Сенека (Кичик Луций Анней) (м.а. 4 – м. 65)

Қадимги Рим шаҳрида яшаб ўтган файласуф, шоир ва сиёсий арбоб Сенеканинг ватани Испания эди. Отаси уни гўдаклик чоғида Римга олиб келди. Сенека бу ерда Пифагорнинг издоши Сотион қўлида таҳсил олди.

Сенека Кичик Агриппиннинг ўғли, 11 ёшли бўлажак император Неронга мураббийлик қилган. У ўз таълимотларида ҳақиқий фалсафада бир-бирига сира ўхшамайдиган назариётчиларнинг ғоялари амалда бир нарсага бориб тақалишини очиб беришга интилган.

Тақдирни қарангки, Сенеканинг пешонасига телба император Калигула (37-41 йиллар), ақли заиф ҳукмдор Клавдий (41-54 йиллар) ҳамда шафқатсизлик бобида донг таратган император Нерон (54-68 йиллар)нинг хизматида бўлиш ёзилганди (Нерон милоднинг 68 йили 7 июн куни ўз жонига қасд қилган).

Сенека ўз қарашларини қуйидаги асарларида баён этган:

«Луциллийга битилган ахлоқий мактублар» (Ушбу қўлёзма Сенеканинг энг йирик асари бўлиб, унинг асл нусхаси ҳозирга қадар сақланиб қолган)

«Табиатшунослик масалалари»

«Бахтли ҳаёт ҳақида»

«Тақдири илоҳий ҳақида»

«Қаҳру ғазаб ҳақида»

«Руҳий хотиржамлик ҳақида»

«Раҳм-шафқат ҳақида»

«Юпанч»

Бундан ташқари Сенеканинг «Медея», «Федра», «Эдип», «Агаменон» деб номланувчи фожиавий асарлари ҳам маълум.

Сенека қўл урган мавзулар кенг кўламли бўлиб, уларнинг ҳар бири маълум мақсадларга йўналтирилгандир. Қуйида биз улардан баъзиларини санаб ўтмоқчимиз:

— руҳий камолотга етиш йўлида вақтдан фойдалана билиш;

— эзгулик ва бойлик ҳақида;

— дўст танлаш хусусида;

— ўлим даҳшати ҳақида;

— сохта ҳамда ҳақиқий фалсафа баёнида;

— чинакам дўстлик ҳақида;

— жисмоний машқлар хусусида;

— фалсафанинг афзалликлари;

— келажакдан қўрқиш ҳақида;

— донишманд назарида бўлмоқлик хусусида;

— кексалик мақтовлари;

— беҳуда саёҳатлар ҳақида;

— Худо ва руҳ ҳақида;

— оламнинг тузилиши ҳақида;

— кундалик хатти-ҳаракатлар ҳақида;

— миш-мишларга нафрат хусусида;

— ўлимни хотиржамлик билан қаршилашга ҳозирлик хусусида;

— эл назари остида яшаш ҳақида;

— инсонларнинг тенглиги;

— шахсий нуқсонларни кўра билиш;

— донишманд ҳар ерда фароғатда;

— шодлик лаззатланишда эмас;

— кулфатларга шай туриш хусусида;

— ичкиликбозлик ҳақида;

— ҳалоллик, ягона бахт ҳақида;

— руҳни чиниқтириш хусусида;

— яхши ном қолдирмоқлик борасида;

— ўз жонига суиқасд қилиш ҳақида;

— қайғу-ҳасрат чекишнинг меъёри хусусида.

Милоднинг 57 йилида Сенека олий лавозимга — элчилик вазифасига тайинланади.

