ХХ асрнинг 30-йилларида, айниқса, машъум оммавий қатағон пайтида юрак-бағри бутун ёзувчи, санъаткор, арбоб, олим, омилкор қолмади ҳисоби. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Шайхзодани қамамадилар. Лекин уларни шунчалик хор-зор қилдиларки, инсон зоти бундай руҳий-маънавий азобларга тоб бериши амри маҳол эди. 1937 йилнинг 31 августидан 5 сентябригача Ойбек учун дўзах азобидан қийин кунлар бўлди. Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси пленумида ёзувчининг сиёсий фаолияти, ижтимоий-маънавий қиёфаси масаласи ўртага қўйилди. Ойбекни миллатчидан олиб миллатчига солишди, нари олиб бориб, бери олиб келишди. Ойбек ўзи билмаган, етти ухлаб тушига кирмаган “гуноҳларини” ўзгалар оғзидан эшитиб ҳангу манг бўлди. Бундай вазиятда инсон ўзини ҳимоя қилолмайди, туҳматларни бўйнига олишдан ўзга йўли қолмайди. Пленум қарори бўйича “Ойбек Ёзувчилар союзи аъзолигидан ўчирилди, Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалди” (“ЎзАС”, 2005, 21 январь).
1937 йилнинг сентябридан Ойбек ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Ишламаса бўлмайди: уч фарзанди, оиласи бор. Ойбек ўз тенгқурлари орасида интеллектуал салоҳияти кучли олим эди. У фалсафа, эстетика, тарих, иқтисоддан ташқари, жаҳон адабиёти намояндалари асарларини яхши биларди. Ойбек бошига иш тушган пайтда профессор Н. Ф. Дератанининг икки жилдлик “Антик адабиётдан хрестоматия” китоби машҳур эди. Хрестоматиянинг иккинчи китоби “Рим адабиёти” ни таржима қилиш имкониятини Ойбек ўзига қарата олди. Салкам 16 босма табоқли бу асар “Бизнинг эрадан илгари III-I асрлар адабиёти”, “Рим адабиётининг классик даври” (милоддан аввалги I асрнинг охири, милоддан кейинги I асрнинг бошлари), “Императорлик даври адабиёти (милодий I-II асрлар)” бўлимларидан, “Шарқлар” ва “Атоқли исмлар ва адабиётшунослик терминлари рўйхати” дан иборат эди. Хрестоматияни таржима қилиш Ойбек учун катта ижодий мактаб бўлди. Асарга Тит Плавт, Публий Теренций, Гай Катулл, Тит Лукреций, Марк Цицерон, Квинт Гараций, Марон Вергилий, Публий Овидий, Луций Сенека, Гай Петрони, Луций Апуллей, Албий Тибилл, Лукианларнинг трагедия, комедия, дидактик поэма, лиро-эпик достон, сатиралари киритилган эди. Ойбек хрестоматияни таржима қилишдан олдин Н.Ф. Дератанининг “Юнон адабиёти” (М.-Л., 1932), “Плавт театри” (М.;1933 йил) сингари асарларини ўқиб чиқди. “Рим адабиёти хрестоматияси” таржимаси Ойбекка зўр ижод мактаби бўлди: таржимон уч тур ва кўп жанрдаги асарларни бирйўла ўзбекчага ўгирди, шарҳ ва луғат мағзини чақди. Таржимон деярли барча асарлар охирига “баъзи ўзгаришлар билан” деган иборани қўшганки, таржимага ижодий ёндашганлиги сезилиб туради. Хрестоматияга киритилган асарлар муаллифлари ҳақида тазкирамонанд маълумот берилади. “Рим адабиёти хрестоматияси”да асарлардан парчаларгина берилган. Хрестоматия, таржимон маҳоратини кўрсатиш мақсадида Луций Сенеканинг “Октавия” трагедиясидан кичик бир парчани келтиришни лойиқ топдик:
Октавия:
Энди золим мустабид мени юборар
Ғамли кўлкаларнинг зулмат юртига.
Нимага мен шўрлик беҳуда йиғлай?
Тақдир кимни лойиқ кўрган бўлса у
Элтсин ўлимга мени! Кўк тангриларни
Чақираман… Тўхтанг, тентак, кўк тангрилари
Сендан нафрат қилишади. Мен чақираман
Тартарни, ҳам жаҳаннамнинг ўч олар
Илоҳаларин, шундай жазо ва ўлимга сазовор
Бўлган отам, сени-да чақираман.
Тайёрлангиз кемани, чодирни қуриб,
Узоқ Пандатария соҳилларига
Томон йўл солсин илдам кема ҳайдовчи.
“Рим адабиёти” хрестоматиясининг сарварағига: “Китобнинг таржимаси ЎзССР Маориф Халқ Комиссарлиги тасдиқ этган” деган ёзув борки, у Ойбекка ўша йиллардаги муносабатдан дарак беради. Ойбек таржимасидаги бу хрестоматия нашр этилганига 66 йил бўлди. Ҳозир университет, институт филолог-талабалари жаҳон адабиётини ўрганадилар. Афсуски, ҳозиргача юнон, рим, миср, япон, хитой антик адабиётидан ўзбек тилида дарслик, хрестоматиялар йўқ. 1965 йилда Москвада Н. Ф. Дератани, Н. А. Тимофеев тайёрлаган “Антик адабиётдан хрестоматия”нинг I-II жилдлари чоп этилган эди. Ойбек таржимасидаги “Рим адабиёти” хрестоматияси ўз қимматини сира йўқотгани йўқ. У Ҳозир қайта нашр этилса, Ойбек таваллудининг 100 йиллигига муносиб совға бўлар эди.
