Патрик Модиано. Менинг сюжетим – замон (Нобель маърузаси)

2014 йилда француз ёзувчиси Патрик Модиано (1945 йилда туғилган) адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлди. Нобель қўмитасининг қўшимча хатида таъкидлаб айтиладики, у ушбу мукофотга “ёзувчи энг мураккаб инсон тақдирини аниқлашда ва босқинчилик вақтидаги ҳаёт моҳиятини очиб беришда фойдаланган хотира санъати” учун мушарраф бўлди. Патрик Модиано адабиётда муҳим ўрин эгаллаган таниқли француз ёзувчиларидан бири. Ўттиздан ортиқ роман унинг қаламига мансуб, улардан кўпчилиги Иккинчи жаҳон уруши вақтида Франциянинг босиб олиниши мавзуси билан чамбарчас боғлиқ воқеалар эса Парижда кечади.
Патрик Модианонинг асарлари Францияда юксак баҳоланган. “Қоронғи дўконлар кўчаси” (1978) Гонкур мукофотини олди, “Хиёбонлар ҳалқаси” (1972) француз академиясининг Катта мукофотига сазовор бўлди. Унинг сўнгги китоби – “Шу даҳада йўқолиб қолмасайдинг” номли асари 2014 йилда “Галлимар” нашриётида чоп этилган.

МЕНИНГ СЮЖЕТИМ – ЗАМОН
(Маъруза)

Энг аввало, Сизларнинг орангизда пайдо бўлиб қолганимдан, адабиёт бўйича Нобель мукофоти тақдим этиб, менга кўрсатган эътирофингиздан қанчалик бахтиёр эканимни шунчаки изҳор этмоқчиман.
Бу қадар кўпсонли йиғин олдида нутқ сўзлаш менга биринчи марта насиб этиб турибди ва бундан бироз ҳайиқяпман. Бундай машқ ёзувчига осон ва табиий ҳолда насиб этади, деб ўйлаш одат тусига кирган. Аммо ёзувчи ёки ҳеч бўлмаганда романнависнинг оғзаки нутқ билан чиқишмоғи кўпинча душвордир. Ёзма ва оғзаки топшириқ ўртасидаги фарққа мактабча қарайдиган бўлсак, ёзувчи кўпроқ ёзмада моҳирроқ келади. У сукут сақлашга ўрганиб қолган ва муҳитни ёриб киришга интиларкан, оломонга қўшилиб кетмоғи жоиз бўлади. У зимдан суҳбатларга қулоқ тутади, борди-ю, суҳбатга аралашгудек бўлса, бу ҳам шу важданки, бир нечта мавҳумроқ саволлар бўлса ва уни қуршаб турган аёллар ва эркакларни яхшироқ тушуниб етса. У ёзма хатоларни тўғрилашга ўрганган, аммо ўзининг оғзаки нутқига кўпда ишонмайди. Ўз-ўзидан равшанки, кўплаб таҳрирлардан кейин унинг услуби тоза ва аниқ кўриниши мумкин. Аммо у гапира бошлаганда эса бирон нарсани ўзгартиришга имкон қолмайди.
Кейин, мен айрим ҳоллардан ташқаригина, яъни болаларнинг гапиришига йўл қўйилмаган, бунга ҳам махсус рухсат олган авлодга мансубман. Бизнинг гапимизга қулоқ солишмаган ва жуда кўп ҳолларда болаларнинг гапини оғзидан олиб қўйишган. Айримларимизнинг нутқимиз яхши чиқмаганлиги, оғзимдан олиб қўйишмасин, деган қўрқувда ғоят тез гапиришимиз шу билан изоҳланади. Менда вужудга келган ёзиш хоҳиши, бошқаларда бўлганидек, ўспиринликда ўсиб чиққани, шундандир. Сиз ёши катталар ўқишидан умидворсиз. Гапларингизни қулоқ қоқмай тинглашга мажбурлиги ҳам шундандир, кўнглингиздагини билиб олишлари ҳам шундандир.
