Қадимги юнон файласуфи, моҳир нотиқ Протагор Абдера шаҳрида туғилган. У софистлардан бўлиб, талабаларга фалсафа, нотиқлик ва баҳс санъати (эристика)дан сабоқ берган. «Софист» — қадимий юнонча сўз бўлиб, уста, яратувчи, ихтирочи, донишманд деган маъноларни англатади. Аммо м.а. V асрнинг иккинчи ярмидан бу сўз алоҳида маъно касб эта бошлади. Яъни фалсафа, нотиқлик ва баҳс санъатидан пуллик сабоқ берувчилар софистлар деб атала бошлади.
Протагорни 411 йилда даҳрийликда айблашди, унинг «Тангрилар ҳақида» деб номланувчи китоби ёқиб юборилди, ўзи ўлим жазосига ҳукм этилди. Аммо ҳукм бекор қилиниб, Протагор авф этилди ва Афинадан бадарға қилинди. Протагор 410 йилда Жанубий Италиядан Сицилияга кетаётиб, Мессин бўғозида сувга чўкиб ҳалок бўлди.
Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Тангрилар ҳақида», «Баҳс илми», «Нарсаларнинг ибтидоий тартиби тўғрисида», «Давлат тўғрисида», «Буюк сўз», «Моҳият ҳақида» ва бошқалар.
* * *
Ирландиянинг «Хэйн энд соне» деб аталувчи кема қатнови бирлашмасининг тамғасида қўл панжаси ва уч томчи қон суврати тасвирланган.
Бу белги замирида Протагор учун муаммо ҳисобланган «масала»нинг моҳияти акс этган тарихий воқеа ётади.
Айтишларича, бир одамнинг икки ўғли ва бисотида биттагина кемаси бўлган. У ана шу кемани қайси ўғлига мерос қилиб қолдиришини билмай боши қотади. Ўйлай-ўйлай охир-оқибат, икки ўғлига бир хил шарт қўяди. Яъни, қайси бири кеманинг ён чеккасига биринчи бўлиб қўлини теккизса, кема ўшанга насиб этишини маълум қилади. Белгиланган куни икки ўғил икки қайиққа ўтириб, кема томон зўр бериб эшкак эша бошлайдилар… Акаси анча илгарилаб кетганини кўрган кенжа ўғил болтани олиб, бир қўлининг панжасини чопади. Сўнг кесилган панжани кема томон улоқтиради. Натижада кема зукко кенжа ўғилга насиб этади…
* * *
Инсон барча нарсаларнинг: мавжуд нарсаларнинг мавжудлигини ва номавжуд нарсаларнинг номавжудлигини белгиловчи омилдир.
* * *
Мана бу нақл файласуф Протагор тафаккурининг мевасидир: «Тимсоҳ бир аёлнинг боласини ўғирлаб кетди. Онаизор тимсоҳдан жигарбандини қайтариб беришини ўтиниб сўради.
Шунда тимсоҳ:
— Майли, болангни қайтариб бераман. Фақат бир шартим бор. Сен менга ҳақиқатни айтишинг керак! — деди.
Аёл бир оз ўйланиб, деди:
— Лекин, барибир, сен менга боламни қайтармайсан.
— Демак, сўзингдан кўринадики, ҳақиқатни айтиш-айтмаслигингдан қатъи назар, болангни қайтаролмайман. Негаки, агар сенинг ҳозиргина оғзингдан чиққан сўзлар ҳақиқат бўлса, унга мувофиқ болангни сенга қайтармаслигим керак. Борди-ю, сўзларинг ҳақиқатлигини инкор этсанг ҳам фарзандингни қайтариб беролмайман. Чунки сен менинг шартимни бажармаган бўласан!»
* * *
Протагор шогирди Эватл билан шартнома тузади. Бу шартномага мувофиқ Эватл ўзи олиб борган суд жараёнида ғолиб чиқса, Протагорга пул бериши лозим эди. Лекин шогирд бирор суд жараёнини бошлашга шошилмайди. Тоқати тоқ бўлган устоз шогирдига: «Сени судга бераман», — деб пўписа қилади. Эватл эса ҳали битта ҳам суд жараёнида ғолиб чиқмаганини рўкач қилиб, пул беришдан бош тортади.
Шунда Протагор:
— У ҳолда судга мурожаат қиламиз. Агар ажрим менинг фойдамга ҳал бўлса, сен менга пул берасан. Борди-ю, сен ғолиб чиққан тақдирингда ҳам мендан қарздор бўлиб қоласан. Чунки аввал шундай шартлашганмиз, — дейди.
Ўз устозига муносиб шогирд бўлган Эватл Протагорни мана бу жавоб билан лол қолдиради:
— Агар судда мен мағлуб бўлсам, сизга пул бермаслигим аниқ. Чунки келишувимизга мувофиқ мен ғолиб бўлсамгина тўлов тўлашим лозим. Суд жараёнида ғолиб чиқсам ҳам пул бермайман. Чунки мен ғалаба қозонган бўламан.
(Устоз ва шогирд ўртасидаги бу муаммоли мунозара жаҳон тарихи саҳифаларида «Эватл сафсатаси» номи билан муҳрланиб қолган).