* * *
Ойбек ёзувчилар союзидан чиқарилиб, Тил ва адабиёт институтидаги ишидан четлатилганда 33 ёшда – ишлаб, ўқиб-ўрганиб, ижод қилиб чарчамайдиган балоғат палласида эди. У “Антик адабиётдан хрестоматия” нинг II жилдини таржима қилар экан, ўзбек халқининг миллат сифатида шаклланиши жараёнини ҳаққоний акс эттириб берадиган роман концепциясини онгида етилтираётган эди. Санъаткор қандай асар ёзмасин, барибир, шахсий ҳаётининг, оилавий муҳитнинг қайсидир томонларини акс эттиради. Катта эпик асарда ёзувчига таниш, унинг хотирасидан ўрин олган воқеалар, кишилар тасвирланади. “Қутлуғ қон” романида тасвирланган воқеалар ХХ асрнинг 10-йиллари ўртасида рўй беради. Ойбек бу даврларни яхши эслайди. Аниқроғи, ХХ асрнинг 10-йиллари воқелиги, одамлари Ойбек ижодининг ўқ илдизидан бирини белгилайди. У “Бобом”, “Болалик”, “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Улуғ йўл” асарларида шу даврни тасвирлайди. Демоқчимизки, Ойбек ижодини ўрганганда биографик методни зинҳор унутмаслик жоиз. Француз адиби, олим – мутафаккир Шарль Сёнт-Бёв (1804-1869) биографик методга асос солди. Бу методга кўра бадиий асарда ёзувчи биографиясига тааллуқли кўп масалалар мавжуддир. Аввало, асар ғоясининг, концептуал асосининг пайдо бўлиши ёзувчи ҳаётидаги бирон масала билан боғланиб кетади. Иккинчидан, ёзувчи билибми, билмайми (ғайришуурий ҳолда) юраги қаъридаги туйғуларни, хотирасига сингиб қолган воқеа, шахсларни асарига кирита бошлайди. Учинчидан, асарнинг ёзилиши жараёнидаги ҳолатлар, манзаралар, ҳодисалар табиий ҳолда асар структурасига сингиб боради. Матёқуб Қўшжонов, Наим Каримов тадқиқотларида, Зарифа Саидносирова хотира-китобида Ойбек асарларидаги биографик томонлар – ҳаёти, турмуши, кайфияти, танишлари, асарлари прототиплари ҳақида қизиқарли воқеалар келтирилган. Биз “Қутлуғ қон” асарининг ёзилиш жараёни билан боғлиқ биографик жиҳатларга эътибор қаратмоқчимиз. Бошқача айтсак, ёзувчилар союзи пленумидан (31. VIII—5.IХ.1937) кейинги воқеаларнинг Ойбек тақдири, “Қутлуғ қон” романи биографиясида қандай акс этганини кўрсатмоқчимиз. Образли айтганда, 1937 йилдаги машъум пленум навқирон Ойбекнинг ёруғ кунини қоп-қора тунга айлантирди. Ойбекдаги санъаткорлик, юксак истеъдод зимистон тунда чарақлаган юлдузни – “Қутлуғ қон”ни бунёд этди.
“Қутлуғ қон” романи 1938 йилда, қисқа муддатда битилганлиги айтилади. Роман ёзилган жой, фасл ҳақида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, драматург ва режиссёр Рихсивой Орифжонов (“ЎзМЭн.”, 6-том, Т., 2003 йил, 566-бет) ҳикоя қилиб берган эди. Рихсивой ака асли Юнусободнинг Оқота мавзесидан бўлган. Қишлоғимизда Ойбек домланинг дала боғи бўларди. Боғдаги кўркам шийпон ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Ёз кечалари Ойбек шийпонида керосин чироқ алламаҳалгача ёқиқ турарди. Мен, 12 ёшли қишлоқ боласи Ойбек домла шийпонидаги чироққа тикилиб ётганимча уйқуга кетардим. У вақтларда электр, радио қаёқда дейсиз. Ҳатто жинғироқли соат ҳам йўқ экан-да, қишлоғимизда. Ойбек шийпонидаги чироқ ўчиши билан қишлоқ аҳли ғимирлаб қоларди: кексалар бомдод намозига тайёрланар, бозорчилар от, эшакни аравага қўша бошлар, яна кимлардир ўз юмушларига банд бўлардилар. Мен болалигимни эсласам, ёз фасли, Ойбек шийпонида пориллаб ёниб турган чироқ хаёлимга келаверади. Кундуз кунлари мол боқиб юрганимизда биронта овлоқ, салқин жойга кўрпача тўшаб китоб ўқиб ўтирган Ойбек домлани кўриб қолардик…
Наим Каримов “Ойбек” китобида ёзади: “Адибнинг айтишича, у романни қисқа муддатда – саккиз-тўққиз ой мобайнида ёзиб тугатди. Бу 1938 йилнинг ёз ойлари эди.