Бу мукофот ҳақидаги хабарга ишонмадим, нима учун мени танлашингиз сабабини билишга ошиқардим. Ўша кунгача унинг китоби ҳақида сўз очилганда романнавис нақадар кўр бўлиб қолишини, унинг ёзганларини ўқувчилар нечоғли яхши тушунишларини ҳеч қачон бунчалик кучли ҳис этмагандим. Ёзувчи ҳеч қачон ўзининг шинаванда ўқувчиси бўлиши мумкин эмас; борди-ю, у ўз китобининг ўқувчиси бўлса, фақат қўлёзмадаги синтактик хатоларни, такрорларни тўғрилаш ёки кераксиз жумлаларни олиб ташлаш учунгина ўқийди. У ўз китоблари ҳақида хира, чалакам-чатти тасаввурга эга бўлади, бу зинапояларда ётиб олиб, гумбаз остида суврат солаётган ва бутунликни илғаёлмай, қисмларни ҳаддан ташқари яқиндан туриб ишлаб чиқаётган рассом ишига ўхшайди.
Ёзувчилик – ғалати ва етимча машғулот. Романнинг дастлабки саҳифаларини ёзар экансиз, вақти-вақти билан руҳингиз тушиб кетаверади. Ҳар куни сиз йўлдан тойилиб кетаётгандай бўлаверасиз. Шунда орқага қайтгингиз ва бошқа йўлдан боргингиз келаверади. Васвасага берилмаслик, олға қараб юриш керак. Бу машинани тунда, музламада кўзни чирт юмиб ҳайдашга ўхшайди. Бошқа иложингиз йўқ, орқага қайтолмайсиз, олға ҳаракат қилиш керак, ўзингизни ҳаммаси яхши бўлишига, туман тарқалиб кетишига ишонтиришга мажбурсиз.
Китобни ёзиб тугатганингизда сизга шундай туюладики, у сизни тарк эта бошлаяпти, у энди эркин нафас оляпти, ёзги таътил арафасидаги мактаб боласига ўхшайди. Болалар ҳардамхаёл бўлишади ва қий-чув кўтаришади, ўқитувчининг гаплари қулоғига кирмайди. Сўнгги жумлалар ёзиб бўлинаётганда, таъбир жоиз бўлса, китоб муаллифга нисбатан адоватда бўлиб қолади, ундан қутилишга интилади. Сўнгги сўзни ёзиб бўлишингиз биланоқ у сизни тарк этади. Албатта-да, энди унга сизнинг керагингиз йўқ, у сизни эсидан чиқариб бўлди. Шу аснодан эътиборан китоб ўқувчи туфайли ўзини инкишоф этади. Шу лаҳзадан бошлаб сиз ўзингизни бўм-бўш ва танҳо ҳис қиласиз. Китоб билан сизнинг ўртангиздаги алоқа ҳаддан ташқари тез узилганидан ғира-шира қониқарсизлик туйғусини ҳам туясиз. Ниманидир нотугаллигидан кўнгил яримталиги ва хўрлик туйғуси сиз ҳеч қачон етиша олмайдиган мувозанатни тиклаш учун сизни навбатдаги китобни ёзишга ундайди. Йиллар ўтаверади, ўқувчилар эса “ижод” ҳақида гапирадилар. Аммо бу олға қараб узоқ югуриш эканини ҳис этиб турасиз.
Ҳа, ўқувчи китоб ҳақида муаллифнинг ўзидан кўра кўпроқ нарсани билади. Роман ва уни ўқийдиганнинг ўртасида фотосуратни чиқаришга ўхшаган бир нарса рўй беради, бу даққиюнус замонида бўладиган нарса эди.
Фотолабораторияда суратни босиш вақтида тасвир аста-секин кўзга ташлана бошлайди. Романни мутолаа қилиш баробарида шундай кимёвий жараён содир бўлади. Аммо ёзувчи ва ўқувчи ўртасидаги бундай келишув учун ёзувчи ҳеч қачон ўқувчини “сафарбар” қилиши керак эмас. Токи китоб китобхонга беозор игна санчишдек таъсир қилсин, игнани шундай санчсинки, бу таъсир аъзойи баданига тенг тақсимлансин.
