Абдулҳамид Мухторов. Устоз билан ўтган кунларим

Кеч, жуда кеч эди.
Чамаси соат тунги ўн бир яримлар.
Бироқ айни шу пайтда газета навбатчиси бўлган мен ғайрат-шижоат билан Матбуотчилар кўчасида жойлашган 32-уй зиналаридан қўлимда “Маърифат” газетасининг макети ўрамини тутганча биринчи қаватга тушиб келаётган эдим.
“Шарқ” нашриёти босмахонасига бориб газетани чоп этишга топширишим, кейин эса нишона сонни кўздан кечириб босишга рухсат беришим керак. Шундан сўнг мен учун расман иш тугайди. Агар бунгача соат бир ёки икки бўлиб кетса навбатчи ҳайдовчи ижара хонамга ташлаб кетарди.
Лифт эшиги олдида масъул котибимиз Фахриддин ака, биринчи ўринбосаримиз Абдусамад ака, яна юзининг деярли ярмини тўсиб олган кўзойнак таққан киши берилиб гурунг қилиб турган экан. Аниқроғи, кўзойнакли одам гапирар, улар эса тинглар эди. Мени кўриб Абдусамад ака “Бўлдими, топширинг. Дежурний ташлаб қўяди”, деди.
Нотаниш кишига салом бердим. Қизиқсиниб қаради-да, Абдусамад акадан сўради:
– Ким бу жигит?
– Янгилардан, – деди Абдусамад ака.
– Ҳа-а, жонтоқми? – деди у киши менга қараб жилмаяр экан.
– Жонтоқ, жонтоқ, – деди Абдусамад ака ҳам кулимсираб.
Хаёлимдан “рақамли гаплар”, деган ўй ўтди. Гапирилаётган гаплар тушунарсиз бўлса ёки унда қандайдир шаъма бўлса бу “рақамли гап” деган ақидам бўларди.
– Қаерда ўқийсан, – деб сўради нотаниш киши.
– ТошДУда – деб жавоб бердим.
Жавобимга нотаниш киши ҳеч нарса демади. Гўё мени кўрмагандай ҳамсуҳбатларига юзланиб узилган гапини келган жойидан давом эттирди:
– Ғайбулла акага Маҳмуд …дан (лақабга ўхшаш гап эди, қулоғим яхши илғамади) деб ёзиб бердим, кейин телефон қилаяпти: икки кун ўйлабман ким экан бу деб, дейди…
Нотаниш киши ўз гапидан ўзи мириқиб кулар, ҳамсуҳбатлари ҳам жўр бўлар, одатда эшик олдидан жилмайдиган милиционерлар ҳам расмиятчиликни унутиб уларнинг олдига келганча қизиқсиниб гап пойларди. У кишининг суҳбати қизиқ экан. Ташлаб кетгим келмай анча қулоқ тутиб, кулгуга жўр бўлиб турдим. Фахриддин ака ҳалиям шу ердалигимни кўриб, “Бор эртароқ, нима қилиб турибсан бу ерда”, дегандан сўнг босмахонага жўнадим…

