Ботирлик ва қўрқоқлик ҳақида мақоллар

Алп — отадан, зот — онадан.

Алп — энадан, тулпор — биядан.

Арслон боласини тутмоқ учун
Арслон уясига кирмоқ керак.

Арслон изидан қайтмас,
Йигит — сўзидан.

Арслоннинг бўкиргани — сичқоннинг ўлгани.

Арслоннинг ўлиги — сичқоннинг тириги.

Бедана ботир бовдан ер,
Ботир йигит ёвдан ер.

Беш қўрқоққа — бир қарға.

Бир бошга — бир ўлим.

Бир йигит — бир элга ризқ.

Бир кун — туғилмоқ,
Бир кун — ўлмоқ.

Битмас ишнинг бошига,
Ботир келар қошига.

Ботир ботир эмас,
Жон сақлаган — ботир.

Ботир ботқоқдан ҳам ўтар,
Қатқоқдан ҳам.

Ботир бошга бало тегмас.

Ботир баққоллик қилмас,
Қўрқоқ қочиб қутулмас.

Ботир ёвда билинар,
Сўзчи — довда.

Ботир ёвсиз бўлмас.

Ботир жони сабилдир,
Ёмон жони азиздир.

Ботир ишнинг бошида,
Яхши келар қошига.

Ботир милтиқсиз бўлмас,
Балиқ — қилтиқсиз.

Ботир ярасиз бўлмас.

Ботир ўлса, номи қолар,
Номард ўлса, нимаси қолар.

Ботир ўлса, япалоқ бош кўтарар.

Ботир ўртоқ — бой ўртоқ.

Ботир қийинни енгар,
Номард бўйинни эгар.

Ботир қиличсиз ҳам ботир.

Ботирга яроқ ҳожат эмас.

Ботирга ҳам жон керак.

Ботирдан «ботир» чиқса, отаси билан олишар.

Ботирдан ўлим ҳам қўрқар.

Ботирлик шаҳар олар.

Ботирнинг кулгани — элнинг кулгани.

Ботирнинг мушти — ишонган дўсти.

Ботирнинг мушти ҳам яроғ.

Ботирнинг қони чиққунча,
Қўрқоқнинг жони чиқар.

Ботирсинган йигитни
Ёв келганда кўрамиз.

Чечансинган йигитни
Дов келганда кўрамиз.

Бузилган элни ботир тузатар.

Бўлсанг агар қўрқоқ,
Бошингда ўйнар тўқмоқ.

Бўридан қўрққан овга чиқмас,
Илондан қўрққан сувга тушмас.

Бўридан қўрққан тўқайга кирмас.

Ваҳм туби — денгиз,
Ботасан-да, кетасан.

Таваккал туби — ел қайиқ,
Ўтасан-да, кетасан.

Довни енгган ботир эмас,
Ёвни енган ботир.

Ёв қочса, ботир кўпаяр.

Ёвдан қўрққан ёвга дўст,
Элни суйган — элга.

Ёвни аяган яра ер,
Калтагини сара ер.

Жасур бўлсанг, ёв қайтар.

Жасур бўлсанг, ёвга чоп.
Жасур жангда синалар.

Жасур жангдан қўрқмас,
Ёвдан сира ҳуркмас.

Ит қўрқоқни талар.

Итни овга борганда сина,
Йигитни — ёвга борганда.

Иштонсизнинг ҳадиги — чўпдан.

Йигит жони — битта,
Қиз жони — қирқта.

Йигит иши бичувда билинар,
Туя — сув кечувда.

Йигитнинг ботирини майдонда сина.

Йигитнинг сараси ёв босганда билинар.

Ёибарсдан қўрққан тўқайга кирмас.

Йўлбарсни енгган эмас, жаҳлни енгган — ботир.

Кар қўй икки ҳуркар.

Кучукдан қўрққан гадо бўлмас.

Кўз — қўрқоқ, қои — ботир.

Кўп қайғурдим, сил боидим,
Кўп ялиндим, қуи боидим.

Мерган овда билинар,
Ботир — ёвда.

Муллали овул — қўрқоқ,
Бахшили овул — ботир.

Ношуд кетганда мақтанар,
Ботир — қайтганда.

Одам сафарда билинар,
Ботир — хатарда.

Оловдан қўрққан тутундан ҳам қочар.

От билан қурол эга танламас.

От ҳурккан еридан ўтмас,
Эр — қўрққан еридан.

Савдо ғавғосиз бўлмас,
Полвон — гавдасиз.

Савлат десанг, менда бор,
Аммо жаҳон менга тор.

Сен қўрқмасанг, ёв қочар.

Сендан қўрққаним — қора қўйдан қўрққаним.

Сўз ботирлиги тилда,
Эр ботирлиги белда.

