Вақт ва фурсат қадри ҳақида мақоллар

Аввал келган ҳўкиз
Сувнинг тозасини ичар.

Аввалги савдо — савдо,
Кейинги савдо — ғавғо.

Барвақт қилинган ҳаракат,
Ҳосилга берар баракат.

Баҳорги беғамлик — кузги пушмонлик.

Баҳорги ҳаракат — кузги баракат.

Баҳорнинг бир куни йилга татир.

Баҳорнинг бир куни қишни боқар.

Бевақт қичқирган хўрознинг
Тожидан қон олинар.

Беш куним — хуш куним.

Бир кун бурун сочсанг,
Ҳафта бурун ўрасан.

Бозордан қолган бир кун қолар,
Экишдан қолган бир йил қолар.

Болта тушгунча, кунда дам олар.
Бугунги ишни эртага қўйма.

Бултур эди куйгани,
Энди келдингми сўргани.

Вақиллаган вақтни ўтказар,
Қўлидан нақдни кетказар.

Вақт ақчадур,
Ғофил бўлма, қочадур.

Вақт кетди — бахт кетди,
Тожи сари тахт кетди.

Вақт — омад.

Вақт тоғни емирар,
Сув тошни кемирар.

Вақт ўтгандан кейин
Қиличингни тошга чоп.

Вақт — ғанимат,
Ўтса — надомат.

Вақт — қози.

Вақтдан ютдинг — бахтдан ютдинг.

Вақти етса, қуш ҳам боласига уя қурар.

Вақти келса, фил сичқондан қўрқар.

Вақтим бўшга кетди,
Эрим гўштга кетди.

Вақтинг бор — нақдинг бор.

Вақтинг кетди — бахтинг кетди.

Вақтинг кетди — нақдинг кетди.

Вақтли ҳаракат — охири баракат.

Гап — кўп, кўмир — оз.

Гап — кўп, умр — оз.

Дардингнинг вақти ўтса,

Табибдан ўпкалама.

Деҳқон бўлсанг, куз ҳайда,
Куз ҳайдамасанг, юз ҳайда.

Ёзда ишламаган
Қишда кесак ер.

Ёзда ишламаган
Қишда тишламас.

Ёзда куюнган
Қишда суюнар.

Ёзда меҳнат қилсанг,
Қишда ейсан кишмиш.

Ёзда меҳнат қилмасанг,
Қишда ейсан тиркиш.

Ёзда миянг қайнаса,
Қишда қозонинг қайнар.

Ёзда уй-жой қурмасанг,
Қишда балчиқ кечарсан.

Ёзда юз яма,
Қишда ғам ема.

Ёзни қўйиб, қиш дема,
Қишга яраша ишинг бор.

Ёшлигингда киймакка қизғанасан,
Қариганда киймакка уяласан.

Ёшлигингда одатлансанг,
Қариганда кўникасан.

Қариганда одатлансанг,
Кўникканча кўмиласан.

Ёқти борида ғамламасанг,
Қоронғида қармаларсан.

Ёқут билан вақт топилмас,
Вақт билан ёқут топилар.

Жўжани кузда санарлар.

Жўжа товуқ бўлгунча,
Калхат кўп келар.

Инсон умри — дарё суви.

Йўқолган олтин топилар,
Йўқолган вақт топилмас.

Кеч бошлаган кечикар.

Кечки экиннинг хатари кўп.

Кечнинг хазинасидан
Эртанинг насибаси яхши.

Муздан ўтсанг, олдин ўт,
Ўйилгунча ўтарсан.

Нонни тандирнинг қизиғида ёп.

Овчи кечикса, анг кетар.

Олдин отланган манзилга олдин борар.

Отинг борида йўл тани,
Эсинг борида эл тани.

Ош кутса ҳам, иш кутмас.

Оқсоқ қўй тушдан кейин маърайди.

Оғам — олгунча,
Янгам — егунча.

Сайил ўтгандан кейин
Хинани кетингга қўй.

Темирни қизиғида бос.

Умр — ариқдан оққан сув.

Умр темир бўлса ҳам, бир кун эрийди.

Умр — ўткинчи меҳмон.

Уч кун барвақт турган бир кун ютар.

Чиройинг борида чинорингни топ.

Экинни эрта йиққан хирмон қилар,
Кеч қолган армон қилар.

Экинни эрта эккан,
Ҳосилни эрта ўрар.

Эрта турган иш битирар,
Кеч турган кўп туртинар.

Эрта турган ҳоримас.

Эртага ош қолса — давлат,
Иш қолса — меҳнат.

Эртаги савдонинг даҳсар оғирлиги бор.

Эрталабки вақт — нақдгина бахт.

Эрталабки иш,
Кўнгилни қилар хуш.

Ўтган вақт йўқолган олтиндан қиммат.

Ўтган кун топилмас,
Келар кун сотилмас.

Ўтган умр — отилган ўқ.

Қирқида танбур олган
Ўлганда чалар.

Қолган ишга қор ёғар.

Қурбақа ҳам вақти билан вақиллар.

Ҳар бир ишнинг вақти бор,
Вақт билганнинг бахти ёр.

Ҳар мева ўз вақтида пишар.
Ҳар нарса ўз вақтида ярашар.