Абдужаббор Яҳёев. Меъморий меросга шоирона назар

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз ­адабиётининг улкан намояндаларидан бири бўлиш баробарида меъморлик ва боғ тузиш, ободончилик сир-синоатларини ҳам чуқур билган. Ҳиндистондаги ҳозирда оламга машҳур, жаҳон меъморий ­меросида муҳим ўрин тутган, мусулмон меъморчилигига хос бўлган муҳташам обидалари яратилишига асос солган. Ўзининг машҳур “Бобурнома” ­асарида у кўплаб меъморий иншоотларни қисқа, лўнда ва чуқур таърифлаб берган. Ҳозирда бу асар замонасининг меъморий иншоотлари ҳақидаги ­қимматли манба сифатида ҳам қадрлидир.

Мустақиллик йилларида Бобур фаолиятидаги бунёдкорлик, хусусан, меъморлик ва шаҳарсозликка оид ишларга қизиқиш янада кучайди. Айниқса, XVI-XVIII асрларда Бобур ва бобурийларнинг Ҳиндистон меъморчилигига олиб кирган Марказий Осиё ва Яқин Шарқ меъморлик ғоялари ва уларнинг бу ҳудудда ўзига хос кўринишда ривожланиш масалаларини ўрганиш илмий нуқтаи назардан долзарб мавзуга айланди. Халқаро маданий алоқаларнинг ­ривожланиши ва Ўзбекистон халқларининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасининг тан олиниши буюк юртдошларимизнинг жаҳон меъморчилигидаги ­фаолиятига ҳам эътиборни кучайтирди.

Улуғ ватандошимизнинг меъморлик ва ободончилик ишларига муносабатини аниқлашда унинг “Бобурнома” асарида қайд этган шаҳарлар тизими, меъморий иншоотлар ва қурилиш соҳасига оид фикрлари, маълумотлари эътиборга сазовордир. У ўзи кўрган шаҳар-қишлоқлар, турли иншоотларга лўнда ва аниқ таърифларни келтирган. Шоир ёзганлари асосида Марказий Осиё ва Хуросоннинг XV аср охиридаги шаҳарсозлик тизими ҳақида Андижон, Ўш, Марғилон, Исфара, Хўжанд, ­Конибодом, Ахсикат, Косон, Самар­қанд, Ҳирот, Кобул шаҳарлари қиёфаси тўғрисида маълум даражада тасаввурга эга бўлиш мумкин. Масалан, Андижон тўғрисидаги ёзганларидан XV асрдаги мазкур шаҳар қалин девор билан ўралгани ва уч дарвозали қалъадан иборатлиги, атрофида аҳоли зич жойлашган турар жой маҳаллалари бўлгани ҳақидаги маълумотни олиш мумкин. Бобур Ўш тарафидаги масканлар таърифини келтираётиб, бу ерда ўзи қурдирган иншоот ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Бобур қурдирган бу бино тоғнинг юқорисида, қулай ҳудудда жойлашган ва Ўш шаҳрини бутунлай юқоридан томоша қилиш мумкин бўлган.

Асарда келтирилган таърифлардан ҳозирда меъморлик тарихида муаммо бўлиб келаётган айрим масалаларни ечишда далилий ҳужжат сифатида фойдаланилмоқда. Марказий Осиё меъморчилигининг XVI асрдаги ҳолати ҳақида тасаввурни Бобурнинг асарларидаги айрим маълумотлар билан тўлдириш имконияти мавжуд. Шу маънода, унинг Самарқанд меъморчилиги ҳақидаги хабарлари катта илмий аҳамиятга эга. Бобур Самарқандда қисқа муддат бўлган бўлса-да, унинг ёдгорликлари, шаҳарсозлик ҳолати ҳақида қимматли фикрларни берган. Маълум бўлишича, Бобур давридаёқ шаҳар деворининг юқори қисми кенг ва мустаҳкам ҳолатда экан. Шунинг­дек, Бобур шу даврдаги Самарқанд қўрғони дарвозаларини ҳам номма-ном санаб ўтади: Оҳанин, Феруза, Шайхзода, Гозуристон, Сўзангарон, Чорраҳа. Ҳозирда уларнинг биронтаси ҳам сақланиб қолмаган. Бундан қатъи назар, Самарқанд ҳақида шоир келтирган кузатишлар шаҳарнинг қадимий тарихий топографиясини аниқлашда қимматли манба ҳисобланади. Ўз навбатида бу Самарқанднинг тарихий-меъморий қўриқхонаси чегараларини белгилаб, муҳофаза ҳудудларини қатъий қайд этишда асосий омил сифатида қабул қилинди. Хусусан, Бобур кўрсатган жойлар асосида шаҳар атрофидаги девор чегараси, мудофаа учун қулай жойлар ва дарвозалар ўрни белгиланиб, Самарқанднинг тарихий топографиясига аниқлик киритилди.

