Абдулла Рустамов. Қозоқ шеъриятининг Асқар тоғи

Қадимдан бир-бирига қавм-қариндош, дили, тили ва дини бир бўлган, бир дарё­дан сув ичиб, қиз бериб, қиз олишиб, яқин дўстлик ва яхши ҳамкорликда яшаб келаётган ён қўшни – жон қўшнимиз бўлган қозоқ халқи  орасидан ўз халқининг асл фарзандлари бўлган улуғ сиймолар кўплаб етишиб чиққан ва улар ўз элининг фахрига айланганлар.

Шундай буюк сиймолардан бири ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошида яшаб ижод этган қозоқ халқининг асл фарзанди, буюк маърифатпарвар шоири Абай Қўнонбоевдир. У ўзининг барҳаёт номи ва бетакрор ўлмас ижоди билан қозоқ халқининг шуҳратини оламга ёйиб келмоқда. Абайнинг адабий мероси, илғор фалсафий фикрлари, буюк яратувчилик ғоялари ватанга, инсонга, табиатга, ҳаётга бағишланган юксак маънавий дунёсидир.

Абай Қўнонбоев адабий тафаккурни нурлантирган, мавжуд ҳаётни санъаткорона бадиий акс эттирган улкан мутафаккир адибдир. У шоир сифатида бутун инсониятга муҳаббат кўзи билан қаради. Шоирни миллийлик қобиғидан чиқариб, уни умумбашарий  шоирга айлантирган омил унинг ўз халқига бўлган чексиз ва беғубор муҳаббати, эл-юртининг тақдири билан боғлиқ курашчан доно фикрларидир. Зеро, ўз халқини чин севган кишигина бошқа халқларни сева олади, ўз қадрини ҳимоя қилишга қодир одамгина инсон қадрини улуғлай олади.

Ўз элининг тинч, осойишта ҳаёт кечиришини, илмли-билимли бўлишини, маданиятининг юксалишини орзу қилган улуғ шоир халқига теран ҳикматлар ва гўзал туйғулар билан тўлиб-тошган ажойиб шеърлар хазинасини мерос сифатида қолдирди. Шоирнинг адабий мероси миллийлик чегарасидан чиқиб, жаҳон сўз санъатининг асл дурдоналарига, инсоният тафаккурининг хазинасига айланди. Унинг қўшиқ бўлиб тилларда янграган ажойиб шеърлари, ҳикмат бўлиб дилларга сингган насрий асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилингани ва таржима қилинаётганининг туб сабаби ҳам шунда бўлса керак.

Абай – улкан реалист шоир ва ёзувчидир. Унинг шеърлари тоғ бағридан қайнаб чиққан зилол чашманинг суви каби жонга ҳузур бағишлайди. Бу шеърлар тонгги сабо каби мусаффодир. Улар гулу райҳоннинг ва боғу бўстоннинг муаттар ҳиди каби барқ уриб, кўнгилни завқу шавққа тўлдиради, бўғин-бўғинларни бўшаштириб, юракларни яйратган дўмбиранинг майин ва дил ўртар ноласига ўхшайди.

У асарларида ўз даврининг ҳамма томонларини бутун қарама-қаршиликлари билан кўрсатиб бера олди. Шундай қилиб шоир ижоди ўз замонасининг кўзгусига айланди.

Абай Қўнонбоев 1845 йилнинг 10 августида ҳозирги Шарқий Қозоғистондаги Чингизтоғ этакларида жойлашган Қашқабулоқ яйловида таваллуд топди. Унинг асл исми Иброҳим бўлиб, ёшлигида онаси Улжон уни эркалаб Абай деб атаган. “Абай” сўзи қозоқ тилида эҳтиёт, огоҳ деган маънони билдиради. Демак, эҳтиёт бўл, авайла (қозоқчасига абайла), кейинчалик “абайла” “абай”га айланиб, унинг доимий исми бўлиб кетган.