* * *

Эртасига ишхонага келгач Фахриддин акадан кечаги қувноқ киши кимлигини сўрадим.
– Маҳмуд Саъдий деган одамни эшитганмисан? – саволга савол билан жавоб берди Фахриддин ака.
Эшитмаган эдим.
– Эшитмаганман, – дедим.
– Ие, – ҳайрон бўлди Фахриддин ака. – Шундай улуғ муҳаррирни эшитмаганмисан? Э суфе сенга. Қаерда ўқийсан ўзи?
Шу Фахриддин дегани жуда қўпол эди-да. Гапини қаранг, “Нега эшитмагансан, қаерда ўқийсан”миш. Индамасанг Маҳмуд Саъдийни билмаганинг учун уриб олишдан ҳам тоймайди шекилли…
Мен ундан ҳам ўтган қўпол эдим. Бунинг устига муҳаррир деганда Бош муҳаррирни тушунардим. Қолган ҳамма мен учун мухбир, масъул котиб, биринчи ва иккинчи ўринбосардан иборат эди. Қолаверса “Улуғ муҳаррир” ўша пайти биз учун Ҳалим Саидов эди.
Мана бу Фахриддин ака тасаввурнингам онасини учқўрғондан кўрсатди. Ҳалим Саидовдан ҳам улуғ муҳаррир бор экан. Бу қанақаси бўлди?
Ростдан ҳам нега шу пайтгача эшитмаган эдик?
Мен Фахриддин акадан ўтган қўпол бўлиш билан бирга яна қайсар ҳам эдим, ўтакетган қайсар.
Менга таништирилган янги Улуғ муҳаррирни тан олгим келмай тўнғилладим:
– Билишга мажбурманми? Нима у киши Рим паспасимидики билсак!
Ана аҳмоқлик. Ана ўлармонлик.
Билмасанг, билмас эканман, деб қўявер.
Нима қиласан бурнингни кўтариб?!.
Рим папасининг бунга нима алоқаси бор?
Фахриддин акаям боплади, латифа айтиб берди:
– Бир куни сенга ўхшаган биттаси Устозни танимай қопти. Бундан Устознинг жаҳли чиқибди албатта.
– Ҳой, менга қара, нега саломлашмай ўтиб кетаяпсан, – деб сўрабди Устоз.
Сенга ўхшаган жавоб қилибди:
– Сизни танимасам, нима қиламан салом бериб.
Жавобдан Устоз ажабланибди.
– Нега? Салом фақат танишларга бериладими? Қизиқ бола экансан-ку. Қолаверса, мени ҳамма танийди.
Бу гапдан энди сенга ўхшаган ажабланибди.
– Олинг-а!
– Нима олинг-а – дебди Устоз. – Мана қара, – Устоз шундай деб кўчадан ўтиб кетаётган бир йўловчини тўхтатиб сўрабди: – Кечирасиз, биз бу ерда баҳслашиб қолдик, мабодо Сиз мени танимайсизми?
– Танийман Маҳмуд ака, нима гап, – дебди йўловчи.
Сенга ўхшаган озгина ҳайрон бўлибди. Лекин сир бой бергиси келмай дебди:
– Бу одам тасодифан танишингиз бўлиши мумкин. Юринг, бошқалардан сўраймиз. Сиз жим турасиз, саволни мен бераман.
Шундай қилиб улар Олой, Чорсу, Ипподром бозорларини айланиб чиқибди. Ҳамма Устозни танибди. Сенга ўхшаган бўлса “бу қўшнингиз, униси қариндошингиз”, деб хит қиворибди Устозни. У кишининг жаҳли чиқибди.
– Менга қара, думбул, – дебди сенга ўхшаганга. – Мени ҳатто Рим папасиям танийди, ишонмасанг юр Ватиканга.
Сенга ўхшаган ҳам “кетдик”, деб юборибди.
Иккови Ватиканга учишибди. Боришса, папа балконга чиқиб Устозга қўл кўтарармиш.
– Сен шу ерда туриб тур. Мен у киши билан ичкарида кўришиб, шу ерга олиб келаман. Танийдими-танимайдими, ўзинг сўрайсан, – дебди Устоз сенга ўхшаганга.
Анча вақт ўтиб Устоз қайтиб чиқса сенга ўхшаган беҳуш ётганмиш. Юзига сув сепиб, ўзига келтириб “нима гап” деса, сенга ўхшаган “Балконда папа билан кўришиб турганингизда, ёнимда турган бир италяндан “балкондагилар ким?” деб сўрасам, “анаву қўл кўтараётганини танимайману, бироқ ёнидаги Ўзбекистонлик муҳаррир Маҳмуд Саъдий” деб жавоб берди” дермиш…

