Фин мақоллари (139 та)

• Қонун кучсиз ерда разолат ҳукмрон.
• Шим кийиб юрганларнинг ҳаммаси ҳам эркак эмас.
• Дард югуриб келиб, эмаклаб кетади.
• Бошингга мусибат тушса, маслаҳатчи кўпаяди.
• Икки булбул бир шохда сайрамайди.
• Ҳасад ва гумонлар саунада куйиб битади.
• Ҳўкизни шохидан, одамни сўзидан иладилар.
• Ўзгани бир кун алдайсан, ўзингни — бир умр.
• Баланд овоз бўшлиқдан далолат.
• Агар онда-сонда кўриб турсанг, қарға ҳам гўзал.
• Аҳмоқнинг устидан кул, сурбетни ур, аммо камбағалнинг боласига тега кўрма.
• Меҳмон ва балиқ учун қонун битта: уч кундан сўнг айнийди, барча ундан жирканади.
• Уй ва сувинг бўлса, овқат топилади.
• Денгизда мусибат бўлганда қуруқликда ақллилар кўпаяди.
• Тамаки ва ичимлик умумий, хотин ва хаммом ўзингники бўлиши лозим.
• Хаммом фин учун доридир.
• Хотинсиз эр — томсиз сарой.
• Мусибат эски маслаҳатларни ёдга солади.
• Камбағални ой юзи, бойни пули уйлантиради.
• Камбағал бойигач, ақлли бўлади, бой камбағаллашгач аҳмоққа айланади.
• Ҳожат бўлмаса эрта турмайдилар.
• Бой камбағалнинг лаби нима деб пичирлаётганини қайданам билсин?
• Бой пули билан тўлайди, камбағал — териси билан.
• Кўп эшитиб, кам гапир.
• Болалар бўлса нон топилади.
• Кўзда кўришга жой топилади, ошқозонда эса йўқ.
• Меҳмонга навбат билан борадилар.
• Қарз билан бойиб кетолмайсан.
• Ҳар мамлакат ўз ҳолича яшайди.
• Қайиқда қари одам — маслаҳатчи.
• Тинч яшаш — сокин дарёда сузиш.
• Қоронғида ҳамма чўчқалар қора кўринади.
• Финландияда оққайин ҳукмдор, арча — шаҳзода.
• Винони ичмайдилар, тотиб кўрадилар, холос.
• Ёлғоннинг ярми ҳақиқат.
• Қудуққа олиб келинган сув узоқ турмайди.
• Бўрини оёғи боқади.
• Қарға лаънатдан ўлмайди.
• Хўроз бор жойда қишлоқ ҳам бор, ит қаерда бўлса, яқинида уй бор.
• Аҳмоқлик оломонда авжига чиқади.
• Калла ухлаш учун керак, ишда ақл лозим.
• Очлик бўриваччани увиллашга ўргатади.
• Очлик исталган овқатни шўр қилади.
• Очга уйқу ҳам, кулгу ҳам тотимайди.
• Оч одам бўрини ҳам еб қўяди.
• Камбағалга қўлингни тут, унинг қўли иссиқ.
• Ғурур тушкунлик пайтида ҳам қадни тик этади.
• Қиз ёш, кофе қайноқ бўлиши лозим.
• Баъзида пул жароҳатга малҳам бўлади.
• Тинчликда яшаш — тинч дарёдан қайиқ билан кечиш деган гап.
• Ғалла ҳам тинчлик маҳалида ҳосил беради.
• Жанжал ва ғазаб ҳалокатга элтади, табассум ва ҳақиқат ҳаёт бағишлайди. Тилла қиличдан ёғоч ҳасса афзалроқ.
• Ўттиз дўстнинг ичида беш рақиб топилади.
• Меҳнатда вақт қувноқ ўтади.
• Кучли қўлга тушса тош ҳам эзилади.
• Уста иш изламайди, иш устасини излайди.
• Супургисиз озодалик бўлмагани каби, меҳнатсиз ҳам хайр йўқ.
• Ўғлим одам бўлмади, деб қайғурма, бир кун келиб қирол бўлса, не ажаб.
• Иссиқ келган қишдан кўра совуқ келган ёз яхши.
• Дарахтни болтанинг бир зарби билан йиқитолмайсан.
• Дарахтнинг қандайлиги мевасидан билинади.
• Яхши хабар узоққа боради, ёмони ундан ҳам олисга.
• Яхшилик доим секин келади.
• Бекасиз уй совуқ сауна кабидир.
• Урушқоқ ит йиртиқ пўстин билан юради.
• Дўст бошингга кулфат тушганда билинади.
• Аҳмоқ узоқ тушунтиради, ақлли узоқ ўйлайди.
• Агар сауна ёрдам бермаса, дарднинг давоси йўқ.
• Бахиллик — касаллик.
• Бола сувга интилади, қари — оловга.
• Шарқдан Қуёшдан бошқа хайр келмайди.
• Яхши одам билан қўл бериб сўраш.
• Ёмон қўшни билан барча қонунларни ўрганасан.
