Инглиз файласуфи граф Шефстбери отасининг ўлимидан сўнг лордлик ёрлиғига эга бўлди. Замондошларининг гувоҳлик беришича, у зукко, топқир ва жуда эҳтиёткор одам бўлган ва умр бўйи зиқнафас (астма) хасталигидан азоб чеккан.
Шефстбери фалсафага биринчи бўлиб «соғлом фикрлаш» атамасини олиб кирган. Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Яхшилик ёки хизмат тадқиқи» (1699 й.), «Ташаббускорлик ҳақида мактуб» (1708 й.), «Теран ақл ва хушкайфият эркинлигига доир тажриба» (1709 й.), «Одамлар, халқлар, фикрлар ҳамда давр тавсифи» (1711 й.), «Ахлоқшунослар» (1709 й.), «Фалсафий ҳаёт тарзи».
* * *
Мен ҳамма нарсани парда остида ёки ўз устимдан усталик билан кулиш йўли орқали ва ёхуд «ҳар турли нарсаларга оид фикр» тарзида сўзлашни асосий қоида сифатида қабул қилдим.
* * *
Бугун ишларим юришди. Бундан бошим кўкка етди: «Олам қандай яхши! Ҳамма нарса гўзал! Одамлар, сўзлар, атрофдаги муҳит шунчалар ёқимли ва мафтункорки, бундан ортиқ бўлиши мумкин эмас!» Эртанги кун омадсизлик, умидсизлик, қайғу келтириши мумкин. Шунда хаёлимдан: «Эҳ, ожиз инсон! Қанчалар ахлоқсизсан! Одамлар орасида яшашдан не наф? Ким учун ёзаман? Ким учун ижод қиламан!» – деган сўзлар ўтади.
* * *
Эй, кўҳна Бирламчи Сабабкор! Сен вақтдан ҳам қадимийроқ бўлсанг-да, мангу навқиронсан ва абадул-абад барқ ураверасан!
* * *
Доноларнинг айтишича, табиат интиҳоларни бир-бирига шу қадар чамбарчас боғлаганки, уларнинг бири иккинчисини давом эттиради ва бир-биридан ажралмайди.
* * *
Одамларнинг ўз нуқсонларига доир сўзларни сабр билан тинглаши уларнинг бу нуқсонлардан қутилиш сари юз тутганидан далолатдир.
* * *
Инсондаги соғлом фикрни ва ақлий мувофиқликни сақлаб қолишнинг бирдан-бир йўли теран ақл-идрокка эрк беришдир. Лекин ҳажв қилиш тақиқланган ерда ҳеч қачон тафаккур эркинлигига етишиб бўлмайди.
* * *
Агар одамларга бирор нарса ҳақида жиддий сўзлаш тақиқланса, улар бу нарсалар тўғрисида ҳазил пардаси воситасида сўзлаш йўлини тутадилар. Борди-ю, бирор нарса ҳақида сўзлаш буткул тақиқлаб қўйилса ёки одамлар у тўғрисида фикр юритиш ҳақиқатан хавфли эканини ўзлари англасалар, у ҳолда икки карра пардалаш ва сирли йўсинда сўзлашиш йўлига ўтадилар. Бундай суҳбатни тушуниш, мағзини чақиш мушкуллашади. Шу тариқа мазах, масхаралаш урфга айланади. Демак, тақиқ, киноя, истеҳзо, ҳазилни келтириб чиқаради. Эрксизлик ахлоқнинг барҳам топишига масъулдир.
* * *
Зулм қанчалар кучли бўлса, ҳажв шунчалар ўткир бўлади.
* * *
Эҳтирос ақл-идрокка хавф туғдирувчи ягона оғудир. Зеро, эҳтирос барҳам топгач, алдамчи фикрлар ҳам йўқолади.
* * *
Унчалар мукаммал бўлмаган инсон ва унинг ҳаётий шарт-шароитидан ташқари ҳамма нарса гўзал ҳамда меҳр-муҳаббатга, қувонч ва шодликка лойиқдир.
* * *
Худбинлик ва пасткашлик биздаги қўрқувнинг доимий йўлдошидир.
* * *
Қаҳрамонлик ва инсонпарварлик – айни бир нарса. Лекин бу туйғулар салгина йўлдан тойса ҳам инсоният суйган қаҳрамон ваҳший телбага, эл севган халоскор ва посбон эса бузғунчи ва золимга айланади.
* * *
Фақат бир нарсага қатъий ишонмоғимиз мумкин: бизда Ақл бор ҳамда истак-хоҳиш ва туйғулар бизга ҳамиша ҳамроҳ. Биз хоҳ жамоа орасида бўлишимиз, хоҳ ёлғиз қолишимиздан қатъи назар, ҳар турли пуч хаёллар ва инжиқликлар ҳаракатдан тўхтамай, бор кучи билан фаолият кўрсатади. Ва ҳар қандай ҳолатда ҳам улар фаолият майдонига эга бўладилар.
* * *
Майдакашлик (педантизм) ва мунофиқлик ўзида заррача мантиқни жамлаган ҳар қандай китобни тегирмон тоши каби сувга чўктиришга қодир.