Буюк аждодимиз Форобий Арис дарёси сувининг Сирдарёга қуйилиш ерига жойлашган Фороб қишлоғида туғилиб ўсди.
Форобийнинг ёшлиги араб халифалиги пойтахти Бағдод шаҳрида кечди. У бу ердаги маданий муҳитдан нафас олиб, олимлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, фалсафа илмидан сабоқ олди. Форобий Арастунинг ҳамма асарларини битта ҳам қолдирмай ўқиб чиқди. Натижада Форобийда Арастунинг ғояларини енгиллик билан тушуниб, унинг ўз олдига қўйган вазифалари ва ўйлантирган муаммолари кўламини ҳис этиш кўникмалари пайдо бўлди. Айтишларича, Форобий Арастунинг «Жон ҳақида» деб номланган асарига ўз қўли билан: «Мен бу асарни 200 марта ўқидим», — деб ёзиб қўйган экан.
Манбаларда ёзилишича, Форобий дастлаб қозилик қилган. Лекин кейинчалик ҳақиқатни излаб топиш умидида давлат ишлари ва қисман мударрислик билан машғул бўлади. Бир куни яқин кишиларидан бири Форобийга бир қанча китобни омонатга топшириб кетади. Бу китобларнинг ичида Арастунинг бир қанча асарлари ҳам бор эди. Форобий бўш вақтларида ана шу асарларни бир чеккадан ўқишга киришади. Айнан ана шу мутолаа унинг қозиликни ташлашига сабаб бўлади. Бу тасодиф Форобийнинг тақдирида муҳим ўрин тутади ва у буюк олимлик мақомига етишади. Баъзи маълумотларга қараганда, Форобий Арастунинг «Табиий уйғунлик» асарини 40 марта, «Риторика» асарини 200 марта ўқиб чиққан.
Форобийга Арастудан кейинги «Иккинчи устоз» деб ном берилган. Чунки у худди Арасту каби илм оламининг деярли барча жабҳаларига оид қарашларини мунтазам равишда баён этиб борган. У буюк шоир ҳам эди.
Форобий 950 йилда ҳаётдан кўз юмди ва Дамашқ шаҳрида дафн этилди.
* * *
Форобий шундай ёзади: «Агар салтанат ҳар қандай талабга жавоб берса-ю, аммо уни донишмандлик тарк этса, мамлакат ҳукуматсиз қолди, деяверинг. Бу мамлакатни бошқарувчи ҳукмдор ҳам ўз мавқеини буткул йўқотади. Мамлакат эса ҳалокатга юз тутади».
* * *
Агар ҳукмдор одамларни ўзига бўйсундириш, итоат эттириш, уларни буткул ўз измига солиб, нима истаса, нимани буюрса, шуни сўзсиз бажо келтиришлари учун жанг қилса, бу адолатсиз курашдир. Агар ҳукмдор кимдандир устун туриш мақсадида жанг қилса, бу ҳам адолатсиз уруш ҳисоблангусидир. Борди-ю, ҳукмдор кимнидир ёки кимларнидир ўз ғазабини қондириш ёхуд шунчаки ҳузурланиш учун ўлдирса, бу ҳаракат ҳам адолатсизлик саналади.
* * *
Фуқаролар билан мулоқот усуллари ва уларга таъсир ўтказиш йўллари содда ва тушунарли бўлмоғи лозим. Акс ҳолда одамлар ҳукмдорни тушунмайдилар ёки унинг талабини бажаролмайдилар. Ҳукмдорлар дорини беморнинг севимли ва кўп тановул қиладиган таомига қўшиб ичирадиган маҳоратли табибга ўхшамоқлари лозим. Зеро, меҳру муҳаббат ва рағбатлантиришлар фуқаролар билан муомаланинг энг асосий усулидир.
* * *
Ҳукумат раҳбарида қуйидаги 12 та туғма сифатлар жам бўлмоғи жоиз: хушбичимлик, фаҳм-фаросатлилик, ўткир хотира, идроклилик, сўзга чечанлик, илмга чанқоқлик, ҳар бир ишда меъёрни сақлай билиш, ҳалолликка муҳаббат ва ёлғонга нафрат, олижаноблик, бойликка нафрат, адолатпарварлик, қатъийлик.
* * *
Бир куни Форобийдан сўрадилар:
— Кимнинг билими кучлироқ: сеникими ё Арастуникими?
Форобий шундай жавоб қайтарди:
— Мен ўша замонда яшаб, у билан учрашганимда ва унинг қўлида таҳсил олганимда эди, унинг энг яхши шогирдлари сафидан жой олган бўлардим.