Инглиз файласуфи Жон Локк Англиянинг жануби-ғарбидаги Сомерсет графлигига қарашли Рингтон шаҳарчасида туғилди.
Локкнинг отаси адвокат бўлиб, Кромвел армиясининг отлиқ эскадронига қўмондонлик қилган.
Жон Локк Оксфорд дорилфунуни қошидаги диний коллежда таълим олди. Кейинчалик тиббиёт илмини ўрганди. 1656 йилда у Оксфорд дорилфунунининг бакалаврлик, 1658 йилда эса магистрлик илмий даражасига сазовор бўлади. У кимёгар Роберт Бойл билан дўстлашади. Бу дўстлик унда файласуфлар Декарт ва Гассенди таълимотига қизиқиш уйғотади.
Жон Локк олий ҳукумат идораларида хизмат қилиб, мансаб поғоналаридан тез юқорилаб боради ва Англия ҳукуматининг лорд канцлери лавозимига эришади.
Жон Локк 39 ёшидан бошлаб фалсафа илмини иштиёқ билан ўрганишга киришади. 1682 йилда олим ҳукуматда юз берган сиёсий танглик туфайли Англияни ташлаб Нидерландияда яшайди. 1689 йилда у ватанига қайтади ва бирин-кетин хорижда ёзган асарларини чоп этади. Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Табиат қонунларига доир тажрибалар» (1662-1664 й.), «Дин эркинлигини эътироф этишга доир тажриба» (1667 й.), «Тиббиёт санъати ҳақида» (1669й.), «Инсон тафаккурига доир тажрибалар» (1689 йил, олим бу асар устида 20 йилдан зиёд меҳнат қилган), «Тарбияга оид баъзи фикрлар» (1693 й.) ва ҳоказо.
* * *
Билимларимиз барча мушкулотларни қамраб олиш ва ҳамма саволларга жавоб топиш қудратидан маҳрумдир.
* * *
Бирон бир ҳақиқат йўқки, уни бутун инсоният бирдек қабул қилса.
* * *
Менимча, руҳнинг моддий ёки номоддийлигига доир муаммонинг ечими бизнинг билим доирамиздан ташқарида ётади.
* * *
Илм олмоқлик яхши руҳий сифат эгаларида эзгу фазилатларнинг янада равнақ топишига хизмат қилади. Яхши руҳий сифатлардан маҳрум одамлар эса қанча кўп илм олсалар, шунча аҳмоқроқ ва бемаънироқ бўлиб борадилар.
* * *
Ҳасад – ўзимиз истаган эзгуликка ўзгаларнинг эришгани туфайли юзага келадиган руҳий безовталик.
* * *
Ҳеч шубҳа йўқки, бемаъни хатти-ҳаракатлар яхши қоидалардан кўра кучлироқ таъсир кўрсатади.
* * *
Кулги ўзгалардаги қусурни намойиш этишнинг нозик воситасидир.
* * *
Инсон хатти-ҳаракатлари унинг фикрлари таржимонидир.
* * *
Жасорат қолган барча эзгу фазилатларнинг посбони ва таянчидир. Кимки бу сифатдан маҳрум экан, ўз бурчини қатъийлик билан бажариш ҳамда чин инсонга хос барча яхши фазилатларни намойиш этишдан ожиз қолади.
* * *
Инсондаги ёвузлик ва эзгулик ҳам, зараркунандалик ва ҳожатбарорлик ҳам тарбиянинг мевасидир.
* * *
Ёмон тарбия кўрган одамдаги жасорат – дағалликка, билимдонлик – майдакашликка, заковат – масхарабозликка, очиқ кўнгиллик – мунофиқликка айланади.
* * *
Эҳтимоллик билимдаги кемтикларни тўлдиради.
* * *
Тафаккур худди кўз каби атрофдаги нарсаларни кўриш ва таҳлил қилиш имконини яратади-ю, лекин ўзимиз ҳақимизда ҳеч қандай билим бермайди. Тафаккур ёрдамида маълум масофадан туриб ўзимизга назар ташлаш учун биздан юксак санъат ва меҳнат талаб этилади.