Абайнинг катта бобоси Ўлжой ботир бўлиб, ундан Ирғизбой, ундан Ўскенбой, ундан Абайнинг отаси Қўнонбой туғилган. Қарқарали округининг оға-султони бўлган Қўнонбой Ўскенбоев йирик феодал эди. У қатъиятли ва талабчан, душманларига эса шафқатсиз бўлган. Абайнинг болалиги ана шу қаттиққўл отанинг тарбиясида ўтди. Онаси Улжон ақлли, меҳрибон, ширинсухан ва доно аёл бўлган. Абайни эркалатиб, кўп эртаклар айтиб, бўлажак шоирнинг халқ оғзаки ижодини ўрганишидаги дастлабки йўлни очган бувиси Зере (Қўнонбойнинг онаси) кўпни кўрган, меҳр-оқибатли, халқ ўртасида алоҳида иззат-эътиборга эга аёл эди. Бу икки она Абайнинг оддий одамлар томонига ўтиб, астойдил хизмат қилишида катта ижобий таъсир кўрсатганлар.

Абайни 8 ёшида отаси “Эски том” овулида ўзи очган мадрасага олиб бориб, Ғабитхон (Обидхон) исмли муллага ўқишга беради. Мулланинг таълимидан боласи ҳам ёлчимаган, ўзи ҳам қаноатланмаган Қўнонбой Абайни 10 ёшида Семей шаҳридаги Аҳмад Ризо мадрасасига олиб боради. Абайни мадрасадаги диний билимлар қониқтирмади. Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиркан, ўзича мустақил ўқиш билан ҳам шуғуллана бошлайди. Араб, форс, ўзбек тилларини ўрганишга киришади. Абай шарқ классик адабиёти номояндалари Фирдавсий, Саъдий, Хўжа Ҳофиз, Жомий, Навоий, Низомий ва Фузулийларнинг асарлари билан таниша бошлайди, улар ижодидаги айрим ғазалларни ёд олади. Айниқса, шеърият мулкининг султони, ҳазрат Алишер Навоийни ўзига устоз деб билди. Унинг асарларидаги ҳаётни севиш, гуманизм ва инсонпарварлик ғоялари ёш Абайга ўз таъсирини кўрсатади. Абай унга эргашиб ўзининг илк шеърларини ёзади.

Абай мадрасада ўқиб юрган чоғида шаҳар турмуши ва маданияти билан қизиқиб боради. У бу ерда ҳақиқий қозоқ маданиятини яратиш учун илғор рус маданияти ва билимини ўрганиш зарурлигини тушунади. Бунинг учун у даставвал рус тилини билиш керак, деган хулосага келади. Шу мақсад билан Абай мадрасада ўқиш билан бир вақтнинг ўзида отасининг рухсатисиз русча “Приходная школа”га кириб ўқийди. Абай у ерда 3–4 ой ичида бир йиллик ўқув дастурини эгаллашга ҳаракат қилади. У шаҳардаги рус кутубхонасидан китоблар олиб ўқийди. Бу ерда кўпгина рус кишилари билан танишади. Улар ёш Абайнинг рус тилини тез ўрганиб, эркин ўзлаштиришига ёрдамлашадилар. Рус шоирлари ва ёзувчиларининг асарлари билан танишган Абай Арасту, Суқрот, Гегель фалсафасидан баҳраманд бўлади. У Ғарб адабиётининг машҳур классиклари Байрон, Гёте ва бошқаларнинг айрим шеърларини қозоқчага ўгиради. Натижада ёш Абайнинг дунёқараши ўзгара боради. У халқни инсонпарварликка даъват этувчи шеърлар ёза бошлади.

Бироқ, Абайнинг шаҳардаги ўқиши узоққа чўзилмайди. Янги дунё эшигини топиб, ичидаги билим дурдоналардан эндигина баҳраманд бўлаётган Абайни 13 ёшида отаси шаҳардан чақиртириб олади. Қўнонбой ўз мақсадларини амалга ошириш учун энди Абайни ёнида олиб юриб, эл бошқаришни ўргатиши ва унга мансаб олиб бериши керак эди. Абай отасининг раъйига қарши боролмай, айтганига кўнишга мажбур бўлади.

Абай отасининг ёнига қайтиб келгач, ўзига топширилган вазифаларни баъзан ота­сининг кўрсатмаси бўйича, баъзан эса юраги буюрганича бажариб юради. Эл ишига аралашгандан кейин, Абай халқ оғзаки ижоди билан ҳам кенг таниша бошлайди ва булар унинг учун иккинчи бир “мактаб” бўлади. Шундай қилиб, Абай эл орасида билимли, ўз халқининг урф-одатлари ҳамда тарихий ва маданий ёдгорлик­ларини яхши биладиган ёшларнинг бири бўлиб танилади ва шуҳрат қозона бошлайди.

