Абулқалам Озод. Инсон тушунчаси ва шарқу ғарбдаги таълим муаммолари

Абулқалам Озод (Мавлоно Абулқалам Муҳиддин Аҳмад Озод; 1888 йил 11 ноябр — 1958 йил 22 феврал) — ҳинд сиёсий арбоби, олим. Ҳиндистон мустақиллиги учун кураш ҳаракатининг раҳнамоларидан бири, ҳинд-мусулмон бирлиги тарафдори. 1912 йилдан Ҳиндистон миллий конгресси партияси аъзоси. 1912 — 1914-йиллари инглизларга қарши «ал-Ҳилол» («Яримой») газетасини чиқарган. 1919 — 1922 ва 1930 йилда Абулқалам Озод инглиз маъмурларига бўйсунмаслик кампанияси раҳбарларидан бири бўлган. 1942, 1945, 1946 йили Англия билан ўтказилган музокараларда ҳинд делегациясига бошчилик қилган. Қуръон тафсири ҳамда фалсафа ва урду адабиёти тарихига оид асарлар муаллифи. 1947 йилнинг август ойида Ҳиндистон таълим вазири бўлган.

Абулқалам Озод бу нутқини 1951 йил 13 декабрда Деҳлида «Инсон тушунчаси ва Шарқу Ғарбдаги таълим муаммолари» мавзусига бағишлаб ўтказилган симпозиумда сўзлаган.

* * *

Ҳиндистон ҳукумати номидан ва шахсан ўзим ушбу симпозиум иштирокчиларини қутлаш бахтига мушарраф бўлганимдан мамнунман. ЮНЕСКО ташкил этилгандан буён турли мавзуларда доимий равишда семинарлар, мунозаралар ва симпозиумлар ўтказиб келмоқда, халқлар ўртасидаги алоқалар, ҳар хил масалалар бўйича билим ва тажриба алмашишга ва шу тариқа бир-бирини теранроқ англашга ёрдам берувчи муносабатлар мазкур анжуманларда кўриб чиқиладиган муаммоларга қандай ечим топилишига боғлиқдир. Ушбу симпозиум жуда муҳим мавзуга бағишланган. Бугун Шарқ ва Ғарб файласуфлари инсон тушунчасини муҳокама қилиш учун йиғилдилар. Бу замонамизнинг асосий муаммоси эканини, инсониятнинг келажаги унинг қандай ҳал этилишига боғлиқлигини ким инкор эта олади? Шу боис мен сизлар билан шу ерда, файласуф ва мутафаккирлар юрти бўлмиш кўҳна заминда учрашиб турганимдан ғоят мамнунман. Ҳиндистондаги бой фалсафий анъаналар ва юксак маънавият қарор топган муҳит сизнинг мунозараларингизга ижобий таъсир қилишига аминман.

 

1

Охирги олти минг йилдан кўпроқ вақт мобайнида, ибтидоий жамоа давридан бошлаб инсоният жуда катта йўлни босиб ўтди. Бу йўлда у кўплаб кутилмаган тўсиқларни қандай енгиб ўтгани, табиий қийинчиликлар ва жондорларга қарши қандай курашгани тарихдан маълум. Бу вақтда не-не машаққатларга дуч келганига қарамай инсон табиатнинг буюк сирларини аста-секин, изчиллик билан англаб борди. Табиат юзидаги пардалар бирин-кетин кўтарилмоқда ва инсон энг яширин сирларни ҳам қунт ва матонат билан эгаллаб бораяпти.

