битганида эди, ким билади, барча бир-бири билан қирқ пичоқ бўлиб кетармиди…

Лекин, афсуски, Гулханий замонасида ҳам, асар қаҳрамони озода кўнгил Ғулом яшаётган замонда ҳам кўнгли хаёлдай мунаввар бўлган кишиларга жамият беэътибор, беписанд қараб келади. Даста-даста пул тутамлаб турган кимсаларга, амал-мансаб курсиларида турганларга эса ҳамма маҳлиё бўлиб эргашади. Биров ҳавас қилганидан, биров ихлос қўйганидан, биров бевосита манфаатдор бўлганидан, биров эса бепарво, лоқайдлигидан ўшаларнинг изми, итоатига юради. Итоаткор киши эса бора-бора ҳаммасига, ҳатто, бандасига банда бўлиб қолганига ҳам кўникадиган қиёфага киради. Ўзлигини бепарволарча унута бошлаганидан эзгуликка бўлган иштиёқи сўниб боради. Ана шунинг оқибатида, яъни пулдорларни, мансабдор-амалдорларни намуна, тимсол деб билишнинг таъсирида бизнинг жамиятимиз ҳам иқтисодий инқирозга, маънавий бузилишга келиб қолди. Чунки кишиларимизда тўғри йўлдан бориб ўз эътиқодига собит турган озода кўнгил одамдан ибрат олиш эмас, қайси йўл билан бўлса ҳам бойлик орттираётган, мансаб-мартаба эгаллаётганларга ҳавас қилиш кайфияти кучайиб кетди. Негаки, ҳалол одамлар турмуш зарбаларидан эзилиб, чор-ночор рўзғор тебратаяпти. Пулдор, мансабдорлар эса егани олдида, емагани ортида бўлиб яйраб-яшнаяпти. Ҳар жойда, ҳар чоқ ўшаларнинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлаяпти. Аҳвол шундай бўлгач, табиийки, кишиларнинг кайфияти, ҳаётга қарашлари бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ахир ҳамманинг ҳам яхши турмуш кечиргиси келади. Фаровон яшашни орзу қилади. Бу эса айб ҳам, гуноҳ ҳам эмас.

Шундайликка шундайкуя, лекин пулдор мансабпарастларнинг туриш-турмуши, тўқликка шўхлик қилишлари жамиятимизни маънавий бузилиш кўчасига элтаяпти. Одамларимизнинг кўпчилигида нуқул ўзини ўйлаш, бошқалардан ажралиб устун туришга интилиш иштиёқи борган сари кучайиб кетаяпти. Бу хил ҳавас, иштиёқ эса ўз мевасини бераяпти, яъни худбинлар тоифаси сафини кенгайтираяпти. Шу хил тоифадагилар муҳитига тушиб қолган Эркин Аъзамов қиссасининг қаҳрамони уларга алам-изтироб билан шундай таъриф беради: «Буларга факат тўй бўлса, базму байрам, сайру саёҳат бўлса!» Шу хилдаги хаёл, орзу-ўй билан яшайдиган «Байрамдан бошқа кунлар» қиссасидаги Сафура, Баргидалар муҳити эса «Кўнгул озодадур»даги Шодиёрнинг отаси, тоғасининг туриш-турмушидан ранг олгандир. Пул-бойлик туфайли босар-тусарини билмай қолганларнинг ҳам, улар туриш-турмушига астойдил иштиёқмандаларнинг ҳам хаёли доим кайфу сафода бўлади. Улар учун табиийки, ҳазрат Навоийнинг дард тўла достонлари ҳам, Гулханий бобо «Зарбулмасал»да ёниб айтган ҳикматлар ҳам сариқ чақача қадр-қиммат касб этмайди. Агар шундай бўлганида эди, Шодиёр ва унинг ёру биродарлари лоақал Ғуломнинг ким эканлигига, унинг нима ишлар билан машғуллигига астойдил қизиққан бўлишарди. Уларнинг ёшликка хос хаёлий, покиза шу қизиқувчанлигини эса, пулу мансабни каъба ўрнида кўрадиган оилавий муҳит занглатиб ишдан чиқариб ташлаган. Ёки худбинлик олами шун дай даражадаги разолат, пасткашлик уяси бўлмаганида эди, «Байрамдан бошқа кунлар»даги товламачилар ўзларига қон-қариндош бўлаётган содда Бакирни унчалик азоб-изтиробга солишмасди.