Миркарим Осим худди шу даврни эслаб, ёзади: “Мен якшанба куни Ойбекни йўқлаш учун унинг Оқтепадаги (?!) боғига бордим. Қўрғонча эшигини тақиллатган эдим, Зарифахоним чиқиб, мени ичкарига таклиф қилдилар.
– Ойбек шу ердами?
– Ҳа, шу ерда. Лекин ҳали уйқудан тургани йўқ.
– Ие, соат бир бўлди-ку. Кечаси иккида ётган бўлса ҳам, уйқуга тўйиши керак эди.
– У кўпинча соат уч-тўртгача шийпонда ўтириб ишлайди. Энди турадиган вақти бўлди, киринг ичкарига. –Зарифахоним айвондаги хонтахта устига дастурхон ёзиб, бир чойнак чой келтириб қўйдилар” … (93-94-бетлар).
Зарифа Саидносирова “Ойбегим менинг” (Т., “Шарқ”, 1994) хотира-китобида 1934 йилда Тахтапул ва Юнусобод мавзелари ўртасидаги Оқота деган жойдан (ҳозирги Ғуломмаҳмуд Абдуллаев маҳалласи, аввалги “Ворошилов”, “Карл Маркс” колхози идорасининг атрофи – А.Р.) боғ ҳовли сотиб олганликлари, бу жой Ойбекка ниҳоятда маъқул бўлгани ҳақида ёзади. Муаллиф боғнинг кўринишини тиниқ тасвирлайди: “ … боққа торгина боғ кўчадан кичкина бир эшикча орқали кириларди. Эшикдан бошланган якка йўлнинг ўнг томонида катта ҳовуз, атрофида қизил олма оғочлари терилган… Сўл томонда бир танобча келадиган бедазор… ҳовуздан кейин – қўрғон: унда бир уй ва бир айвон бор. Қўрғон орқаси ва бедазордан бошлаб 18 ишком узум: чарос, қора кишмиш, даройи, соҳиби, ҳусайни, нимранг ва ҳоказо. Беда атрофида олма ва шафтоли оғочлари. Шафтоли май ойидан бошлаб пиша бошлайди. Навлари жуда кўп… 1934 йилдан 1939 йилнинг кузига қадар ҳар ёзни шу боғда ўтказдик”.
“Қутлуғ қон” романидаги структура тизимини мукаммал ўрганган мутахассис асардаги биринчи семиотик марказ Мирзакаримбой боғи тасвири эканини англаб етади. Ойбек боғни тиниқ, аниқ, ишонч билан тасвирлайдики, шу жойни билмаган, кўрмаган одамда бунчалик тиниқ, қатъий матн сира пайдо бўлмас эди. Илк семиотик марказнинг бошланиш қисми, табиийки, романнинг илк саҳифалари, Йўлчининг “Тўпқайрғоч”га кириб, Жаббор кўса чойхонасида чой ичиши, атрофини синчковлик билан кузатишидир. Ҳар қандай катта асарнинг бошланиши, иложи борича, китобхонга кўп “вазифа бериш”ни тақозо қилади. “Қутлуғ қон” романи саратоннинг сариқ кунида (“Ҳамма ёқни олов сели тўлдирган”, “ҳаво аллақандай оқ аланга билан ёнгандай”, “куйиб ётган билқ-билқ юмшоқ тупроқ”) “иссиқда, совуқда обдон пишган”, “баданидан куч ёғилиб турган” Йўлчининг чойхонага кириб келиши, “чувак юзли, эти суягига ёпишган, жиккак… ғирт кўса” самоварчининг дийдиёларига эътибор қаратиши, “куннинг даҳшатли ёнувига қарамай, қалин, қора жун чакмонга ўралган бир қозоқнинг… минут сайин… самоварчига… “Шилимни узат!” дея буйруқ бериши сингарилар билан бошланади.
Самоварчи Йўлчига қарата:
– Роса мучанг бор экан, иним. Баданингдан куч ёғилиб турибди-я. Қаерликсан, сайрамликми? – дейди. Шу заҳоти у бирдан шанғиллаб қолади: “Ҳой, аравакаш бола, отингни торт, нақ тезагини дўппингга солиб бераман!”…
Деворга суянган лоқайд қозоқ, “… сайрамликмисан?-дея сўрашиши, “тезакни дўппига солиб бериш” пўписаси – биографик метод нуқтаи назаридан аҳамиятли. Воқеа Тошкентнинг шимол тарафида, қозоқларга яқин жойда, қишлоқда (от, эшаклар тезаги) рўй беряпти. Романдаги воқеалар ёзувчи Ойбек ёзда дам оладиган, яшайдиган Оқота қишлоғи атрофида кечяпти. Кўринадики, романнинг бошланиши биографик, топонимик, этник маълумотларга бой. Бадиий асарнинг ҳар томонлама сержозиба, маълумотларга бой, деталларга сероб бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Қизиғи шундаки, орадан 15-20 кун ўтиб Йўлчи яна гузарга – ўша таниш икки чойхона, қассоб дўкони, боққол дўконига чиқади. Энди гузарни ҳам, ён-атрофни ҳам Йўлчи бошқача кузатади. Бу гал унинг диққатини боққол билан ижара аравасининг гупчаги сингани боис, қовунини шаҳарга етказа олмаган деҳқон орасидаги савдо муносабати жалб қилади. Қизиқки, бу гал Йўлчи на Жаббор кўсага, на чойхонадаги кишиларга эътибор беради. Уни жиддийроқ муаммолар комига торта бошлайди.
