Тўй ва мотам ҳақида мақоллар

Атала бўлса ҳам тўй бўлсин.

Ёмғир ёғса, тўнинг ҳўл бўлар,
Отанг ўлса, уйинг чўл бўлар.

Кафан кийган кетар,
Кебанак кийган келар.

Келиннинг келдиси яхши,
Тўйнинг бўлдиси яхши.

Кетган келар,
Кетмонланган келмас.

Мозорга тушган тирик чиқмас.

Оғригандан узилган ёмон.

Сийрак элак кунда керак,
Пахта элак тўйда керак.

Тириклигида сийламасанг, ўлганида йиғлама.

Тўй гинасиз бўлмас.

Тўй силтови билан тўн битар.

Тўй — тўнлиники.

Тўйга борсанг, бурун бор,
Бурун борсанг, ўрин бор.

Тўйга борсанг, тўйиб бор,
Ёмонлигинг қўйиб бор.

Тўйга борсанг, тўйиб бор,
Тўй тўнингни кийиб бор.

Тўйга — қўшиқ,
Азага — йиғи.

Тўйганга — тўй, тўймаганга — томоша.

Тўйликнинг тўйча ташвиши бор,
Уйликнинг уйча ташвиши бор.

Тўйнинг бўлди-бўлдиси қизиқ.

Уйқунинг тинчи яхши,
Ўлимнинг — кечи.

Уришсиз уй йўқ,
Азобсиз — гўр.

Ўзакли жонда ўлим бор.

Ўлган келмас, ўчган ёнмас.

Ўлганига чидасанг, қўй қил,
Еганига чидасанг, тўй қил.

Ўлим борнинг молини сочар,
Йўқнинг сирини очар.

Ўлим шоҳ-у гадога баробар.

Ўлим қош билан қовоқнинг орасида.

Ўлим — ҳақ, мерос — ҳалол.

Ўлимдан аччиқ нарса йўқ,
Шодликдан ортиқ бойлик йўқ.

Ўлимдан қочиб бўлмас.

Ўлмак, ўлмакнинг иши — кўммак.

Ўлсанг гўринг кенг бўлсин,
Тирикликда — феълинг.

Ўтганни қайтариб бўлмас,
Ўлганни — турғизиб.

Ўтгусиз дарё бўлмас,
Ўлимсиз дунё бўлмас.

Ўғилнинг тўйи — ўйин,
Қизнинг тўйи — қийин.

Қазоси етса қози ўлар.

Қари ўлса — давлат,
Ёш ўлса — қиёмат.

Қари қиз эр танламас,
Ўлган одам ер танламас.

Қўй семизи — қўйчидан,
Тўй тамизи — тўйчидан.

Ҳар ким тўйган тўйини мақтар.