Шуниси ҳам ҳақиқатки, ҳалол, бировга озор беришдан, ўзганинг ҳақига хиёнат қилишдан ўзини тиядиган одамлардан кўра пул-бойликка сиғинадиган, эрта-кеч мансаб-мартабани ўйлайдиган кимсалар анча фаол бўлишади. Чунончи, Ғулом, Бакир сингари камсуқумлар атрофидагиларга таъсир кўрсатишга кўпам интилишмайди. Эҳтимол, бу галвали турмушда, маънавий қадриятлар қадрсизланиб бораётган бир пайтда ҳаракатлари бесамар кетаверганиданми, «кўнгул озодадур, дунёга арзи эҳтиёж этамиз…» дейишади.

Ҳайриддин Султонов ўзининг мазкур қиссасида «шарҳига юз минг «Зарбулмасал» ожиз замонамиз» ҳодисаларини Гулханий асарига таққос, қиёслар асосида ҳикоя қилади. Чунончи, унда классик шоир масхаралаб кетган, биз эса ундан ҳам ўтказиб димогдорлик билан салбий типлар деб атаган ёлғончи, лофчиларнинг хаттиҳаракатлари бугунги раҳбарларимизнинг фаолиятига солиштирилади. Ёки бўлмаса, қишлоқдаги деҳқон аллақачон тасаввуридаги касбу коридан ажралиб пахтакорга айланиб кетгани, у худди қаватли уйларда истиқомат қиладиганлардек сабзи-пиёз, картошкани шаҳардаги дўкондан қатнаб олаётгани аччиқ киноя, ўткир пичинг билан таъкидланади. Амалдорларга макон бўлган идоралар урчиб кетгани, у ерларга ўрнашиб олган мансабпарст кимсалар мажлис-машварат ўтказишга ружу қўйишгани, бировимиз маҳлиё бўлгандан, бошқамиз бепарволикдан бу ялтироқ нутқбозликларга кўникиб қолганимизга истеҳзо қилинади.

Шунингдек, адибнинг мазкур асарида ўтмишга, халқимиз кечмишига ёруғ нигоҳ, озода кўнгил билан қаралади. Киши кишига Дўст, ўртоқ дейилаётган ҳозирги кунларимизда қаллоблик, товламачилик, худбинлик қанчалар авжга киргани, лекин ўша одам одамга бўри бўлган дейиладиган ўтмиш замонларда биз кўриш, тан олишни истамаган, лекин ибрат олса арзийдиган маънавий-ахлоқий сифат, фазилатлар устивор бўлганига диққат-эътибор қаратилади. Хусусан, диёнат, имон, инсоф, ҳаромдан ҳазар бобида бир-бирига меҳру оқибатликда аждодларимиз бугунги кун одамларидан анчагина баландда туриши тўқликка шўхлик қилиб яшаётган мансабпарастларнинг қилғиликлари мисолида асослаб кўрсатилади. Шунинг учун ҳаромдан келган бойликдан босар-тусарини билмай қолганлар турмуш тарзини, уларнинг хоҳиш-истаклари йўлида увол бўлаётганлар қисматини ҳикоя килиш асносида «имон қочаётир, имон» деб айтилган гап ҳозирги маънавий ҳаётимиз, умумахлоқий қиёфамиз ҳақидаги энг одилона хулоса бўлиб жаранглайди.

