• Кулиб гапирган эркакдан, кўз ёш билан сўзловчи аёлдан қўрқ.
• Катта эшак кичик эшакка фақатгина эшакликдан дарс беради.
• Айбдорнинг оловида айбсизлар ҳам ёнади.
• Рост пиёда, ёлғон отда юради.
• Ишинг яхши бўлмаса ҳам қаддингни тик тут.
• Асал бўлса, пашша топилади.
• Йўлга чиқсанг йўлдош топилади.
• Бир дарахтнинг сояси бир отар қўйга етади.
• Энг биринчи зарбани сарбон туя қабул қилади.
• Тоғлар боши қорсиз, йигит боши ақлсиз ҳечдир.
• Яхши нарсани кўриш — жаннатдан бир боғ.
• Ҳар нарсанинг кичиги ширин.
• Отилган ўқ ва тошни қайтариб бўлмайди.
• Қуруқ ёнган жойда ҳўл ҳам ёнади.
• Хўроз кўп ерда тонг эрта отади.
• Кўз — қўрқоқ, юрак — ботир.
• Кар қўй кечроқ қўрқади.
• Ҳасад олдинда, ақл орқада юради.
• Жаҳлинг чиқса — бурнингни тишла.
• Эҳтиёт бўлиб гапирсанг, тил — сенинг қўрғонинг, ўйламай сўзласанг — бошингга бало.
• Оч товуқнинг тушига дон кирибди.
• Тоғу тошни шамол емиради, инсонлар орасини — туҳмат.
• Меҳмон биринчи куни — олтин, иккинчи кун — кумуш, учинчи кун — мис, тўртинчи кун — аблаҳ.
• Берсанг — оласан, эксанг — ўрасан.
• Икки эгиз — бир бутун.
• Икки таниш урушса, бегонага томоша.
• Яхшилик қилсанг, охиригача қил.
• Ҳақиқий эркак учун тошбақа ҳам қурол.
• Яхши сўз — асалдан ширин.
• Исталган йўлни танла, лекин Ватанингни унутма.
• Дўстлик ўз йўлига, ҳисоб-китоб ўз йўлига.
• Агар эшакнинг шохи бўлганда ҳаммаёқни бузиб ташларди.
• Душманинг бургадек бўлгани билан уни филдек сана.
• Агар билмасанг, биладиганга қулоқ сол.
• Дўстинг ғилай бўлса, сен ҳам кўзингни қис.
• Эрсиз аёл — югансиз от.
• Ҳайвонлар бир-бирини сезги билан, одамлар сўраб-сўраб билади.
• Севгисиз ҳаёт — баҳорсиз йил.
• Битган ишдан атиргул иси келади.
• Ерга нам керак, эрга — шараф.
• Илоннинг таши юмшоқ бўлгани билан ичи заҳарга тўла.
• Билган — бажаради, билмаган — бармоғини тишлайди.
• Танишиш осон, айрилиш қийин.
• Билим — пулдан қиммат.
• Оқил учади, жоҳил югуради.
• Игна билан қудуқ қазиб бўлмайди.
• Базмга яхши кийиниб ва тўйиб бор.
• Чақирилган жойга бор, сени кутишмаётган жойга борма.
• Кулдан тепалик, қордан қўрғон қуриб бўлмайди.
• Ақлинг бўлса ақл билан, бўлмаса мақол билан иш тут.
• Ҳамма бошини ўзи қашийди.
• Минора қанча баланд бўлса тамали шунча чуқур бўлади.
• Кит қирғоқ бўйида ўйнамайди.
• Пойафзалинг тор бўлса, ҳаётдан лаззат қайда?
• Эшак ҳанграётганда булбул жим туради.
• Шамолнинг охири — ёмғир, ўйиннинг охири — жанжал.
• Сигир сув ичиб сут беради, илон — заҳар.
• Гўзаллик — кўз учун, ақл — қалб учун.
• Чўлнинг кўрки — сув, сувнинг кўрки — оққуш.
• Қийшиқ тузалади, ҳақиқат юзага чиқади.
• Кўп югурган бир марта бўлса-да қоқилади, кўп кулган бир кун йиғлайди.
• Қорани кўп кўрган оқни ҳам фарқлай олмайди.
• Асалари чақмаган асалнинг мазасини билмайди.
• Дарахт экмаган унинг соясида ҳам ётмасин.
• Кичикларни иззат қилмаган катталарни ҳам ҳурмат қилмайди.
• Ознинг қадрига етмаган кўпнинг ҳам қадрини билмайди.
• Ишнинг охирини ўйламаган қаҳрамон бўлолмайди.
• Ёлғиз юрган ҳадик билан юради.
• Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин.
