Абдулла Қаҳҳорнинг истараси иссиқ эди: унинг сийрак, майин, оппоқ сочлари, қош-кўзи, серсоқол мардона юзи ўзига ниҳоятда ярашарди. Ёзувчининг кўзлари «гапирарди», юпқа лабларига зумда қўниб, учиб турадиган кулгу, табассум, жилмайиш, истеҳзо, мисоли, қат-қат маъноли матн эди. Қачон, қаерда Абдулла Қаҳҳорга сўз берилса, тингловчилар бир қалқиб оларди. Ҳамма дарҳол ҳушёр тортар, минбарда ижро этиладиган ғаройиб драмани кўриш, мағзини чақишга чоғланарди. Ёзувчилар уюшмасида Абдулла Қаҳҳор билан ёш ёзувчилар учрашуви бўляпти. Беғубор саволлар. Самимий жавоблар. Залда хуш кайфият ҳукмрон. Кимдир савол бериб қолди:
— Устоз, асарларингизда чолу кампирлар образи кўп. Нега ёшлар ҳақида кам ёзасиз?
Ёзувчи савол бергичга бир қур назар солди. Бироз сукут сақлади. Лабларига табассум қўнди, кўзларида қув шўхлик жилваланди:
— Ёшлар образини сизлар яратяпсизлар. Менга ўхшаганларга, на илож, қари-қартанглар қоляпти…
Жавоб маъқул бўлди, шўх кулги кўтарилди. Ҳамма янада очилиб-сочилиб кетди.
Абдулла Қаҳҳор ҳеч қачон шошмасди, гапни секин, салмоқлаб бошларди. Унинг нима демоқчилигини, кайфиятини кўз қарашлари, юз ифодаси билдириб қўярди. Жиддий гапни айтмоққа чоғланса, билинар-билинмас хўрсиниб оларди. Ҳазил қилмоқчи бўлса, юзига табассум қалқирди, лаб-лунжини бот-бот сийпалаб қўярди.
Абдулла Қаҳҳор ёшлар даврасини севарди. Ҳозирги Миллий университет талабалари билан неча бор учрашган бўлса, ҳар гал ёшлар хотирасига михланиб қоладиган фикрларни айтган.
Абдулла Қаҳҳор ўзига хос мураббий — устоз эди. Қаерда истеъдод учқуни чақнаса, зийрак тортар, умидли ёш билан учрашмагунча, унга мактуб йўлламагунча тинчимасди.
Ёзувчи ёшларга алоҳида меҳр билан боқар, уларнинг характерини ёрқин тасвирлашга интиларди.
«Ижодингизда ёшлар тимсоли кам»-дегувчини Абдулла Қаҳҳор икки оғиз гап билан жойига михлаб қўйиши мумкин эди. Устоз, аксинча, енгил ҳазил-мутойиба билан жавоб қайтарарди.
Бошловчи ёзувчилар англашлари зарур қоидалардан бири шуки, ёшлар характери, тимсолини яратиш ниҳоятда муҳим. Ўсиб келаётган авлод санъаткорнинг суянч тоғи: ёшлар руҳияти, танлаган йўли, кайфияти истиқбол сийратини аниқлайди. Санъат, бадиий адабиёт табиатида ҳамиша олдга интилиш, номаълум ҳудудларга кириб бориш, футурология бор:
«Чаккамга бир томчи илиқ ёш томди. Станцияда паровозлар бир-бирига навбат бермай қичқирар эди. Савринисо ўйчан, лекин беихтиёр товуш чиқариб гапира бошлади:
— Поезд мени чақиряпти… Чақир! Қаттиқроқ чақир, бораман. Мени узоқ-узоқ юртларга олиб кет!» («Ўтмишдан эртаклар» қиссасидан).