Қозоқ овулларидаги халқнинг турмуш шароити билан танишар экан Абай аҳолининг ниҳоятда оғир аҳволига, ўта қийинчилик билан турмуш кечираётганлигига ич-ичидан ачинади ҳамда  уларга хайрихоҳлик билдириб иложи борича ғамхўрлик қилишга тиришади. Абайнинг бундай халқпарварлиги отаси билан ўзи ўртасидаги бир қанча қарама-қаршиликларга сабаб бўлади. Қўнонбой ўғлининг халққа яқинлигини ёқтирмай, унга: “Сен одамларнинг ҳаммасига кулиб гапирасан, ёйилиб оққан сувга ўхшайсан, ёйилиб оққан сувни ит ҳам, қуш ҳам ичади. Кўпчиликдан йироқ юр, шунда бошингга халқ уймалайвермайди”, деб қаттиқ  ко­йийди. Шунда Абай: “Қўлида қуроли бор, битта-иккитагагина фойдаси тегадиган чуқурдаги кўлоб сувдан, ўтган-кетганга, кўпчиликка, халққа фойдаси тегадиган ёйилиб оққан сувни афзал деб биламан”, деб жавоб қайтаради.

Оға-султон мансабидаги Қўнонбой ўз қўлидаги ҳуқуқдан керагидан ортиқча фойдаланарди. У қўшни ота уруғлари Жигитек, Букенши ва Жуантаёқ қабилаларининг яхши ерларини тортиб олади. Бундай зўровонлик ва ҳақсизликлар натижасида элдан тинчлик кетади, ўзаро уруш-жанжаллар ва  низолар кучаяди. Масалан, Мусақул деган жойдаги қонли тўқнашувда Қўнонбой қўшни Жигитек уруғининг бир неча одамини ўлдиртириб, ўн етти кишини Сибирга сургун қилдиртиради. Кейинчалик Қўнонбой эгаллаб турган лавозимидан туширилиб, Омск шаҳрига терговга чақиртирилади. Жигитек уруғига ерлари қайтариб берилади, лекин орадаги авж олган низолар босилмайди, улар баттар ўчакишадилар. Бу эса кейинчалик Қўнонбой болаларининг бошларига катта кулфатлар олиб келади.

Машҳур ёзувчи Мухтор Авезов ўзининг тўрт томдан иборат “Абай йўли” роман-эпопеясида Қўнонбойни юқорида келтирганимиздай бой-феодал сифатида салбий образ этиб тасвирлаб, у билан ўғли Абай ўртасидаги қарама-қаршиликларни бўрттириб кўрсатади. Чунки роман бадиий асар бўлгандан кейин бош ва ижобий қаҳрамон сифатида Абайнинг дунёқарашларини янгилик ва отасиникини эса эскилик сарқити этиб таърифлайди. Бу билан адиб ўша даврдаги қозоқ жамиятидаги эски урф-одатлар билан янги удумлар, ўтмиш қолдиқлари билан келажакдаги эзгу мақсадлар ўртасидаги тафовутларни ота-бола орасидаги муносабатлар орқали тасвирлашга ҳаракат қилади.

Камина 2012 йили Абай туғилиб ўсган ҳозирги Абай туманида бўлиб, унинг уй-музейидаги шоир замондошларининг эсдаликлари билан танишганимда ва бошқа тарихий манбааларда Қўнонбойнинг феодал ва қаттиққўл бўлишига қарамай ўз даврида жуда кўп яхши ва хайрли ишлар қилиб кетганини билдим. Жумладан, Қўнонбой ўз қарамоғидаги овулларда эски мактаблар очиб, болаларни, аввало, ўз уруғига қарашлиларнинг болаларини ўқитиб, саводини чиқаришга ҳаракат қилган. Ўша даврдаги миллий урф-одатларнинг сақланиб қолишига, мавжуд тартибнинг бузилмаслиги учун курашган. Қариган чоғида эса, Маккага сафар қилиб, у ерда ўз ҳисобидан масжид ва меҳмонхона қурдирган.

