Эрк ва эрксизлик ҳақида мақоллар

Бировга қул бўлгандан
Кўпчиликка бўйсунган яхши.

Бировнинг қўлида ўғил бўлгунча,
Ўз уйингда қул бўл.

Бўйнидан боғланган ит овга ярамас.

Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин.

Девонага икки дунё баробар.

Девонага йўл бўлсин, деб бўларми.

Дунё — бевафо, мол-дунё — бебақо.

Еган оғиз уялар.

Исо ҳам ўз йўлига,
Мусо ҳам ўз йўлига.

Ит ўз уйида — ботир.

Ит ўйин билан,
Қум қуюн билан.

Йигит бўлсанг, шўх бўл,
Шўх бўлмасанг, йўқ бўл.

Йигит кўнгли — подшо.

Йигит — овулнинг эрки.

Камбағалникида интилиб ейсан,
Бойникида — қимтиниб.

Кимнинг аравасига минсанг,
Ўшанинг қўшиғини айт.

Кипригим кўзимники,
Нима қилсам ўзимнлки.

Куйкунак ўз ерида ҳам ғоз бўлар, ҳам — ўрдак.

Кўчдим — ўчдим.

Мақолнинг боши очиқ.

Миннатли нориндан
Оч турган қорин яхши.

Мол топганнинг тили узун.

Нари борма, бўри емасин,
Бери келма, кўзим кўрмасин.

Ов бор жойда овчи ҳам бўлар.

Отали ўғил — хўжали қул.

Отасиз ўғилнинг оғзи катта.

Оғасиз эл бўлмас,
Соғасиз — сув.

Сой қаёққа оқса, тош ҳам шу ёққа думалар.

Сувга тушган қуруқ чиқмас,
Мозорга тушган тирик чиқмас.

Сулаймон ўлди, девлар қутулди.

Тирик қулга тиним йўқ.

Тириклик тошдан қаттиқ.

Томиб турса, қуҳнгман,
Томмай қолса, қуҳмсан.

Тоғ боши тумансиз бўлмас.

Тўқайга ўт тушса, ҳўл-қуруқ баравар ёнар.

Улкан уйдаги кулса,
Кичкина уйдаги йиғлар.

Хатга тушдинг — ўтга тушдинг.

Хон билганни бий билар,
Сўзлагудай ҳадди йўқ.

Эр йигит кўп бўлса,
Эркинлигинг кўп бўлар.

Эрга боққан ерга боқар.

Эрга тегиш осон,
Этик ечари қийин.

Эримникига ҳокимман,
Ўғлимникига боқимман.

Эримнинг топганини ўйнаб ейман,
Ўғлимнинг топганини ўйлаб ейман.

Эрли уй — эшикли уй.

Эрсиз хотин — бошвоқсиз хотин.

Эшагим юрар эди зўрға,
Юки кўплигидан бўлди йўрға.

Юз йил қуи бўлиб яшагандан,
Бир кун ҳур бўлиб яшаган яхши.

Ўзи бемалолнинг сўзи бемалол.

Қафасдаги булбулдан
Вайронадаги бойқуш эркин.

Қиз бола — бировнинг хасми.

Қиз бола — палахмон тоши,
Отилдими, қайтиб келмас.

Қиз — овулнинг кўрки,
Ўғил — овулнинг эрки.

Қиз чоғим — султон,
Келин чоғим — ултон.

Қизингга эрк берсанг, бахтини топар,
Ўғлингга эрк берсанг — тахтини.

Яратганнинг эрки бор
Қайдан булоқ чиқарса.

Қозончининг эрки бор
Қайдан қулоқ чиқарса.

Ғамли уйга шодлик келар,
Камбағалга — озодлик.

Ҳар ким ўз уйида султон.

Ҳар ким ўзига — хон, ўзига — бек.

Ҳар кимнинг ўз фикри бор.

Ҳар қуш ўз уясида эркин.