Эзоп (м.а. 640-560)

Фригиялик донишманд Эзопнинг пешонасига тақдир қуллик қисматини битган эди. Эзоп ижодининг энг гуллаган дамлари м.а. 600 йилларга тўғри келади. Тарихий манбаларга кўра, Эзоп 400 га яқин масал битган.

Эзопнинг номи биринчи марта Ҳеродот (V аср) асарларида йўл-йўлакай тилга олинади. Ҳеродот Эзопни етарлича машҳур бўлган тарихий шахс сифатида тасвирлайди ва қуйидаги 4 сифатни келтиради:

1. Эзоп масалчи эди.

2. У Самос оролида яшаган ва Иадмон исмли кишининг қули бўлган.

3. Эзоп тахминан м.а. 560 йилларгача яшаган.

4. Уни қандайдир сабабга кўра Дельфада ўлдиришган.

«ЭЗОПНИНГ ТИРИКЛАРГА ВАСИЯТИ»

Энг аввало Тангрини муносиб тарзда улуғла. Кейин эса подшоҳни иззат қил. Чунки подшоҳ ва Тангри ҳукми тенгдир. Устозингни ота-онанг қаторида ҳурматла. Ота-онани сенга табиат ато этган бўлса, устозинг сени ўз ихтиёри ила севади. Шунинг учун ундан икки карра миннатдор бўлмоғинг жоиз.

* * *

Эртанги ишлар учун саломатлигинг яроқли ва куч-қувватинг етарли бўлишини истасанг, кундалик таоминг сифатли ва етарли бўлсин.

* * *

Бевақт ўлим топмаслигинг учун шоҳ саройида эшитганларингнинг ҳаммаси ичингда ўлсин.

* * *

Ёшинг ўтиб қолганда илм олишдан уялма. Зеро, ҳечдан кўра кеч илм олмоқлик афзалдир.

* * *

Пулинг кўп бўлса қувонма, кам бўлса куйинма.

 

ЭЗОП МАСАЛЛАРИ

Эмишки, олов санами Прометей лойдан одам ясаёт-ганда сув ўрнига кўзёшлардан фойдаланган. Шу боис инсонга куч билан таъсир ўтказишга уриниш бефойда экан. Инсонни бўйсундириш учун имкон борича уни яхши сўзлар билан тинчлантириб, кўнглини юмшатмоқ ва ишонтирмоқ даркор. Ана шунда ҳар қандай кишида раҳм-шафқат ва меҳрибонлик туйғулари уйғониши шубҳасиздир.

* * *

Бир ҳукмдор Эзопдан сўради:

«Не сабабдан донишмандлар бойларнинг ҳузурига ке-ладилар-у, бойлар донишмандларнинг ҳузурига бориш-майди?»

Эзоп шундай жавоб берди: «Бунинг боиси шундаки, донишмандлар ўзларига нима кераклигини яхши биладилар. Давлатмандлар эса билишмайди. Агар билишганда мол-дунё ғамида яшамасдан, донишмандлик пайида бўлардилар».

 

ЗЕВС ВА ИЛОН

Зевс тўй қилаётган эди. Ҳамма ҳайвонлар топганларини унга совға қилиб келтиришди. Илон ҳам гул тишлаган кўйи судралиб келди. Зевс илонни кўриб шундай деди: «Мен бошқаларнинг совғасини қабул қиламан. Аммо сенинг тишингдаги туҳфани олмайман».

Масалдан хулоса шуки, ёмон одамларнинг яхшили-гида ҳам хатар бор.

 

ҚАРИЯ ВА АЖАЛ

Бир қария ўрмонда ўтин кесиб, уни уйи томон судрай бошлади. Йўл жуда олис эди. Қария ҳолдан тойиб, ўтинни ташлади-да, Яратгандан ўзига ўлим тилаб ёлворди. Шунда Ажал ҳозир бўлди ва қариядан нима учун йўқлаганини сўради. Қария Ажалга шундай жавоб берди: «Ўтинимни кўтаришиб юборишинг учун сени чорлагандим».

Қиссадан ҳисса шуки, инсон қанчалар бахтсиз бўлмасин, ҳаёт барибир ширин.

* * *

Шоҳларга ё умуман яқинлашмаслик керак, ё фақат уларга ёқадиган сўзларни айтмоқ лозим.