Тақдир ва тадбир ҳақида мақоллар

Аёл деган палахмон тоши,
Қаерга отса, шу ерга тушар.

Ажал етди,
Девона қабул қилди.

Ана гўр, мана гўр,
Ишонмасанг, бориб кўр.

Асов отни тақа тўхтатар.

Асраган кўзга чўп тушар.

Асраган қўл синар.

Асрайман деса бало йўқ,
Ўламан деса — даво.

Банданинг боши — оллонинг тоши.

Бетда юрган бўриман,
Насибамдан кўраман.

Бешикдаги боланинг бек бўлишини ким билар.

Бир мих бир нағални,
Бир нағал бир отни тутар.

Бир кўр — қийиқ,
Бир кар — қийиқ.

Бир тўлган бир сочилар.

Бой бўлмасим билибман,
Оч ўлдирма, худойим.

Бугун бўлса ҳам шу ўлим,
Эрта бўлса ҳам шу ўлим.

Бўладиган ишнинг боши тўғри.

Бўркни ташлаб бўридан қутулиб бўлмас.

Дарёга от солмасдан аввал кечувини топ.

Елли кун йўрт,
Ёғинли кун ёт.

Жумадан умидинг бўлса,
Пайшанбадан ҳаракат қил.

Замона келмай қириндан,
Ғамингни е бурундан.

Ияси келса, биясини бер.

Йўлга чиқмоқ на ҳожат,
Йўл озиғинг бўлмаса.

Кузнинг келишини ёзда белгила.

Кун қизариб ботса, қизингни узат,
Тонг қизариб отса, томингни тузат.

Кун ғамини саҳар е,
Йил ғамини баҳор е.

Мен қиламан ўттиз,
Тангрим қилади тўққиз.

Минора солган минора бўйи чуқур қазир.

Минсанг — эшак, солсанг — тўшак.

Мол йиғсанг, қўнишини топ,
Ош есанг, идишини топ.

Мол молга етгунча
Азроил жонга етар.

Морбозники мордан,
Дорбозники дордан.

Мурчинг кўп бўлса, буламиққа сол.

Одам тузар, тақдир бузар.

Озмайман деган йигитни қоронғу тун оздирар.

Олисдан отилган сопқон
Тўғри мўлжалга тегар.

От олмай, охур тузат.

Отанг мироб бўлса ҳам,
Ариқни тозалаб сув ич.

Отга минсанг, қамчи ол.

Отни боқсанг, от қиласан,
Ёвни қувсанг мот қиласан.

Отни ит қайтарар.

Оғриқ тишнинг давоси — омбир.

Пулингдан бир пулинг қолса, палов е,
Кунингдан бир кунинг қолса, хотин ол.

Сафаига отланма сафар халтасиз,
Зинҳор йўлга чиқма яроқ-болтасиз.

Сафарга отлансанг, отга қозиқ ол,
Бир кунлик йўл учун йиллик озиқ ол.

Синалмаган соп қолмас,
Йиртилмаган қоп қолмас.

Синган кулолнинг кўзаси,
Тўкилган бўзагарнинг бўзаси.

Синмасни кулол ясамас,
Ўлмасни худо яратмас.

Сичқон тутишга қопқон зарур,
Душманни отишга — сопқон.

Сув кўзаси сувда синар.

Сувни боғлагунча, ариқ оч.

Тадбирга тақдир ҳайрон.

Тадбирнинг енги билан
Тақдирни яшириб бўлмас.

Тақдирли аёл — тадбирли аёл.

Тақдирнинг балоси кўп,
Сақласа паноси кўп.

Тақдирнинг ишини тадбир бузолмас,
Тадбирнинг ишини тақдир бузолмас.

Темир оловга тушса, тилни тушунади.

Тилни билиш — дилни билиш.

Тирик бандада тиним йўқ.

Тошга соч, толейингдан кўр.

Туёғи бутун тулпор йўқ,
Қиёғи бутун шунқор йўқ.

Тулки қанча қочмасин, борар жойи
Мўйнадўзнинг дўкони.

Турнани тузоқ билан тутиб бўлмас.

Тутуннинг аччиғини мўри билар.

Тушибсан бу сўқмоққа,
Кўнарсан бу тўқмоққа.

Туя қочиб юкдан қутулмас.

Туя қувса, ўрга қоч,
Илон қувса — шудгорга.

Тўйлининг тўйи ўтар,
Тўйсизнинг куни ўтар.

Тўкилмаган ким бор,
Сўкилмаган ким бор.

Узун арқон — кенг тузоқ.

Уйқу келмасдан бурун ўрин сол.

Улов ўрнига таёқ.

Ҳийла билан арслон тутилар,
Куч билан сичқон тутилмас.

Эчки юзга етмас,
Юзга етса ҳам кузга етмас.

Эшакни юкка оҳб кел
Ёки юкни — эшакка.

Эшмачи эшиб олар,
Тешмачи — тешиб.

Яхши тушга ҳам садақа,
Ёмон тушга ҳам садақа.

Ўлигинг бўлса, ерга бер,
Қизинг бўлса — элга.

Ўнгини ўнгла, сўнгини сўнгла.

Ўтмас умр бўлмас,
Синмас — темир.

Қилич энг сўнгги ҳийладир.

Қирқ йил қирғин бўлса,
Ажали етган ўлар.

Қистов бўлса, от ярайди,
Узоқ бўлса — хат.

Қичиганни қашиган енгар.

Қишда пўстин кийма, қази е.

Қозиқсиз от турмас.

Қор ёғди — из босилди.

Қочган ҳам худо дер, қувган ҳам.

Қуён қопқони билан арслонни овлаб бўлмас.

Қуртнинг давоси — қайноқ сув.

Қуш қўнмайдиган дарахт бўлмас.

Ҳар ернинг тулкисини ўз тозиси билан овла.

Ҳар кимга — бир уй, бир гўр.

Ҳар оғриқнинг давоси бор,
Ҳар эмгакнинг чораси бор.

Ҳийла ҳам ўз ўрнида ботирлик.

Ҳўкизинг бўлмаса, ўзинг чоп,
Омочинг бўлмаса, кетмон топ.