Ижод жараёни юрилмаган йўл бўйлаб боришга, аниқроғи, тунда автоуловни бошқариб бораётган ҳайдовчи юмушига ўхшайди. Ёзувчи асари ғоясини, қаҳрамонлари тақдирини билади. Лекин уйдаги гап кўчадагига тўғри келмайди дейилганидек, йўл-йўлакай бир қанча масалаларни ҳал қилиб боришга тўғри келади. Ёзувчи ўзи истамаган ҳолда янги персонажларни киритишга, айрим ҳолатларни беришга, янги воқеаларни тасвирлашга мажбур бўлади. “Қутлуғ қон”даги бир персонаж, масалан, Йўлчининг иниси Қурбон бойда корандалик қилаётганини айтади. Суҳбатларнинг бирида Унсин тасодифан Эргаш акасини эслаб қолади. “Улуғ йўл” романида эса Йўлчининг иниси Элмурод номи билан китобхонга таништирилади. Гап, албатта, персонажларнинг номида эмас, асар сюжетидаги ўрнида, бош ғояни ёритишдаги вазифасида. Лекин моҳир санъаткор ҳар бир деталга, ҳар бир ҳолатга эътибор қаратади. Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” китобида ғалати бир ҳолат бор. Ойбек “Қутлуғ қон”ни ёзиш жараёнида Йўлчининг синглисини қандай ном билан атаса маъқул бўлишини Зарифахонимдан сўраб қолибди:
Тун яримлаган
Шоир “Қутлуғ қон”
Романидан бош
Кўтармас бир он.
Қўлимда китоб
Атом Ҳикмати,
Тафаккуримда
Дунё қисмати.
Бир исмни топ,
Ёқимли ёш қиз-
Йўлчи синглиси
Кўзлари юлдуз.
– Заҳро ё Чўлпон
Ё Олтинбиби?
– Кам учрар Унсин
Бу энг яхшиси!
“Қутлуғ қон” га Унсин образи шундай кириб келди.
Бадиий асар яратаётган ёзувчи табиатни тасвирлайдими, ҳолатларни кўрсатадими, диалогларни берадими, қаҳрамону персонажларга ном қўядими, эмин-эркин ҳаракат қилади. Лекин структура тизими, матндаги ҳар бир ифода, ишора ўз мантиқи, мазмунига эга бўлиши керак. Бошқача айтганда, асарга биографик ёндашилинадими, синчиклаб таҳлил қилинадими, у бошқа тилларга ўгириладими, матндаги ҳар бир белги ўз мазмунига эга бўлиши шарт. “Қутлуғ қон”да темирчи Қоратой, унинг ўғли Холтой, маҳсидўз Шокир ота, унинг дардманд ўғли Тоҳиржон образи берилган. Эътибор берсангиз, Мирзакаримбой Йўлчининг маслакдошлари ҳақида титраб-қақшаб дейди:
–… Унинг бир муттаҳам темирчи дўсти бор. Шокир эзма деган бир отаси бор. Улар қутқарсин… (277-бет). Қаранг, Қоратойдаги дадиллик, ҳеч нарсадан тоймаслик Мирзакаримбойга муттаҳамлик бўлиб кўринган. Шокир отадаги бурро-бурро гапириш бойга эзмалик бўлиб туюлган.
Хуллас, бадиий асардаги биографик ҳолатлар, воқеа-ҳодисаларни ёритгандаги ўзига хосликлар структура тизимида ўз ўрнини топади, семиотик нуқта сифатида аҳамият касб этади.
* * *
Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи яратилганига салкам 70 йил бўлди. ХХ асрнинг иккинчи ярмида шаклланган – кирилл ёзувида саводи чиққан икки-уч авлод китобхонлари “Қутлуғ қон”ни роса ўрганишди, асар бўйича тадқиқотлар, иншолар ёзишди. “Қутлуғ қон” ўн йиллар мобайнида адабиёт дарсликларига киритилди, театрлар саҳнасида ўйналди, экранларда кинофильм сифатида кўрсатилди. “Қутлуғ қон” ўзбекнинг маънавиятидан шундай мустаҳкам ўрин олдики, бу асарсиз руҳониятимиз кемтик, номукаммал бўлиб қолишини англаймиз.
Асарнинг асар бўлишида, қадриятга айланишида адабиётшунослик, адабий танқиднинг ҳиссаси улкан. И.Султонов, Ҳ.Ёқубов, М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, Н.Каримов, У.Норматов, Б.Назаров сингари адабиётшунос, танқидчилар Ойбек ижоди, хусусан, “Қутлуғ қон” ҳақида тадқиқот, мақолалар яратдилар. Айниқса, академик Матёқуб Қўшжонов “Қутлуғ қон”ни теран таҳлил қилди. У бадиий характер ҳақида тадқиқот яратар экан, асосан, Ойбек романларини асос қилиб олди.
