Томас Гоббс (1588-1679)

Инглиз файласуфи Томас Гоббс Англиянинг жанубидаги Веспорт қишлоғида туғилиб ўсди. Унинг онаси содда деҳқон аёли, отаси руҳоний эди.

Томас 15 ёшида Оксфорд дорилфунунига ўқишга кирди ва икки йилдан сўнг уни битириб, мантиқ илмидан маъруза қила бошлади. 1608 йилда у Уилям Кавендишнинг ўғлига мураббийлик қилади. Гоббс 1610 йилдан бошлаб уч йил давомида Фарангистон ва Италияда яшайди. 1613 йилда у сиёсатчи ва файласуф Фрэнсис Бэконга котиблик қилади. 1636 йилда файласуф Италияга жўнайди ва у ерда Галилей билан учрашади. Томас Гоббс ҳандаса илмини жуда катта қизиқиш билан ўрганган.

Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Фалсафа асослари» (1640-1658), «Фуқаро ҳақида» (1642), «Жисм ҳақида» (1655), “Инсон ҳақида” (1658), “Левиафан” (1658).

1646 йилда Гоббс Карл I нинг ўғли шаҳзода Уэлсскийга (бўлғуси Карл II) риёзиётдан сабоқ бера бошлайди.

Файласуфнинг атрофида уни кўролмайдиганлар кўп эди. Шу боис Томас Гоббсни кексайган чоғида даҳрийликда айблайдилар. Унинг «Фуқаро ҳақида» ва «Левиафан» номли китоблари руҳонийлар томонидан тақиқланган адабиётлар рўйхатига киритилади. Гоббс сўққабошликда ҳаёт кечирган.

* * *

Мен тақдирнинг оғир зарбасига дош бераман ва нолимайман. Ўзим танлаган йўлдан олға бориш воситасида ҳасадгўйлардан ўч оламан.

* * *

Ҳар қандай ўзгариш ҳаракат демакдир.

* * *

Ҳақиқат ва ёлғон аслида нарсаларнинг эмас, сўзнинг моҳиятига хос хусусиятдир. Сўз йўқ жойда ҳақиқат ҳам, ёлғон ҳам бўлмайди.

* * *

Инсоннинг табиатида урушқоқликнинг учта сабаби муҳрланган: рақобат, ишончсизлик, шуҳратпарастлик.

* * *

Эзгулик ва иллатларни ўлчовчи умумий мезон фақат давлатда мавжуд бўлади. Ҳар бир давлатнинг қонунлари ана шу мезон вазифасини ўтайди.

* * *

Давлатнинг қандайлиги ҳақида хулоса чиқариш учун аввало одамларнинг ахлоқи, қизиқишлари ва феъл-атворини ўрганиш жоиздир.

* * *

Табиий қонунлар ўзгармас ва мангудир. Инсон табиатига хос табиий қонунларнинг сони 12 та:

1. Шукроналик. 2. Адолатлилик. 3. Ўзаро ён босиш ва илтифот. 4. Кечиримлилик. 5. Эзгу келажак ҳақида ўйлар. 6. Ҳақоратга дош беролмаслик, мағрурлик. 7. Холислик. 8. Буюмлардан фойдаланишдаги тенглик. 9. Қуръага ишониш. 10. Эгалик ҳуқуқи. 11. Ҳакамга итоат этиш. 12. Ўзига ўзи ҳакамлик қилолмаслик.

* * *

Нарсалар ҳақидаги эсдалик ва хотиралар йиғиндиси тажриба деб аталади.

* * *

Сезги «нима?» деган сўроққа жавоб беради.

* * *

Ҳайратга мойил одамлар ёки жуда кам биладилар, ёки ўзгалардан кўра ақллироқдирлар.

* * *

Ўз жонини сақлашга тиришиш – энг буюк эзгулик. Табиат инъомини қарангки, ҳамма ўзига фақат яхшилик истайди.

* * *

Муҳтожлик аҳмоқликдан афзалроқдир.

* * *

Эркинлик ва зарурият доимо биргаликда мавжуддир. Масалан, дарё суви эркин оқади. Лекин у ўзандан чиқмаслик заруриятига бўйсунади. Шунга кўра, айтиш мумкинки, барча ихтиёрий ҳаракатлар аслида мажбурийдир.

* * *

Хатога йўл қўйиш уят эмас. Янглишиш ҳамма одамларга хос хусусият. Лекин олимлар имкон қадар хато қилмасликлари жоиз. Адашиш уларнинг вазифасига зид ишдир.