Қадимий Юнонистонда яшаб ўтган файласуф, нотиқ ва сиёсий арбоб Цицерон римлик бадавлат чавандоз оиласида вояга етди. «Цицерон» сўзи — «цицеро», яъни «нўхат» деган маънони англатади.
Цицерон Римда таҳсил олиб, лотин тилини ўрганди. Шунингдек, нотиқлик санъатини мукаммал эгаллаб, Афина, Кичик Осиё ва Родос ороли ҳудудларига хос бўлган фасоҳат илми билан мустақил шуғулланди.
Файласуф м.а. 64-63 йилларда элчилик лавозимида хизмат қилиб, мустабид тузумнинг янги вориси Катилинга қарши нутқлар ирод этади. Унинг ана шу даврдаги тўртта нутқи нотиқлик санъатининг олтин жамғармасидан жой олган.
Суюкли қизи Туллиянинг ногаҳоний ўлими Цицеронни ғамга ботиради. Тақдирнинг бу оғир зарбасидан сўнг у фалсафа илми билан шуғуллана бошлайди.
Фаол сиёсий курашлар ва тажрибасизлик, қолаверса, машъум тақдир Цицероннинг фожиали равишда ҳалок бўлишига замин ҳозирлаб қўйганди. У Юлий Цезарнинг невара жияни Антоний ташаббуси билан қатл этилади. Файласуфнинг боши ўзи бир неча марта оташин нутқ сўзлаган жойга михлаб қўйилади.
Цицероннинг 58 та нутқи, нотиқлик санъати, сиёсат ва фалсафага бағишланган 19 та асари ва 800 дан зиёд мактублари ҳозирга қадар сақланиб қолган.
* * *
Фалсафанинг кучи шундаки, — деб ёзади Цицерон, — у қалбларга малҳам бўлади, беҳуда ташвишларни бартараф этади, ортиқча ҳаваслардан халос қилиб, қўрқувни ҳайдайди. Шубҳали нарсаларни қўллаб-қувватлашдан ўзини тийган файласуфлар доноларча йўл тутадилар.
* * *
Вақт сохта фикрларни емиради, табиат ҳукмини эса тасдиқлайди.
* * *
Фалсафа қалбга шифо бағишловчи фандир. Аммо бу шифо тан хасталикларидаги каби ташқаридан келмайди. Биз барча ички имкониятларимизни ишга солиш йўли билангина ўзимизни ўзимиз даволамоғимиз даркор.
* * *
Ақл-идрок ва табиат учун тасодифдан ортиқроқ ғов йўқ.
* * *
Фалсафа ақлий маданиятдир.
* * *
Саодатга эришиш йўлини айтишдан аввал ўзимиз кимлигимиз ва табиатнинг моҳияти нимада эканлиги хусусидаги саволларга жавоб топмоғимиз лозим.
* * *
Адашиш ҳар бир инсонга хос сифат. Аммо адашганларнинг қайсарлик билан ўз йўлида давом этавериши — ақлсизлик.
* * *
Қоғоз ҳамма нарсага бардошлидир. (Ушбу ҳикматли сўзнинг илк манбаи Цицероннинг «Мактуб» рисоласида акс этган. Унда: «Мактуб уятдан қизармайди», — деган ибора ёзилганди).
* * *
Халқ фаровонлиги — олий қонун.
* * *
Овозлар саналмайди, тарозида тортилади.
* * *
Қурол тилга кирганда, қонунлар жим қолади.
* * *
Ҳукумат — сўзловчи қонун, қонун эса гунг ҳукуматдир.
* * *
Донишмадликни эгаллашнинг ўзигина етарли эмас, ундан фойдалана билмоқлик ҳам жоиз.
* * *
Ўтиб кетган мусибатни хотирлаш ёқимли.
* * *
Бир зиддият иккинчисини келтириб чиқаради.
* * *
Меҳнат оғриқни ўтмаслаштиради.
* * *
Сўзамоллик — ақлга сайқал берувчи нур.
* * *
Мен ўзим унутишни истамаган нарсаларни унутишга қодир эмасман.
* * *
Шон-шуҳрат келтирувчи қийинчиликларга дош бериш осон.
* * *
Озод бўлиш учун қонунларнинг қулига айланишга тўғри келади.
* * *
Фалсафа билан машғул бўлмоқлик ўзни ўлимга тайёрламоқ демакдир.
* * *
Халоскорликни ўзига касб этганлар Тангрига энг яқин кишилардир.
* * *
Эзгуликнинг асосий белгиси — ҳаракат.
* * *
Ёруғ дунё юзини кўргунингизга қадар бўлиб ўтган воқеалардан бехабар бўлсангиз, мангу гўдаклигингизча қолаверасиз.
* * *
Ўз бурчини яйраб адо этувчиларгина эмин-эркин яшайдилар.
* * *
Ноҳақ йўлда ғолиб бўлмоқдан кўра, ҳақ йўлида мағлублик афзал.
* * *
Нодонлар сафида саодатмандлар, донолар орасида бахтсизлар бўлмайди.
* * *
Мен ўткир ақл-фаросатли ёки аҳмоқ, кучли ёхуд ожиз бўлиб туғилмоқлик ўз ихтиёримизда эмаслигини тан оламан. Аммо бундан ҳатто ўтириш ёки сайр қилиш каби оддий хатти-ҳаракатлар ҳам бизга боғлиқ эмас экан-да, деган хулоса ясовчилар қаттиқ янглишадилар.
* * *
Биз буюк ва муқаддас мақсадлар учун туғилганмиз. Буни беҳисоб нарсалар ҳақидаги хотиралар жам бўлган руҳимиздаги бошқа омиллар ёрдамида ҳам кўриш мумкин. Масалан, бизда ҳар бир амалнинг оқибатларини аввалдан кўра билишдек илоҳий сифатга яқин кароматгўйлик, нафсни тийувчи уят, инсонийлик, жамият манфаатларини ҳимоя қилувчи адолат, ўлим ва азоб-уқубатларга қарши мустаҳкам ва барқарор нафрат туйғулари мужассамдир. Буларнинг барчаси инсондаги энг афзал маънавий сифатлар. Агарки, инсонларнинг жисмида ҳузур-ҳаловатдан устун қўйиш лозим бўлган куч-қувват, саломатлик, гўзаллик, чаққонликни туғдирувчи сезгилар мавжуд экан, у ҳолда руҳий қобилиятларни қандай баҳоламоқ керак? Ўтмишда ўтган олимлар руҳда қандайдир фазовий ва илоҳий бир нарсанинг иштирокини кўра билганлар.
* * *
Ҳар бир нарса хусусида баҳслашмоқлик ва бирон нарса хусусида аниқ фикр билдирмаслик — энг аъло фалсафа.