Янги ўзбек адабиётидаги илк мукаммал асарлардан ҳисобланган “Қутлуғ қон”ни Ойбек 33 ёшида яратди. Адибнинг шу давргача ёзган барча асарларига “Қутлуғ қон” ёғду бериб туради; Ойбекнинг кейинги 30 йиллик ижоди маҳсуллари “Қутлуғ қон” машъалидан нурланади, десак хато бўлмайди. Тўғри, “Навоий” романи Ойбек ижодининг нурли чўққиси. Лекин, менимча, “Қутлуғ қон”ни ёзишда орттирилган маҳорат “Навоий”га ҳам ўз таъсирини ўтказди.
“Қутлуғ қон”ни яратиш Ойбек тақдирига битилган эди. Ёзувчи ғайришуурий ҳолда “Қутлуғ қон”ни яратишга тайёргарлик кўра бошлади. У Чўлпон ижодидан олам-олам завқ олди. Абдулла Қодирийни ҳам инсон, ҳам санъаткор сифатида севди. Аммо Ойбек бу санъаткорлар ҳақидаги қарашларини рўй-рост тилига чиқара олмади. Аниқроғи, замон зайли, адабий сиёсат, сохта ижтимоийлик методи Ойбекнинг бўғзини тўсди, қўлидаги қаламни эгри йўлларга буришга ундади. 1937 йилдаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа-ҳодисалар, ур-сур, ҳамма-ҳаммалар, дилни ранжитишу яралашлар Ойбекни четлаб ўтмади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 1937 йил 31 август – 5 сентябрдаги Пленуми Ойбекни нари олиб бориб, бери олиб келди. Ойбекни қамамадилар, аммо қамалгандан бешбаттар қилдилар. “Ушбу Пленумдан сўнг ойбек Ёзувчилар союзи аъзолигидан ўчирилиб, Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалди. Ана шу даврда у илк романи “Қутлуғ қон”ни ёзади”.
Буюк санъаткор шахсий фожиаларини асар руҳига, матннинг чийратма арқоғига чувалаштирмайди. Бу фазилат “Қутлуғ қон” матнида аниқ кўринади. Аксинча, Ойбек “Қутлуғ қон” романида шу пайтгача яратилган сара қисса, романлардаги воқеа-ҳодисалардан, характерлардан таъсирланганини яширмайди. Гуландом образида Зеби (“Кеча ва кундуз”), Нетай (“Нетай”), Холисхондан (“Паранжи сирларидан бир лавҳа”), Гулнорда Кумушдан (“Ўткан кунлар”), Лутфинисода Ўзбек ойимдан (“Ўткан кунлар”), Мирзакаримбойда Юсуфбек ҳожидан (“Ўткан кунлар”), Солиқ Махдумдан (“Меҳробдан чаён”), Нурида Хушрўйдан (“Ўткан кунлар”) ўтган аллақандай аломатлар сезилиб туради. Ёрмат ва унинг оиласи тарихининг баъзи томонлари Раззоқ сўфи оиласи (“Кеча ва кундуз”) тақдирини ёдга туширади.
“Қутлуғ қон” романида “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Шум бола”, “Нетай” сингари асарлардаги ҳолатларни эслатадиган ўринлар бор. “Гулнор катта ариққа яқинлашганда, бирдан тўхтади: ариқ ёқасида Йўлчи юз-қўлини артиб турарди. Гулнорнинг юраги кучли тўлқинланди, бутун гавдасини тотли бир титроқ босди”. Китобхон ёдига Отабек ва Кумушнинг ариқ бўйидаги илк учрашуви тушади.
“Қутлуғ қон” романидаги характерларнинг айрим томонлари ўзга асарлардаги қаҳрамонларникига ўхшаб кетиши, асарда таниш ҳолат – вазиятларга дуч келиб қолиниши Ойбек асарининг бетакрор, ўзига хослигига зинҳор соя солмайди. “Қутлуғ қон”нинг матни ўзигагина хос таркибий тизимга, пишиқ-пухта тўқимага эга. Асар матнида синиқ, сўниқ, ожиз ҳалқалар деярли учрамайди. Матннинг пишиқ-пухталиги, мустаҳкамлиги асар концепциясига боғлиқ. Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи концепцияси ниҳоятда теран, пухта. Ёзувчи ўзбекнинг ХХ аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий-сиёсий даражасини, руҳий-маънавий ҳолатини, миллий ўзига хослигини ниҳоятда аниқ, тиниқ, конкрет тасвирлаган. “Қутлуғ қон” – янги ўзбек адабиётидаги ҳақиқий реалистик асар намунаси. Асар концепцияси қанчалик теран, тиниқ, ҳаққоний бўлса, у ўз-ўзидан ўзга асарлардаги концепцияни ўз ўзанига буриб юбора олади. Ойбек 1915-16 йиллардаги Тошкент, тошкентликлар ҳаётини тасвирлаган. Бу йилларда миллий буржуазия жадал ривожланаётган, савдо-сотиқ авж олаётган, йирик бойлар бош кўтариб, майда-чуйда савдогарлар “синаётган”, камбағаллар, ночорлар кўпаяётган эди. “Қутлуғ қон”да қаҳрамонлар, воқеа-ҳодисалар кўп. Уларни ўша пайтда аниқ ўлчайдиган бир тарозу пул мавжуд эди. Бойларни пишқиртирган, бойвуччаларни қутиртирган, қашшоқу йўқсилларни зир қақшатган куч – пул эди. Пул ошкора ва пинҳона жиноятчиларни, ношаръий битимларни, мунофиқликни авж олдирди. Пул ҳокими мутлақ бўлган жойда инсон қадри арзонлашар, ғурур оёқ ости қилинар экан. “Қутлуғ қон” романида пул муомалалари, ҳисоб-китоблар кўп ўрин эгаллайди.