* * *

Дориломон кунларнинг бирида Бош муҳарриримиз Ҳалим Саидов йиғилиш ўтказаётган эди. Ўша пайтлари “Маърифат”га ишга олинган ёшлар гуруҳи (ўн чоғли бор эдик) ташаббус кўтарди: яъниким, бизга бир устоз журналист маҳорат дарслари ўтса. Умид шулки, маҳоратимиз ортсин.
Бу гапни ўша йиғилишда кўпчилик номидан камина арз қилдим. Ҳалим акага ҳам маъқул келди. Шу тариқа Устоз Маҳмуд Саъдий таҳририятнинг мажлислар залида бизга журналистика сабоқларини ўта бошлади.
Мен Устозни ўша сабоқлар орқали кашф қилдим.
Устоз ростакам педагог экан.
Биз билан ишлашдан асло эринмасди.
Ҳаммага бирдек муомала қиларди.
Кимдир “тузукроқ” бирон нима ёзган бўлса, астойдил ҳафсала билан ишлатар, ҳа айнан ишлатар, ўзи ишламас, муаллифни ишлатарди. Муаллифнинг эътиборидан четда қолган жиҳатларини кўрсатиб берар, шуларниям қўшиб кел деб туриб оларди.
Бу кимларгадир ёқар, кимларгадир ёқмас эди.
Бу “ишлов”лардан безиб кетган баъзи бировлар материалнинг баҳридан ўтиб ҳам қўярди.
Таслим бўлмаганлар эса охир-оқибат зўр материал эълон қилиб мақтовларга сазовор бўларди.
Устоз тўхтовсиз, қизиқарли тарзда гапирарди. Бошида у кишининг гапини тугатишини кутиб бермоқчи бўлган саволимизни унутиб юборган вақтларимиз бўлди. Кейин билсак, кутиш шарт эмас, гапини шартта белидан тепиб саволингни бераверишинг керак экан…
Сабоқ тугаши маҳалида “Маърифат” газетасида тингловчиларнинг энг яхши материаллари: мақола, очерк, луқма, ҳикоя кабилар бир саҳифа қилиб чоп этилди.
Бу материаллар айни пайтда кўпчилик орасида, айниқса “Маърифат” муштарийларига таниқли бўлиб қолган ижодкорлар Ҳусан Нишонов, Акмал Исломов, Баҳодир Жовлиев, Шерали Нишонов, Шарифа Мадраҳимова, Насиба Эрхонова, Давронбек Тожиалиев ва ҳоказоларга тегишли эди.
Устоз билан жудаям яқинлашиб кетдим. Бунда қўшни бўлиб яшаганимизнинг ҳиссаси катта. Кўпинча ишдан бирга қайтардик. Шанба-якшанба кунлари ё у кишиникига, ё менинг ижарахонамга келиб адабиёт, журналистика ва таҳрир ҳақида суҳбатлашардик. Ажойиб дамлар эди…

* * *

Ҳозир кулгим қистайди.
Бир неча саҳифа мақола ёзиб “профессионал журналистман”, мени ким таҳрир қилди, мен таҳрирга муҳтожмасман, мен таҳрир қилмасам бу материал бир тийин, деганларни кўрсам…
Ҳа, кулгим қистайди.
Негаки, бу даъволарнинг барини бир пайтлар мен ҳам қилганман.
Мени таҳрир қиладигани қолмади, мен таҳрир қилганим учун зўр материал чиқди, мен ёзолмайдиган мавзу йўқ, деган даъволар эди улар.
“Буюклик”да шунчалик даражага чиқдимки, ҳатто ишга жон-жон деб қабул қилган, ёзганларимни ўқиб самимий мақтаган, илҳомлантирган, прописка деган даҳмазага қарамай Тошкентда қолишимга кўмаклашган раҳбариятнинг ҳам асабига ўйнай бошладим…
Ишсиз қолиш қийин экан.
Лаш-лушларимни йиғиштириб қишлоққа кетмоқчи бўлдим.
Устоз қайтарди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга келишни таклиф қилди. Ўзи ҳам ўша жойда ишларди. Биргалашиб ўша пайтдаги Бош муҳаррир Мурод Абдуллаевга кирдик. Кўнглида кири йўқ, самимиятга жуда яқин одам экан. Арзимизни эшитиб хурсанд бўлди. Иш масаласи ҳал бўлди ҳисоб. Аммо иш юришмаса аталадан суяк чиқар, дегани рост шекилли, эртасига ариза кўтариб борсам, Бош муҳаррир ўзгарибди. Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев бўлибди.
Табийки, масала кун тартибидан олинди. Янги Бош муҳаррир кадрлар масаласини кўтаргунга қадар “айланиб” турадиган бўлдим…