Ёшлик — гўзаллик. Санъат гўзалликни тасвирлаши жоиз. Қайси асарда ёшлар образи маромида тасвирланган бўлса, унда гўзаллик акс этиши аниқ. Мусулмончиликда кўз зиноси деган гап бор. Қарангки, дин ҳам гўзалликка тўйиб қарашга рухсат бераркан. Ихчам ҳикоят бор. Талабалар «Кўз зиноси» мавзуида ваъз тинглаб кўчага чиқиптилар. Воиз — домла ҳам уйига шошилипти. Иттифоқо, муллаваччалар-у, домла олдидан бир офатижон гўзал ўтиб қолибди. Толиблар гўзалга боққанларича қотиб қолибдилар. Устоз йўлида давом этибди, лекин бот-бот шогирдларига қараб қўярмиш. Улар ўша-ўша, маҳлиёмиш. Домла икки-уч бор томоқ қирипти. Зийрак муллавачча Устоз авзойини кўрипти-ю:
— Тақсир, айбга буюрмайсиз. Анови малакка бир боққанимизча ҳануз кўзимизни узмадик… Бир бор қарашга ҳақлимиз-ку, — депти…
Ниҳоят, ёшлик — ҳамиша янгиланиб турадиган ҳолат. Йил давомида ой ўн икки бор «туғади». Нозик қизнинг ипдай қоши монанд ҳилолга боқиб инсонлар яхши ният қиладилар, юзларига фотиҳа тортадилар. Ҳар кўкламда бойчечак очилади, игнанинг учидай ялпиз бош кўтаради. Бу янгилик ҳам инсон қалбини кўтаради, ёшартиради. Санъат, адабиётнинг вазифаси ана шундай оҳори тўкилмаган янгиликни кашф этиш, мангуга муҳрлашдир.
Абдулла Қаҳор асарларида Абдулла, Кулала, Хайри, Холиқ («Ўтмишдан эртаклар»), Ҳамида («Адабиёт муаллими»), Ўсар («Ўжар»), Ўлмас («Йиллар»), Омон («Шоҳи сўзана»), Ўқувчи қиз («Майиз емаган хотин»), Насиба («Оғриқ тишлар») сингари ўсмирлар образи бор. Улар асосан катталар соясида яшайдилар, ўзларини мустақил куч ҳисобламайдилар. Лекин ёзувчи бу ўсмирларнинг ўзлиги, «ярқ» этиб кўринган ҳолатларини дарҳол, ҳарорати пасаймасдан тасвирлайди. Холиқ ғарқ пишган гилос шохчаларини синдириб-синдириб ариққа оқизади. Биладики, Тўрақул вофурушнинг банди хотини — навниҳол Хайри уларни тутиб олади, Холиқни алқаб-алқаб гилосларни ейди. Мулла Норқўзининг оиласидаги жирканч ишлар фош бўлгач, катта-ю кичик унга нафрат билан қарайди. «… ўн икки ёшлардаги бир қиз девордан кесак кўчириб олиб мулла Норқўзига ўқталди.
— Ҳу, ўл, турқинг қурсин! Бошингга солайми шу билан! Маҳаллада сасиб, ўқувчи қизларга кун бермайсан-у, ўзинг нотўғри иш қиласан…» Ўсар, Ўлмас, Омон, Кулала ҳам тўғри гапни шартта-шартта айтишга ўрганган.