Ҳа, одамзот табиат сирларини очиш йўлида собитқадамлик билан илдамламоқда, аммо у ўзлигини англаш борасида ҳам шундай муваффақиятга эришди деб айта оламизми? Олти минг йилдан бери ҳақиқатни излаётган инсон бугун ўзини асли қандай бўлса шундай кўра олаяпти дейиш мумкинми? Бу борадаги ишлар ҳали кўнгилдагидек эмас десам, ўйлайманки, сиз ҳам фикримга қўшиласиз. Инсон яратган ойна оламни бор бўйича акс эттира олади, лекин одамнинг ичини кўрсатолмайди. Тан олиш керакки, инсон ҳали ўз табиати ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлолгани йўқ. Унга ўз «мен»и сирларини билишдан кўра олам сирларини очиш осонроқ. Деярли уч минг йилдан бери файласуфлар инсон ўзи ким, қайдан келади-ю қайга кетади деган саволларга жавоб топишга уринадилар. Аммо ҳалигача бу саволларга айтарли жавоб топилгани йўқ. Шуниси аниқки, ўз «мен»ининг табиатини англамагунча, ўзининг чексиз коинотдаги ўрнини билиб олмагунча инсон кўнглидаги кечинмаларга, ижтимоий, миллий ва халқаро муносабатларга оид муаммоларни ҳал қила олмайди.

Олдингиздаги асосий вазифа ушбу муаммони кўриб чиқишдир. Сиз бу ерга инсон тушунчаси Шарқ ва Ғарб мутафаккирлари томонидан қандай талқин қилинганини муҳокама қилиш учун йиғилгансиз. Аммо аввало шуни таъкидламоқчиманки, биз дунёни Шарқ ва Ғарбга ажратарканмиз, фақат ушбу регионлардаги фикрлаш тарзининг ўзига хослигини назарда тутамиз. Бу ҳолат кўпгина муаммолар юзасидан бизда умумий платформа ва якдил фикр йўқлигини билдирмайди ва билдириши ҳам мумкин эмас. Бутун дунёда инсон фикрлаш ва мантиқнинг бир хил методларига риоя қилади. Инсон онгининг хусусиятлари умумий ва бир хилдир. Инсоний туйғулар ҳам ўхшашдир. «Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради» деб бежиз айтишмаган. Шу боис, табиийки, одамлар курраи заминнинг қаерида яшамасинлар, уларнинг ўзи ва дунё ҳақидаги қарашлари кўпинча мос тушади. Уларнинг турмуш сир-синоатларига муносабати ҳам ўхшашдир. Ҳимолай этакларида мангу қор билан қопланган чўққиларга боқиб медитация ҳолатига тушган ҳиндлар нимани ҳис қилган бўлсалар, Олимп тоғига ҳайрат ва эҳтиром билан боққан греклар ҳам шу туйғуни бошдан кечирганлар.

Инсон онги ўхшаш бўлишига қарамай турли минтақаларда яшовчи одамлар бир қатор умумий муаммоларга турлича ёндаша бошладилар. Ҳатто ёндашувда фарқ кузатилмаган жойларда ҳам умумий муаммолар ва умумий ечимларнинг ҳар хил жиҳатларига урғу бериш тенденцияси яққол кўзга ташланар эди. Бир-бирига айнан ўхшаш икки ҳолат мавжуд эмас. Шу боис сайёрамизнинг турли минтақаларида яшовчи одамлар бир хил муаммоларнинг ҳар хил жиҳатларига эътибор қаратишгани табиий ҳол. Айнан ушбу тафовутлардан келиб чиқиб биз миллий ёки минтақавий онгнинг ўзига хосликлари ҳақида гапирамиз. Шу нуқтаи назардан мен Шарқни Ғарбдан ажратиб турувчи ўзига хос хусусиятларни тавсифлашга ҳаракат қиламан. Хулосалар шаклан мос келган тақдирда ҳам улар ўртасидаги нозик фарқлар сезилиб туради десам, менимча, фикримга қўшиласиз. Бу ҳол бизга баъзи хулосаларни шарқона, бошқаларини ғарбона деб аташ имконини беради.