Абай 1875 йили Тўбиқти уруғига қарашли Қўнғир-кўкча элига бўлис (ҳоким) бўлиб сайланади. У жойларда ўғрилик, босқинчилик, ўзаро низоларга барҳам беришга, гуноҳкорларга қаттиқ чоралар кўришга уринган. Адолат ўрнатиш орқали у эл ичида тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилган. Бироқ, унинг йўлидаги тўсиқлар ва қаршиликлар шунчалик катта ва кўп эдики, булар Абайнинг эзгу  мақсадларини амалга оширишига сира имкон бермади ва унинг бу ҳаракатлари зое кетади. Шу сабабдан ҳам у 1878 йили ўз хоҳиши билан бўлисликни топширади. Шундан сўнг унинг устидан ота душманлари Семей уезди ҳокимига кетма-кет шикоят аризалар ёғдирадилар. У икки йил давомида Семей шаҳрига бир неча марта чақиртирилиб, ўн икки хил иш бўйича тергов қилинади. Ёлғон туҳматлардан аранг қутулган Абай 1880 йилнинг баҳорида ўз элига қайтади. Шундай кейин у муттасил бадиий ижод билан шуғулланади.

1885 йилнинг май ойида Шар дарёсининг бўйидаги Қорамўла деган жойда Семей вилояти генерал-губернатори Цеклинский бошчилигида Семей вилоятига қарашли 5 уезднинг 100 дан ошиқ бий-бўлислари бош қўшган фавқулодда қурултой ўтказилади. Шу қурултойда тўбе бий (бош бий) бўлиб сайланган Абайга “Семей қозоқлари учун жиноят ишларига қарши қонун-қоидалар”ни тайёрлаш топширилади. Абай раҳбарлигидаги комиссия ҳаммаси бўлиб 93 бобдан иборат бўлган ушбу низомни 3 кун ва 3 тунда тайёрлайди. 1886 йили Абай Семей вилояти статистика комитетининг тўлиқ аъзоси этиб сайланади.

Абайнинг 7 ўғил ва 3 қизи бўлган. Шоир фарзандларининг ҳаммасини ўқитади. Булар орасида Ақилбой ва Мағавия отаси каби шоир бўлиб етишди. Абдураҳмон исмли ўғли эса Петрбургда ўқиб, ўша вақтдаги қозоқ билимдонларининг бири бўлди.

Абай ўз атрофига шоирлар, қўшиқчилар, адабиёт ихлосмандларини йиғади ва уларга қўлидан келганча кўмаклашади. Абай 1886 йилдан бошлаб рус шоир ва ёзувчилари Пушкин, Лермонтов, Толстой, Салтиков-Шедрин, Некрасов, Крилов ҳамда бошқа рус шоир ва ёзувчиларининг асарларини қозоқ тилига таржима қила бошлайди.

Абай фаолиятидаги муҳим ишлардан бири ёшларни тарбиялаш бўлди.  Шоирлик истеъдоди сезилган ёшларга ўзи мавзу бериб, достонлар ёздириб, ўзи таҳрир қилиб, танқидий мулоҳазаларини билдириб борди. Масалан, у ўғиллари Мағавияга “Меғдат Қосим”, Ақилбойга “Қиссаи Юсуф” достонларини ёзишда йўл-йўриқлар кўрсатиб, ижод билан шуғулланишларига раҳбарлик қилди.

ХIХ асрнинг 90-йилларига келиб отаси Қўнонбойнинг душманлари қайтадан кўтарилиб, унинг ўғилларидан қасд олмоқчи бўлишади. 1890 йили элга бўлис бўлиб ишлаб турган Ўспон билан ота душмани Ўрозбой ўртасида катта жанжал чиқади. Ўспон Семей уездига арз қилгани кетган Ўрозбойни қувиб етади ва уни “қочиб юрган ўғри” деб генерал-губернаторнинг рухсати билан оёқ-қўлини боғлатиб олиб келади. Ўртадаги душманлик авжга чиққан пайтда, яъни 1891 йили Ўспон касал бўлиб, вафот этади. Ўспон ўлимидан кейин унинг душманлари Абайга ёпиша бошлайдилар. Ўспон тутатиб кетган чўғ алангага айланади.

1894 йилдан бошлаб Абай оиласида фожиали воқеалар содир бўла бошлайди. Шу йили Петрбургдаги ҳарбий билим юртини  тугатиб, академияга киришга ҳозирланаётган севикли ўғли Абдураҳмон сил касалига учрайди ва бир йилдан сўнг, 1895 йили Верний (ҳозирги Олма ота) шаҳрида 27 ёшида вафот этади.

