Никоҳ ҳақида

Никоҳ кишилик жамиятининг биринчи поғонасидир.
ЦИЦЕРОН

Тутун алангадан пайдо бўлганидек, никоҳ ҳам муҳаббатга уйғунлашиб кетади.
Н. ШАМФОР

…Жинсий севги ўз табиатига кўра никоҳни талаб қилади… Жинсий севгига асослантан никоҳ ўз табиатига кўра индивидуал никоҳдир.
Ф. ЭНГЕЛС

Ҳеч ким никоҳдан ўтишга мажбурланмайди, аммо ҳар қандай киши ҳам модомики никоҳдан ўтган экан, никоҳ қонунларига бўйсунишга мажбур этилиши керак.
К. МАРКС

Ҳар қандай никоҳ устидан бир нарса амр қилиб турмоғи лозим: ҳар бир одам ўз ҳузур-ҳаловати учунгина эмас, балки давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда никоҳдан ўтмоғи керак.
АФЛОТУН

Никоҳ муҳаббатнинг қарор топишидир. Фақат пишиб етилган юраккина чинакамига сева олади ва шундагина муҳаббат никоҳ мисолида ўзига ҳадя этилган энг олий мукофотни кўради ва ҳар қандай шуҳрат қаршисида ҳам хираланмайди, балки офтоб нуридан ўзининг хушбўй гулларини барқ уриб очилтиради.
В. Г. БЕЛИНСКИЙ

Оилавий ҳаёт ўзаро муҳаббат билан боғланган бўлса, катта бахт келтириши мумкин.
Н. К. КРУПСКАЯ

Оилавий ҳаётда рўй бериб турадиган майда-чуйда кемтикларни фақат кучли муҳаббатгина текислаб кетиши мумкин.
Т. ДРАЙЗЕР

Ўз уйида бахтли бўлган кишигина бахтлидир.
Л. Н. ТОЛСТОЙ

Чин муҳаббат барча қийинчиликларга бардош беришда кўмаклашади.
Ф. ШИЛЛЕР

Фақат севиб уйланишнинг гашти бор холос; бирор қизга унинг қадди-қомати келишганлиги учунгина уйланиш худди бозордан кераксиз бўлса ҳам кўзга яхши кўринган буюмни сотиб олиш билан баробар.
А. П. ЧЕХОВ

Севмаган одамингга турмушга чиқиш нафратланарлидир.
Д. И. ПИСАРЕВ

Эр-хотин ёстиқдош бўлгунларига қадар бир-бирларининг одатлари, феъл-атворлари ва характерларини мукаммал ўрганмаган эканлар, уларнинг турмуши бахтли бўлмайди.
О. БАЛЗАК

Ҳаётларини бир-бирига боғламоқчи бўлганлар никоҳга қадар ҳамма нарсага кўзларини катта очиб қарашлари, никоҳдан кейин эса баъзан кўрганларини ҳам кўрмаганга олишлари керак.
М. СКУДЕРИ

Никоҳнинг шундай хусусияти борки, ундан кейин санамга тавоф этиш барҳам топади. Бинобарин, эркак киши ўз маъбудасига яқиндан туриб боқса, у қайта оддий аёлга айланади.
Ж. АДДИСОН

Омадли никоҳ ҳар куни таъмир этиб турилиши керак бўлган бинодир.
А. МОРУА

Никоҳ баҳсу мунозаралар билан бўлиниб турувчи узундан-узоқ суҳбатдир.
Р. СТИВЕНСОН

Оилавий ҳаёт, эҳтимолки, ҳеч қачон сидирға қувончдан иборат бўлолмайди. Фақат шоду хуррамликкагина эмас, ғаму андуҳга ҳам, ташвишу бахтсизликка ҳам шерик бўла бил.
В. А. СУХОМЛИНСКИЙ

Агар фақат ўзим бўлай десанг, яхшиси оила қурма. Бахтли муҳаббатнинг асл мазмуни ўзини бағишловдир. Ўзини ўйлаган кимса ҳеч нарса ҳадя этолмайди, фақат ўзига олишни билади ва шу тариқа муҳаббат деб аталган туйғунинг барча фазилатларини заҳарлайди. Шахсиятпарастлик бу ўринда худди жисмоний иллатдек халақит беради.
В. А. СУХОМЛИНСКИЙ