Боя айтганимдай, Шарқ ва Ғарб файласуфларининг қарашларида ўхшашликлар кўп, бироқ Ҳиндистон, Греция ва Хитойдаги дунёқарашнинг ҳар хил жиҳатларига бериладиган урғудаги тафовутлар қадим замондан ҳозиргача ёзилган китобларда яққол кўзга ташланади. Ҳинд фалсафаси инсоннинг ички оламига кўпроқ эътибор қаратган. Файласуфлар инсоннинг табиатини тушунишга интилишган, шу ниятда улар инсон ва яширин ҳақиқатнинг айнан ўхшашлигини исботлашга ҳаракат қилиб, инсоннинг сезгиси, фитрати, ҳатто мантиқ доирасидан чиқиб кетишган. Грек файласуфларини асосан ташқи олам хусусиятлари қизиқтирган. Улар инсоннинг борлиқдаги ўрнини аниқлашга интилганлар. Шу боис умуман олганда улар тутган йўл ҳиндлар тутган йўлдан кўра осонроқ ва енгилроқдир. Хитойда ҳам файласуфларни инсоннинг ички ва ташқи олами унчалик қизиқтирмаган. Уларнинг бор эътибори инсоний муносабатларни ўрганишга қаратилган. Ракурслардаги бу фарқлар фалсафанинг ушбу минтақалардаги кейинги тараққиётига катта таъсир кўрсатган. Натижада уларнинг инсонни тушунишида ажиб тафовутлар кузатилмоқда.

Грекларни одам ва олам муносабатлари қизиқтирган. Шу боис азалдан грек фалсафаси одамнинг сийратига нисбатан амалига жуда катта эътибор қаратган. Тўғри, илк грек мутафаккирларидан баъзилари инсонни аввало маънавиятга эга махлуқ деб ҳисоблашган ва Афлотунгача шу фикр устунлик қилган. Аммо Арасту фалсафаси пайдо бўлиши билан фалсафий фикрлар йўналиши ўзгариб, асосий эътибор инсон сийратидан унинг хатти-ҳаракатларига кўчади. Инсонга ақлли ҳайвон деб қараган Арасту таъсирида фалсафа позитивистик хусусият касб этди. Вақт ўтиши билан Ғарб тафаккурида мана шундай позитивистик, эмпирик ва илмий йўналиш устун бўлиб қолди. Ушбу қарашга кўра инсон ақли билан бошқа жонзотлардан ажралиб туради ва унинг шарофати билан комилликка эришади. Шунга қарамай у моҳиятан изчиллик билан ривожланувчи ҳайвонлигича қолмоқда. Бу борада ҳеч ким инглиз файласуфи Райлдан ўтказиб фикр билдирмаган бўлса керак. Инсон асли ҳайвонлигини эътироф этар экан, файласуф «инсон ҳозир шундай босқичга етиб келдики, энди у қуйига эмас, юқорига қараши керак» деб таъкидлайди. Одам — гавдасини тик тутувчи ягона жонзот ва фақат нигоҳини юксакка тиккандагина қаддини тик сақлаб қолишга қодир.

Европа тафаккурининг тараққиётига Афлотуннинг ғоявий концепциялари ва насронийлик жуда кучли таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Масалан, ўрта асрлар схоластлари кўпинча файласуфдан кўра теологга ўхшаб кетишини кузатамиз. Ҳатто ҳозир ҳам Европа фалсафий тафаккурида диний-идеалистик йўналиш кучлироқдир. Тўғри, Янги давр бошланиши билан бу йўналиш борган сари ўз ўрнини фалсафий дунёқарашга бўшатиб бермоқда, фалсафий дунёқараш асосида эса илмий ғоялар ётади. Ўн еттинчи асрдан илм-фан шиддат билан ривожлана бошлади, шу билан бирга инсоннинг табиат устидан ҳукмронлиги кучайди. Фандаги муваффақиятлар Ғарб тафаккурининг кўзини ёғ босишига ва унда «мен ҳар нарсага қодирман» деган қатъий ишонч пайдо бўлишига олиб келди. Ғарб инсонга объектлар ичидаги бир объект деб қараб, инсон ҳаётининг барча соҳаларида илмий концепциялар ва илмий методларни қўллашга уринди. Вақт ўтиши билан материалистик ва илмий йўналиш Ғарбда кенг тарқалган дунёқарашга айланди. Унинг равнақ топиши Дарвин инсон ҳайвондан келиб чиққанини исботлашга уринган, Маркс эса инсоннинг онги маълум даражада унинг туриш-турмуши билан белгиланишини таъкидлаган ўн тўққизинчи ва йигирманчи асрларга тўғри келади.