Ота душманлари Абайнинг қайғусига қўшилиш ўрнига уни янада турткилай бошлайдилар. Улар 1897 йили Абайнинг уйида, “подшо ҳукуматига қарши бўлган одамлар кўп келади ва ўзи ҳам подшога қарши ишлар билан шуғулланади”, деган айблар билан тинтув уюштирадилар. Лекин полициячилар ҳеч нарса топа олмайди. Уларнинг бу фитнаси натижа бермагач, бошқача чоралар кўришга ўтишади. Ўша йилнинг кузидаги сайлов вақтида улар унга қарши турли бўҳтонлар уюштиришиб, Абайни калтаклашгача бориб етадилар. Бироқ, фитна фош бўлиб, уни уюштирган шахслар жазога тортилади. Бу воқеалар Абайга қаттиқ таъсир қилади. У 1889 йилда ёзган бир шеърида:

Юрагим менинг қирқ ямоқ,
Хиёнаткор оламдан… –

 деб, зорланади. Ана шундай аҳволдаги Абайнинг бошига 1904 йили яна бир оғир кулфат тушади. Ўша йилнинг баҳорида таниқли шоир, бир қанча поэмалар муаллифи, Абайнинг севикли ўғли Мағавия касал бўлиб 34 ёшида бевақт вафот этади. Дарди оғирлашган Абай ҳеч ким билан гаплашмай, тўшакда ётиб қолади. Мағавия ўлимидан 40 кун ўтгач, 1904 йилнинг 23 июль куни Абай дунёдан кўз юмади. Унинг жасади Чингизтоғ этакларидаги ўзи охирги йиллари яшаб ўтган Жидебой деган жойга қўйилади.

Абай бор-йўғи 59 йил яшаган бўлса-да, шу  қисқа ва мазмунли умрида қозоқ ёзма адабиёти ва адабий тилига асос солди. Абайнинг ижодий меросини 180 га яқин шеърлари, 3 та поэмаси, 60 дан ортиқ таржималари ва унчалик катта бўлмаган насрий асарлари ташкил этади.

Абай қозоқ адабий ҳаётига янги юксалиш даврини олиб келди. У шоир, достончи, ёзувчи, таржимон, бастакор, файласуф-олим, гуманист, маърифатчи сифатида ижод қилиб қозоқ классик адабиётининг отаси, қозоқ поэзиясининг асқар тоғи, замонавий мусиқа яратувчиси ва маърифатга йўл бошловчиси даражасига чиқа олди.

Ўзбекистонда ҳам қозоқ халқининг буюк шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевнинг адабий ижоди юксак баҳоланиб, асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Тошкент шаҳрида унинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилган ва йирик кўчалардан бирига унинг номи берилган. Шунингдек, унинг номида қўрғонлар, қишлоқлар,  маданият ўчоғлари бор.

2015 йили буюк шоир Абай Қўнонбоев таваллудининг 170 йиллиги республикамиз миқёсида байрам қилинди. У ҳақда “Абай олами” тадқиқот асари, “Абай”  асарларидан намуналар китоб ҳолида нашр этилди, оммавий ахборот воситаларида туркум мақолалар чоп этилди. Шунингдек, “Абай – қозоқ ва ўзбек халқининг ёруғ юлдузи” кинофильми суратга олинди. Жойларда эса, Абай ижодига бағишланган фестиваллар, конференциялар, адабий учрашувлар ва мушоиралар ўтказилди.

Ҳозирги кунда Абай ижодига қизиқиш янада ортиб бормоқда. Айниқса, Абайнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси инобатга олиниб ҳамда халқларимиз орасидаги ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, эл-юртимизни қозоқ адабиётининг улуғ намояндалари ижоди билан кенг таништириш мақсадида жорий йил 13 мартида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори қардош Қозоғистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига, ёруғ келажагига бўлган катта ҳурмат ва ишончнинг ёрқин ифодаси бўлди.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 4-сон

________________
Абдулла Рустамов – 1948 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини (ҳозирги ЎзТваАУ) тамомлаган. “Ҳаёт қўшиқлари”, “Соғинч” каби шеърий ҳамда “Абай олами” илмий-тадқиқот китоблари чоп этилган.