• Айбига иқрор бўлганни авф эт.
• Йигит урушда, дўст дардда, комил инсон ғазаби келганда маълум бўлади.
• Тилинг бўйнингни кесишидан эҳтиёт бўл.
• Ё мустақил яша, ё ўл.
• Тирик эшак ўлик файласуфдан афзал.
• Гарчи у айиққа ўхшаса ҳам сен севаверадиган инсон — ҳақиқий дўст.
• Вақт — энг яхши устоз.
• Олим жаннатга тушмагунича илм олишдан тўймайди.
• Илмни ёзиш билан мустаҳкамланг.
• Уят йўқолганида бало бостириб келади.
• Ҳар гўзалликнинг бир нуқсони ҳам бўлади.
• Икки нарсанинг қадри у қўлингдан кетгандан сўнг билинади: ёшлик ва саломатлик.
• Қўрқсанг — гапирма, гапирдингми — қўрқма.
• Вақтида келган ўлим ҳам — неъмат.
• Агар инсон ўз фикр ва ҳисларини тили билан ифода эта олмаганида эди, унинг гунг ҳайвон ва девордаги суратдан фарқи қолмасди.
• Агар шамол бўлмаса, елканнинг оддий матодан фарқи қолмайди.
• Баъзида сукут ҳам муносиб жавоб бўлади.
• Агар акангдан ёлғон ва хушомад билан бирон нарса сўрашга ўтган бўлсанг, демак у сенга ака эмас.
• Ҳузурингда сени ўзингда бўлмаган сифатлар билан мақтаган одамдан эҳтиёт бўлгинки, у сени ўзгалар олдида ёмон сифатлар билан гапиришга ҳам қодир.
• Агар итга ишинг тушса, унга “акажон” деб мурожаат қилавер.
• Агар сабаблари маълум бўлса, барча дард учун дори топилади.
• Оз е — кўп яшайсан.
• Буқани шохидан, одамни тилидан боғлайдилар.
• Бадавийни фақат бир марта алдаш мумкин.
• Ё қирол билан, ё денгиз билан қўшни бўл.
• Илмни қайтаришда фойда кўп.
• Кулфат — тилнинг маҳсули.
• Инсоннинг омонлиги тилининг ширинлигида.
• Оқлик — ярим гўзаллик.
• Хотинни узоқдан, боғни яқиндан танла.
• Мевасиз дарахтга тош отмайдилар.
• Нимадир сотиш ҳақида эса, сотиб олиш ҳақида қайғур.
• Фойдасиз сўзни гапирма, фойдалидан юз ўгирма.
• Эзгулик ёмонлик ичидан етилади.
• Сен яхшилик қилган одам сенга зулм қилишидан қўрқ.
• Кўп гапириш пушаймонга олиб келади.
• Кўпгина ақлий урушлар эҳтирос тўлқини билан оловланади.
• Сенга чин дилдан маслаҳат берувчи — ака.
• Тилингга эҳтиёт бўлсанг — у сени сақлайди, эркин қўйсанг — сени сотади.
• Диндошларинг билан самимий, йўлдошларинг билан хушмуомала бўл.
• Яхши ишнинг думи бўл, лекин ёмон ишнинг боши бўлишдан эҳтиёт бўл.
• Баъзида бир онадан туғилмаган бошқа бир инсон сенга акалик қилади.
• Буқа бурнини шохи билан ҳимоя қилади.
• Умумий кулфат пайти хусуматлар унутилади.
• Қардошлик кулфат пайти билинади.
• Бир саллага икки калла сиғмайди.
• Ҳаттоки ёмонликда ҳам хайр бўлади.
• Ўзга юртда ҳатто қуён ҳам фарзандингга зарар беради.
• Инсоннинг буюклиги унинг ҳурлигида.
• Камтарлик — инсон тожи.
• Инсоннинг иймони унинг қасамидан билинади.
• Туя олтин ташигани билан ўзи тикан ейди.
• Боланинг нигоҳи у нима демоқчилигини англатади.
• Синовлар пайти инсон ё ҳурмат, ё нафратга сазовор бўлади.
• Уруш бу — ёлғон.
• Катта фарзандни ўқит, тарбияла, кичиги ўзи ўрганади.
• Оқилнинг душманлиги нодоннинг дўстлигидан афзал.
• Сабабсиз душманлик бўлмайди.
• Худо ҳар ишда енгилликни севади.
• Ҳар ишнинг ўз вақти ва жойи бор.
• Йўлдошни йўлга чиқишдан аввал танла.
• Халқнинг раҳбари — уларнинг энг бахтсизи.
• Севишганлар жаҳли баҳор ёмғирига ўхшайди.
• Худойим! Қисқа муддатга келган меҳмонни ўзинг ёрлақа!
• Кўнгил — сирларинг учун кенг макон.
• Баъзида ашаддий ёлғончи ҳам ҳақ сўзни гапириши мумкин.
• Итни семиртирсанг сени ҳам ейди.
• Йўлга чиқилган кун — ярим саёҳат.
• Пул — яхши хизматкор, аммо ёмон хўжайин.