Чунки имон қочиб, ҳақиқат топталгани туфайли турғунлик даврида даврон суриб келганлар ҳамон ўша-ўшалигича яшаяпти. Амал-мартабанинг у курсисидан бу курсисига ўтиб юрибди. Шунинг оқибатида қишлоқдаги колхозчи ун, шакар, қанд, совун ахтариб сарсон бўлиб юрибди, шаҳардаги ўқитувчи, ишчи, нашриётдаги Ғулом сингарилар адоқсиз навбатларда эзилиб умрини совураяпти. Жамиятимизнинг метиндан мустаҳкам занжир ҳосил қилган янги тоифаси, яъни пулдан қалқон, мансабдан қўрғон ясаб олганлар гуруҳи эса, бунга асло парво қилмаяпти. Аксинча, атрофдагиларнинг ҳавасу ҳасадини келтириб роҳат-фароғатда турмуш кечираяпти. Алоҳида имтиёзлардан етти қават пардага ўралиб арши аълога чиқиб олган бу махсус тоифага оддий меҳнаткашларнинг етишмовчиликлардан бўғилаётгани, турмушнинг носозлигидан норозилиги етарлича сезилмаяпти. Бунинг устига улар оддий меҳнаткашлар учун жон куйдирадиган, элининг истиқболи учун ёниб-куйиб юрганларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб олишига иложи борича имкон бергилари келмаяпти. Бир сўз билан айтганда, улар турмушимизда носоғлом муҳитни кенгайтираяпти. Ана шу носоғлом муҳит огирнинг устидан, енгилнинг остидан юрадиган кайфу сафога ўч кишилар тўдасини кўпайтираяпти. Бу тоифа шундай бир шакл-шамойиллики, улар учун миллати, элининг азиз урф-одатлари, тарихи гўё арзимас нарса. Эркин Аъзамовнинг юқорида эслатилган қиссасида шу хил кайфият, дунёқарашдаги кимсаларнинг ажабтовур туриштурмуши хусусида сўз юритилади. Кайфу сафо бандалари бўлган Сафура сингариларнинг пул-бойлик тўплаш, ялтироқ зеби-зийнат орттиришдан бўлак бирор бир мақсади, чУтайин касби-кори йўқ. Улар худди шу тор, худбинона истаклари йўлида ҳар қандай нопок йўлга киришга, «Кўнгул озодадур» қиссасидаги Шодиёрнинг отаси, тоғасига ўхшаганларга сиғинишга, топинишга тайёр. Лекин бу кибр-ҳаволи тўда ўзларини замонанинг илғор кишилари деб ҳисоблайдилар. Ҳатто ўзларига хос тилда гаплашадилар. Улар ота-онага, ўзидан катталарга муомала-муносабатда шарқона таомилларни ялтироқ тақинчоқларга, ажнабий модаларга аллақачоноқ алмаштириб юборганлар. Жамиятимизнинг алоҳида бир тоифаси сифатида кўринаётган «Кўнгул озодадур»даги Шодиёрнинг оталари, тоғалари, Эркин Аъзамов қиссасидаги Сафура, Афрўза Камолова, Зокир почча, Чиннибек сингарилар «байрамдан бошқа кунлар бошқаларники, бошқаларга буюрсин!» шиорини байроқ қилиб яшаяпти. Яъни сайру саёҳат, базму байрамларга тўлиб-тошган кунларнинг дастурхонлари тепасида, Хайриддин Султонов асарида айтилганидек, «энг ёмон кунимиз шундай бўлсин», дея нутқ ирод қилишаяпти.

Аммо бу тоифа ана шу базму жамшидлари оддий меҳнаткашларнинг ҳалол ризқу насибасини ўмариш ҳисобига бўлаётганлигини асло ўй-хаёлига келтирмайди. Бу икки асар бизнинг кунларимизда пайдо бўлган худбинлар тоифасининг кайфиятини, яшаш тарзини акс эттириб бериши ҳамда кишиларимиз ўртасида мол-пулга қизиқишнинг кучайганлиги туфайли меҳр-оқибатнинг қадрсизланаётганлиги ҳақида ўйлантириши жиҳатидан ўзаро ҳамоҳанг бўла олади. Улар қаҳрамонлар кайфияти, ички олами, хатти-ҳаракатларнни ҳар тарафлама ёритгани, Шодиёр, Сафура, Баргидаларни реал ҳаёт кишиси сифатидаги дунёсини ўз мураккаблиги, зиддиятлари билан гавдалантириши жиҳатидан ҳам ўзаро яқин туради.

Шодиёрнинг «Нима ҳаром-ҳариш? Ҳамма қатори, кўпчилик нима бўлса биз ҳам шу. Умр бир марта берилади, ўйнаб-кулган қолади, бошқаси бир тийин», дея бепарволарча елка қисиб айтган сўзларининг ўзиёқ ҳар куни байрам бўлган тоифанинг кайфияти «Кўнгул озодадур»да нафрат-ла чизилганини кўрсатади. Эркин Аъзамов қиссаси қаҳрамонининг изтиробга тўлиб: «Йўқ, Бакир билган шаҳар фуқароси эмас булар, бошқа аллақаёқдан офат мисол ёғилиб келган», дея ўйланишларида ҳам ҳаётимизнинг шу чиркин ҳодисасига муаллифнинг муросасиз муносабати аён билиниб туради. Бу адиблар худбинликнинг, мол-дунёга сиғинишнинг, мансабмартаба, амалга ўчликнинг оқибатлари қандай мевалар бераётганлигини бугунги кундалик ҳаётимизнинг аниқ кўринишлари орқали акс эттиришга эътибор берадилар. Одамларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг айниб бораётганлигига, имон, диёнат унутилаётганига, ялтироқ, ҳаром-ҳариш турмушга ўчлик туфайли меҳр-оқибат топталаётганига қарши қалбларидаги исённи эҳтирос билан Ғулом, Бакирлар тилига кўчирадилар.

