Қадимги ҳинд мақоллари (133 та)

• Камбағаллик ― жанжаллар илдизи.
• Қийинчиликсиз бахтга эришиб бўлмайди.
• Бекорчилик шайтоний фикрларни келтириб чиқаради.
• Бурни йўққа ойна кўрсатсанг жаҳли чиқади.
• Бойга яшаш маза, камбағалга нафас олиш ҳам қийин.
• Бойлик булутнинг сояси кабидир.
• Бойлик ― аҳмоқнинг ўйи, эзгулик ― яхшининг.
• Чанг сочиб, ойни тўсолмайсан.
• Тезда битган иш яхши бўлмайди.
• Йўқчиликда дўстлар бўлмайди.
• Кучсиз одам дарғазаб бўлади.
• Қоғоз қайиқ билан дарёда сузолмайсан.
• Сувда тимсоҳ билан олишма.
• Куч ― бирликда.
• Кимнинг виждони бўлмаса, унга омад ёр бўлмайди.
• Қийинчиликда вақт секин ўтади.
• Кўр кечқурунда узоқни кўради.
• Қарға доно бўлгани билан чиқинди титади.
• Қарғани атиргулли сувда чўмилтирсанг ҳам қора қаноти оқармайди.
• Табибда бургутнинг кўзи, шернинг юраги, аёлнинг қўли бўлиши керак.
• Ҳунарнинг осони йўқ.
• Тимсоҳнинг оғзидан қутулиб, йўлбарсга тутилди.
• Қадрловчи бўлмаган жойда гавҳарнинг қадри йўқ.
• Қаҳрамонликни кўкка кўтариш шарт эмас.
• Сопол тувак сопол кўзани мақтаркан.
• Ахмоқлик қўрқув билмайди.
• Лаблар, қўллар, кўкраклар ― ҳамма аёлда бир, аммо ҳар бирининг ўз юраги бор.
• Агар ҳашаротлар кўп бўлса, ҳатто калондимоғ илонни ҳам нобуд қилади.
• Дарё бўйида яшасанг ҳам тимсоҳ билан дўст бўлолмайсан.
• Кун шафақ билан тугайди, тун тонг билан тугайди. Хурсандчилик ғам билан тугайди, ғам қувонч билан тугайди.
• Пулга Худога сажда қилгандан кўп эгиладилар.
• Дарахт уни кесиб ташлагани келган одамга ҳам соясини аямайди.
• Дарахтни мевасидан биладилар.
• Болалар бир отадан, лекин феъли кўпчиликдан.
• Қимматбаҳо тошга ифлос тегса ҳам баҳосини йўқотмайди.
• Ахмоқ гапирмасдан аввал ақлли кўринади.
• Қалб битта, хоҳишлар эса мингта.
• Шамол бўлмаса дарахт қимирламайди.
• Аёл, шамол ва омад доимий турмайди.
• Битта гулдан чамбар қилиб бўлмайди.
• Ўрмондаги битта ёмон дарахтга ўт тушса, ҳаммаси баравар ёнади.
• Баъзида кўр ҳам беданани тутиб олиши мумкин.
• Тақиқланган нарсага юрак тортаверади.
• Ҳар нарсанинг ўз вақти бор.
• Ўз фарзандинг тарбиясиз, хунук, ақлсиз, бузуқ бўлмасин ― барибир юрагингдан қувонасан.
• Бақалар гапга киришганда, яхшиси сен жим тур.
• Бировга маслаҳат беришга келганда ҳамма доно бўлиб кетади.
• Қуёш чиқиши билан юлдузлар ғойиб бўлади.
• Ўлим келаётганда ит ҳам ибодатхонага шошилади.
• Худо кимни жазоламоқчи бўлса, уни ақлдан қисиб қўяди.
• Гўзаллик учун пардоз керак бўлмайди.
• Ким бедор бўлса, унга хавф йўқ.
• Чанқаган одам дарёнинг қуриган ўзанини ҳам қазишга тайёр туради.
• Ким жаҳлга жаҳл билан жавоб бермаса, ўзиниям бошқаниям сақлаб қолади.
• Шер ейишга ҳеч нарса қолмаса ҳам ўт емайди.
• Хушомад ― энг бозори чаққон мол.
• Аҳмоқ билан дўст бўлгунча, доно билан душман бўл.
• Бекорчиликдан текинга ишлаш афзал.
• Аҳмоқ дўстдан ақлли душман афзал.
• Одам учун энг яхши дори ― одам.
• Кам гапириб, кўп фикр қил.
• Табиб ўзи бемор бўлса, бошқаларни қандай даволасин?
• Сукут ёлғон сўздан афзал.
• Ақлли инсонлар вақтини назм ва фан билан, аҳмоқлар ғийбат, туш ва жанжал билан ўтказади.
• Ақлли инсонлар йўқотилган, ўлган ва ўтган нарсаларга ачинмайдилар.
• Тоза жойдаги кир хунук кўринади.
• Тилида асал ― юрагида заҳар.
• Ичкилик бошланиши билан ақл йўқолади.