Хуллас, “Қутлуғ қон”да ўзбек халқи ҳаётидаги муҳим бир жараён тўлалиги, теранлиги билан акс эттириб берилган. Асарнинг бош қаҳрамони Йўлчи Хўжакентдан Тошкентга меҳнат қилиш, пул топиш учун келади. Роман матнидаги илк семантик нуқталардан бири бундай ифодаланган: “қишлоқда кўп одамларнинг юмушини қилдим, майли, бу ерда ҳам ишлай. Яхши ишласам, албатта, чакки бўлмайди. Негаки, булар қариндошларим, ҳаммадан юлсалар ҳам, мендан юлмаслар – гап яхши ишлашда!”. Йўлчи, асосан, Мирзакаримбой хонадонида, бойнинг қариндош-уруғлариникида ишлади. Тил учида бўлса-да, Салим, Ҳаким Йўлчини “жиян, жиян”лаб туради, Нури гоҳо қишлоқдаги аммасининг ҳолидан гап очади. Йўлчи бойни, “тоға” – бойваччаларни “ака”, “почча”, бойвуччаларни “опоқи”, “янга”, “опа” деб пул йиғиши мумкин эди. Романдаги энг нозик томон шундаки, Ойбек Йўлчи орқали ўзбекнинг ор-номуси, ҳалоллиги, ғурурини кўрсатиб бермоқчи. Бошқача айтганда, инсон қадр-қиммати энг арзон бўлган бир даврда Йўлчи ғурур, қадр-қимматни бой бермади. Романда Йўлчи ва Ёрмат ҳамиша бақамти тасвирланади. Ёрмат ўрта ёшдан ошган, рўзғорли, киришимли, серғайрат, сўзамол одам. Лекин бой хонадонидагилар Ёрматни одам ўрнида кўрмайдилар. Ёрмат –хизматкор, мардикорларнинг бевосита бошлиғи. Аммо на Ўроз, на Алиохун, на тошкентлик мардикор Ёрматни заррача ҳурмат қилмайди. Нега? Ёрмат қадр-қимматини, инсоний ғурурини бой бериб қўйган одам. Мирзакаримбой илк бор Йўлчига синчиклаб назар солар экан, “бутун сиймосида катта жасорат ва ғурур сезди”. Обдон чиниққан бу йигитдаги “жасорат ва ғурур” одам танийдиган Мирзакаримбойга ёқмади. Аслини олганда, Йўлчининг бош қаҳрамонлиги, халқ намояндаси эканлиги ўша жасорат ва ғурурда акс этган. Йўлчидаги ҳалоллик, меҳнатсеварлик, поклик–тарбия, аҳлоқ самараси. Бу белгиларни, билимдонликни тарбиялаш мумкин. Аммо ғурур ва жасорат Йўлчи характерининг бетакрор, ўзигагина хос томони. Мана шу белгилар Йўлчига бахт ҳам, бебахтлик ҳам келтиради. Англашимча, Йўлчи ва Мирзакаримбой хонадонидаги муносабат, муҳит ўзига хос макет, атайин яратилган ҳолат. Яъни ўзбек халқи 130 йилдан мўлроқ муддатда чор ва қизил империя инон-ихтиёрида бўлди. Ўзбек мустамлакачиликнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоб, қийноқ, хўрлик, қатағонларини бошидан кечирганда ҳам ғурурини, жасоратини бой бермади. Мустақиллик йилларида ўзбек ғурури, жасорати, топқиру билағонлиги боис жаҳон халқлари қаторида ўзининг муносиб ўрнини эгаллай бошлади. Ўйлаб кўрилса, “Қутлуғ қон”да тасвирланган ғурур, жасорат, қадр-қиммат сингари миллий қадриятларни юксак тутиш янги авлод ёзувчилари ижодида изчил давом эттирилмоқда.
Йўлчидаги ақллилик унинг ғурур, жасоратини нурлантиради, маъно-мазмун билан бойитади. Йўлчи характеридаги сахийлик, бағри кенглик тасвирига алоҳида ўрин берилади. Йўлчи тоғаси хонадонига эндигина келганида, кичик бойвачча Рафиққа най ясаб беради, ёш бола билан мириқиб суҳбатлашади. Йўлчи вақти-вақти билан камбағал деҳқонларга, ҳунармандларга қўлидан келганича яхшилик қилади, саховат кўрсатади. Шокир отага, бедаво дардга мубтало бўлган Тоҳирга, гадойчилик қилишгача борган Шоқосимга, Ўрозга, бойлар қўлидаги қўғирчоққа айланган баччага, нонвой Саодат кампирга, темирчи Қоратойга қўлидан келган яхшилигини қилади.