Назаримда, ёзувчи ва ўқувчи ўртасидаги бир-бирига яқин ва ўзаро бир-бирини тўлдирувчи муносабатларга ўхшаган нарсани мусиқа соҳасида ҳам кўриш мумкин. Мен ҳар доим асар ёзишни анча эркинроқ бўлган мусиқага яқин деб билардим ва ҳар доим машшоқларга ҳавасим келарди, менга шундай туюлардики, санъатда ижод қилиш адабиётга қараганда анча юксак туради, яна романдан кўра машшоқларга яқин бўлган шоирларга ҳавасим келарди. Мен болалигимдан шеърлар ёза бошлаганман, шунинг боиси ўлароқ аллақаерда кўзим тушган “Ёмон шоирлардан ёзувчилар чиқади”, деган гапнинг маъносини яхшироқ тушунардим. Кейин, романнавис кўпинча кўриб турган одамлар, пейзажлар, кўчаларни мусиқага, мусиқа партитурасига олиб киради, бу ерда китобдан-китобга ўтиб юрувчи мусиқий парчалар борлиги маълум бўлади, аммо партитура унга чала қолгандай кўринади. Романнавис ўзимни мусиқага бағишласам, дея пешонасига шап уриб қўяди.
Ўзингнинг китобларингга нисбатан аниқ ва танқидий муносабатдаги камчилик мен ўзимда ҳамда бошқаларда пайқаганим бир ҳодиса билан изоҳланади: ёзиб бўлган аснодаёқ ҳар бир янги китоб олдингисини худди эсдан чиққандек қилиб ўчириб ташлайди. Ўйлайманки, мен уларни танаффуслар билан олдинма-кетин чоп этар, ҳар гал олдингисини эсдан чиқарар эканман, кўпинча ўша шахслар, жойлар, номлар, ўша жумлалар худди уйқусираб тўқилган гилам нақшидек биридан бошқасига ўтаверади. Уйқусирабми ёки хаёлпарастлик биланми? Ёзувчи ойдинда юрувчи ойпарастга ўхшайди, у ёзиб тугаллашим керак деб оёқ тираб туриб олади, кўчани кесиб ўтаётганида ишқилиб машина уриб кетмасин-да, деб юрак ҳовучлаб турасиз. Ойдинда томлар оша сайр қилиб, бирон марта ҳам йиқилмаган ойпарастларнинг ҳаддан ташқари аниқликлари ҳам эсдан чиқиб кетади.
Нобель мукофоти ҳақидаги хабардан кейинги ахборотда мен иккинчи жаҳон урушига тааллуқли гапни эшитдим: “У босқинчилик вақтидаги инсон оламини кўрсатиб берди”.
1945 йилда туғилган барча одамлар каби мен ҳам уруш боласиман ёки аниқроғи, Парижда туғилганим боис ўзининг босиб олинган Парижда туғилганидан миннатдор гўдакман. Ўшанда Парижда яшаган одамлар тезроқ уни унутиб юборишни хоҳлашган ёки уларнинг кундалик ҳаёти фаровон замонлардаги ҳаётдан унчалик фарқ қилмайдиган икир-чикирли кунларни эслашдан нарига ўтишмаган. Алоқ-чалоқ туш дейсизми, тирик қолганидан истиҳола қилишлар дейсизми, ихтиёрингиз. Кейинроқ болалар улардан ўша давр ҳақида ва ўша Париж ҳақида сўрашганида, улар жавоб беришдан бош тортишган. Ёки гўё ўша аянчли йилларни хотирадан чиқариб ташлашмоқчи ва ниманидир биздан яширмоқчи бўлгандек сукут сақлаганлар. Аммо ота-оналаримизнинг сукутига қараб бизлар буни худди ўзимиз бошдан ўтказганимиздек ҳаммасини англаб етардик.
