Талъат Солиҳов ҳаёт бўлганида саксон ёшга тўларди. Вафот этганида эллик тўққиз ёшда эди. Унинг ҳаёти Тошкент Давлат университети билан боғлиқ: талаба бўлди, аспирантурада ўқиди; диссертация ҳимоя қилди, доцент унвонини олди; 1984 йилда Ўзбек филологияси факультетига деканлик қилди; 2-3 йил Афғонистонга меҳнат сафарига жўнатилди: Қобул университетида дарс берди.
Талъат рус тилини мукаммал билган, XIX-XX асрда нашр қилинган рус, Ғарбий Европа адабиёти намуналарини завқ билан ўқиган.
Мактабни тугатгач, ҳеч иккиланмай ТошДУнинг филология факультетига ўқишга кирган. Талаба ўзлигини тўла намоён этиш учун муҳит – курсдошлари ҳиссаси катта бўлади. Унинг курсдошлари орасида Эркин Воҳидов, Анвар Исроилов, Ошиқ Эркин (Мадраҳимов), Анвар Эшонов, Туроб Акбархўжаев, Тамилла Қосимова, Матлуба Исломова сингари ижодкорлар, Норбой Худойберганов, Раҳматулла Иноғомов, Анвар Каримов каби тадқиқотчилар бор эди. Факультет ўқитувчилари орасида О.Шарафиддинов, Л.Қаюмов, Матёқуб Қўшжонов, Н.Малахов, А.Рустамий сингари янгича фикрлайдиганлари бор эди. “Новый мир”, “Иностранная литература” журналлари, А.Солженицин, А.Твардовский, Б.Пастернак, П.Қодиров, О.Ёқубов, Чингиз Айтматов, Гурам Панжикидзе, Ў.Сулаймонов, Н.Думбадзе, Е.Евтушенколар асарлари адабиёт ҳақидаги қарашларни ўзгартириб юбораёзганди. Рус тилини билган одам (афсуски, Ғарб, инглиз тилини билгувчилар ниҳоятда кам эди) ҳузур қиларди. Т.Солиҳов ашаддий китобхон эди. Пахта йиғим-терим мавсумида ҳамиша бирга бўлардик. Сал имкон топилса, Талъат китоб ўқирди.
Университетни тугатгач, аспирантурага кирди. О.Шарафиддиновнинг бешинчи шогирди сифатида иш бошлади. Унга реализм билан боғлиқ номзодлик диссертация мавзусини беришди. Талъат нега бу мавзуни инкор этмади? XX асрнинг 60-йилларида чет элларда, Россиянинг ўзида социалистик реализмнинг истиқболсиз, шўро адабиётига зўрма-зўракилик билан сингдирилган сиёсий доктрина эканлиги ҳақида ёзила бошланган эди-ку?! Буни Талъат Солиҳов яхши биларди. Лекин суймаган мавзусини қабул қилди. Мавзу бўйича “Бу – эркин адабиёт” сингари сиёсий пишиқ, лекин келажаги йўқ соцреализм ҳақида мақолалар ёзди. Ҳақиқий Талъат Рустамович руҳ-руҳи билан тугаётган методга қарши эди. Бунинг исботи, домланинг талабаларига ўқиган маърузаси, амалий машғулотлари эди. У классицизм, сентиментализм, натурализм, романтизм, реализм методидаги асар деб уқтирилган асарларни янгича, ижодий талқин қилди, баҳолашга интилди. Мен Талъат Солиҳовнинг натурализм ҳақидаги маърузасида қатнашганман. Ўйлаб қарасам, шўро адабий сиёсати методлар илдизидаги ҳаракатни атайин соцреализмга – “инқилобий ҳаракат”, синфийликка йўналтирган экан. Эмиль Золя ҳақида маърузачи шундай фикрларни айтдики, у тамоман бошқача санъаткор экан. Талъат Солиҳов фикрича, Э.Золя ҳаёт, қаҳрамонларни тасвирлашда янгича тушунчаларни илгари сурган, ижодий принципини тасдиқлаб борган. Талъат Рустамович Ф.Кафка, А.Камю ижодини берилиб таҳлил қиларди. Унингча, Кафка ҳаётни тамоман бошқа ракурсдан тасвирлаган. Экзистенциализм методи унинг асарларида тобланиб, турланиб туради. Кафка ижодига ҳамма ҳайрон бўлиб қаради: у кийинганлар ичида яланғоч, донолар ичра девонавор эди.
Қирқ етти ёшида автоҳалокатда вафот этган Альбер Камюнинг “Сизиф ҳақида афсона”си бор. Унинг мазмуни оддий. Бош қаҳрамон эртадан кечгача оғир тошни пастдан юқорига суриб чиқади. Маррага етдим, деганида, тош яна пастга юмалайди. Бу адоқсиз, азобли юмушни ҳамиша бажариш Сизиф тақдирига битилган. Ёзувчи фикрича, ҳаётнинг ўзи Сизифдай ижрочилар, бесамар меҳнатдан иборат. Сизиф тоифасидагилар ҳорғин, мунгкўз, бепарво, бенаво бўладилар.
