Ал-Мааррийнинг асл исми Аҳмад бўлиб, Суриянинг Маарра шаҳрида туғилиб ўсган. Аҳмаднинг отаси қозилик вазифасида хизмат қилган. Аҳмадда гўдаклик чоғиданоқ ноёб қобилиятлар намоён бўла бошлаган. У уч ёшида ўқишни ўрганиб, шеърлар ёд олган, тўрт ёшида чечак касалига чалиниб, кўзлари кўрмай қолган. Ал-Мааррий 20 ёшга етганда деярли барча фанларни пухта эгаллаган, бир нечта фалсафий ҳамда шеърий асарлар тўпламини яратиб улгурган. Аҳмаддаги истеъдод ва ҳақиқатсеварлик уни пойтахтга — Бағдод шаҳрига етаклайди. Мааррий бир дўстига ёзган мактубида шундай деганди: «Қасам ичиб айтаманки, Бағдодга мен бойлик орттириш ва машҳур кишилар билан учрашиш учун келмадим. Мен бу илм меҳварига келиб, унинг ўзим учун номаълум дурдоналаридан баҳраманд бўлишни орзу қилгандим». Аҳмад тез орада ўз ижоди билан Бағдодда шуҳрат қозонди.
Унинг асарларини одамлар қўлма-қўл қилиб ўқий бошладилар. Қисқа фурсатда истеъдодини муносиб қадрловчи дўстлар орттирди. Шоир 79 ёшида вафот этди. Унинг ўлимидан чуқур қайғуга ботган 84 нафар шоирлар марсиялар, ғазаллар битишди. Ҳозирги кунда Ал-Мааррийнинг қабри устида мақбара бунёд этилган. Ҳануз бу ердан одамларнинг қадами узилмайди.
* * *
Кўпчиликка мавжудликнинг маъносини қабр англатади. Мени эса ҳаётсеварлик хароб қилди.
* * *
Эҳтиросларни ким жиловлай билар,
Давру даврон оша бизни етаклар.
* * *
Баъзан яқинларинг ҳам бегоналар каби қалбингни яралайди. Шундай дамларда Аллоҳдан мадад кут.
* * *
Хотиржамлик ёр бўлган кишиларга ҳеч қачон ҳавас қилма. Зеро, уларнинг умри ҳам чегараланган ва биз ҳаммамиз тасодифларга бўйсунамиз.
* * *
Яхшилик қилиш қанчалик қийин бўлса, тубанликка юз тутиш шунчалар осон.
* * *
Бир пайтлар қалбимга олтиндан тамға қўйдим,
Бугун сукут сақлашни мен олтинга йўйдим.
* * *
Ақлига умидсизлик соя ташлаган одам ўткинчи нарсадан имкон излайди.
* * *
Тиланганга сўнгги тангангни бергил,
Берганинг оламни айланар, кўргил.
* * *
Бизга не аталган айтиб бўлмағай,
Токи тақдир юки устун келмағай.
* * *
Фарзанд кўрдим деб, уни ўлимга юзлатар,
Фарзанд ноқобил бўлиб, бир умр бўзлатар.
* * *
Лаганбардор, хушомадгўй бўлса ким,
Дўстликни товоқда келтирурлар жим…
* * *
Тақдир, менга дўст бўлақол, деб бўлмас,
У сенга ҳеч қачон ўгрилиб кулмас.
* * *
Эй муқаддас замин, йиғла, йиғи келганда,
Қашшоқлар ҳақорат… бой шарманда қилганда.
* * *
Тилини тийса ким безгакликда ҳам,
Бахт унга тез кунда бўлғуси ҳамдам.
* * *
Хатоларинг оёғинг остида қумдир.
О, тавба-тазарруга етарми умр…
* * *
Мен инсоний ахлоқнинг асл моҳиятини англаб етдим. Бу қимматбаҳо неъмат сукут сақламоқликдир.