Босқинчилик давридаги Париж ғалати шаҳар эди. Ташқаридан қараганда ҳаммаси “олдингидай” давом этаётган театрлар, кинозаллар, мюзик-холлар, ресторанлар… Радиодан қўшиқлар янграган. Театр ва киноларда халқ урушдан олдингига қараганда кўп бўлган, гўё бу жойлар пана жойга айлантирилгандек, одамлар ўзларини тетикроқ тутиш учун зич бўлиб, бир-бирларини қўлларидан ушлаб олишган. Бироқ тасодифий воқеалар шундан гувоҳлик берардики, Париж энди аввалги Париж эмас: машиналар йўқлигидан шаҳар жимжит ва сукунат ичидан дарахтларнинг шитирлаши, от туёқларининг дупури, одамлар товуши ва ғўнғир-ғўнғир овозлар қулоққа чалинарди. Жимжит кўчаларда ва қишда кечки бешда бошланадиган қоронғилик қўйнида, деразалардан ёруғлик тушиши ман этилганда, шаҳар ўзидан-ўзи ҳувуллаб қолар эди – нацист босқинчилар тилида бу “кўзсиз” шаҳар дейиларди. Ўспирин ва ёш болалар ҳеч бир из-пиз қолдирмай, зумда ғойиб бўлар эди, ҳатто дўстлар билан тўйиб гаплашиш йўқ, суҳбатлар эса ҳеч қачон очиқ-сочиқ бўлмасди, чунки ҳамма боши узра ажал қанот қоқиб туришини яхши биларди. Алоқ-чалоқ уйқудан уйғонган метродан чиқишда ҳар ким чақув ёки тинтув қурбони бўлиш эҳтимоли тутилган ўша Парижда омонлик вақтларда ҳеч қачон дуч келмайдиган одамлар ўртасида тасодифий учрашувлар рўй берарди: комендантлик соати ғира-ширасида омонат алоқалар вужудга келарди, яна такрор учрашишга тариқча умид қолмасди. Мана шу аксарият қисқа муддатли, гоҳида эса бехосият учрашувлар оқибатида болалар туғилар эди. Шунинг учун ҳам босиб олинган Париж ҳар доим мен учун қандайдир мен туғилган тунга ўхшарди. Бу тунсиз мен ҳеч қачон дунёга келмаган бўлардим. Ўша Париж мени ҳамон таъқиб қиларди. Унинг пасайтириб қўйилган нури вақти-вақти билан китобларимга сизиб кирарди.
Ёзувчи, борди-ю, сиёсий ҳаракатларда бевосита иштирок этмаган, борди-ю, у “олтин қафас ичра” танҳо қамалиб олган бўлса-да, ўз туғилиш ва замони санаси билан ўчмас қилиб муҳрлаб қўйилгани шу бўлса ажаб эмас. Борди-ю, у шеърлар ёзса, уларда шоир яшаган замон акс этади, шеър­лар бошқа даврга атаб ёзилган бўлиши мумкин эмас. Буюк ирланд шоири Йейтснинг “Кўлдаги ёввойи оққушлар” шеъри ана шунақа, уни ўқиб мен ҳар доим қаттиқ таъсирланардим. Парижда Йейтснинг кўзи сувда сузиб кетаётган оққушга тушади:

Ҳисоб очган кунимдан буён
Куз ўн тўққиз марта келибди,
Ҳисобдан адашиб кетдим-да
Тош қотиб қолдим.
Қанотларини ваҳимали қоққанча
Улар тик осмонга кўтарилди
Чарх ура-ура
Аммо энди улар чексиз гўзаллик
Манбаига айланган эди.
Қай қамишзор бўлар уларга ошён,
Ва қайда топгайлар ором
Янги тонг бўзариб чиққанда
Уларнинг йўқлигидан берганда хабар
Кимнинг нигоҳи менга берар тасалли?

XIX аср шеъриятида – Бодлер ёки Маллармеда оққушлар тез-тез кўзга ташланади. Аммо Йейтснинг бу шеъри XIX асрда ёзилган бўлиши мумкин эмас. Ўз оҳанг ва хафақонлиги билан у XX асрга ва ҳаттоки у ёзилган (фалон) санага дахлдор эди.
Шундай бўладики, XXI аср ёзувчиси ўзини ўз замонасининг асири деб ҳис этади, XIX асрнинг буюк романчилари Бальзак, Диккенс, Толстой, Дост­оевскийни мутолаа қилиш унда қандайдир қўмсаш ҳиссини жунбушга келтиради. Ўша даврда вақт бугунгидан кўра жуда секин ўтган ва сусткашлик романчининг иши билан омухта бўлиб кетган, чунки у ғайрати ва диққатини бир жойга яхши жамлай олган. Ўшандан буён вақт тезлашиб кетди ва сакраб-сакраб ҳаракат қила бошлади, бу ўтмишнинг гумбаздор жомелар сингари қад кўтарган маҳобатли романлари билан бизнинг кунлардаги узуқ-юлуқ, улама асарлар ўртасидаги фарқни изоҳлаб беради. Шу нуқтаи назардан, мен оралиқ авлодга мансубман ва интернет, мобил телефон, электрон почталар билан тенг туғилганлар адабиёт орқали ҳар ким доимий “банд бўлган”, ижтимоий тармоқлар кун-кечагача бизнинг мулк бўлиб келган хусусийлик ва эзгуликнинг бир қисмини – инсонга теранлик бахш этган ва роман учун катта мавзу бўлишга лойиқ сирни қандай ифода этишга қизиқаман. Аммо мен адабиётнинг келажагига бундан кейин ҳам умид билан қарашни хоҳлайман ва ишонаманки, келажакдаги муаллифлар ворисликка асло шак келтирмайдилар. Ҳомердан тортиб ҳар бир авлодда шундай бўлиб келган.