* * *

“Кутишга маҳкум этилган Мухторов”, бу гап Устозга тегишли эди.
Кутиш ёмон.
Шунинг учун кўпни кўрганлар дуо қилганда Аросатдан паноҳ тилайди. Мелибоевнинг кадрлар масаласини қачон кўтаришини кутиб ижарахонамда бекорчиликдан хуноб бўлиб ётганимда Устоз телефон қиларди:
– Ҳа жонтоқ, ётибсанми? Бугун нима ёздинг? Ҳеч нарса? Материалнинг номими бу? У нима деганинг? Ярамас, кечқурун бораман, бирор нарса ёзиб қўй. Ёзолмаяпман дейсанми? Нима бало, ичиб олганмисан? Йўқ? Унда нега алжирайсан. Каллангни йиғ. Хуллас, бораман.
Шундай қисди-бастилар туфайли “ЎзАС”да анча-мунча материалчаларим чиқиб кетди. Ва ниҳоят Аҳмаджон Мелибоев кадрлар масаласини кўтарди. Аниқ эсимда, Устоз, қадрдон шогирди, моҳир таржимон Аҳмад Отабоев ва мен Бош муҳаррир ҳузурига кирдик.
– Сен бизда ишламоқчимисан?
Аҳмаджон Мелибоевнинг биринчи берган саволи шу бўлди.
– Ишламоқчиман, – дангал жавоб бердим мен ҳам.
“Сиз лозим топсангиз”, “Агар рухсат берсангиз”, “Ниятимиз бор эди”, деб ўтирмадим. Томдан тараша тушгандай қилиб “ишламоқчиман”, дедим.
Жавобим Бош муҳаррирга ёқмади. Лекин мен бу мулоҳазаларни ўйлаб ўтиргулик аҳволда эмасдим ўшанда. Мелибоевнинг рўпарасида “Ёки ишга олинг, ёки қишлоққа кетиб юбораман. Мендай буюк ёзувчи, мамлакатда танҳо публицистдан мосуво бўласиз ва бунинг учун келажак авлодлар сиздан норози бўлишади”, дегандай ғўддайиб турардим.
Мелибоев “ўйлаб кўришини” айтиб хайрлашди. Яна бир ой “айланиб” туришга тўғри келди…

* * *

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг саноқли ходимлари бор эди. Адашмасам ўн бешга етмасдик. Энг қизиғи, бутун республикада, балким Ер шарида ғаройиб ҳодиса сифатида фақат шу газетада битта бўлимда икки бўлим муҳаррири ишларди. Яъни “Танқид, адабиётшунослик” бўлимида Маҳмуд Саъдий ҳам, Аҳмад Отабоев ҳам бўлим муҳаррири деган гувоҳномага эгалик қиларди…
Каминани фалсафа факултетини тугаллаганим учун “Ижтимоий ҳаёт бўлими”га муносиб кўришди. Устоз билан ёнма-ён хона. Шу тариқа иш бошлаб юбордим. Ўзимни кўрсатмасам бўлмасди. Ахир икки ойлик синов муддати билан ишга олишган…
Ростини айтиш керак. “Маърифат”да беш йилга яқин ишлаб, ёзиш-чизишда унча-мунча тажриба орттирганим учун ўшанда Бош муҳаррирнинг бу ҳаракати менга ҳақорат бўлиб туюлган эди. Ўлганнинг устига тепган дегандай бу муддат тугагандан кейин яна “Синов муддати билан меҳнат шартномаси олти ойга узайтирилсин”, деган мазмунда кадрлар бўлимига топшириқ бўлганини кўриб анча пайтгача қўлим ишга бормай юрди.
Ҳозир ўйлайман, ўша пайтда афтидан неандертал одам бўлган бўлсам керак. Ростдан ҳам оҳангим қўпол. Илтимосим буйруққа ўхшаб янграрди. Бетга чопарлик-чи? Устоз бу қусурни “бетгачоптирарлик”, деб атарди. Ҳа йўнилмаган таёқдай эдик, ҳатто ҳозир ҳам…