Севгилим ёнимда бўлса, ер-тўла ҳам жаннат, деган ба-ландпарвоз гаплар билан ўзингни овутма. Никоҳ фақат маънавий эмас, моддий қовушув ҳамдир. Оила қурмоқчи экансан, моддий жиҳатдан нечоғли мустақиллигинг ҳақида, турмуш ўртоғингни боқиб кийинтириб бошпана топиб бера оласанми, мана шулар ҳақида ўйлаб кўр.
В. А. СУХОМЛИНСКИЙ

Никоҳ кўп ташвиш туғдиради, аммо никоҳсиз турмушда ҳам ҳеч қандай шодлик йўқ.
С. ЖОНСОН

Никоҳсиз турмуш ахлоқсизлик оқибатидир. Ҳар иккала жинс ҳам ўзларини яхши одамлар қаторига қўшадиган қовушувдан қочиб, аксинча, хароб қиладиган қовушув исканжасига тушадилар.
МОНТЕСКЬЕ

Оилавий муҳаббат — инсон зотини кўпайтиради, дўстона муҳаббат уни такомиллаштиради, ғайриахлоқий муҳаббат эса барбод этиб, ерга уради.
Ф. БЕКОН

Ўзбошимча эркинлик муҳитида юз берган никоҳ муҳаббатни сўндиради.
Э. СЕНАНКУР

Бўйдоқлик —ғайриижтимоий ҳолат.
О. БАЛЗАК

Ўйлаб-нетиб ўтирмай шартта уйлан. Хотининг яхши чиқсаку — хўп-хўп, ёмон чиқса — файласуф бўласан.
СУҚРОТ

Яхши хотин билан яшаш — ҳаёт бўронларида сенга бир паноҳдай хизмат қилса, ёмон хотин билан яшаш — кулбангда кўтарилган бўрондай гап.
Ж. ПТИТСЕН

Муҳаббат оилавий машмашаларни шу қадар ёқтирмайдики, чинакамига бахт-саодатли бўлмоқ учун бир-бировингда энг олижаноб фазилатларни топа билмоғинг керак.
О. БАЛЗАК

Яхши хотин — жон малҳами.
ҚОБУС

Аёл эркак зотининг буюк мураббийсидир.
А. ФРАНС

Ўз эрини олға юргазмаган аёл уни, шубҳасиз, орқага тортади.
Ж. МИЛЛ

Ўз эрининг фикру хаёлини банд этган орзу-ҳаваслардан бегона яшаган, уларни рўёбга чиқаришга интилмаган аёл, бор-йўғи эркакнинг ўйнаши, тежамкор бека, энагадир, лекин хотин деб аталган олижаноб сўз замиридаги ҳақиқий аёл эмас…
А. И. ГЕРЦЕН

Муҳаббат — ўз йўлига, аммо бирга ҳаёт кечирмоқ учун орзу интилишлар бир бўлмоғи керак. Бусиз ҳақиқий бахтли оила қуриб бўлмайди.
Н. К. КРУПСКАЯ

Ёшинг қайтганда севма.
ҚОБУС

Одамки қирқ ёшгача севмадими, ундан кейин ҳам севмай қўя қолгани маъқул.
Б. ШОУ

Кексаликдаги муҳаббат иллатга айланади.
О. БАЛЗАК

Ошиқ қария табиатдаги энг катта мажруҳликдир.
Ж. ЛАБРУЕР

Кексайган одам ёшлик ўтида ёнолмайди.
ИБН СИНО

Эски саноч шаробга бас келолмайди, кекса юрак ёшлик туйғуларига бардош беролмайди.
С.Т. АКСАКОВ

Баъзи қарияларнинг ёш аёлларни севишга интилишлари яна шунинг учун ҳам бемаъниликки, улар ўз муҳаббатларига муҳаббат билан жавоб қайтарилишини талаб этадилар ва шундай қилишга ҳақимиз бор, деган хомхаёлда юрадилар. Аслини олгаида бу ўринда айб фақат шу қариялардагина эмас, балки уларнинг бемаъни кирдикорларини қўллаб-қувватлаган ёш аёлларда ҳамдир.
Ж. ЛАБРУЕР

Уйланмоқчи бўлган қариянинг бирдан-бир муддаоси шуки, унга энага керак.
Г. УОЛПОЛ