Дарвоқе, ҳар қандай бошқа санъаткор каби ёзувчи – майли, у замони билан чамбарчас боғлиқ бўлсинки, ундан қочиб кета олмасин ва “замон руҳи” деб аталган ҳаводангина нафас олсин – ҳар доим ўз асарларида қандайдир вақтдан ташқариликни ифода этсин. Расин ёки Шекспир пьесалари асосида қўйилган спектаклларда персонажлар қанақа кийим кийишининг аҳамияти йўқ, булар бари майда-чуйда нарсалар. Толстойни ўқир экансан, Анна Каренинани 1870 йилги русум бўйича кийинганини эсдан чиқарасан, киши, 150 йил ўтгандан кейин ҳам у бизга шу қадар яқин. Айрим ёзувчилар эса, масалан, Эдгар По, Мелвилл ёки Стендаль ўлганларидан 200 йил кейин ҳам ўз замонасидан кўра бизга кўпроқ тушунарли.
Пировардида, ёзувчи қандай аниқ масофада туриши керак? Агар уни тавсифлаш имкони бўлса, ҳаётдан сал нарида туриш керак; зеро, ҳаёт гирдобига ғарқ бўлиш – воқеа-ҳодисаларга қўшилиб кетиш унинг тиниқлигига путур етказади. Аммо бу четланиш ёзувчига ўзини ўз қаҳрамонларига ва борлиқ ҳаётда уларнинг прототиплари бўлганларга менгзатишга халал бермайди.
Флобер: “Бовари хоним – бу мен”, деган. Толстой ҳам ўзини қандайдир Россия станциясида тунда поезд остига ташлаган аёлга менгзайди. Ўхшашликнинг бу неъмати шунгача бориб етганки, Толстой осмон ва табиатнинг бир қисмига айланган Анна Каренина киприкларининг енгил пирпирашигача ўзига сингдириб олганди. Шахс иккиланишининг бу ҳолати нарциссизмга қарама-қаршидир, зеро, энг майда тафсилотларни идрок этиш учун бу ҳолат ҳам ўз-ўзини унутишни, ҳам энг кучли сафарбарликни кўзда тутади. Қандайдир яна ёлғизликни ҳам англатади. Бу ўзига маҳв бўлиб йўқолиш эмас, балки шундай танҳоликки, у муайян даражадаги эътиборга ва романда ташқи олам тажассуми учун фавқулодда зеҳндорликка эришишга имкон беради.
Мен доим шоир ва ёзувчиларни кундалик икир-чикирларга кўмилиб кетган одамлар ва кўринишидан зерикарли нарсалар сирларини тартибга соладиганлар, деб билардим. Муаллифлар қаттиқ тикилиб ва қарийб маҳлиё бўлиб қарайдилар; улар учун бегим кунлари сирлар қобиғига ўраниб олади, ва қандайдир илғаб бўлмайдиган нурланиш бўлиб туюлади.
Шоир ва ёзувчининг, шунингдек, рангтасвирчининг вазифаси шундан иборатки, улар бу сирни ва ҳар бир одамнинг қалбида сақланувчи бу нурни намоён этиб берсин. Мен ўзимнинг узоқ бир қариндошимни, рассом Амадео Модиани ҳақида ўйлаб турибман: у танлаган шахси номаълум натурчилар, ўйинқароқ болалар ва кўча қизлари, оқсочлар, деҳқонлар, шогирд усталар унинг самимий суратлари эди. У бир ўткир чизиқда чизар эди, Боттичелли мактабини, Кватрочентонинг рассомларини эсга солиб юборарди. У шу тариқа оддий қиёфа остида пинҳон ётган нафосат ва олийжанобликни ифодалар, тўғрироғи, намоён этиб берар эди. Романчи ҳам ана шундай ишлаши даркор. Унинг тасаввури борлиққа хиёнат қилмасдан, унинг қаърига ёриб кириши, бу борлиқни ўзи билан намоён этиши керак. Гоҳо мен романнависни башоратчиларга ўхшатаман. Яна энг майда ҳаракатларни ҳам илғайдиган сейсмографга менгзатаман.
