Хитойлик файласуф Чжу Си (лақаби Юан хуэй, умрининг сўнгги йилларида Чжу Хуй-ан тахаллусини олган) Хуйчжоу вилоятининг Юан туманида туғилиб ўсди. У жуда кўп китоб ўқиш асносида Конфуций ва унинг издошлари томонидан битилган барча мумтоз қонунларни қунт билан ўрганди. Табииёт илмининг билимдони бўлиб етишди.
Чжу Си ҳаётининг кўп қисмини давлат хизматига бағишлади. Аввал Чжангчжоу вилоятининг ҳокими, сўнгроқ Цзянлин музофотининг ҳукмдори бўлди. Шунинг билан бир қаторда император фармойишларини ёзиш билан шуғулланди.
1196 йилда Чжу Си ҳасадгўйлик, иғво, тубанлик ва сарой «ўйин»ларининг қурбони бўлди. Натижада ишдан четлатилди ва илм даргоҳларида унинг таълимотини ўрганиш ман этилди.
Ўлимидан бир йил олдин Чжу Си оқланди ва аввалги лавозимига қайтишига ижозат берилди. Лекин файласуф аввалги хизматига қайтишни истамади.
* * *
Аввал билим, сўнгра ҳаракат.
* * *
Фақат икки нарса мавжуд: олий қоидани англамоқ ва уни ҳаётга тадбиқ этмоқ.
* * *
Чжу Си қарашларининг асосини ташкил этувчи умумий тушунчалар: «Ли» — нарсаларнинг пайдо бўлиш асосини белгиловчи, айни вақтда хатти-ҳаракат меъёрлари, асослари ва олий қонун-қоидани мужассам этувчи — қонун-тафаккур.
«Ци» — беш қисмдан иборат борлиқ: дарахт, олов, маъдан, сув, ер.
«Тайцзи» — «буюк сарҳад». Унга фақат савқи табиий (интуиция) орқали етишиш мумкин.
«Жен» — инсонпарварлик.
«И» — бурч.
«Чжи» — донишмандлик.
* * *
Фалак ва замон пайдо бўлмасидан аввал фақат олий қоида ҳукм сурган. Сўнгра зарралар яратилган.
* * *
Олий қоида ва зарралар — бир-бирига ўхшамайдиган икки нарса. Аммо улар ўзаро шундай қоришиб кетганки, бир-биридан асло ажратиб бўлмайди.
* * *
Олий қоида ягона бўлса-да, аммо турли тарзда тарқалади. Масалан, буни шунга қиёслаш мумкин: осмондаги Ой битта. Лекин у кўллар ва дарёларда акс этиши натижасида беҳисоб Ой пайдо бўлади. Шунингдек, сувда кўринган ҳар бир аксда Ойнинг қайсидир бир қисми эмас, балки яхлит шакли намоён бўлади. Шу боис ўн минг — бирга, бир эса ўн мингга тенгдир.
* * *
Бир-бирига қарама-қарши ҳодисаларнинг ҳар бири бир-бирини келтириб чиқаради. Зеро, Шарқ Ғарбга қарши, Жануб Шимолга қарши жойлашган. Бирор нарса ёки ҳодиса йўқки, шу қоидага бўйсунмаса.
* * *
Оламда олий қоидага бўйсунмайдиган нарса йўқ. Масалан, буғдой, гуруч, каноп, тариқ доимо муайян бир муддатда экилади ва йиғиб-териб олинади.
* * *
Олий қоидалар юракда яшайди. Юрак ўн минглаб олий қоидани қамраб олади ва ана шу ўн минг олий қоида биргина юракда жо бўлади.
* * *
Кўзсиз оёқлар юролмагани ва оёқлар кўзсиз кўролмагани каби билим ва ҳаракат ҳам мудом бир-бирига муҳтож.
* * *
Барча ҳаракатлар олий қоида ўзлаштирилгандан сўнг амалга ошади. Чунки олий қоидани тушунмай туриб бирор ишни амалга ошириб бўлмайди.
* * *
Билиб туриб ҳаракат қилмаслик билимсизлик демакдир.
* * *
Инсон юраги битта. Агар бу юракда олий Самовий қоида сақланиб қолса, инсоний хоҳиш-истаклар ғойиб бўлади. Аксинча, инсоний хоҳиш-истаклар ғолиб келса, олий Самовий қоида ҳалок бўлади. Олиму фузалолар юракдаги инсоний хоҳиш-истакларни буткул йўқотиб, унинг ўрнига олий Самовий қоидани мангу жо этмоқлари жоиз. Энг олий даражадаги комил донишмандларнинг минглаб доно сўзлари инсонларга олий Самовий қоидани тушуниб, тизгинсиз хоҳиш-истакларни бартараф этишни ўргатади.
* * *
Агар инсон: «Пешонамга шундай ёзилган» деса-ю, бориб омонат деворнинг тагига туриб олса ва девор қулаб уни босиб қолса, буни тақдирга тўнкаб бўлмайди. Инсон ҳар бир ишнинг амалга ошиши йўлида кучи етганча, имкони борича ҳаракат қилгандан кейингина тақдир ҳақида гапиришга ҳақли.