• Ширинликни бир ўзинг ема, бир ўзинг ишни ҳал қилма, бир ўзинг саёҳатга чиқма, ухлаётганлар орасида бир ўзинг бедор бўлма.
• Жойига экилмаган экин мева бермайди.
• Ширин калом асалдан ширин.
• Ўлмасдан жаннатни кўролмайсан.
• Мулойимлик терининг юмшоқлиги билан эмас, хулқ-атвор билан ўлчанади.
• Агар қалбингда заррача эзгулик йўқ бўлса, ҳеч бўлмаса ўзингни яхшилардек тут.
• Адолатдан ортиқ эзгулик йўқ, ёлғондан ортиқ нуқсон йўқ.
• Одамни эзгу каломдан ортиқ ҳеч нарса руҳлантиролмайди.
• Янги хизматкор шерни ҳам ўлдириши мумкин.
• Умид ― кашфиётнинг онаси.
• Булут шамолга тескари юрмайди.
• Бир гапирса ― ўн қулоқ солади.
• Олмос оҳактошдан фарқлангани каби, одам билан одамнинг ҳам фарқи бор.
• Битта машъал билан денгизни ёқиб бўлмайди.
• Иккита “мен сенга бераман”дан, битта “ол” яхши.
• Олтиндан бўлган кишан ҳам оғир.
• Бедана уни осмонга отганнинг бошига қўнади.
• Вақти келганда аҳмоққа ҳам хушомад қиладилар.
• Аввал ўзингни енг, сўнг душманларингни.
• Ўз-ўзини енгиш бошқалардан енгилишдан хайрлидир.
• Айбдор доим иккиланишда юради.
• Вақтлар ўтади, дўст душманга, душман дўстга айланади.
• Ўз ишинг учун нариги соҳилга ҳам сузиб борасан.
• Тоза кўлдан ифлос сув оқадими?
• Олифта аҳмоқ мажлисда сўз очмасдан аввал ярқираб кўринади.
• Сарф озу, мақсадлар осмонда.
• Ташландиқ уй билан алоқа қилмайдилар.
• Тўғрисўз одам билан дўстлаш, лаганбардордан эҳтиёт бўл.
• Энг муҳими ― ўз ишинг.
• Бировнинг бойлиги ва ўзингнинг ақлинг доим орттириб кўрсатилади.
• Ўз вақтида бажарилмаган иш ― қилинмаган билан баробар.
• Ўз уйида тимсоҳ филни ҳам енгади, уйидан чиққанда эса итдан ҳам қочади.
• Қанча соз бўлса, шунча мусиқа янграйди.
• Инсонда қанча фазилат бўлса, шунча камчилик ҳам бор.
• Одам қанча бўлса, ақл ҳам шунча.
• Қанча уринсанг ҳам қарқарага гапиришни ўргатолмайсан.
• Кўр кўр билан гаплашса, доим хафа бўлади.
• Олдин ишла, кейин талаб қил.
• Ғам келганда далда бўлиш қурғоқчиликда ёмғир ёққанга ўхшайди.
• Қари тўтини ҳеч нарсага ўргатолмайсан.
• Ҳалокат келмасидан олдин ундан қўрқ.
• Нишон иккита, ўқ битта.
• Камондан отилган ўқ қайтмайди.
• Бутунга эришаман деб яримдан қолма.
• Бахтлига ҳамма бахтли кўринади.
• Йўлбарс ва қўй бир дарёдан сув ичади.
• Гулдурак бўлган билан ёмғир ёғавермайди.
• Ҳақиқий уста тажриба билангина маҳоратга эришади.
• Ажриқдан тўқилган арқон билан филни ҳам жиловлаш мумкин.
• Аҳмоқнинг оқарган сочи қуёшдан.
• Зарба доим оғриётган жойга тушади.
• Қулай вазиятни қўлдан бой берма.
• Мўтадиллик ― катта бойлик.
• Ақллига ― таъзим, аҳмоққа ― тарсаки.
• Чарчаган туя карвонсаройга шошилади.
• Инсон қадри ўлгандан сўнг билинади.
• Ибодатхонага борган билан одам яхши бўлиб қолмайди.
• Минг марта ўқитгандан бир марта кўрсатган яхши.
• Ер устида нима бўлса, остида ҳам шу бор.
• Уйга ўт кетганда қудуқ ковлашдан фойда йўқ.
• Туҳмат қилиш учун ҳам қобилият керак.
• Бировнинг боши ошқовоққа ўхшайди.
• Оёқдаги тиканни тикан билан олинади.
• Тилни юганда ушлаш керак.
• Чақимчининг тилини тутолмайсан.

Давронбек Тожиалиев таржимаси.

Қадимги ҳинд тили – санскрит ва пали тилларининг умумий номи. Санскрит (ёки веда) – эрамиздан аввалги 2-минг йилликларда яшаган қадимги ҳинд Ведаларининг тили. Пали – ўрта асрларнинг адабий ва маданий тилидир. Санскрит ва пали ҳинд-европа тиллар оиласининг ҳинд гуруҳига киради.