Абдулла Қаҳҳор асарларидаги Туробжон («Анор») Сотиболди («Бемор»), Унсиной («Даҳшат»), Бабар, Азим дудуқ («Ўтмишдан эртаклар») муте, ҳақ-ҳуқуқсиз, ночор камбағаллар. Аммо уларнинг қалбида эзгуликка интиқлик, эркка ташналик, оилавий бахтга илинж бор. Увоқ-ушоққина Унсиной эрк илинжида унча-мунча эркакнинг юраги дов бермайдиган юмушни уддалашга чоғланади. Бабар ҳам бўш-баёв, қўрқоқ одам. Аммо унинг аниқ режаси бор: пул йиғади, хотинини Тешиктошга олиб боради, қутуриш балосидан сақлаб қолади…
Ёзувчи ижодида Туробжон, Сотиболди, Бабар, Абдураҳмоннинг («Ўтмишдан эртаклар») хотини, Саиданинг онаси («Синчалак»), Саидийнинг опаси («Сароб») сингари хок-туроб, ер билан яксон инсонлар тимсоли кўринади. Уларнинг номи ҳам, тили ҳам, ҳуқуқи ҳам, соғлиғи ҳам йўқ. Аммо уларда қалб бор. Мана, Туробжон хотинининг изҳори: «унинг Туробжон билан уй қилганига уч йил бўлиб келаётир, назарида, бу одам шу йилдан бери ғулдираб келган…
Иттифоқо, бу кун нима бўлди-ю, уч сўзни равшанроқ айтди: «Жигарларинг эзилиб кетсин» деди. Оламда унинг суянгани эри, бирдан-бир орзуси — анор эди, бирданига ҳар иккиси ҳам йўққа чиқди».
Абдулла Қаҳҳор ижодини боғ десак, ундаги ҳар бир тимсол, характер, мисоли серҳосил дарахт. Ёзувчи бу боғдаги дарахтлар таърифини умумлаштириб аниқ айтади. Эшон («Синчалак»), Ризамат («Оғриқ тишлар»), Юсуф («Тобутдан товуш») бир хилдаги «дарахт», бир палакнинг «мева»лари. Уларнинг яшаш тарзлари Эшон «фалсафаси»да мукаммал ифодасини топган: «Отам… қозиқнинг учи ҳам бўлма, боши ҳам бўлма, ўртаси бўл; учи, бўлсанг ерга кирасан, боши бўлсанг тўқмоқ ейсан деганлар».
Абдулла Қаҳҳор асарларида қиёфадош, тақдирдош, маслакдош, касбдош —замондош тимсоллар талайгина. Саида («Синчалак») ва Сорахон («Сароб») — тенгдош, қиёфадош. Ҳар иккиси шунчалар ориқки, муаллиф айтганидай, ана букилиб кетади, мана синиб тушади, деган хавотирда қолади ўқувчи. Аммо моҳиятан бу икки қиёфадош, мисоли, ер билан осмон. Сорахон ғирт жинни, тантиқ, ҳеч нарсага яроқсиз банда. Маккор Муродхўжа, булбулигўё — шаллақи она Сорахонни баркашга ўтқазиб, бошларида кўтариб юришипти. Саидийдек гўзаллик шайдоси Сорахонга ялтоқланишга кўникиб қолган. Саиданинг суянадиган тоғи йўқ: у ёшлигидан ўз аравасини тортишга мажбур бўлган. Ақллилиги, зийраклиги, бағри кенглиги туфайли у эл-юртга танилди, «Бўстон»ликларнинг ўз одамига айланди. «Қўшчинор чироқлари»да Канизак тимсоли бор. Саида синчалак бўлса, Канизак игначидек. Менга синчалакхон игначиойдан ўсиб-унгандай туюлаверади. Канизак «Қўшчинор чироқлари»даги асосий қаҳрамонларни ўзаро улайди, роман ғоясининг ёритилишидаги асосий кучлардан бири ҳисобланади. Канизакда сахий қалб, тиниқ ақл, адоқсиз меҳр бор. У ўзлигини танитаётган, ҳаётдаги йўли, қадр-қимматини тиклаётган характер.