Хайриддин Султонов қиссасининг мана бу ўринлари эзгуликка чорловдай таассурот туғдиради: «Олам бепоён, яхшилик ҳам, яхшилар ҳам олам ичра беҳисоб. Ёмонлар ҳам улардан оз эмас, аммо шуларни деб ўз ёғига жаҳонни қовурмоқ — оқиллар иши эмас. Дунё кезсанг англайсанки, инсон беҳудуд борлиқ қаршисида бир заррадир. Шунда сен дилингни ўртаган қабоҳатларни унутгайсан. Яхшилик — оламнинг устуни эканига имон келтиргайсан. На чораки, зару зўр ҳамма замонларда ҳам бўлган. Бу офатнинг давоси надур? Ожиз ақлим бунга етмайдур. Аммо сочим оқариб тубига етганим ҳикмат шул: инсон экансан, инсон қалбига яхшилик уруғини сочгину уни меҳр чашмаси билан суғоргил». Бу изтиробли илтижолар публицистик чақириқ сифатида эмас: балки турмушнинг ҳамма ҳодисаларини, яхшилик-ёмонликни чуқур мулоҳаза киладиган қаҳрамоннинг нидолари, у англаб етган ҳақиқат сифатида тақдим қилинади. Айниқса, «ёмонлар оз эмас, аммо шуларни деб ўз ёгига жаҳонни қовурмоқ — оқиллар иши эмас», дейилганида олис ўтмишдаги, Гулханий замонасидаги ёруғ фикрли кишиларнинг панд-ўгитлари билан Ғулом, Бакир сингари замонамиз озода кўнгилларининг умидбахш хулосалари омухталашгандай туюлади.

Тўғри, адабиёт, жумладан, мазкур қиссалар ҳам ҳаётни Шодиёрлар, Сафуралар келтирадиган разолатлардан бевосита халос эта оладиган куч-қудратга эга эмас. Аммо улар дилларга мунавварлик бахш этадиган, эзгуликка бир лаҳза бўлса-да, ишонч уйғотадиган жозибага эга. Афсуски, биз шу имкониятлардан етарлича фойдалана олмаймиз. Хусусан, яратилаётган асарларнинг мағзи, мазмунини идрок қилишга кўпам интилмаймиз. Аслида эса ҳар чоқ «инсон экансан, инсон қалбига яхшилик уруғини соч», деган ақидага ишонтирадиган, руҳимизни покизалайдиган асарлардан худбинлик касаллигигига гирифтор кўнгилларимизни баҳраманд этишимиз даркор. Шунда кўнгилларимиз озода бўлади. Ҳаётда Шодиёр, Сафуралар сингари фақат ўзимиз учунгина эмас, балки жамики эзгу ниятли, барча ҳалол, диёнатли одамлар учун байрамли кунлар бўлишига сидқидилдан жафокаш комил сифатида ўзимизни юксалтирамиз.

Биз анчадан буён шов-шувга тўла ахборотлар бўрони ичида қолиб, бадиий асарларнинг жозибаси хусусида, инсон қалбидаги сирлисеҳрли туйғулар, эҳтирослар, кечинмалар олами ҳақида ўйлашни, мулоҳаза юритишни бир четга йиғиштириб қўйгандаймиз. Лекин аслида ҳаётимиздаги ижтимоий-маънавий бузилишлар ҳақидаги энг зўр ташвиш, дард Сталин, Брежнев ҳақидаги сиёсий памфлет, очерк, мақолаларда эмас, балки яратилаётган энг яхши роман, қиссалардаги жафокаш қаҳрамонларнинг кўнгилларида кечаяпти. Хайриддин Султонов ҳамда Эркин Аъзамовнинг бу янги асарлари эса шундай салмоққа эгадир. Албатта, жафокаш кўнгилнинг изтироб, исёнини акс эттирган бу асарлар ҳақида ҳам (таомилдаги одатга кўра дейилса ҳам бўлаверади) айрим бир танқидий мулоҳазалар айтиш жоиздай кўринади. Масалан, «Кўнгул озодадур… »нинг анчагина саҳифаларида Гулханий фаол қаҳрамон сифатида иштирок этиб келадию, негадир кейинчалик асарга гўзал тарзда сингишиб, унга таъсирчан руҳ бахш этиб ҳаракат қилган «Зарбулмасал»нинг аралашуви сусайиб кетади. Гулханий бобонинг ёниқ ҳикматлари эса, озода кўнгил Ғуломнинг қалб дунёсини жозибадор этадиган ойна, кўзгу эканлиги қиссанинг бошларида ёрқин билиниб туради. «Байрамдан бошқа кунлар»да эса, элидан ажралиб чиққан кайфу сафо бандаларининг турқу таровати, кайфият, хоҳиш-кечинмалари, яшаш тарзи тиниқ гавдалантирилгану, лекин «байрамдан бошқа кунлар бошқаларга буюрсин», дейдиган худбинлар муҳитига тушган жафокаш кўнгил ҳақида асар шаклида ҳам қандайдир сунъийлик сезилади. Хусусан, бобларнинг айнан «кейинги бекат фалони…» тарзида бршланиши воқеаларнинг ички руҳига, оҳангига бир қадар сингишмай туради.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 9-сон