Сенеканинг мол-давлати ва олий мартабасига ҳасади келган кимсалар Нероннинг ожизлиги ва шафқатсизлигидан фойдаланиб, файласуфга қарши фитна қўзғайдилар. Улар Сенекани императорга қарши фитнанинг иштирокчиси сифатида маккорликда айблаб, туҳмат қиладилар. Бўҳтонларга лаққа ишонган ҳукмдор Сенекани ўлимга маҳкум этади. Ўз жонига қасд қилиш турини танлаш ҳуқуқи эса Сенеканинг ихтиёрига топширилади. Кекса файласуф ноҳақ ҳукмни мардона қарши олиб, томирини кесади ва дунёдан кўз юмади.

* * *

Сенека шундай деб ёзади: «Одамлар менга таълимотим ва дунёқарашларим билан ҳаётим ўртасида тафовут борлиги ҳақида сўзлаб, таъна қиладилар. Улар бир вақтлар Афлотун, Эпикур ва Зенонга ҳам шундай айб тақагандилар. Лекин барча файласуфлар ўзларининг қандай яшашлари хусусида эмас, балки қандай ҳаёт кечириш лозимлиги борасида фикр юритадилар. Мен ҳам ўзим ҳақимда эмас, эзгулик хусусида мушоҳада қилиб, уни изоҳлашга уринаман. Турли иллатларга, шу билан бирга ўзимдаги камчиликларга қарши курашаман».

* * *

Одамлар кўпинча мен ҳақимда: «Нима учун у фалсафани севади-ю, аммо бадавлатликни касб этган? Нега у одамларни бойликдан нафратланишга ундайди-ю, ўзи мол-давлат тўплайди? У қувғинни писанд этмасликни маслаҳат беради-ю, аммо ватанида ҳаёт кечириб, вафот этмоқликни афзал кўради?» — дейишади.

Мен уларга жавобан шундай дейман: «Санаб ўтилган нарсалардан нафратланиш — улардан буткул воз кечиш дегани эмас. Мен айнан ана шу нарсалар хусусида ғам-заҳмат чекиб, ўзни беҳуда қийнамаслик даркор, демоқчиман. Доно одам бойликни севмайди, қашшоқликни афзал кўради. У бойликни қалбига йўлатмайди, бошпанасига эса…»

* * *

Фалсафа муҳокамани эмас, балки амалда бажаришни ўргатади. Сўз билан амалнинг муштараклигини сақлаб қолиш учун эса ҳар бир киши фалсафа қонунларига амал қилиши лозим. Фалсафа беқарорлик ва сўз билан амалиётнинг тарқоқлигини ёқтирмайди.

* * *

Фалсафа оломонга кўз-кўз қилиш учун айёрларча ўйлаб топилган эрмак эмас. Унинг моҳияти оғизда эмас, амалда намоён бўлади. Фалсафа кунни завқ билан ўтказишда ёки бекорчиликдан зерикиш чоғида қўл келувчи оддий восита ҳам эмас. Фалсафа руҳни шакллантиради, ҳаётни тартибга солиб, хатти-ҳаракатларимизни бошқаради ва йўл-йўриқ кўрсатади. У кема бошқарувини қўлга олиб, уни асов тўлқинлардан эсон-омон олиб ўтади. Фалсафа — хотиржамлик манбаи. Турмушда соат сайин шундай беҳисоб воқеа-ҳодисалар юз берадики, биз маслаҳатга муҳтож бўлиб қоламиз. Ана шунда фалсафа ёрдамга келади.

* * *

«Луциллий! — деб ёзади Сенека ўз мактубида. — Сайёҳнинг юки қанчалик қимматли бўлса, у денгизнинг осудалиги ҳақида шунчалик кўп қайғуради. Сувнинг сокинлиги учун илоҳ Нептундан миннатдор бўлади. Файласуф ҳам хотиржамликда фикр юритиш учун юрт тинч бўлишини истайди ҳамда ана шу осойишталикни туҳфа этганларга миннатдорчилик изҳор этади…»

* * *

Маънавий қулликдан шармандалироқ мутелик йўқ.