Роман матнида Гулнорни ўқувчига яқиндан таништиришдаги ҳолат – семантик нуқта диққатни ўзига жалб қилади: “Эшикни оҳиста очиб, танчага солиш учун қўлида бир хокандоз тўла лахча чўғ билан ёш қиз кирди. Бу – Ёрматнинг қизи Гулнор эди. Нафис, нозик, маъсум бир қиз. Бўйи ёшига қараганда баландроқ, лекин бутун гавдага мутаносиб. Болаларча кулимсираган ва юқоридан пастга томон майин ингичкалашган оқ, тиниқ юзи, қалам билан чизилгандай ингичка, маънодор қошлари, узун, қуюқ киприклар орасида ёнган йирик қора кўзлари бор эди. Бу кўзларда туйғунлик, олижаноблик, кўнгилнинг баҳорий тозалиги, илиқлиги ва қандайдир паришон хаёлчанлик жилваланар эди” (95-бет). Ойбек Гулнор портретини рассомдай чизган, шоирдай тасвирлаган. Дарвоқе, Ойбек “Қутлуғ қон” яратилгунча шоир, достоннавис сифатида танилган эди. Янада аниқроқ айтсак, Ойбек “Қутлуғ қон”нинг руҳига лирик шеърларини, достонларидаги қаҳрамонлари характерини сингдириб юборган. Ижодий бисотидан ҳамиша унумли фойдаланиб туриш Ойбек услубининг муҳим хусусиятларидан. “Қутлуғ қон” матни арқоғига “Ўч”, “Темирчи Жўра”, “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Дилбар – давр қизи” достонларидаги қаҳрамонлар, ҳолатлар моҳирона сингдириб юборилганлиги ўзбек адабиётшунослигида ёзилган. Чунончи, Йўлчида Холхўжадан (“Ўч”), Ўрозда Суюндиқдан (“Бахтигул ва Суюндиқ”), Қоратойда Жўрадан (“Темирчи Жўра”), Гулнорда Лаълихондан (“Ўч”), Бахтигулдан (“Бахтигул ва Суюндиқ”), Дилбардан (“Дилбар – давр қизи”), Салимбойвачча, Ҳакимбойваччада Ҳошимбойваччадан (“Ўч”), Султонбекда “Бахтигул ва Соғиндиқ”даги тошкентлик қўйчивон бойдан ўтган ҳолат, хусусиятлар кўзга аниқ ташланади.
Матнга матнни сингдириб, едириб юборишдан мушкул иш йўқ. Ҳар бир асар – матн ўз руҳига, маромига, оҳангига, таркиб тизимига эга. Тайёр матнни яратилаётган янги матнга сингдириш учун ҳам оҳанг, ҳам руҳ, ҳам маромни мосламоқ, янгитдан бичмоқ, тузмоқ лозим. Акс ҳолда, эски матн янги матндаги ямоқ сингари кўзга хунук кўринади. Ойбек услубида матнларни мослаш, ростлаш, қовуштириш уқуви кучли эди. У “Навоий” романини яратишда “Навоий” достони, улуғ шоир ҳақидаги шеърлардан унумли фойдаланган. “Олтин водийдан шабадалар” романи руҳига “Қизлар”, “Раиса” достонлари моҳияти сингдириб юборилган. Энг синчков матншунос ҳам Ойбек услубидаги матнга матнни сингдириш маҳоратидаги юзакилик, сакталикни сезмайди.
Йўлчи характеридаги ғурур, жасорат севги туйғуси туфайли аниқ, тўлиқ намоён бўлди. Бош қаҳрамон Гулнор туфайли ўтга ҳам, сувга ҳам кирди. У Қора Аҳмад билан муштлашди. Севгилиси туфайли Парпихўжанинг ҳайвон ҳам турмайдиган оғилхонасида тунади, Олимхон элликбоши, бой тоғаси билан тўқнашди, хавфли одам сифатида чор амалдорлари диққатини жалб этди.
“Қутлуғ қон” матнини ўрганиш шуни исботладики, асарда тасвирланган ижтимоий муҳит ҳаммани – бойни ҳам, камбағални ҳам ҳаракат қилишга, савдо-сотиқ муносабатларига берилишга ундади. Ўша пайтда Жондор бой, Жамолбей, Султонбек сингари пулдор, тадбиркорлар бирдан кўзга ташландилар. Мирзакарим, Нажмиддин сингари қўрли-қутли одамларнинг фарзандлари капитал орттиришга интилдилар. Мирзакарим, Нажмиддин, Алихўжа сингарилар камбағалнинг кучидан унумли фойдаланишга интилдилар. Айниқса, Мирзакаримбойнинг ўз қарол, мардикор, иш юритувчилари билан қаттиқ муносабатда бўлиши мантиқан исботланган. Замон зайли шундай эдики, камбағал ҳам савдо муносабатларига аралашарди. Шокир ота, масалан, мулла Икром билан беш жуфт бачкана маҳси хусусида талашиб-тортишади.
Қоратой ҳам ўғли Холтой билан эртаю кеч тер тўкади. Табиийки, у ҳам ўз маҳсулотини қимматроқ пуллашга интилади. Ёдингизда бўлса, адабиётшунослик деҳқоннинг бир арава қовунини тўрт ярим сўмга сотиб олган баққолни инсофсизликда айбларди. Ўйлаб кўрилса, сотувчи ҳам, олувчи ҳам ўз манфаати учун курашаркан. Демак, қовун харид қилган баққол ҳам ҳақ эди.