• Тарбиясиз болалар етимдан баттар.
• Баъзида дирҳам мусулмонларни бўлиб юборади.
• Узун тил — умр заволи.
• Ҳар айтилган сўз учун эшитувчи қулоқ топилади.
• Сўзнинг кўрки қисқалигида.
• Аҳмоқ суҳбатдош тополмайди.
• Агар дўстлик бўлмаганида инсонлар қирилиб кетарди.
• Агар айтиб тушунтира олмасанг — кўрсатиб тушунтир.
• Олимнинг адашгани — дунёнинг бузилгани.
• Бир кўзлилар қироллигига тушиб қолсанг сен ҳам бир кўзингни юм.
• Агар сен шамол бўлсанг, мен — бўронман.
• Сен яхшилик қилсанг — яшир, сенга яхшилик қилишса — гапир.
• Агар шердан зўрға омон қолган бўлсанг, уни ов қилишни бас қил.
• Агар хўжайин дўмбира чалишни хуш кўрса, хизматкорлар рақс тушишига тўғри келади.
• Яхшилик тилаш уни қилиш билан баравар.
• Баъзилар учун тўй бир ойлик роҳат ва бир умрлик қайғудир.
• Уятсиз аёл — тузсиз таом.
• Тирик ит ўлик шердан афзал.
• Ҳасадчи юқори мансабга чиқолмайди.
• Ҳасадчини ҳасад ўлдиради.
• Ҳасад — давосиз дард.
• Икки кишига етган уч кишига ҳам етади.
• Қурғоқчилик очарчилик эмас.
• Илон ўз заҳридан ўлмайди.
• Тикандан гул ўсади.
• Дарға кўп бўлса, кема чўкиб кетади.
• Баъзида кўзлар тил айтолмаган кўп нарсаларни сўзлайди.
• Баъзида ёмон ўқчи ҳам нишонга тўғри уради.
• Баъзида сукут сўздан афзал.
• Даъвогарлар рози бўптию, қози рози бўлмабди.
• Ҳақиқат — очиқ, ёлғон — қоронғи.
• Ҳар нарсанинг ўз қиймати бор.
• Қандай ҳукм қилсанг сенга ҳам шундай ҳукм қилишади.
• Севганинг қўлидаги тош олмадек туюлади.
• Ақл тамом бўлганда сўз топилмай қолади.
• Шер қариса шоқоллар унинг устидан куларкан.
• Тилинг — сенинг тулпоринг: уни асрасанг — сени асрайди, бўш қўйсанг — ерга қулатади.
• Далил-исботи йўқнинг тили узун бўлади.
• Тилнинг суяги йўқ, лекин суякни емиради.
• Тил — дил таржимони.
• Бу дунё — кўприк.
• Иқтисод — турмушнинг ярми.
• Кўп ҳазил обрўни туширади.
• Ажнабий — ажнабийнинг дўсти.
• “Ҳеч нима”дан “нимадир” яхшироқ.
• Ҳолвадан ширин нима? — Душманликдан кейинги дўстлик.
• Жигарга фойдали нарса қоражигарга зарар.
• Тоғанг тош берса ҳам ол.
• Тарбиясиз киши — қалбсиз тана.
• Кўпинча ризодан кўра рад қилиш фойдалироқ бўлади.
• Кўпинча урушлар биргина сўздан аланга олади.
• Кўпинча ҳазилнинг остида жиддийлик яширин бўлади.
• Иффат — енгилмас қўшин.
• Энг яхши нутқ — қисқа нутқ.
• Итнинг думини даста билан текислаганинг билан у қайрилганича қолаверади.
• Ўғрини ўғриламасдан аввал ушла.
• Илмини ўргатмайдиган олим ёмғирсиз булутга ўхшайди.
• Ёшликдаги илм тошга ўйилган нақш кабидир.
• Оқил меҳнат самарасига, нодон қуруқ орзуга ишонади.
• Аёлнинг ақли — унинг гўзаллигида, эркакнинг гўзаллиги — ақлида.
• Кўздан йироқ — кўнгилдан йироқ.
• Ўзингни ҳурмат қилсанг, ҳурматли бўласан.
• Сенга дарс бўлган зарар — даромад.
• Ҳар бошнинг ўз оғриғи бор.
• Ҳар бир тирик жоннинг ўз муҳлати бор.
• Ҳар дарахтнинг ўз сояси бор, ҳар диёрнинг ўз одати бор.
• Қамоқ гарчи боғ бўлса ҳам қамоқлигича қолаверади.
• Таклифсиз келган ёстиқсиз ухлайди.
• Сабр — енгиллик калити.
• Сир — сенинг асиринг: агар уни қўйиб юборсанг, ўзинг унинг асирига айланасан.
• Бировларнинг хатосидан хулоса чиқарган — бахтли.
• Қўрқув — омадсизлик калити.
• Кўрлар орасида бир кўзли — султон.
• Хачирдан сўрадилар: “Сенинг отанг ким?” У жавоб берди: “От — менинг тоғам”.
• Тилдан адашиш оёқдан қоқилишдан хавфлироқ.