• Дангаса еб овқатга, ухлаб уйқуга тўймайди.
• Ўнта ҳунарни чала билгандан биттасини мукаммал билган афзал.
• Яхши от оз еб, узоқ яшайди.
• Шернинг боласи шер бўлади.
• Яхшиликка хайр билан жавоб қайтариш — барчанинг иши, ёмонликка яхшилик — марднинг иши.
• Бехосият жойдаги учрашувлар ҳам хосиятсиз бўлади.
• Кулгига кулги билан жавоб бермасанг кулги хафа бўлади.
• Харобада бўлмаган юртнинг қадрига етмайди.
• Гўнгдан дур қидирма.
• Инсон қўлидан келмайдиган иш йўқ.
• Камчиликсиз гўзаллик йўқ.
• Чандиқсиз қаҳрамон бўлмайди.
• Подадан айрилган қўй бўрига ем бўлади.
• Эшак ўзини отдан кучли деб билади.
• Эшакнинг қорни тўйиб эгасини қопибди.
• Кўнгли очиқнинг йўли ҳам очиқ.
• Йўқолган сигирнинг сути мўл.
• Халқ олдида хон ҳам кучсиз.
• Тарк этилган жойнинг қадри кўчганда билинади.
• Одамнинг оласи ичида, ҳайвонники ташида.
• Душман кетгандан сўнг ботир кўпаяди.
• Отаси йўқ — етим, онаси йўқ — қул.
• Қўл қўлни ювади, икки қўл — юзни.
• Дунёдаги энг ширин ва энг аччиқ нарса — сўз.
• Эгилган бошни қилич кесмайди.
• Бошсиз тана — жасад.
• Дайдининг эшиги минг битта.
• Душманинг сени билмасдан олдин сен уни бил.
• Ақлли ўзини, нодон дўстини айблайди.
• Ақлли ўрганади, нодон ақл ўргатади.
• Оч қолган ўлмайди, очликдан қўрқадиган ўлади.
• Мард бир марта, қўрқоқ минг марта ўлади.
• Кечки топилмадан тонгги йўқотиш афзал.
• Душманингга ўлим тилагандан ўзингга умр тила.
• Ватандан кечганда кўра жондан кечган афзал.
• Арзонга келган буюмнинг қадри бўлмайди.
• Сен ҳам оға, мен ҳам оға, буғдойни ким янчади?
• Меҳмон келса келсин, қазо келмасин.
• Сақла сомонни, келар замони.
• Бир қўл девор уролмас.
• Бири еса, бири пойлаб ўтирса — қиёматни шунда кўр.
• Қарздан мараз ҳосил бўлади.
• Қўрқмасдан қўрқ, уялмасдан уял.
• Қўзғолган тиш жойида қолмас.
• Аёл — бўйин, эркак — бош.
• Ортиқча таъма бош ёрар.
• Ўғрининг сўзи тўғриликдан.
• Яхши қози сўзингга боқар, ёмон қози — юзингга.
• Яхши йигит ҳимматли, яхши қиз қимматли.
• От қозиғига эшак боғлама.
• От ўлганда майдон қолар, эр ўлганда донг қолар.
• Ота билан она кўнгли ўғил билан қиздадир, ўғил билан қизнинг кўнгли дала билан туздадир.
• Ота кўрган пичоқ тутар, она кўрган супурги тутар.
• От миниб ўрганмаган ландовур эгардан ўпкалабди.
• Яроқсиз овчига ов кўринар.
• Яхшини яхши демоқ — доноликдан, ёмонни яхши демоқ — қўрқоқликдан, яхшини ёмон демоқ — ҳасаддан.
• Ота бўлмаган, ота қадрига етмас.
• Билимдон учар, жоҳил чопар.
• Олижаноб кишидан илтимос қилсанг тилакларингни бажо келтиради, мурувватсизга мурожаат қилсанг қовоғини солади.
• Яхшилик қилсанг, охирига етказ.
• Ишларинг ёмон бўлса ҳам, чидамли бўл.
• Меҳмон оз ўтирар, лекин кўп кўрар.
• Мукофотлашга пулинг бўлмаса, сийлаб қўйишга қўлинг бўлсин.
• Қўл-қўлни ювар, икки қўл бетни ювар.
• Ҳақиқатнинг заҳри, ёлғоннинг асалидан яхши.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Туркманлар — Туркманистоннинг асосий аҳолиси (4,2 млн. киши, 2014) бўлган халқ. Шунингдек, Ўзбекистон (152 минг), Афғонистон (932 минг киши), Эрон (1,3 млн. киши) ва Туркияда (500 минг киши) яшайди. Умумий сони 8,5 млн. киши. Туркман тилида сўзлашади. Диндорлари — сунний мусулмонлар.