* * *

“ЎзАС”да кўп ишламадим, икки йилдан сал кўпроқ вақтим ўтди.
Устоз Маҳмуд Саъдийнинг энг кўп сабоқларини шу ерда олдим.
Бу таҳририятдагиларнинг деярли барчаси ўз ишининг ростмана Усталари эди. Масалан, Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев ҳар бир сонга икки ё учта долзарб, мулоҳазали мақолалар берар, ўринбосари Мурод Абдуллаев ижтимоий мавзуларни қойиллатар, “Санъат” бўлими муҳаррири Гулчеҳра Умарова ўз соҳасида лидерлардан бўлса, Аҳмад Отабоев таржима борасида кўпчилик тан берган уста эди. Бироқ уларнинг барчаси Маҳмуд Саъдийга таҳрир борасида йўл бўшатиши аниқ. Ҳар ҳолда мен шунга амин бўлганман.
Бунинг бир неча сабаблари борки, уларни баён қилмасак ўқувчи наздида бу гаплар қуруқ мақтов мақомида қолаверади.
Ўзим кузатганман.
Устоз қўлёзмани таҳрир қилишга қабул қилиб олар экан, биринчи ўринда муаллиф билан боғланиш имкониятларини пухта ўрганар, қандай манбалардан фойдалангани билан қизиқар, имкони бўлса фойдаланилган манбаларни номма-ном аниқлаб оларди.
Бир йўла таҳрир қилиб кетганини кўрмаганман. Олдин материални ўқиб чиқар, аввало муаллифнинг нима демоқчи эканлигини аниқларди.
Мумтоз адабиёт вакилларидан иқтибос келтирилган ёки бирор-бир илмий далил мисол тариқасида олинган бўлса, албатта, манбасини топиб текшириб чиқарди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Устозга бу иш кўп ҳам қийинчилик туғдирмасди. Сабаби, у кишининг уйи деярли кутубхона эди. Адашмасам қирқ мингга яқин китоб фонди бор.
Ана энди айтинг-чи, шунча имкони бор муҳаррир зўр бўлмай далилларни текшириш имкони бўлмаган муҳаррирлар зўр бўладими?
Устозга ҳамиша қойил қолиш мумкин бўлган яна бир жиҳат – у кишининг кечиримлилиги эди. Тўғри, панд берган одамни жуда чиройли қилиб, унча-мунча сўз усталари эплолмайдиган даражада гўрига ғишт қалаб турса-да (одатда кайфияти бўлмаган пайтлар ҳаммасини бир-бир эслаб чиқади), барибир балчиққа қориб ташламасди. Балким, ҳамиша уларнинг ижобий томонларини ростакамига эътироф этарди.
Ёш ижодкор сифатидаги кузатишларим жуда кўпчиликнинг ожиз томони сифатида холислик ва самимият масаласида оқсаганлигини кўрсатади. Кимдир ёқмаса ўшани умуман “кўкартирмайдиган” Устозларни ҳам кўп кўрдим. Қисман ўзимнинг ҳам бошимдан ўтказдим…
Биринчи китобим публицистик тўплам эди. Унинг китоб ҳолида дунёга келишига ҳам Устоз сабабчи бўлган.
– Менга қара, ўйлаб кўрсам ижтимоий юки бор, маърифий мазмундаги ишларинг ҳам анчагина бўлиб қолди. Китоб қилишинг керак, – деб қолди бир куни Устоз дабдурустдан.
У кишининг гоҳида устимиздан куладиган одати бўлиб, ниманидир нотўғри қилиб қўйсак бу воситадан жуда унумли фойдаланар эди. “Яна бошлади”, деб ўйладим. Аммо у кишининг юзларида жиддийлик зоҳир, қитмирликдан асар йўқ.
Чамаси уч ой материалларни сараладик. Албатта, шанба-якшанба кунлари. Яна олти ой Устоз таҳрирга вақт сарфлади. Мен эса янги мақол тўқидим: Умуман пул тўланмайдиган ишларни шошилмай таҳрир қилган маъқул!..
Китоб чиқди.
Мурод Абдуллаевнинг айтишича, ажойиб китоб бўлди.
Аҳмаджон Мелибоев сўзбоши ёзган бўлса-да, дастхат ёзилган нусхасини олар экан бир-икки варақлаб, индамасдан хонасига кириб кетди. Умуман у кишининг одати шундай шекилли, кейинги китобимни берганимда ҳам шундай йўл тутди…