Аёл зоти учун қаримасликнинг чинакам манбаи никоҳда бўлишдир.
А. БЕБЕЛ

Қартайган эрларнинг ёш хотинлари одатда ҳали эрлари ҳаётлигидаёқ ўзларининг кўз ёшларини ким артиб қўйишини ўйлайдилар.
К. ГОЛДОНИ

Эри қари бўлган ёш аёлнинг аҳволи оғир, у кемага боғлаб қўйилган қайиқчага ўхшайди, бу қайиқча ўз ҳаракатини кемага мослаштиролмайди, тагида эса лангари йўқ, аммо оқшомлари ўз арқонини узиб, бошқа манзилларга тез-тез бориб туради.
ФЕОГНИД

Ёш хотиннинг биқинида чол ётгандан кўра, шу биқинга камон ўқи ботгани яхши.
САЪДИЙ

Аел киши гўзал ва ёш бўлганлиги учунгина ўз тақдирингни унинг тақдири билан боғлашдан ҳам хавфли нарса йўқ.
В. Г. БЕЛИНСКИЙ

Эр-хотинлик оилавий ҳаётда бўлганидек, умуман, ҳаётда ҳам фақат муваққат ҳузур-ҳаловатдангина иборат эмас, у теппа-тенг мойиллик, ўзаро қизғин эҳтирос, характерлар ўхшашлигини ҳам тақозо қиладики,жамиятга зарур бўлган бу ақида абадий муаммо бўлиб қолаверади.
О. БАЛЗАК

Никоҳ остонасидан ўтган жуфтлик гўё маъиавий олами битта бўлган шахсга айланмоги керак.
И. КАНТ

Оқила рафиқам! Агар эринг ёнингда бўлишини истасанг, шунинг пайига тушгинки, токи у ҳеч ерда сенинг ҳузурингдаги каби роҳат-фароғат ва мулойимликка дуч келмасин.
ПИФАГОР

Яхши эр-хотинда қалб иккита бўлса ҳам истак битта.
М. СЕРВАНТЕС

Номус эр-хотин тотувлигининг қони ва жонидир.
Д. И. ФОНВИЗИН

Шунга қатъий имоним комилки, эр-хотин иттифоқи теварак-атрофдагиларнинг аралашувидан холи бўлмоғи керак, бинобарин, бу икки кишидан бошқа ҳеч кимнинг иши эмас.
В. Г. БЕЛИНСКИЙ

Дилдаги ишончдан келиб чиқадиган, иштирок этаётган кишиларнинг ихтиёрий, оқилона иноқликларига асосланган оилавий ва ижтимоий муносабатларгина мустаҳкам бўлиши мумкин.
Н. А. ДОБРОЛЮБОВ

Уйланиш ўз ҳуқуқингни икки баравар камайтириб, зиммангга тушадиган мажбуриятни эса икки ҳисса оширишинг демакдир.
А. ШОПЕНГАУЭР

Пишириб-куйдириш, тикиб-ямаш, кир ювиш, болаларга қараш фақатгина аёлларнинг иши, буни қилиш эркак кишига уят деган ғалати, илдиз отиб кетган янглиш фикрлар мавжуд. Ваҳоланки, бунинг акси уятлироқ: ҳолдан тойган, қачон қарасанг нимжон, ҳомиладор аёл зўр-базўр овқат тайёрлаётган, кир юваётган, касал боласига қараётган бир пайтда, кўпинча бекор юрган, вақтини бўлар-бўлмас ишлар билан ёхуд бутунлай бесамара ўтказаётган эркакларга уят.
Л. Н. ТОЛСТОЙ

Никоҳ мустақиллик жиҳатидан теппа-тенг бўлган эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларнинг ифодасидир, бунда мутелик ҳам бир хил, мажбурият ҳам бир хил.
Л. АНСПАХЕР

Аёл кишини изтиробларга қўйган ҳолда эркакни бахтли қилиш қийин.
В.ГЮГО

Аксари эркаклар ўз хотинларидан қадр-қиммат талаб қиладилар, аслида уларнинг ўзлари бунга арзишмайди.
Л. Н. ТОЛСТОЙ

Бахти учун севикли кишиси олдида бурчдорлигини тан олмаслик кечирилмас мағрурликдир.
Г. ЛЕССИНГ

…Ажралишнинг эркинлиги оилавий алоқаларнинг «емирилиши»ни кўрсатмайди, аксинча, ривожланган жамиятда ягона мумкин бўлган ва барқарор демократик асосларда мустаҳкамланишини кўрсатади.
В. И. ЛЕНИН