Инсон тўхтовсиз ривожланаётган жонзот деган қарашнинг зидди ўлароқ Шарқда биз мутлақо бошқа инсон тушунчасига дуч келамиз. Қадим замонларданоқ Шарқ мутафаккирлари маънавият инсонгагина хослигини таъкидлашган. Инсон қалбини мушоҳада қилиш Ҳиндистонда веданта фалсафаси, араб мамлакатларида эса сўфизм пайдо бўлишига олиб келди. Маънавиятли инсон тушунчаси Шарқдаги барча мамлакатларда фалсафий тафаккурга салмоқли таъсир кўрсатди, Ғарбда ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу тушунчага кўра инсоннинг суратигагина қараб ички дунёсини англаб бўлмайди. Инсонга оллоҳ тажаллисининг самараси сифатида қарасаккина унинг асил табиатини англаб етишимиз мумкин. Шарқ фалсафасида пантеизм кенг тарқалди. Ҳинд фалсафасининг турли йўналишларида ҳамма нарсага тангри мавжудлигининг ифодаси сифатида қаралади, шунда ҳам инсонга алоҳида ўрин берилади, чунки унда илоҳий моҳият ёрқин намоён бўлади. «Гиталар»да айтилганидек:

«Билишдан мурод сенсан, сен азалу абадсан,
Сен оламда энг юксак маскан!
Сен Дхарманинг мангу муҳофизисан!
Сен ўлмас Пурушасан! — мен шундай деб билурман».

Шундай қилиб, сўфизмда оллоҳ чексиз уммон бўлса, инсон унинг бир қатраси, оллоҳ офтоб бўлса, инсон бир қатим нур деб тасаввур қилинади. Инсоннинг нигоҳини билимсизлик пардаси тўсиб турар экан, у ўзини абадий борлиқдан айро алоҳида олам деб ҳисоблаши мумкин. Қалб кўзи очилганда эса зоҳирий тафовутлар йўқолади ва инсон ўзининг абадий борлиқдаги бир лаҳза эканини англаб етади.

Шарқда юзага келган ва ҳозир ҳам мавжуд бўлган инсон тушунчасида унга ердаги барча махлуқлардан аъло жонзот сифатидагина эмас, ўз хусусиятларига кўра улардан ажралиб турувчи зот сифатида ҳам қаралади. Инсон тенглар ичра энг яхши ҳисобланмайди, у бошқа ҳар қандай жонзотнинг моҳиятидан ҳам аълороқ моҳиятга эга. У нафақат тўхтовсиз ривожланаётган жонзот, балки ўзида оллоҳ таолонинг хусусиятларини кашф этишга қодир зотдир. Ҳақиқатан ҳам унинг хислатлари шунчалик юксак ва мукаммалки, инсон ақлига сиғдира оладиган бундан юқорироқ даража йўқ.  «Чхандогя-упанишада»да айтилганидек:

«Ҳақиқат шундай. Атман (руҳ) шундай. Сен шундайсан».     

Бу ғоя арабча «Ўзини англаган худони ҳам англайди» нақлида ҳам жуда чиройли ифодаланган.

Кейинчалик ривожлантирилган ушбу принцип инсон дунёдан айро кимса эмас, аммо бутун оламни ўз ичига олади деган фикрни келтириб чиқарди. «Гиталар»да айтилганидек:

«Бугун шу ерда ҳаракатдаги ва ҳаракатсиз бутун оламга назар сол, о Гудакеша (Аржуна), нимани кўрмоқчи бўлсанг бари менинг вужудимда мужассам».

Сўфий шоир арабча шеърида бу ҳақда шундай деган эди:

«Ўйлайсанки, сен кичкина вужудсан, билмайсанки, моддий дунёдан ҳам каттароқ оламни вужудингга жо этгансан».

Инсонга бундан яхши таъриф бериб бўлмайди десам, ўйлайманки, барчангиз фикримга қўшиласиз. Худо инсон тафаккурининг ҳадди аълосидир. Шарқча инсон тушунчаси одамни ҳазрати инсон дея улуғлар экан, унда комиллик, олимлик, қодирлик каби оллоҳга хос кўпдан-кўп хусусиятларни кўришни истайди. Шу боис инсонда уларга интилишдан бошқа улуғ мақсад бўлиши мумкин эмас. Шу жиҳати билан у бошқа барча жонзотлардан устундир.