• Сауна — камбағал учун аптека.
• Айтилган сўз — отилган ўқ.
• Одамнинг ўзидан кул, қалпоғидан эмас.
• Меҳмон қилиш билан камбағал бўлиб қолмайсан.
• Илмоқни узган балиқ доим катта бўлади.
• Кўкрак мушукда ҳам бўлади.
• Аввал ошхона қур, кейин уйлан.
• Ухлаётганни илон ҳам чақмайди.
• Қариянинг тиши ўрнини пичоқ эгаллайди.
• Руслардан қўрқиш — доноликнинг бошланиши.
• Қийналиб-қийналиб ёрқинроқ тож киясан.
• Ишларинг сендан олдин югуради.
• Кўп шуғулланмасдан уста бўлолмайсан.
• Меҳнат билан топилган таом мазали бўлади.
• Қўрқоқ — сўзда кучли.
• Финландия — мингкўллар ўлкаси.
• Бойнинг уйида ёнғин бўлса, унинг пулига ўт тушади.
• Моҳир устанинг барча асбоби ўткир, ношуднинг пичоғи ҳам ўтмас.
• Дангаса — ўғрининг укаси.
• Каззоб руҳоний бўлгандан ростгўй гуноҳкор бўлган афзал.
• Бойнинг этигида кун кўргандан, қашшоқнинг остонасида яшаган афзал.
• Мусибатдаги олтин қуймадан хурсандликдаги бурда нон афзал.
• Узоқ тургандан озроқ ўтирган афзал.
• Икки кун ўлгандан бир соат яшаган афзал.
• Қўлингдаги битта олма дарахтдаги ўнтадан афзал.
• Одамлар одатда ўзларида етишмаётган нарсадан баҳс қиладилар.
• Она болага сут билан қўшиб ўз ақлини бера олмайди.
• Айиқни ҳамма билади, у эса ҳеч кимни танимайди.
• Оиладаги энг кенжа фарзанд — доимо бола.
• Ёш овқатдан, қари уйқудан озуқа олади.
• Бир марта ёш бўласан, икки марта — бола.
• Эркакнинг сочи тушади, аёлники оқаради.
• Биз одатда кўп шошиламиз, ишга ҳам шошилсак эди…
• Мой бўлса меҳмон, пиво бўлса дўст топилади.
• Ўз ерингда омоч ҳам оғир эмас.
• Иш одамни бузмайди, одам ишни бузади.
• Болғани жуда баланд кўтараверма, оёғингга уриб оласан.
• Аччиқни тотмагунча ширинни тушунмайсан.
• Одамни эмас, унинг одатларини айбла.
• Бир ҳафта ўйла, лекин аниқ гапир.
• Бир ўзинг яшолмайсан.
• Сабр — умиднинг синглиси.
• Аччиқ тил қиличдан қўрқинчли.
• Карамни қўриқлашга эчкини қўймайдилар.
• Кофенинг ҳиди билан уйни, пишириқ билан бекани баҳолайдилар.
• Об-ҳавони кеч кирганда, эркакни соқоли чиққанда мақта.
• Қийналиб-қийналиб охири эришасан.
• Русчани қайноқ картошкани оғзингга текизгандан кейингина ўрганасан.
• Аҳмоқ бозорга бордими, олғирнинг чўнтагига пул тушади.
• Онанинг одатлари қизига ўтади.
• Уйим хароб бўлса ҳам ўзимники.
• Швеция бой бўлиши мумкин, лекин Финландия — гўзал.
• Йўлдошингга ухлаши учун, меҳмонга дам олиши учун имкон бер.
• Қўли гўнгда бўлган инсоннинг оғзи доим мойда.
• Қўшнининг уйи ёнса, сенинг уйинг ҳам хавфда.
• Доно аҳмоқнинг узун нутқидан кичик шеър битади.
• Қулоқ кўз кўргандан кўп нарсани эшитади.
• Нон тинчликда етиштирилиб, урушда сотилади.
• Қарздорнинг рўзғори — тешик қайиқ.
• Яхши қўшни — ярим давлат.
• Сувнинг қадри қудуқ қуриганда билинади.
• Кулфат келганда ақлинг ортади, бойлигинг эмас.
• Шайтон кўриниши билан эмас, номи билан қўрқинчли.
• Швед овқатни мойдан бошлайди, фин — тузланган балиқдан.
• Ёш камбағал бўлса ҳам — қувноқ, қари бой бўлса ҳам — тушкун.
• Тил суяксиз, аммо суякни кесади.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Финлар (ўзларини суомалайсет деб аташади) — Финландиянинг асосий аҳолиси (4,65 млн. киши), умумий сони 6,5 млн. киши, жумладан, АҚШда 623,6 минг киши (2002), Швецияда 470 минг киши, Канадада 130 минг киши (2006), Россияда 34,1 минг киши (2002), Австралияда 21 минг киши (2006), Буюк Британияда 11 минг киши (2001). Фин тилида сўзлашади. Диндорлари — протестантлар (лютеранлар).