Яйрагандан Устоз яйради.
Бирга юрганимизда танишлари кўриниб қолса, “Раҳбаримиз, ёзувчи Абдуҳамид”, деб таништирар, ҳали бирон ўқувчи ўқимаган ҳикоябашараларимнинг янгиларини айтиб кетар, гарчанд бу гаплар ўлгудай ёқиб турган бўлса-да, жўрттага уялгансимон бўлиб турардим…
* * *
Бир муддат ишлагандан кейин онгимда ички бир назорат пайдо бўлди. Ёза бошладимми, тамом. Кимдир қулоғимга шивирлай бошларди: “Нимани ёзаяпсан? Ёшингга ярашмайди, уят, ахир шу ёшда катталардай фикрлай бошлаш. Сиёсатга тегиб кетаяпсан. Бош муҳаррирга барибир ёқмайди”.
Тамом. Ҳаммаси расво бўларди. Ё ёзишни йиғиштириб қўярдим, ёки шивирлаётган одамнинг йўриғи бўйича ёза бошлардим. Бу материал энди Устозга ёқмасди.
– Нима қилдинг, аҳмоқ. Шунақаям ёзадими? Бир тийинга қиммат, ма ол материалингни, қайта ёз!
Кўпинча қайта ёзиш билан ҳам ишларимиз юришмасди. Ниҳоят гап нимадалигини Устоз англади шекилли.
– Ниманингдир расвосини чиқариш керак бўлса, бемаза муҳаррир топилади. Сен ўзингни-ўзинг расво қилиб ички назорат қилишинг шартамас. Ёзавер, ўзингни қўйиб юбор. Жонивор муҳаррир ҳам маза қилиб қисқартирсин. Бор нарсани пардозлаш қийинмас, йўқ нарса чатоқ, – деб қолди.
У кишига кечинмаларимни айтмаган эдим. Қаердан билди, ҳалиям ҳайрон қоламан. Талабалар билан ишлайвериб психолог бўлиб кетган шекилли. Ёки ижодкор сифатида унга бу туйғулар танишмикан?
Шундай бўлса керак!
Гоҳида тумтароқ жумлаларни ўқиб тутақиб қоларди:
– Нима бу? Уялмай шуни менга ўқитаман деб кўтариб келдингми? Ёзиб тугатибсан, аввал ўзинг ўқиб чиқсанг ўласанми? Ўқидим дейсанми? Қачон ўқидинг? Тугатган заҳоти қайта ўқиб, ҳовлиқиб менга чопиб келавердим де! Суфей сенга. Ҳеч бўлмаса ўн кун ташлаб қўймадингми? Силлиқ ёзиш шунчалик қийин эканми? Жумлаларингни овоз чиқариб ўқи, оҳанг бузилган ерда демак эга-кесим ҳам жойидамас. Шунгаям ҳафсала қилмадингми, номард!
Устознинг ҳар бир танбеҳи бир ўгит эди…
– Манави ҳикоянгни қара. Чўпон ҳам, академик ҳам, тентак ҳам, соғ ҳам, ҳаммаси бир хил гапиради-я. Ахир ҳамманинг ўз оҳанги, гапириш услуби бор эмасми? Ҳаётни кузат, ким нимага урғу беради, аҳамият бер, гапираётганда кимнинг мимикаси, кимнинг қўл ҳаракати суҳбатда қандай иштирок этаяпти, – дерди куйиб-пишиб.
Ёзувчи лабораторияси билан таниш деб жуда кўп машҳур ёзувчиларнинг иш услублари, ёзишга тайёргарликлари ҳақида ҳикоя қилувчи китобларини ўқишга берган эди менга. Қанчалик хулоса ололдим ёки йўқ Устозга аён.
Маҳмуд Саъдий ҳамманинг бир хил услубда ёзишини ёқтирмас эди. Шунинг учун Тоғай Муродга ёки бошқа кимгадир тақлид сифатида ёзилган матнларни кўрганда луғатда бор сўзлардан сўкиш тўқиб сизни обдон сийлаганч хулоса қиларди:
– Бу услуб яратилди, ўз услубингда ёз номард.
У киши кўпинча таҳририятга келган мақолаларнинг ҳаддан ташқари силлиқланишини, бир хил қолипга солинишини кечиролмас эди. Кечиролмасдию, аммо буни ошкор ҳам қилолмасди…
Шундай пайтлари аксарият ҳолларда Аҳмад Отабоевга тутақиб гап уқтириб кетарди. Аҳмад ака табиатан тинчликпарвар бўлгани учун кўпам у кишининг гапини маъқуллаб вақтини зое кетказиб ўтирмасди. “Устоз, –дерди, – ҳамма гапларингиз тўғри, фақат буларни адресга айтишингизни таклиф қиламан”…