* * *

Мен ҳеч қачон қулларча итоатгўйлик қилмайман ва ҳеч кимга эргашмайман. Кўп ҳолларда буюк одамларнинг фикрларига ишонаман, аммо баъзи масалаларда ўз қарашларимга таянаман.

* * *

Тақдир тан берувчиларнинг қўлидан тутади, қаршилик кўрсатувчиларни эса судрайди.

* * *

Ақл-идрок — инсон танасига жо этилган илоҳий руҳ зарраси.

* * *

Инсон қалби буюк ва бепоёндир. У чегара билмайди.

* * *

Биз яшаётган жамият тошдан ясалган гумбазни эслатади. Агар тошлар бир-бирини тутиб турмаса, бу гумбаз шу заҳоти қулаб, вайрон бўлади.

* * *

Жамики нарсалар бир-биридан пайдо бўлади. Масалан: ҳаво сувдан, сув ҳаводан, олов ҳаводан, ҳаво оловдан юзага келади. Шундай экан, нима сабабдан Ернинг сувдан, сувнинг эса ўз навбатида Ердан пайдо бўлиши мумкин эмас?

* * *

Барча унсурлар бир-бирига айланишга маҳкумдир. Яъни ҳалок бўлган унсурлар бошқа унсурларга айланади.

* * *

Сен Худони тақдир деб аташни истайсанми? Янглишмайсан. Чунки бутун олам Унга боғлиқ. У барча сабабларнинг сабабкоридир.

Худони табиат деб атасанг ҳам хатога йўл қўймайсан. Чунки ҳамма нарсани У яратади ва биз Унинг нафасидан баҳра олиб яшаймиз.

Уни дунёи жаҳон деб атамоқчидирсан балки? Алданмайсан. Чунки сен кўриб турган бир бутун олам ҳам Унинг Ўзидир. Бу оламни ташкил этувчи ҳар бир қисмни У мукаммал тарзда яратган. У Ўз қудрати билан Ўзини асрайди, ҳимоя қилади.

* * *

Олий бахт туйғуларда эмас, ақл-идрокда яширин. Шунинг учун ҳам инсондаги энг олий сифат — ақл-идрок. У ақл кучи билан ҳайвонотдан устун туради ва илоҳларга тенглашади.

* * *

Руҳ — олий хилқатлардан узилиб, ўзига бегона унсурга тушиб қолган учқун тажаллиси.

* * *

Мен файласуфларнинг «Нарсаларнинг табиатига мувофиқ яша», — деган қоидаларига амал қиламан. Нарсаларнинг табиатидан чекинмаслик, унинг қонунларига амал қилиб, ўрнак олиш — донишмандлик демак.

* * *

Табиат бизни киришда ҳам, чиқишда ҳам тинтув қилади. Яланғоч келгандик, яланғоч кетамиз. Бу ердан олиб келганингдан ортиқ нарсани олиб кетолмайсан.

* * *

Ким сизга ўлимни даҳшатли деб таърифлади? Ё бирор кимса у дунёдан қайтиб келолганми? Не сабаб ўзингиз билмайдиган нарсадан қўрқасиз? Балки фалакнинг ишораларини англаш афзалроқдир? Эътибор беринг-а: бу дунёда биз мунтазам беморликка маҳкуммиз; гоҳ бир дард билан оғриймиз, кейин яна бошқасига чалинамиз. Гоҳ ошқозонимиз хасталанади, гоҳ оёғимиз оғриб қолади. Бу дунёда бизни доимо бетоблик, ҳайвонлар ва инсонларнинг қаҳру ғазаби ҳар томондан таъқиб қилади. Биз гўёки тўрт тарафдан қувғинга учраганга ўхшаймиз. Бундай ҳолат фақатгина бировнинг уйида яшаётгандагина содир бўлиши мумкин. Шундай экан, нега меҳмондан ўз уйингизга қайтишга қўрқасиз?