Муҳаббат, разил кишилар ўйлаганидек, инсон ҳаётидаги фақат никоҳ давригача бўлган ўткинчи воқеа эмас. Бу эр-хотиннинг бутун ҳаёти давомида яшаб, мустаҳкамланиб борадиган туйғудир.
Н. Г. ЧЕРНИШЕВСКИЙ

Хотин — ўйин эмас, ҳаётимиздаги дўстимиз ва йўлдошимиздир,шу боисдан,биз уни ёши қайтган пайтида ҳам,кампир бўлиб қолганда ҳам севмоқ керак, деган фикрга аввал бошданоқ кўникиб олишимиз даркор.
В.Г.БЕЛИНСКИЙ

Аёл кишининг жамиятдаги ўрни қандай бўлса, унга эрининг муносабати ҳам худди шундай.
Н. Г. ЧЕРНИШЕВСКИЙ

Агар фақат севги туфайлигина вужудга келган никоҳ ахлоқий бўлса, унда севгиси давом этаётган никоҳгина ахлоқийдир.
Ф. ЭНГЕЛС

Бахтсиз никоҳ оқибатида юз берадиган қўйди-чиқди, менимча, ажралмайдиган никоҳдан кўра ахлоқлироқдир, негаки, шу қўйди-чиқди туфайли ёлғонга чек қўйилади.
А. Г. РУБИНШТЕЙН

Бир томонлама ўзини қурбон бериш — оилавий ҳаётда ноўрин нарса, чунки у иккинчи томонни ҳақоратлайди.
Ж.ГОЛСУОРСИ

Севгида икки хил вафодорлик бор: ўзимиз севган одамдан ҳаммавақт муҳаббатимизга лойиқ янги фазилатларни топганлигимиз учун ёки севгида вафодорлик — виждон бурчи, деб ҳисоблаганимиз учун шундай қиламиз.
Ф. ЛАРОШФУКО

Аёл кишини ҳурматлай билган эркаккина аёлни таҳқирламаган ҳолда ундан ажралиша олади.
С. МОЭМ

Никоҳ оний бир туйғуга асослангани учун ҳам абадий эмас, у беқарор ва бузилиб кетиши ҳам мумкин. Аммо қонунчилик никоҳнинг бузилишини жуда қийинлаштириб қўйиши ва инжиқлик олдида ахлоқий ҳуқуқни ҳимоя этмоғи керак.
Г. ГЕГЕЛ

Кимки аёл ҳуқуқини ҳимоя қилса, бола ҳуқуқини ҳам ҳимоя қилган бўлади, бошқачароқ айтганда — у келажакни ҳам ҳимоя қилади.
В. ГЮГО

Муҳаббатни нечоғли илоҳийлаштирмасинлар, аммо табиат бу гўзал туйғуии одамларнинг бахти учунгина эмас, уларнинг кўпайиши ва униб-ўсиши учун ҳам бахшида этганини кўрмаслик мумкин эмас.
В. Г. БЕЛИНСКИЙ

Никоҳ одамзод авлодлари давомийлигини таъмин этувчи заруратдир.
ЛУКИАН

Ўзаро муҳаббат фарзандлар туфайли мустаҳкамланади.
МЕНАНДР

Оила фарзандлардан бошланади.
А. И. ГЕРЦЕН

Ҳар бир одам ҳам кимнингдир боласи.
П. БОМАРШЕ

Болалар — жамиятнинг ҳаётбахш кучи. Уларсиз жамият жонсиз ва совуқ кўринади.
А. С. МАКАРЕНКО

Дунёда гўдакнинг тилидан кўра тантаналироқ гимн йўқ.
В.ГЮГО

Болалар бахтни дафъатан ва беихтиёр ҳазм қилиб олаверадилар, негаки, уларнинг ўзи шодлик ва бахтдан иборатдирлар.
В. ГЮГО

Болалар меҳнатга шодлик бағишлайдилар, аммо муваффақиятсизликлар улар туфайли яна ҳам кўпроқ ранж келтиради; болаларнинг шарофати билан ҳаёт янада ширин, ўлим эса у қадар даҳшат солмайдигандек туюлади.
Ф. БЕКОН

Агар кишининг хонадони қирқ ёшга киргунча болалар қийчуви билан тўлмаса, ваҳима билан тўлади.
Ш. СЕНТ-БЕВ