Бобур бу шаҳарда Темур ва Улуғбек қурдирган иншоотларга ҳам таъриф беради. “Темурбекнинг ва Улуғбек Мирзонинг иморати ва боғоти Самарқандда кўптур. Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошёнлиқ, Кўксаройга мавсум ва машҳур ва бисёр олий имораттур”. Яна “Темурбек солғон олий имораттин бири Кўксаройдурким, Самарқанднинг аркида воқиъ бўлубтур. Ажаб хосиятлик имораттур”, деб ёзади. Афсуски, замондошларини ҳайратга солган тўрт қаватлик улуғ кўшк Кўксарой бузиб ташланган. Чамаси, аркдаги кўпчилик иморатлар синчкорий бўлган. Сарой тўрт қаватли бўлгани туфайли зилзила оқибатида тез бузила бошлаган. Бобур саройни улуғ кўшк деб аташи ҳам бежиз эмас. Архитектура фанлари доктори Пўлат Зоҳидовнинг фикрича, кўшк тузилиши жиҳатидан қалъабанд қўрғонлардан анча фарқ қилади. Кўшк одатда мунтазам боғ ичида серҳашам, атрофга нисбатан очиқ иншоот ҳисобланади. Бобурнинг бу ўхшатиши Кўксаройнинг муҳташам ва серҳашам бўлганидан далолат беради.

Бобур Улуғбекнинг меъморчиликка оид ишлари ҳақида ҳам муҳим хабарлар қолдирган. Шундай лавҳалардан бири Самарқанднинг Регистон майдонидаги меъморий мажмуа иншоотларига тааллуқли бўлиб, бу майдоннинг XV аср охиридаги ҳолати хусусида тасаввур беради. Ўша давр иншоотларидан фақат Улуғбек мадрасаси сақланган. Майдон атрофидаги археологик тадқиқотлар натижасида мадрасанинг ғарб томонида Мирзои ҳаммомининг қолдиқлари аниқланди. Шоирнинг Улуғбек расадхонаси ҳақидаги маълумотлари унинг ўрнини аниқ белгилашга имкон берган эди. Археологик қазишмалар Бобур қайд этган тепалик ҳудудида олиб борилиб, Улуғбек расадхонасининг аниқ тарҳи очилди ва унинг меъморий ҳажмига оид маълумотлар аниқланди.

П.Зоҳидовнинг “Бобурнома” асаридаги маълумотлар бўйича қилган таҳлилларига кўра Бобур Мирзо ХVI аср бошида Улуғбек расадхонасини қандай кўрган бўлса, шундай қайд этгани ва расадхонанинг асл меъморий қиёфасини маълум даражада қайта тиклаш мумкинлиги аниқланди. Машҳур расадхона қолдиқларини самарқандлик зиёли уламо Абусаид Маҳзум ёрдамида археолог В.Л.Вяткин очганидан сўнг бу ерда бир неча бор археологик ­тадқиқотлар олиб борган олимлар расадхонанинг ҳақиқий кўринишига оид турлича мулоҳазалар юритган эдилар. Ер ости қисми ва пойдевори аниқланган расадхона ҳақида Бобурнинг икки сўздан иборат (“уч ошиёнлиқдур”) жумласидаги маънони тўғри англаш унинг асл меъморий ечими ҳақида тасаввур ҳосил қилишга имкон берди. Унинг “ошиён” сўзи меъморий бўлмалар маъносида қабул қилинса, расадхона уч қисм – марказда секстант ва икки ёнидаги турли хоналардан иборат айлана тарҳли иншоот кўринишини беради.

“Бобурнома” асаридаги ҳар бир сўз замирида қимматли маълумот яширинган бўлиб, унинг тўғри англаниши меъморий меросдаги кўплаб муаммоларнинг, йўқ бўлиб кетган меъморий намуналарнинг асл ечимини аниқлашда нақадар муҳим омил экани юқорида келтирилган мисоллардан кўриниб турибди. Шундай маълумотлардан яна бири Самарқанднинг машҳур Регистон майдонидаги мажмуаларнинг ХV аср ҳолатини аниқлашга имкон берди. Бобур таърифлаган бу майдондаги тўрт иншоотдан фақат Улуғбек мадрасаси тўлиқ сақланган.