 

2

Шу пайтгача биз инсон тушунчаси ҳақида Шарқ ва Ғарб фалсафаси нуқтаи назаридан келиб чиқиб гапирдик. Энди дин бу борада нима дейишига тўхталмоқчимиз. Яҳудийлар ва христианларнинг эътиқодига кўра худо одамни ўзига ўхшатиб яратган. Бундан инсон худога хос барча хусусиятларга эга деган хулосага келиш мумкин. Христианлик позицияси диний мистицизмнинг ёрқин ифодаланган элементида акс этган.

Исломда ҳам юқоридаги дунёқараш таъсирини кузатамиз. Инсонни улуғлаш бобида Қуръон аввалги муқаддас китоблардан ўтиб кетди, унга кўра худо нафақат одамни ўзига ўхшатиб яратган, балки инсон худонинг ердаги халифаси (ўринбосари) ҳамдир. Қуръони каримнинг «Бақара» сураси 30-оятида Аллоҳ таоло одамнинг яратилиши хусусида: «Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман», — дегани айтилади (Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси).

Кўпчилик араб файласуфларига Арасту қанчалик кучли таъсир кўрсатгани ҳаммага маълум, аммо ҳатто Арастуни шарҳлаганда ҳам улар инсон — худонинг ердаги халифаси ғоясини далил қилиб келтиришади. Метафизикага тааллуқли барча масалаларда Ибн Сино ва Ибн Рушд Арастуга эргашадилар, бироқ улар исломдан ўзлаштирган маънавиятли инсон тушунчаси уларни инсон худога хос барча хусусиятларга эга экан, унда билимда ҳам, ўз иродасини намоён этишда ҳам у эгаллайдиган юксакликнинг чегараси йўқ деб эътироф этишга ундайди. Ғазолий, Розий, Роғиб Исфахоний сингари мусулмон файласуфлари ўз асарларида ушбу ғояни ривожлантирдилар.

Айтиш жоизки, веданта ва сўфизмдаги инсон тушунчаси уни кўкларга кўтаради, шу билан бирга ҳар иккала фалсафа мактабининг қайд этишича, бир томондан, улар инсоннинг имкониятларини асло чекламайдилар, бошқа томондан эса тақдирнинг шубҳасиз инсон иродасидан устунлигини кўзда тутадилар. Уларнинг инсоннинг худога муносабати тушунчасида бу парадокснинг изоҳи мавжуд. Модомики, инсон оллоҳ тажаллисининг самараси экан, у нима қилмасин пировардида бу худонинг иши, нима содир бўлмасин, оллоҳнинг иродаси билан содир бўлган бўлиб чиқади. Бундай позиция «инсон бор-йўғи тақдир қўлидаги бир ўйинчоқ» деган фикрни келтириб чиқаришига бир баҳя қолади.

Юқорида веданта ва сўфизм ўзларининг бошланғич шаклларида инсоннинг бир қатор маънавий ютуқларга эришишига кўмаклашгани, айни пайтда моддий турмуш борасидаги тараққиёти йўлида муайян даражада тўсиқ бўлгани айтилди. Одам ва худонинг ўхшашлиги ҳақидаги фикр жамиятни инсоний дардга лоқайд қилиб қўйди, чунки дард пуч, хаёлий бир нарса ҳисобланар эди. Шарқ жамияти кўпинча ижтимоий қийинчиликларнинг сабабларини бартараф этиш чораларини кўрмаган. Шунинг учун ҳозирги мутафаккирларнинг айримлари веданта фалсафасини баён қилар экан, уни фатализмдан халос этишга уринишади.