Канизак ўтган асрнинг 30-йиллари аёли. У мураккаб, замонда йўл излаётган, ижтимоий ҳаётдаги ўрнини белгилаётган аёл. Саиданинг онаси остона ҳатлаб катта йўлга қадам босар-босмас эри томонидан чавақлаб ташланди. Арслонбек ўлдим-куйдим дея ёш жамоатчи, ўқитувчи Ҳуринисога уйланиб олди. Қаландаров битта пўписа билан хотинини уй қафасига тиқди-қўйди. Собиқ ўқитувчи Ҳуринисонинг зеҳн-ақлини пўпанак босди. Бора-бора у ариққа эгилиб бир пиёла сув ололмайдиган даражага етди, курортга боришни оғир, машаққатли иш деб биладиган бўлди…
Саида ХХ асрнинг 60йилларида шаклланган раҳбар. Канизак ва Саида оралиғида Ҳафиза («Шоҳи сўзана») образи бор. Бу қиз ёлғиз онасини, қадрдон қишлоғини ташлаб, Деҳқонбойнинг этагини маҳкам тутиб, чўлқувар тоғаси Мавлонни қора тортиб Мирзачўлга келади. Ҳафиза чўлнинг оғир шароитида, мураккаб ижтимоий муносабатлар жабҳасида ўсиб-улғаяди.
Шундай қилиб, Канизак, Ҳафиза, Саида ўзбек аёлининг ижтимоий ҳаётга кириб келиши, ўзлигини топиши ифодаланган ёшлар тимсоллари. Мантиқан, мазкур учлик яна бир тимсолни тақозо этади. Бу — Савринисо. У — увоққина персонаж. «Ўтмишдан эртаклар»да тасвирланган ижтимоий муҳит жаҳолат ўчоғи бўлса, Савринисо зулмат ичра нур бўлиб порлайди, Абдулла сингари ўсмирлар руҳида эзгулик, келажакка умидни тарбиялайди. Абдулла Қаҳҳор ижодида Савринисо, Канизак, Ҳанифа ва Саида тимсоли асос, таянч, марказ вазифасини ўтайди.
Эътибор беринг, ёзувчининг «Синчалак», «Ўтмишдан эртаклар» қиссалари, «Тобутдан товуш», «Аяжонларим» драмалари, «Даҳшат», «Маҳалла» ҳикоялари 1956-1964 йиллар оралиғида яратилди. Шўро давлати ҳукмронлиги, коммунистик мафкура тазйиқи даврида 1956-1964 йиллар демократик тамойиллар бир қадар изга тушган, инсоний илиқлик шабадалари эсиб, кишилар руҳида ҳаётбахш тамойиллари қайта уйғона бошлаганлиги билан ажралиб туради. Компартиянинг ХХ съезди даҳшатли қатағон — қирғинлар учун инсониятдан узр сўрагандай бўлди, миллионлаб хорланган, хўрланганларнинг қадрини, шаънини тиклади, қўрқинчли тушдек кечган умрлар, тақдирлар ҳақидаги санъат асарларини юзага чиқарди. Иродаси синган, руҳи сўнган минглаб кишилар қайта ҳаётга қайтди. Ана шу кўтаринки руҳ таъсирида Абдулла Қаҳҳор энг сара асарларини яратди. «Синчалак» янгича руҳ, илиқ ижтимоий кайфиятнинг самараси бўлиб, 1958 йилда ёзиб тугалланди. 1959 йилнинг бошларида қисса «Роман-газета», «Звезда Востока» журналларида чоп этилди, китоб шаклида ўзбек тилида босилди. Қисса ҳақида Ҳомил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов ва бошқа танқидчилар яхши мақолалар ёздилар. Қиссанинг шахдам қадамини тўхтатишга ҳаракат қилиб, ҳар хил муҳокама-ю баҳслар уюштиришга беҳуда уринганлар ҳам бўлади.
Ихчамгина қиссада сурат билан сийрат ўртасидаги номувофиқлик кўзга дарҳол ташланади. Асарда коммунистик партия, райком секретари, партия бюроси, партия мажлиси, социализм, коммунистик мусобақа сингари сўз, бирикмалар талайгина. Кўзга ташланиб турадиган қизил сўзлар 80йилларда баъзи тафтишчи-танқидчиларни шошириб қўйди: улар бу «соф партиявий қиссадан» воз кечиб қўя қолишни маъқул деб билдилар. Яхшиямки, ўша «донишманд»ларнинг фикри инобатга олинмаган экан. Акс ҳолда, тикандан чўчиб, гулдан, илондан қўрқиб хазинадан воз кечган одам ҳолатига тушиб қолган бўлардик. «Синчалак» инсонни севиш, англаш ҳақидаги асардир. Унинг ҳар бир саҳифасидан инсонга меҳр, одамни эъзозлаш руҳи уфуриб барқ уриб туради.
