Қадимги юнон файласуфи Марк Аврелий Антонин Римда дунёга келди. 17 ёшга тўлганда қариндоши ва мамлакат императори Антоний Пий уни ўғил қилиб олади. Марк Аврелий саройда мамлакатни идора этиш, нотиқлик санъатига доир билимларни ўрганади. 161-180 йилларда у Римни идора этади. Файласуф сифатида Сенека таълимотини давом эттиради.
Марк Аврелий ўзини ўзи бошқаришнинг ҳадисини олганди. Қайғули ва шодиёна кунларда унинг чеҳрасида бирон ўзгариш сезилмасди.
* * *
Ҳамма нарса ўзгаришга маҳкум. Жумладан, сен ўзинг ҳам доимий ўзгариш ва қисман ўлим жараёнини бошингдан кечирасан. Бутун олам ҳам шунга маҳкум.
* * *
Узлуксиз вақт оқими доимо мангуликнинг ҳадсиз навқиронлигидан хабар беради.
* * *
Ҳамма нарса бир-бирига чатишиб кетган. Ҳамма ерда илоҳий узвийлик мавжуд. Барча нарсалар умумий тартиб-қоидалар асосида бирлашиб, айнан бир оламни безашга хизмат қилади.
* * *
Инсон умрини белгиловчи вақт лаҳзага тенг. Унинг моҳияти мангу ҳаракатдир. Сезги ноаниқлик, қалб беқарорлик, тақдир сирлилик демакдир. Шон-шуҳрат эса ишончсиз нарса. Ҳаёт кураш ва саргардонлик демакдир.
* * *
Ҳозир рўй бераётган нарсалар аввал ҳам бўлиб ўтганини доимо ёдингда тут. Худди шу нарсалар келажакда ҳам қайтарилиши эсингдан чиқмасин. Улар мангу қайтарилаверади, фақат ижрочилар — одамлар ўзгаради, холос.
* * *
Ҳамма нарсанинг ўткинчилигини ва бутун моддият мангу ҳаракатланувчи оқим эканлигини, шунингдек, юз берган ва келгусида рўй беражак барча нарсалар — мингинчи алмашинув, мангу ўзгаришлар занжири эканлигини унутманг!
* * *
Ҳеч бир нарса мустаҳкам эмас. Олдинда ҳам, ортда ҳам жамики нарсани домига тортувчи чексизлик ҳукмрон. Шу боис манманликка берилиш ёки ўзини ўтга-чўққа уриб, кўзёш тўкиш аҳмоқликдир.
* * *
Ўзгаларнинг қалбида нималар рўй бераётганига бепарволик билан қарагани туфайли бахтсиз бўлган одамларни кўрсатиш қийин. Аммо ўз қалбига қулоқ тутмаган, уни назорат қилолмаганларнинг бахтсизликка учраши муқаррардир.
* * *
Бошингга қандай иш тушмасин — ҳаммаси аввалдан тақдирингга ёзиб қўйилган. Зеро, чигал сабаблар ибтидоданоқ сенинг мавжудлигингни шу ишларга боғлаб туради.
* * *
Ҳар бир нарсага юзаки назар ташлаб қувонишдан сақланинг.
* * *
Бирор нарса ҳақида сўзлашаётганингизда, фикр юритаётганингизда ва бирор ишни бажариш чоғингизда ўзингизни ҳар бир лаҳза ҳаётингизнинг сўнгги они бўлиши мумкиндек тутинг.
* * *
Энг узоқ умрнинг энг қисқа умрдан сира фарқи йўқ. Ҳеч ким ўтмишдан ҳам, келажакдан ҳам ажрала олмайди.
* * *
Шароит сендан нимани талаб қилса, шуни бажар. Афлотун республикасини тузаман деб беҳуда уринма. Олға босган биргина қадамингдан ҳам шод бўл. Ким инсонларнинг фикрлаш тарзини ўзгартиришга қодир? Бундай ўзгаришларсиз қуллик, оҳу нола ва мунофиқлик билан бўйин эгишдан ўзга нарсага эришиб бўлмайди.
* * *
Марк Аврелий ҳаётининг сўнгги кунларида: «Тез орада сен ҳамма нарсани унутасан ва ўз навбатида сени ҳам ҳамма ёдидан чиқаради», — деб ёзиб қолдирган.