Ғарбча инсон тушунчасида ҳам биз шундай ҳолатга дуч келамиз. Материализм фалсафаси аввало ҳаётга детерминистик қарашни жорий этади. Чунки моддий дунёни сабабият қонуни бошқарар экан, у инсон фаолиятига ҳам татбиқ қилиниши керак. Мазкур ғоя бихевиористлар назариясида ёрқин ифодаланган. Бироқ ғарбона тафаккур бундай детерминистик тушунча таъсирига берилмади ва фавқулодда, тенги йўқ руҳий қувватни намойиш қилди.

Бугунги симпозиумнинг асосий вазифаларидан бири Шарқ ва Ғарбнинг фалсафий ва диний дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатган ушбу икки тушунчани уйғунлаштириш имконини топишдир. Ғарбча тараққиёт назарияси билан бирлаштирилган шарқча инсон миссияси тушунчаси инсонга фанни суистеъмол қилишидан қўрқмай чексиз олға интилиш имконини берган бўлур эди. Иккала қарашнинг бирикуви инсон ва худонинг ўхшашлиги ҳақидаги шарқона тушунчадан келиб чиқувчи фатализмдан ҳам халос бўлишга ёрдам беради. Шарқча инсон миссияси тушунчаси нафақат Ғарб илм-фани тараққиёти билан уйғунлаша олади, балки унинг сабабларини ҳам буткул тушунарли қилиб изоҳлаб бера олади. Агар инсон чиндан ҳам юқори даражада ривожланган ҳайвон бўлганида унинг камолотининг чегараси бўлар эди. Худо чексиз бўлгани каби у ҳам чексиз бўлса, унинг билимининг ҳам чегараси мавжуд эмас. Илм-фан шу тариқа инсонни қийнаётган масалаларни бирин-кетин ҳал қилиб зафарли одимини давом эттираверади.

Инсоният келажаги учун шарқча ва ғарбча инсон тушунчаси синтези нима учун бу қадар муҳимлигининг бундан ҳам каттароқ сабаби бор. Илм-фан ўз-ўзидан холисдир. Илмий кашфиётдан тузатиш учун ҳам, ўлдириш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Илм ер юзини жаннатга айлантиришга хизмат қиладими ё бутун дунёнинг куйиб кул бўлишигами, бу уни эгаллаган кишининг ақл-идроки ва фикрлаш тарзига боғлиқ. Агар инсонга фақат тадрижий ривожланувчи ҳайвон сифатида қарасак, унда ҳеч нима унга фандан ҳайвоний нафс ва эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланишига тўсқинлик қилолмайди. Агар инсонга оллоҳ тажаллисининг самараси сифатида ёндашсак, у эгаллаган илм ер юзида тинчлик ва тотувликка эришилишига ва ҳамма одамларнинг эзгу орзу-ниятлари рўёбга чиқишига хизмат қилади.

 

3

Мен шарқча ва ғарбча инсон тушунчаси маълум даражада бир-бирини тўлдиришини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бирида инсоннинг азизу-мукаррамлиги таъкидланса, бошқасида инсон эришган ва ўз кучи билан эришишга қодир бўлган тараққиётга алоҳида аҳамият берилади. Бирида инсон табиатининг маънавий асосига эътибор қаратилса, иккинчиси маънавий устунлик моддий асосга ҳам таянишини қайд этади. Ўртада арзимас тафовутлар мавжудлигига қарамай ғарбча ва шарқча инсон тушунчаси муроса йўлини топа олишса, ушбу икки минтақа таълим системалари жаҳон миқёсидаги яхлит таълим системасига айланишига халақит берувчи ҳеч бир сабаб қолмайди.

Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам кенг тарқалган таълим системаларининг ўз парадокслари мавжуд. Шарқда шахсий нажот тушунчасига жуда катта эътибор қаратилади. Инсон ўзини қутқариш учун илмга интилади. Шахсий нажот муаммосини биринчи ўринга қўювчи Шарқ тафаккури ижтимоий фаровонлик ва тараққиётга ҳар доим ҳам етарлича эътибор қаратмаган. Ғарбда эса аксинча, ижтимоий тараққиёт масалаларига устувор аҳамият берилган. Ҳақиқатда эса ижтимоий фаровонликка бундай катта эътибор қаратилиши баъзан инсон қадр-қиммати камситиладиган тоталитар жамиятлар пайдо бўлишига олиб келган. Илм-фан ривожланиши туфайли Шарқ ва Ғарб яқинлашган бугунги кунда шахсга, жамиятга нисбатан ғаразли муносабатга барҳам берилиб, икковининг ҳам муҳимлиги эътироф этилиши ва ҳар иккаласига етарлича эътибор қаратиладиган таълим системаси яратилиши керак.