Масалан, райком секретари Тоҳиржон Носиров қамчисидан қон томган одамни эмас, меҳригиёси кучли, нимжонгина Саидани «Бўстон»га партбюро котиби вазифасига йўллайди. Райком секретари сиёсий масалаларни байроқ қилиб кўтармайди. У хўжаликларни ақл-ҳуш билан бошқаришни, кишиларга жабр қилмасликни асос деб билади. Ёдингизда бўлса, Саида қўрс Қаландаровдан, девдай Арслонбек Қаландаров синчалакдек партия котиби устидан шикоят қилиш учун райкомга келадилар. Тоҳиржон Носиров на Саида, на Қаландаров шикоятини тинглайди: суҳбат мавзуини жамоа хўжалиги ҳаётига буриб юборади.
Қиссада нозик бир ишора бор. «Бўстон» раиси Қаландаров раҳбарлардан Қодировни, овқатлардан паловни, дорилардан пенициллинни тан оларди. Райкомнинг собиқ секретари Қодировнинг тушунчаси, билими донгдор, чаласавод раисникидан унчалик баланд эмасди.
Тоҳиржон Носиров таълимини олган Саида жамоа хўжалигида инсонлар омилини кўтаришни, турмушини яхшилашни биринчи ўринга қўяди. Қишлоқнинг ёшу қариси Саидани ҳурмат қиладиган, уни «Ўзимизнинг Саидахон» дея эъзозлайдиган бўлди. Халқ Қаландаровнинг соясига кўрпача тўшар, аммо унга зинҳор қалбини очмасди. Саида Қаландаровни роса ўрганди, унинг юрагида жамоага, жамоа аъзоларига ҳурмат кучлилигини англади. У раис табиатидаги фазилатлардан ўрнини топиб фойдалана бошлади. Раис Саидани «жуда пишиб қолган бир кампирникига» бошлаб келди:
— Жиянингизни олиб кетгани келдим. Иш топдим.
— О, болам, — деди кампир, — ишга ярамайди! Ақли бўлмаса, кучи бўлмаса..
— Мен топган ишга ақл ҳам керакмас, куч ҳам, лекин ярим меҳнат куни олади. Одамнинг чиқити бўлмайди, айтиб чиқинг!» Кеча Гулаг ҳудудида чиқит одамлар сон мингта эди. Бугун ақли ноқис одамга ҳам иш топилиб турибди.
«Синчалак»да Қаландаров ва Саида асар ғоясини очишда таянч, куч вазифасини ўтайди; бири — иккинчисини тўлдиради. Муҳими шундаки, Қаландаров билан Саида ўт билан сувдай гап. Улар орасидаги баҳс ҳар хил вазиятларда, ҳар хил шаклларда давом этади. Саида атрофига Козимбек, Умида, Усмонжон, Исмоилжон сингари ёшлар уюша бошлайди. Кези келди, «Синчалак» қиссаси талқини, таҳлилига оид бир мулоҳазани айтиб ўтай. Қисса ёзилганига ярим аср бўлди. Бу даврда асарни рус, ўзбек ҳамда хорижий танқидчилар таҳлил қилдилар. Афсуски, қиссанинг академик нашри ҳануз яратилмаган. Матн руҳига кириш, уни синчик-лаб ўрганиш — асарнинг академик нашрини тайёрлашни тақозо этади. «Синчалак» ҳақидаги мақолалар жамланса, қисса ҳажмидан бир неча баробар ортиб кетди. Лекин ҳанузгача асарда на мунаққидлар, на муҳаррирлар кўрмаган камчилик-лар мавжуд. Ёзувчи Саидани Тожихон ва Ҳамидулла хонадонига бошлайди:
«Унинг ҳовлисини, уйини, рўзғорини кўриб, Саиданинг оғзи очилиб қолди: ҳовли эмас, гулистон — бўстон, уй эмас, кичкина қаср, рўзғор эмас, хазина — музей! Столовойга кирилганда жилваланиб турган мебеллар, ҳеч қаерда кўрилмаган каттакон ярқироқ радиоприёмник, буфетнинг ойнасидан камалакнинг ҳамма рангида товланаётган хрустал ва қимматбаҳо чинни анжомлар, деворларга осилган аломат суратларнинг зарҳал рамкалари кўзни жимирлатиб юборар эди». Абдулла Қаҳҳор асарларида сифат, сифатдошлар бунчалик кўп қўлланиши, ўзбекча номлари аниқ «эшитилиб» турган сўзларни ажнабий атамаларда берилиши ғалати туюлар экан.