Талъат Солиҳов фан номзоди, истеъдодли муаллим бўлиши билан бирга, ашаддий китобхон эди. Билганларини, маърузаларидаги фикрларини жамласа, бир неча жилдли китоб бўларди. У Афғонистонда икки китоб чоп эттирганини айтарди. Аммо уларни ўқиганларни кўрмадим.
Домлани бир кўрган одам эслаб қоларди. Ўрта бўй, оғриқроқ, серсоқол, узун соч ўстирган, катта кўзойнак тақадиган одам эди. Унинг кўзи бетакрор эди: мунг, фикр, руҳий ҳаракат, босиқлик қоришиб кетганди. Кўзойнаги синчиклаб кузатиш имконини бермасди. Ўйлашимча, ўқиган ҳар бир асари гени кўзларига жо бўлганди.
Талъат муаллим аудиторияда ўзлигини бемалол намоён этарди. Дарсида фикр, бадиийликка эътибор, қалблараро боғлиқлик етакчилик қиларди. Унинг ўтиб кетганига 20 йил бўляпти, аммо Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Султонмурод Олим, Олим Отахон, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Баҳром Рўзимуҳаммад, Абдували Қутбиддин, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Турсун Али, Гўзал Бегим, Шермурод Субҳон сингарилар ўзларини унинг бевосита ёхуд билвосита шогирдлари, деб биладилар. Рауф Парфи Талъат Солиҳовнинг тўнғич шогирдларидан. Матбуотда улардан бир нечтаси устози ҳақида хотира ёздилар.
Талъат Солиҳов рус гуруҳлари орасида ҳам юксак обрўга эга эди. Маъруза ўқиш, бадиий асар матнини билиш эмас. Маърузачи жаҳон адабиётшунослигидаги янгича қараш, тушунчаларни атрофлича билиши зарур. Америка, Япония, Хитой, Туркияда пайдо бўлаётган янгича қарашлар Ғарбий Европа, рус адабиётида шаклланаётган тушунчаларни бойитарди. Шубҳасиз, Талъат Солиҳов модерн адабиёт, янги оқим, методлардан бохабар эди. У М.Храпченко, А.Зверев, З.Фрейд, Н.Бахтин, Ю.Лотмон, М.Хайдеггер, В.Лакшин, Ю.Манн, Е.Гуренко, А.Гулыга, Ю.Борев сингарилар асарларидан бохабар эди. Бу асарлар даҳолар яратган асарларга тушадиган бадиий калит вазифасини ўтади. В.Шекспир, В.Гёте, А.Данте, Шиллер, Г.Маркес, С.Есенин, А.Чехов, Э.Хемингуэй сингариларнинг асарлари Талъат Солиҳов ҳаётлигида таржима қилинди. Фозила Сулаймонова, Олимжон Жўраев, Муҳаммаджон Холбеков каби олимларнинг модернизм, унинг оқим, методлари ҳақидаги китобларини берилиб ўқийман. Талъатнинг билими, чет эл адабиёти ҳақидаги тушунчалари теран, кенг эди. Аммо у ўз қарашларини бадиий-адабий тадқиқотларда тасвирламади.
1984 йилда филология факультети иккига ажралгач, Талъат Солиҳов Ўзбек филологияси факультетига декан бўлди. Олимлик ва раҳбарлик ҳамма вақт ҳам мос келмас экан. Тез орада деканликни топшириб Афғонистонга меҳнат сафарига кетди. Чет элда Қобул университети талабаларига дарс ўтди. Талъатнинг чет элдаги ҳаёти мураккабликка бой бўлди. Касал бўлганини биров билиб, биров билмай қолди.
Одам боласи қувончдан осмонга учиб, ғамдан ерга кириб кетмайди. Талъат ўзига яраша шўх, улфатбоз эди. Аммо оғзидан чапанича сўз чиқмасди, зинҳор олифтагарчилик қилмасди. Кўпинча Ўрда кўприги ёнгинасидаги чойхона-кафеда ўтиришни ёқтирардик. Не-не суҳбат, ҳазилларимизни Анҳор суви оқизиб кетган. Хайрулла (Исматиллаев) баланд овозда гапирар, “қаҳ-қаҳ” отиб куларди. Муҳсинжон (Олимов) ҳангома сўзлашга уста эди: гоҳ Озод ака, гоҳ Лазиз ака, гоҳ Ғулом Каримов ролини ижро этарди. Бошқалар қотиб-қотиб куларди-ю, Муҳсинжон табассум билан ҳаммага боқиб тураверарди. Талъат, кези келганда, сўз гулҳанига ўтин ташлаб қўярди.
Бир йили ёзда Иристой ака, Умарали ака, Ҳасанхўжа, Хайрулла, Талъат ва мен Сурхондарёга бордик. Сафардаги ҳангома, суҳбатлар ниҳоятда дилтортар бўларкан. Талъат кутилмаганда гапдон, серсуҳбат бўлиб қолди. Хуллас, хотиранинг борлигига беадад шукур. Иристой ака, Ҳасанхўжа, Хайрулла, Муҳсинжон, Талъат ўтиб кетишди.
Дўстдан айрилиш оғир бўларкан. Ғойиб ота қабристонига кириб бораяпмиз-у, Талъат тирик, деган фикр борлиғимни чулғаб олган.
Дўстим Талъатдан яхши ном, фидойи шогирдлар қолди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 3-сон