• Шараф — нодир, камёб нарса қиммат бўлади.
• Чин дўстингга номусдан бошқа ҳар нарсангни фидо қил.
• Ҳаром нон тишни синдиради.
• Тазйиқ бор жойда адолат бўлмайди.
• Деворни нам, инсонни ғам йиқитар.
• Умид — фақирларнинг нонидир.
• Бир масхарабоз билан кулгандан оқил билан йиғлаган афзал.
• Куёв — бол, фарзанд — туз. Таомнинг болсиз еса бўлади, тузсиз еб бўлмайди.
• Ақл чўнтакда эмас, бошда.
• Ҳаром бойликдан ҳалол қашшоқлик афзал.
• Тулки қопқонга тушган бўлса ҳам товуқдан кўз узмайди.
• Бировнинг отидан йўл ярмида тушишга тўғри келади.
• Хайр қидир — у олтиндан қиммат.
• Қалби мастнинг дуоси Худога етиб бормайди.
• Кўпгина нок ваъда қилинган жойга кичкина сават билан бор.
• Бўрига отарга яқинлашган пайти бақир.
• Яхши одам барчага яхшилик қилади, ҳеч кимга мақтанмайди.
• Икки марта ўйлаб, бир марта гапир.
• Ҳақиқий дўст қийин замонда билинади.
• Сохталикнинг оёғи қисқа.
• Инсонга ўз боласидан кўра тотли ҳамда аччиқ неъмат йўқ.
• Оқ ақча қора кунга ярайди.
• Ақлли душман ақлсиз дўстдан афзал.
• Отилган ўқни қайтариб бўлмайди.
• Бировга қабр қазима — ўзинг тушасан.
• Бир гул билан ёз келиб қолмайди.
• Бир қўлтиққа икки тарвуз сиғмайди.
• Бир тош билан девор тикланмас.
• Майли катта-катта е, лекин катта-катта сўзлама.
• Тоғ тоғ билан қовушмас, инсон инсон билан қовушар.
• Тилнинг суяги йўқ, лекин суякни тешади.
• Чўчқа оч бўлса ҳам, тўқ бўлса ҳам хурхурлайди.
• Эгри ўтирсанг ҳам тўғри гапир.
• Ҳаромдан келган ҳаромга кетар.
• Ҳар тоғнинг ўз оғирлиги бор.
• Сув тин олади, душман тин олмас.
• Кўп билган кўп дард чекар.
• Ширин сўз темир эшикни очар.
• Қўшнининг товуғи катта тухум қўяди.
• Очиқ қўл билан илон тутилмас.
• Дарё оқар — қум қолар.
• Арзон гўштни кўппаклар ҳам емайди.
• Аввал дарахтни кўр, сўнг остига ўтир.
• Ким билан бўлсанг ўша кабисан.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Македонлар — Македониянинг (собиқ Югославиянинг Македония Республикаси) асосий аҳолиси (1,29 миллион киши, 2014). Австралияда (200 минг киши, 2008), Италияда (92 минг киши, 2009), Германияда (68 минг киши, 2008), АҚШда (57 минг киши, 2008), Туркияда (31 минг киши, 2001) яшайди. Умумий сони 2 миллион киши. Македонияда тахминан 1,63 миллион киши македон тилида сўзлашади. Диндорлари — православлар, сунний мусулмонлар ҳам бор.