* * *

“ЎзАС”дан кетишимга тўғри келди.
Биров мажбур қилгани йўқ.
Уйланган, икки фарзанднинг отаси сифатида ижара уйда танга санаб кун ўтказолмасдим албатта. Уй-жой қилиш, рўзғорни ўз йўлида тебратиш керак…
Хуллас, кетдим.
Аммо ёзишга нисбатан ўз нуқтаи назаримга эга бўлиб, қатъий хулоса билан тарк этдим таҳририятни. Касбимдан узоқлашмаган ҳолда нашриёт ишлари билан шуғуллана бошладим. Деярли ҳеч нарса ёзмадим. Ёзишга вақт ҳам бўлгани йўқ. Тирикчилик дегани шунақа нарса экан. Елкасини ерга текказиб олмагунча қадрдон муҳитингдан узилиб қоларкансан. Бу узилиш етти йил давом этди. Уйли-жойли, орзу-ҳавасли ҳам бўлдим. Яратганга шукур!
Бу вақт давомида Устоз билан жуда кам кўришдик.
Нашриёт ишларини яхши ташкил қилишда, юзни ёруғ қиладиган асарларни нашр этишда Устоз беминнат ёрдамини аямади…

* * *

Халқимизда саволомуз бир гап бор: қиссадан ҳисса?
Ҳеч ким осмондан оёғини узатиб тушмаган. Бирор-бир соҳани эгаллаши учун, мутахассис бўлиши учун албатта Устоздай улуғ зотларнинг қўлловига муҳтожмиз. Шундай экан устоз-шогирдлик анъанаси абадий.
Маҳмуд Саъдий номи, у кишининг хизмати айни кунга келиб минглаб журналистлар, ёзувчи ва шоирлар қалбидан ҳурмат билан жой олиб, меҳр томчилари сингари сингиб кетган. Устозга чин маънода ҳавас қилса арзийди. Етмиш етти ёшни қаршилаётган бўлишига қарамай ҳануз ижодда бардам, таҳрирда илдам.
Устоз Маҳмуд Саъдийнинг руҳиятида ўктамлик устун. Биз у кишидан шу фазилатни ўрганишга ҳаракат қилдик. Аммо Устоздек ўктам бўлолганимиз йўқ. Нега, деб сўрашингиз мумкин. Жавоби оддий. Ўктам бўлиш учун Устозникидек кутубхона, у кишининг дунёқарашидай дунёқараш, илмидек илм зарур. Агар таъбир жоиз бўлса, у кишини адабиёт бўйича “маълумот тўплами”га қиёслаш мумкин…
Энди эса азиз ўқувчи бевосита Устозга мурожаат этишга изн бергайсиз:
Устоз!
Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин!
Шогирдларингиз сафи мингга яқинлашиб қолган бир пайтда асло шаштингиз пасаймасин!
Оилангиз, шогирдлар, муштарийлар ва мухлислар бахтига саломат бўлинг!
Р.S: Агар бу ёзганларимизнинг эга-кесими ғашингизга тегса, айбга буюрманг. Устоз ҳақида ёзганда қўл қалтирар экан!..

Бир гуруҳ шогирдларингиз номидан,
Абдулҳамид Абдуаҳад ўғли