“Қутлуғ қон” романи матни Салимбойвачча, Абдушукур, Олимхон элликбоши, Шокир ота образларини янгича талқин этишни тақозо этмоқда. “Қутлуғ қон” неча бор талқин қилинган бўлса, ҳамиша Салим образи салбий куч сифатида баҳоланган. Чиндан ҳам, Салимнинг ресторанма-ресторан юриши, Гулнорнинг қотили эканлиги бу типни оқлашга изн бермайди. Лекин Салимбойвачча чиндан ҳам ўйловсиз, тараллабедод одамми? Салим кўпинча Абдушукур билан бирга юради, бирга бўлади, маишатга боради. Абдушукур, илмли, фикр-мулоҳазали, қонунни биладиган одам эди. Салимбойваччага Абдушукурдан закўнчилик юққан. Мирзакаримнинг Гулнорга уйланишидан куйиб-ёнган одам, асосан, Салим бўлди. Гулнор ёш, гўзал, табиийки, фарзанд кўради. Гулнорнинг ҳар бир фарзанди бойликка меросхўр. Яъни Салим Гулнорда меросхўр яратувчи кучнигина кўриб куйинади. У меросхўрлар йўлини тўсиш учунгина аҳмоқона йўлни – Гулнорни заҳарлашни ўйлаб топади.
1938 йилда – сталинча қатлиомлар чирсиллаб турган бир пайтда жадидлар ҳақида бундан орттириб ёзиш зинҳор мумкин эмас эди. Ойбек жадид образини яратишда ўта нозик йўл тутган. Жадиднинг Йўлчига айтган гапларида ҳам маъно кўп, аммо Йўлчи бу бетайин одамнинг гапларига эътибор бермайди.
“Қутлуғ қон” матни яна бир масалага эътиборни жалб қилишга ундайди. Ойбек қовун сотган деҳқон номини, ҳатто Мирисҳоқнинг отаси номини айтмайди-ю, эпизодик Рафиқ, Миробид, Шоқосимнинг гўдаги Шоазиз, ёш темирчи Холтой номини айтади. Нурининг тўйида шўхлик қилган, тўйдаги тартибни бузишга интилган болаларни номма-ном санайди. Бу ўринда Ойбек услубидаги яна бир хусусият кўзга ташланади. Ёзувчи “Қутлуғ қон”ни ёзишда шу пайтгача яратилган асарларидан фойдаланган бўлса, кейинги ижодида “Қутлуғ қон”даги айрим сюжет чизиқларини янги муҳит, янги шароитда давом эттирди. Мен бу ўринда “Улуғ йўл” романини, “Болалик” қиссасини назарда тутмоқдаман. “Қутлуғ қон”даги кўча болаларининг деярли ҳаммаси “Болалик” қиссасида қайта жонланади, янги ғоявий мақсадлар йўлида ҳаракат қиладилар. Бола бор жойда албатта чол, кампир образи ҳам бўлади. “Қутлуғ қон”даги Шокир ота, унинг кампири образи “Болалик” қиссасида, “Бобом” поэмасида аниқ чизилган. Ойбек Шокир ота образи орқали оғир меҳнатда, фарзанд доғида қадди дол бўлган инсоннигинамас, балки халқ тилини, мақол-маталларини, қўшиқларини мукаммал билувчи инсонни тасвирлаган.
Асар хотимасида қашшоқлик, ҳуқуқсизлик, қадрсизлик жонига теккан халқнинг мардикор олишдаги ноҳақликлар баҳонасида ғалаёни тасвирланади. Албатта, халқ қўзғолонини зинҳор уюшган инқилобий ҳаракат билан чалкаштириш тўғримас. Лекин халқ қўзғолони тасвирисиз ҳам роман мантиқий якунига етмаган бўлиб қоларди. Ойбек халқнинг денгиздай тошиши, селдай ёпирилиб келишини моҳирона тасвирлаган. Қаранг, ўйловсиз элликбошининг (Олимхоннинг эмас – А.Р.) бир хотинга қарата: “Йўқол, жалаб!” деб қичқириши қоқ-қуруқ шаббага учқун тушишидай бўлди. Шу ўринда матннинг пишиқ бир семиотик тугуни пайдо бўлади. “Одамлар бир лаҳзада сесканиб, бир-бирларига қарашади. Бирдан ўнларча мушт ҳавога кўтарилди. Элликбоши ва унинг шериклари калтак остида қолди” (320-бет). Мана шу ўринда Йўлчидаги ғурур, орият, халқ руҳи ярқ этиб кўзга ташланади. Элликбошининг қўпол сўкишини ўзини қадрлаган, аёлини улуғлаган халқ кечириб кетиши мумкин эмас эди. “Қутлуғ қон” матни мана шундай авж пардада поёнига етади.
“Қутлуғ қон” матнида Петров сюжет чизиғи, Гулнорнинг Йўлчига ёзган хати сингари ўринлар борки, улар асардаги ҳаётийлик, жўшқинликни, бироз бўлса-да, сусайтирган.
Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи ҳақиқий миллий асардир. Асар матни семантик нуқталарга, семиологик маъно қатламларига эга. Муҳими шундаки, “Қутлуғ қон” Ойбек ижодининг марказини ташкил қилади. Ойбекнинг ёзувчи-олим сифатидаги маҳорати, борлиғи, қарашлари “Қутлуғ қон” ва “Навоий” романида ўзининг ёрқин ифодасини топган.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 5-сон