* * *

Сиз онангизнинг иссиқ бағрини тарк этиб, ёруғ дунё юзини кўрдингиз. Сизни ўша заҳоти ер юзидаги эркин ҳаво чулғаб олди. Дағал қўллар танангизга ботган заҳоти номаълумлик қаршисида даҳшатга тушиб, чинқириб йиғлаб юбордингиз.

Шундан кейин йиллар ўтиб, бу ёруғ олам бағрини тарк этиб, ўзга бир номаълумлик билан рўбарў бўлишга тараддудланар эканмиз, яна даҳшатга тушамиз. Нега шундай? Ахир биз бир вақтлар — ёруғ дунё нафасини илк бор сезганимизда ҳам шундай қўрқувни бошимиздан ўтказмаганмидик? Яна нимадан қўрқамиз? Она бағри тўққиз ой давомида бизни ёруғ оламдаги ҳаётга тайёрлайди. Ёруғ оламда эса биз гўдаклик чоғимиздан то кексайгунимизга қадар яна қандайдир янги туғилиш они учун етилиб борамиз. Нега шуни тушунмайсиз?

* * *

Сиз шуни қайта англайсиз, йўқ, йўқ, биз ўлмаймиз. Биз фақат табиат бағрига беркиниб оламиз. Ахир бизнинг руҳимиз мангу… Эҳ, тезроқ манзилга етиб олсак эди. Ахир биз бу дунёдан яна нима истаймиз? Нимадан кўнгил узолмаймиз? Балки май ва асал таъмидандир? Ё неъматларданми? Бу нарсаларнинг барини биз минг марталаб татиб кўрганмиз-ку? Ёки биз худди очиққан итлар каби чайнамасдан, бутун-бутун ютиб, таъмини ҳам сезмай қоладиган омад «луқма»ларидан кўнгил узолмаймизми? Буларнинг бари бемаънилик… Шошилинг! Меҳмондан қайтадиган фурсат етди! Манзилга! Манзилга!

* * *

… Ахир улар қуллар-ку? Ҳа, аммо улар ўзинг каби қулга айланган дўстларинг. Ўйлаб қаралса, улар ҳам, биз ҳам бирдек тақдир ҳукмига қулмиз.

* * *

Менга дедилар: ахир улар қуллар-ку? Ҳа, аммо мана бу қул озод руҳ эгаси. Қани, менга у ёки бу маънода қулликка маҳкум бўлмаган одамни кўрсатинг-чи? Манави одам — шаҳвоний нафс қули, анавиниси эса — ғаразгўйлик ва очкўзлик қули, бу эса — шуҳратпарастлик қули…

* * *

Кулфат ташқаридан келмайди, у бизнинг ўзимизда, ич-ичимиздадир.

* * *

Эзгуликнинг ҳадисини олган одам уни унутиб қўйиши, эсидан чиқариши мумкин эмас.

* * *

Зоҳирий нуқсонлар хавфли эмас. Зеро, беморларнинг дарди ташқарига ёриб чиққандан кейингина улар соғая бошлайдилар. Шуни унутмангки, атрофдагилар учун хасислик, шуҳратпарастлик каби иллатларнинг инсон ботинига яшириниб олиши ва буни ҳеч ким сезмай қолишидан ҳам ҳалокатлироқ хавф йўқ.

* * *

Кўпчиликка нафи тегадиганларни ва ўзига ўзи фойда келтирувчиларни «яшаяпти» деса бўлади. Ҳаракатсизликда қотиб, ўзини панага олувчилар учун эса уйлари гўё тобутдир. Сиз бундай одамлар яшайдиган уйнинг остонасига мармар тахтача ўрнатиб, уларнинг исмини ёзиб қўйсангиз ҳам бўлади. Чунки улар ўлимидан аввал ўлганлардир.

* * *

Буни қаранг: ғам-ғуссада ҳам шуҳратпарастлик нишонаси бор экан! Чунки биз ғам-қайғуга бўйсунмай, ҳасратимизни кўзёшлар орқали кўз-кўз қиламиз.