Тегирмонда туғилган сичқон
Момақалдироқдан қўрқмас.

Тиз чўкиб яшагунча,
Тик туриб ўлган яхши.

Тилингни ботир қилма,
Ўзингни ботир қил.

Тортишган — эр,
Тортишмаган — қора ер.

Тоғни баланд дема,
Талаб қилсанг, чиқасан.

Ёвни кучли дема,
Ғайрат қилсанг, йиқасан.

Тулкидан шер чиқмас,
Қўрқоқдан эр чиқмас.

Туянинг ҳурккани ёмон,
Тентакнинг — қўрққани.

Урушдан қочган маъракага сиғмас.

Хоин қони челакка томар,
Ботир қони — юракка.

Хўрознинг сути йўқ,
Қўрқоқнинг қути йўқ.

Чийки терини ит тортар,
Чийки эрни ёв тортар.

Чўчиган чўқмор кўтарар.

Шарпадан қўрққан шақилдоқ чалар.

Шер боласи овни енгар,
Эр боласи — ёвни.

Шер изини ит босмас.

Шер ҳиммати — билак,
Эр ҳиммати — юрак.

Шерни эр енгар,
Эрни шер енголмас.

Шернинг урғочиси ҳам шер.

Шернинг ўҳги ҳам от ҳуркитар.

Эр боласи эрдай бўлар.

Эр бўл, эр бўлмасанг,
Қора ер бўл.

Эр йигитга тош ҳам қурол.

Эр йигитни ёв устида кўр.

Эрга навбат — шерга навбат.

Эрдан эр туғилар,
Нордан — нор.

Эрлик билакда эмас, юракда.

Эрликда хўрлик йўқ.

Эрнинг юраги — шернинг юраги.

Эшакнинг қўрқоғи сувдан ўтмас.

Юз қарғага — бир шунқор.

Юз қўрқоқдан бир ботир афзал.

Юракда бўлса, билакда бўлар.

Ялинган қўрқоқ эмас,
Ёқалашган қўрқоқ.

Янтоқдан атир чиқмас,
Қўрқоқдан — ботир.

Ўзинг ботир бўлсанг
Қуролнинг кераги йўқ.

Ўлгандан қўрққан ёмон.

Ўттизида эр атанган,
Қирқида шер атанар.

Қийғир учса, чумчуқни тирқишда кўр.

Қийғиминг қийқиргани — тулкининг ўлгани.

Қорғили ит овга ярамас,
Юраги йўқ ёвга ярамас.

Қочган йўл танламас.

Қочган қўшинга ёв кўп.

Қочганга чер қурилар.

Қочоққа шафқат йўқ,
Қўрқоққа — ҳурмат.

Қочқинга «ҳай» кифоя.

Қуён ўз кўланкасидан ҳам қўрқар.

Қўрқдинг — тутилдинг,
Қўрқмадинг — қутулдинг.

Қўрқиш — енгикшнинг чопари.

Қўрқмас келин қўй бошидан қўрқар.

Қўрқоқ аввал мушт кўтарар.

Қўрқоқ бўлма, ботир бўл,
Ўз элинга шотир бўл.

Қўрқоқ итнинг қуйруғи қисиқ.

Қўрқоқ кўзидан маълум.

Қўрқоқ — кўр, номард — хор.

Қўрқоқ от ўз соясидан ҳуркар.

Қўрқоқ ўлмасдан бурун ўлар,
Ўликдан нима кутиб бўлар.

Қўрқоқ қочиб қутилмас.

Қўрқоқ қўрқоққа ўртоқ.

Қўрқоқ қўрғон ололмас.

Қўрқоқда уят бўлмас.

Қўрқоқни ажал қувлар.

Қўрқоқни урсанг, ботир бўлар.

Қўрқоқнинг бошидан мушт кетмас.

Қўрқоқнинг кўзи катта,
Аҳмоқнинг — сўзи.

Қўрқоқнинг ўз қуроли ўзига ёв.

Қўрқоқнинг қони чиққани — жони чиққани.

Қўрқоқнинг қўли қисқа.

Қўрқоққа ип илон бўлиб кўринар.

Қўрқоққа кўланкаси — азроил.

Қўрқоққа гўр ҳам тор, қир ҳам тор.

Қўрқоққа қўй боши қўш кўринар,
Қўмшоғи билан беш кўринар.

Қўрқоққа сичқоннинг ини — минг танга.

Қўрқса ҳам, қўй ўлади,
Қўрқмаса ҳам, қўй ўлади.

Қўрқсанг — айтма,
Айтсанг — қўрқма.

Қўрқув ўлимдан қутқармас.

Қўрққан ит уч кун ҳурар.

Қўрққанга қўш кўринар.

Ҳар куни ўлгандан,
Бир кунда ўлган яхши.