Улуғбек хонақоҳи тўғрисидаги Бобур келтирган фикрларни таҳлил этган П.Зоҳидов, бу хонақоҳ ҳозирги мадрасанинг ташқи қаршисида эмас, балки орқа томонида, яъни ҳовлига нисбатан қарама-қарши (рўбарў) жойлашганини аниқлаган. Бобурнинг Регистондаги иншоотлар ҳақидаги маълумотлари орқали бу майдондаги мажмуанинг ХV асрга оид тарҳий ечимини маълум даражада аниқроқ тасаввур қилишга имкон топилди. Бобур Ҳиротда бўлганида, бу шаҳар ва унинг атрофидаги сайргоҳ, зиёратгоҳларни номма-ном қайд этган. Бу қайднома Навоий ва Ҳусайн Бойқаро даври Ҳиротининг тарихини тиклашда бебаҳо манбалардан биридир. Ушбу маълумотларнинг илмий аҳамияти шундаки, унда тилга олинган иншоотларнинг деярли барчаси бузилиб, айримларининг номлари ҳам унутилиб кетгани назарда тутилса, Бобур ёзиб қолдирган таърифлар Темурийлар ва Алишер Навоий қурдирган иншоотлар тарихи, ­меъморий меросини ўрганишда ғоят қимматли манбадир.

Шоирнинг XV аср боғ санъатида кўшклар меъморчилигига оид маълумоти Марказий Осиё боғ-сарой меъморчилигининг ривожланиш босқичидаги анъаналарни ва ечимларни бирмунча очиб беришга хизмат қилади. Олим П.Зоҳидов, Бобур тасвирлаган Ҳирот шаҳридаги Тарабхона, кичикроқ бўлса-да, кўп жиҳатдан Самарқанддаги Ишратхона (Боғи Дилкушо) ва Оқсаройни эслатади, деган фикрни илгари сурди. Яъни Тарабхона Ишратхона туридаги боғ-саройларда турар жой биноси эканини аниқлашга имкон беради. “Бобурнома”да шоир Ҳиротда Алишер Навоийнинг уйида истиқомат қилгани, у қурдирган иморатларни, Неъматобод мажмуасини кўриб чиққани ҳақида ҳам хабар беради. Асардаги Марказий Осиё меъморчилигига оид маълумотлардан ташқари Афғонистон ва Ҳиндистоннинг XV асрдаги меъморий ёдгорликлари ҳолати, бу даврда Ҳиндистон меъморчилигининг услуб ва анъаналарига оид мулоҳазалари ҳам эътиборга лойиқ. Бу борада Бобур кўп ҳолларда танқидий мулоҳазаларни, яъни “…Боғчанинг эшигида Ҳиндустоний вазълиқ бемаза айвонлар қилибтур” ёки “…Ҳунарларида ва ишларида сиёқ ва андом ва ража ва гўния йўқ… Ва иморатларида сафо ва ҳаво ва сиёқ ва андом йўқ” каби нуқтаи назарини намоён этади. Бу фикрлар кўп ҳолларда ҳинд меъморчилигидаги қадимий усуллар, анъаналар XV-XVI асрларга келиб ўзининг ғоявий заруратини йўқотгани ва Бобурийлар даври талабларига жавоб бермаслиги оқибати ҳам бўлиши мумкин. “Бобурнома”да суғориш тизими, сув иншоотларига оид кўплаб мисоллар, фикрлар ҳам келтирилган.

Умуман, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари меъморчилик, боғ санъати тарихи ҳақидаги тадқиқотлар учун ҳам қимматли илмий манба экани, шубҳасиз. Бу ноёб асардаги ҳозирда Самарқанд, Ҳирот, Кобул, Деҳли, Агра каби тарихий шаҳарларнинг бизгача етиб келмаган меъморчилик, шаҳарсозликка оид обидалари ҳақидаги маълумотлар асосида кўплаб қадимий мерос қолдиқларида бажарилган археологик қазишмалар муваффақиятли ўтди. Кўплаб меъморий ёдгорликларнинг асл ҳолатини аниқлашда, уларни таъмирлашда ҳамда консервация қилишда ҳам муҳим илмий-амалий аҳамият касб этмоқда.

Абдужаббор Яҳёев,

архитектор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 7-сон