* * *

Кичик қайғу кишини сўзлатади. Каттасига эса сўз йўқ.

* * *

Хавотирга тушган одам ўзини бошқара олиш қобилиятини йўқотади.

* * *

Фақат ақл-идрок осойишталикни таъминлай олади.

* * *

Ҳеч бир нарса ўз-ўзидан иллатга айланмайди.

* * *

Озга қаноат қилган меъда кўп нарсадан озод бўлади.

* * *

Ҳар қандай пастқам ердан ҳам осмонга кўтарилиш мумкин.

* * *

Бирор нарсани йўқотишдан даҳшатга тушиш — жудолик ғамини чекиш билан баробардир.

* * *

Ҳар қандай лаззат хавф-хатарни кучайтиради.

* * *

Эзгу ишнинг мукофоти — унинг амалга ошишидадир.

* * *

Мавҳумликдан кўра ортиқроқ азоб йўқдир.

* * *

Фалокат юз берган чоғда қалтис қарорлар қабул қилишга тўғри келади.

* * *

Ҳаддан ортиқ шодлик ҳам инсонни эзиб юборади.

* * *

Ёшлик чоғда илм олиб, кексайганда эса ана шу илмдан завқланиб яшамоқ энг тўғри йўлдир.

* * *

Ҳеч нарса билмагандан кўра керагидан ортиқ билган афзалроқ.

* * *

Ўргатиш асносида ўрганаман.

* * *

Хафагарчиликдан қутулишнинг энг яхши йўли кечиришдир.

* * *

Бир сўзласанг, ўн бор тингла.

* * *

Ҳар бир гапни ўзгаларга сўзлашдан аввал ўзингга айт.

* * *

Элга бош бўлишни истасанг, ўзингда ақл-идрок ҳукмронлигини таъминла.

* * *

Инсонлардаги ҳавас улар ўзларини қанчалар бахтсиз сезишларидан дарак беради. Ўзгаларнинг хатти-ҳаракатларига мунтазам диққат қилиш эса зерикишдан далолатдир.

* * *

Инсоннинг феъл-атворини арзимас майда-чуйдалар орқали билиб олиш мумкин.

* * *

Буюк тақдир буюк қулликдир.

* * *

Ҳамма тўғри яшаш ҳақида эмас, узоқ умр кўриш ҳақида қайғуради. Ваҳоланки, тўғри яшаш ҳамманинг қўлидан келади, узоқ умр кўриш эса ҳеч кимга насиб этмайди.

* * *

Қачонлардир юз берадиган бахтсизликни ўйлаб, ўзини доимо бахтсиз ҳис этиш аҳмоқликдир.

* * *

Донишманд бойлик қуршаб олганда қашшоқлик ҳақида ҳар вақтдагидан кўпроқ ўйлайди.

* * *

Баъзи амалларнинг улуғворлиги уларнинг кўлами билан эмас, балки ўз вақтида бажарилганлиги билан белгиланади.

* * *

Ақл ожизлик қилган ерда кўпинча вақт ёрдам беради.

* * *

Агар ҳеч нарсадан чўчишни истамасангиз, ҳар бир нарсадан чўчишга асос борлигини ёдда сақланг.

* * *

Ўзгаларнинг нафратидан ҳаддан ортиқ қўрқадиган одам ҳеч қачон ҳукмрон бўлолмайди.

* * *

Баъзи ёзилмаган қонунлар ёзилганларидан кучлироқдир.

* * *

Бахт инсонни ўзга одамларга муҳтожлик сезилмайдиган даражадаги юксакликка ҳеч қачон олиб чиқолмайди.

* * *

Янгилик инсонга улуғворликдан кўпроқ завқ бағишлайди.

* * *

Инсон ўзидаги истеъдодни амалда қўллаш орқалигина англаб олиши мумкин.