Ҳазрат Сулаймон (м.а. Х аср)

Ҳазрат Довуднинг ўғли. Иудея ва Исроил давлатига ҳукмронлик қилган. Қуддус шаҳрида Яхва ибодатхонасини қурдирган. Замондошлари Сулаймоннинг донолигидан завқланишган. У ўзининг ўткир ақли ва ғайриодатий фикрлаш тарзи билан шуҳрат қозонган.

* * *

Ривоятларда айтилишича, Ҳaзрaт Сулаймоннинг: «Бу дунёдаги ҳамма нарса ўткинчи», — деган сўзлар ўйиб ёзилган узуги бўлган. Сулаймон ҳаётининг қайғули онларида узукдаги ана шу ҳикматли битикни ўқиб, таскин топган.

Бир куни унинг бошига шундай бахтсизлик тушадики, узукдаги сўзлар дардига малҳам бўлолмайди. Сулаймон ғазаб билан узукни ечиб, отиб юборади ва думалаб бораётган узукнинг ички томонида ҳам аллақандай битик борлигига ногаҳон кўзи тушади. Ўрнидан туриб, узукни қўлига олади-да, битикни ўқийди. Узукнинг ички томонида: «Бу ҳам ўтиб кетади», — деган ёзувлар бор эди. Сулаймон аччиқ кулимсираб, узукни бармоғига тақади ва умрининг охиригача уни ечмайди.

* * *

Авлодлар келиб-кетаверадилар, Ер эса абадий қолаверади.

* * *

Донолик ортганда қайғу ортади, билимнинг кўпайиши эса ғамгинликни кўпайтиради.

* * *

Баъзан кулганда ҳам юраклар зирқирайди, қyвонч эса қайғу билан якун топади.

* * *

Мен довюракликдан кўра донишмандлик афзал деган ўйда эдим. Аммо камбағалнинг донолигидан нафратланишар ва унинг сўзларини тингламас эканлар.

* * *

Эртанги кун билан мақтанма, чунки у нималарни тақдим этишини билмайсан.

* * *

Ақлли одам кулфатни олдиндан кўради ва ўзини панага олади. Тажрибасизлар эса олға юриб жазоланадилар.

* * *

Шундай йўллар борки, улар инсонга тўғри кўринади. Аммо бундай йўлларнинг ниҳояси — ўлим.