Мен ҳар доим истеъдодли ёзувчиларнинг таржимаи ҳолини ўқишдан қўрқиб келардим. Ҳасби ҳолчилар гоҳо майда-чуйда нарсаларга ёпишиб олишади. Кишининг ҳавасини келтирадиган ёш, хафсалани пир қиладиган феъл-атворлар ҳар доим ҳам ҳақиқатга мос келавермайди, бу менга қарсиллаган овозни эшитмаслик учун радиоэшиттирувни ўчириб қўйишларини, мусиқа ёки қўшиқ тинглашга қўймасликларини эслатиб юборади. Ёзувчи билан бизни фақат унинг китоблари мутолаасигина яқинлаштиради, айнан шу ерда ўзини яхшироқ намоён қилади, биз билан жимгина сўзлашади ва унинг овозини ҳеч қанақа хириллаш буза олмайди.
Ёзувчи таржимаи ҳолини ўқир экансиз, гоҳо бўлажак ижодининг ўзига хос қолипига айланган болаликдаги жонли воқеага дуч келасиз ва бу воқеа турли манзилларда бўлади – ҳар доим атайлаб бўлмаса-да, қайсарлик билан унинг китобларида иштирок этади. Бугун мен Альфред Ҳичкок тўғрисида ўйлаб турибман, у ёзувчи бўлмаган, аммо унинг фильмлари роман кучига эга. Беш яшарлигида отаси унга полиция комиссарига бир хат олиб боришни топширади. Бола хатни олиб бориб беради ва комиссар уни турли қонунбузарлар тунлари панжара ортида сақланадиган полиция маҳкамаси бўлмасига қамаб қўяди. Қўрқиб кетган бола у ерда роса бир соат ўтиради, уни қўйиб юбора туриб, комиссар бундай дейди: “Ўзингни ёмон тутадиган бўлсанг, сени нималар кутишини бир умр эсингдан чиқарма”. Ғалати тарбия қиладиган бу полиция комиссари ҳақидаги эсдалик, эҳтимол, Альфред Ҳичкокни барча фильмларига хос шундай муҳитни етиштириб бердики, бунда юрак ҳовучлаб кутиш ва ғам-ташвишлар биринчи ўринга қўйилади.
Мен сизларни зериктириб қўймоқчи эмасман, аммо ўйлайманки, болалигимдаги айрим хотиралар кейинчалик китобларим учун хамиртуруш бўлди. Мен кўпинча ота-онамдан узоқда, дўстларим ҳузурида бўламан, ота-онам мени уларга ишониб топширган, турли жой ва уйларда турганлари боис мен уларни билмасдим. Бундай пайтларда бола ҳеч нарсадан таажжубланмайди, ҳатто ноқулай аҳволга тушиб қолса ҳам буни табиий деб билади. Болалигим кўп йиллардан кейин ўзимга ғалати кўрина бошлаган. Мени ишониб топширишган одамларни кўпроқ билишга ҳаракат қилганман. Аммо мен уларнинг кўпчилиги ҳақида бир чимдим ҳам маълумотга эга эмасдим.
Мана шу беҳуда уринишлар қалам тебратишимга мажбур этди, мана шу ички сирларимни ташқи оламга чиқаришда хат ва тасаввур асосий воситачига айланди ва жумбоқлар ечилиб, сирлар фош бўлди.
Модомики, гап “сирлар” устида кетар экан, улар XIX асрнинг француз романи “Париж сирлари” номи билан уюшиб кетади. Катта шаҳар, айни дамда Париж, менинг она шаҳрим дастлабки болалик таассуротларим билан чамбарчас боғлиқ, бу таассуротлар шунақанги кучли эдики, ўшандан буён мен ҳеч қачон “Париж сирлари”ни ўрганишдан чарчамаганман. Мен тўққиз-ўн яшарлик вақтимда бир ўзим сайр қилишга ишқибоз бўлиб қолган эдим, йўқолиб қолишдан қўрқмаган эканман. Сенанинг нариги қирғоғига ўтиб, олис-олис овлоқ жойларга кетиб қолардим. Сайрларим кундузи бўлгани учун ўзимни дадил тутар эдим. Кўпчилик романнависларга эргашиб, кўп нарсаларни ана шундай ўрганганман. XIX асрдан бошлаб катта шаҳар – у хоҳ Париж ё Лондон, хоҳ Санкт-Петербург ё Стокгольм бўлсин – улар китобларининг безаги ва асосий мавзуларидан бири бўлган.
