Файласуф Карнеад Юнонистоннинг Кирен шаҳрида туғилиб ўсди. У фалсафа мактабига раҳбарлик қилиб, ҳақиқатнинг мезонлари ҳақидаги таълимотни ишлаб чиқди. Карнеаднинг ўзига хос кучли ва жарангдор овози бор эди. У ўта меҳнаткашлиги, ўткир ақл-фаросати билан замондошларининг таҳсинига сазовор бўлган. Айниқса, нотиқлик бобидаги маҳоратига ҳамма тан берган. Ҳақиқатнинг мезонларига оид фикрларини дадил айта олганига қарамай, Карнеад ўлимдан қаттиқ қўрққан. Ваҳоланки, у доимо: «Табиатнинг ўзи яратади, ўзи ҳалок қилади», — деган сўзларни такрорлашни хуш кўрарди. Ривоят қилишларича, Карнеад Антипатр исмли бир танишининг заҳар ичиб, вафот этганини эшитиб қолади. Унинг жасоратидан ҳаяжонга тушган файласуф:
— Қани, менга ҳам келтиринглар! — дейди қатъийлик билан.
— Нимани келтирайлик? — деб сўрашганида Карнеад каловланиб қолади ва бир лаҳзалик сукутдан сўнг:
— Асал қўшилган майни келтиринг! — деб жавоб беради.
* * *
Ҳар қандай ҳақиқат — «нисбийликка йўғрилган ишончдир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳақиқат — «эҳтимоллик»дир.
* * *
Рўй бераётган ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам тақдири азал меваси эмас. Уларнинг баъзи бирлари бизнинг ҳукмимиздадир.
* * *
Мулоҳазадан тийилиш энг тўғри йўлдир.