Шу тариқа таълимнинг бугунги кунимиздаги аҳамияти аён бўлади. Тажрибанинг кўрсатишича, таълим инсонни, у орқали эса жамиятни ўзгартиришга қодирдир. Киши шахсга айланмаган жойда жамият мукаммал бўла олмайди. Шу боис ҳозирги замонда таълим комил инсонни тарбиялашга хизмат қилиши, шарқча ва ғарбча инсон тушунчалари эса бу жараёнга ўз улушларини қўшишлари лозим.

Хулосага ўтишдан олдин эътиборингизни яна бир муаммога қаратмоқчиман. Кўпинча «таълим нима: мақсадми ё восита?» деган савол туғилади. Менимча, умуман олганда, таълимга восита сифатида қараш Ғарбга хосдир, Шарқ эса уни мақсад деб ҳисоблайди. Ростдан ҳам таълимга восита сифатида қарасак, унинг мақсади нима деган савол келиб чиқиши табиий. Ғарб кўпинча ижтимоий фаровонликка эришишни мақсад қилган, бироқ ижтимоий фаровонликни турлича талқин қилиш мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам таълимга восита сифатида қараш билишнинг аҳамияти озгина камайишига олиб келади. Менимча, шарқча инсон тушунчаси таълимнинг асил моҳиятини аниқроқ акс эттиради. Унга асосий мақсад сифатида қараб биз билим асосий қадриятлардан бири ҳисобланишини эътироф этамиз. Ғарб файласуфларидан бирортаси билимнинг муҳимлигини инкор қилмаса керак, аммо таълимга мақсад сифатида қаралмас экан, билимнинг аҳамиятини анлаб етиб бўлмайди. Бунинг устига таълимнинг мақсад эканини тан олишнинг ўзи инсоннинг мақомини оширади. Шундан келиб чиқиб мен ҳам таълимга моддий фаровонликка эришиш воситасидан кўра кўпроқ мақсад сифатида ёндашиш керак деб ўйлайман.

 

4

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, шарқча инсон тушунчасига мувофиқ инсон оллоҳ тажаллисининг самараси сифатида худога хос барча хусусиятларга эга, шу боис барча яратиқлар устидан ҳукмронлик қилишга қодирдир. Ғарбча инсон тушунчасига мувофиқ инсон ҳайвон, ҳайвон бўлганда ҳам моддий оламда чексиз тараққиётга эришишга қодир ҳайвон ҳисобланади. Унинг илмий ютуқлари унинг бошқа яратиқлардан устунлигининг яққол тасдиғидир, бу ютуқлар унга осмон, денгиз ва ерга ҳокимлик қилиш имконини беради. Шу тариқа биз Ғарб инсон ҳақидаги шарқча назарияни тажриба йўли билан тасдиқлади дейишимиз мумкин. Аммо Ғарб назарияси инсоннинг маънавий асосига етарли эътибор қаратмагани сабабли унинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари инсоният ҳаёти учун таҳдид манбаига айланиб қолди. Шу боис Ғарб илм-фанининг ютуқлари инсон ва худонинг маънавий бирлиги ҳақидаги шарқона ғоя билан бирлаштирилса илм-фан вайронагарчилик қуролига эмас, инсониятнинг тотувлиги, тараққиёти ва фаровонлигига эришиш воситасига айланган бўлур эди.

Шарқ ва Ғарб файласуфларининг ушбу симпозиуми маънавиятли инсон тушунчаси билан моддий оламда чексиз тараққиётга эришишга қодир инсон тушунчасини уйғунлаштиришга, шу тариқа ер юзида жаннат барпо бўлишига ёрдам беради деб умид қиламан.

Ҳасан Карвонли таржимаси