Ўзининг “Оломон одами” ҳикоясида Эдгар По биринчилардан бўлиб йўлакдан сел бўлиб оқиб бораётган одамлар ҳақида сўзлайди, уларни адиб қаҳвахона деразасидан томоша қилиб турарди. Унинг бир ғалати чолга кўзи тушади ва у ҳақда кўпроқ нарса билиш мақсадида тунда чолнинг ортидан эргашиб кетаверади. Аммо “номаълум” чол ортидан кузатиш беҳуда кетади, у ёзувчи учун номаълумлигича қолаверади. Чол бор-йўғи катта оломоннинг бир дона заррасидан нари ўтолмайди, у гоҳ бир, гоҳ бошқа одамга туртина-туртина охири кўздан бутунлай ғойиб бўлади.
Шоир Томас де Квинси ёшлигида бошдан ўтказган бир воқеани ҳам ўйлаб турибман. Оксфорд-стрит кўчасида у ёш бир қиз билан танишиб қолади. Катта шаҳарларда бўлиб турадиган оддий учрашув. У қиз билан бир неча кунни ўтказади, кейин у Лондонни тарк этишига тўғри келади. Қиз бир ҳафта кутишини айтади, кейин эса ҳар оқшом Татчфилд-стритнинг бир муюлишида ҳар оқшом бир вақтда келиб туради. Аммо улар учрашишмайди. “Ҳойнаҳой, биз бир вақтнинг ўзида айқаш-уйқаш Лондон кўчаларида бир-биримизни роса қидирган бўлсак керак. Эҳтимол, бир-биримиздан бир-икки метр наридан кўрмай ўтиб кетгандирмиз – абадий жудолик учун шундан ортиқ нарсанинг кераги ҳам йўқ-да”.
Агар менинг дастлабки китобларим ҳақида гапирадиган бўлсам, назаримда, улар кўҳна Париж маълумотномаларини титкилаш пайтида юзага келгандир. Қалам билан биронта нотаниш одамнинг исм-шарифи ва телефон рақами остидан чизиқ тортиб қўярдим, бас, минг-миллионлаб номлар орасида унинг қисматини тасаввур қилиш қийин кечмасди. Менда қисқа жавоб ҳамиша тайёр турарди, уларни қидирув дафтарчаларида учратиш мумкин эди. Ғойиб бўлиш, кетаётган вақт тақчиллиги катта шаҳарларнинг ер усти тузилиши билан узвий боғланган бўлади. XIX асрдан бошлаб улар кўпинча романнавислар мулкига айланиб қолишининг сабаби шунда. Гоҳо буюк ёзувчиларни биронта шаҳар номи билан қўшиб тилга оладилар. Париждан Бальзак, Лондондан Диккенс, Санкт-Петербургдан Достоевский, Токиодан Нагаи Кафу, Стокгольмдан Яльмар Сёдерберг.
Мен шу ёзувчилар таъсиридан четлаб ўтмаган авлодга мансубман ва ўз навбатида Бодлер “кўҳна пойтахтларнинг нимқоронғи бурчаклари”ни тадқиқ этишни ҳам истаган ўша авлод. Ўз-ўзидан равшанки, менинг болалигимдаги бундай шаҳарлар бутунлай ўзгариб кетган. Олисдаги катта мамлакатларда бундай шаҳарлар “мегаполис” номини олган. Улардаги аҳоли ижтимоий адоватда яшайди, харобазорлар кўпайгандан-кўпайиб бормоқда. Келажакдаги ёзувчилар бундай улкан шаҳарлар тўғрисида нимани ёзаркин – мени шу нарса кўпроқ қизиқтиради.
Китобларим ҳақида гап кетганда, сиз лутф ила “энг тутқич бермас инсон тақдирлари безанадиган хотира санъати” ҳақида эслатиб ўтдингиз. Бу ортиқча мақтовдан бошқа нарса эмас. Бу алоҳида хотира ҳисобланади, ўтмишдан мисқоллаб тўпланган бу хотирага менинг туғилган санам қўйилади: 1945. Бутун-бутун шаҳарлар аҳолиси билан нест-нобуд қилиб ташланган мен туғилган 1945 йил, шубҳасиз, мени ва менинг тенг-тўшларимни хотира ва унутиш мавзуларига яқиндан ошно қилиб қўйгани айни ҳақиқатдир.

Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 9-сон