Яна бир парчани ўкиб кўрайлик. «Тожихон тушунтириб берди. Эри унинг мана шу хилда дўппи тикиб, Фурқат айтмоқчи:
Ўсмадин қошлар қаро, қўллар хинодин лола ранг,
Дурранинг оғушида пешонанинг аҳволи танг…
бўлиб, ўтиришини орзу қилар экан”
Фурқатнинг «Келинчак» ғазали аслида: «Сурмадин кўзлар қаро қўллар хинодин лоларанг» мисраси билан бошланади. Бу мисра Фузулийники бўлиб, «устозлардан бир мисра ёхуд бир байтни олиб, шу вазнда шеър ёзиш» шарқ адабиётида «тазмин» деб аталади. Фурқат тазмин этган Фузулий мухаммасининг охирги байти бундай бошланади:
«Сурмадан кўзлар қаро, аллар хинодан лоларанг».
Фурқат тазмин қилган ғазалнинг иккинчи байти қуйидагича:
Заъфароний кўйлак узра арғувоний камзиҳул
Рўймол оғушидин пешонани аҳволи танг.
Абдулла Қаҳҳор мумтоз ғазалга анча эркин ёндашгани кўриниб турибди.
Мен «Синчалак»нинг Тожихон ва Ҳамидулла оилалари тасвирига бағишланган ХХI бобини ўқиб ҳайрон қолдим. Матннинг занжирдай пухта эмаслиги, сўз қўллашдаги паришонлик ғалати туюлди. Абдулла Қаҳҳор моҳир заргар, сўзларни чертиб-чертиб, ўрнига қўйиб-қўйиб тасвирловчи уста ёзувчи сифатида шуҳрат қозонган. Лекин нега Тожихон тарихи қисса руҳига сингиб кетмаяпти? Келинг, ёзувчи — Абдулла Қаҳҳор руҳига киришга ҳаракат қилайлик. Жамоа аъзолари амал-тақал қилиб кун кечиряптилар. Ойнисага ўхшаган аёллар оғир меҳнатдан эзилиб кетган: уззу кун далада, шоир айтганидек, саратон дошқозонида, аёз бобо қучоғида ишлайдилар. Ҳориб-чарчаб уйга қайтадилар-у, бола-чақа, эр, мол-ҳолга қарайдилар, хамир қорадилар, тандирга ўт ёқадилар. Устига-устак эрга аёлдай кўриниш тадоригини кўрадилар. Даҳшати шундаки, улар касалхона, туғруқхонага тушиб қолсалар, гарчи қишлоқда яшасалар-да, бир пиёлагина оқликка зор бўладилар. Мингдан бир аёлгина Тожихондай обрў-эътиборга лойиқ топилади — орден-медалларини сиққанича кўксига қадайди, қолганини рўмолчага тугиб юради. Бундай бахтли аёллар биронта каттанинг эътиборини қозонган бўлади, одатда. Абдулла Қаҳҳор буни жуда яхши билади. Демак, Ҳамидулланинг рашклари сароб эмаслигини ҳис қилади. Иккинчидан, ёзувчи Ҳамидулланинг ақлли-ҳушли, тадбиркорлигига қойил қолади. Тожихоннинг ўзи айтиб турибди: «Ҳамидулла дуруст: ичмайди, чекмайди, бейўриқ улфатчилик қилмайди». Шундай ақлли, топармон эр суюкли хотинини бекадек бежаб қўйса ёмонми? Абдулла Қаҳҳор ўзи севган ота касбини Ҳамидуллага раво кўради. Тожихонннг эри «автомобилнинг электр ускунаси, мотоцикл, айниқса, радиоприёмник тузатишга районда ҳам тенги кам топиладиган уста бўлиб, бу ишларни кечалари баъзан уйида, баъзан мижозларининг ҳовлисига қатнаб қилар экан». Абдулла Қаҳҳор Зулфиқоров ва Меҳри тарихини ҳам қойиллатиб ёзиб қўйган. Ҳамидулла бундай «тарихлар»дан бехабар деб бўладими? Қолаверса, Қаландаров, бошқа раис, амалдорлар ҳам хотинларини даладаги қулларча меҳнатдан халос қилганлар. Ҳамидулла шундай йўлни тутган бўлса, не ажаб? Ҳамидулла ва Тожихон тарихи тасвирида Абдулла Қаҳҳорнинг ёзувчилик маҳорати ва инсон сифатидаги ўй-қарашлари тўқнашди. У Ҳамидуллани замонавий мўмин-қобил Отеллога айлантиради. Бундай моҳирона тасвирга қойил қолиш мумкин, лекин ХХ1 асрнинг зукко китобхонлари, чин демократияни ҳис қилган кишилар Абдулла Қаҳҳор руҳидан кечган асл ҳолатни топиб оладилар. Абдулла Қаҳҳор комфирқанинг ХХ съездида айтилган фикр-мулоҳазаларга тасаннолар айтди. Лекин у шўро ҳукумати мустаҳкам, унча-мунча одамни суяб қолиш, лозим бўлса таъзирини бериб қўйишга қодирлигини чуқур англайди. Хуллас, Абдулла Қаҳҳор моҳир, сезгир санъаткор эди. Айни вақтда у шўро давлатининг фуқароси, соцреализм адабиёти намояндаси эканлигини нозик англарди.
Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалак» (1958), «Ўтмишдан эртаклар» (1964) қиссаларида диққатни жалб қиладиган истилоҳ, атамалар кўп. Бадиий асар унутилаёзган эски сўзларни қайта жонлантиради, уларни фаол сўз, иборалар сафига қайтаради. Ялангтаёқ, товдон, тутал, бўриқ, жавпакпеса, қамишмушак, сариқ сўпиён, какликнинг қаққувоғи, чилон (член), зиндамбир (земломер), бувак (укача), силов, хайис, вофуруш, карнайгул (громофон), шайтон арава (велосипед), бозвон, баранчук, «қўли, оёғи кесилиб келига ўхшаб қолганлар», «енгига йиғлаш», «тутхўрликдан сутхўрликка» сингари сўз, иборалар диққатни жалб этади.
Хуллас, Абдулла Қаҳҳор ижодида ёшларнинг пишиқ-пухта яратилган ўнларча характер, тимсоллари бор. Бошқача айтганда, ёзувчи ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ёшлар руҳидаги ўсиш-ўзгаришларни қунт билан кузатган. Ҳурфикрлилик шабадаси эмин-эркин эсиб қолган 1956-1964 йиларда Абдулла Қаҳҳор энг яхши, пишиқ-пухта, бадиий юксак асарларини яратдики, улар ҳар доим янги, ХХ1 аср китобхонини маънавий-эстетик дидини юксалтиришга ҳисса қўшади.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 4-сон