• Аввал қўшни, кейин уй.
• Туш ва орзу — опа ва сингил.
• Оқилнинг бойлиги — илмида, нодоннинг бойлиги — пулида.
• Худодан қўрқадиган инсон билан маслаҳат қилинг.
• Ит ҳуриши билан булут тўхтаб қолмайди.
• Уят ўлимдан кучли.
• Ғолиблик тоти сабр аччиғини ювади.
• Ширин қатиқ ғазабни юмшатади.
• Хасис бой қўли очиқ камбағалдан фақирроқ.
• Аллоҳ яширганини сен ҳам яшир.
• Аҳмоқни қанча ўқитганинг билан эрталаб эсидан чиқиб кетади.
• Ярамас хотин — темир кишан.
• Қаттиқ қўрқув оғриқни олади.
• Қаердан жой кўрсатишса, ўша ерда ўтир.
• Аҳмоқнинг қалби — тилида, дононинг тили — қалбида.
• Юрак кўздан аввал кўради.
• Бугунги тухум эртанги товуқдан афзал.
• Ўзга юртда инсон учун энг қимматли нарса — Ватан.
• Энг ёқимсиз озғинлик отда ва аёлда бўлади.
• Олийжаноб одамнинг қўли — тарози.
• Сукутдаги пушаймонлик айтилган сўздаги пушаймонликдан афзал.
• Бировларнинг камчилигини гапириш — қусур.
• Ой одамдан яширина олармиди?
• Камчиликларимни юзимга айтган инсонни Аллоҳ ёрлақасин!
• Сувсиз қудуқ шудринг билан тўлмайди.
• Кечиримли бўл, сени ҳам кечиришади.
• Лақаблар осмондан тушади.
• Сендан даражаси юксак одамдан ҳам, паст одамдан ҳам маслаҳат ол, сўнг ўз фикрингга суян.
• Сенга зарар келтирувчи ҳақиқат фойдали ёлғондан яхшироқ.
• Йўқотиш топишга ўргатади.
• Қаср қурди, лекин бутун шаҳарни вайрон қилди.
• Шошқалоқлик афсусга, эҳтиёткорлик хайрга олиб боради.
• Мақол — нутқнинг тузи.
• Энг зотдор от ҳам баъзида қоқилади.
• Дўстингга ҳеч бўлмаса овозинг билан ёрдам бер.
• Кучсизлар устидан ғалаба мағлубият билан тенг.
• Ёмон одат қарздан баттар.
• Манманликнинг меваси — ҳасад.
• Хўрозга “қичқир” дедилар. У “ҳар нарса ўз вақтида яхши” деб жавоб берди.
• Ит шерлар орасида ўсгани билан итлигича қолаверади.
• Аввал ўлча, кейин кес.
• Ошпаз кўпайса ош куйиб кетади.
• Айиқдан қочиб, қудуққа тушиб кетди.
• Қарғадан лочин туғилмайди.
• Диннинг асоси — илм.
• Хатолар асоси — очкўзлик ва нафрат.
• Эшак ўзига шох қидиргани бориб, қулоқсиз қайтибди.
• Бир шохни эгсанг ўнтаси шитирлайди.
• Бир қўл билан юзни ёпиб бўлмайди.
• Биргина учқун бутун бошли маҳаллани кул қилади.
• Битта дарё бутун бошли денгизни лойқалатолмайди.
• Биродарлардек муомала қилинг, бегоналардек ишланг.
• Касал бўлмасдан аввал табибга кўрин.
• Тун — қочоқнинг қалқони.
• Оёқлар юрак хоҳлаган ергагина олиб боради.
• Маслаҳатдан ҳеч ким ўлган эмас.
• Ҳеч ким орқамни ўзимдек қашлай олмайди.
• Илмсизлик — тириклар ўлими.
• Баъзида ёлғон ҳам ғалаба қозонади, лекин узоқ турмайди.
• Етимга йиғлашни ўргатма.
• Соқолингни икки киши орасида қисқартирма. Бири узун деса, бири қисқа дейди.
• Ёпишга кучинг етмаганларга эшикни очма.
• Йўлбарс терисини ёпинган ҳамма ҳам ботир эмас.
• Ҳаракатсиз умид — мевасиз дарахт.
• Қўйларнинг кўплиги қассобни қўрқитмайди.
• Сукут — оқилнинг либоси ва нодоннинг ниқоби.
• Кўп сўзлаш — омадсизлик калити.
• Арслонни кўп кўрган ундан камроқ қўрқади.
• Одамлар туяга ўхшайди: юзтадан биттаси пойгага ярайди.
• Севги — кўрликнинг дугонаси.
• Ширинни севсанг аччиққа ҳам чида.
• Ишларнинг яхшиси — ўртачаси.
• Ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик афзал.
• Энг яхши садақа — сўз садақаси.
• Арслон қафасда ҳам арслонлигича қолаверади.
• Ҳунарини ташлаган бахтини йўқотади.
• Агар сен бўри бўлмасанг, бўриларга ем бўласан.
• Кўп кулган одамлар орасида ҳурматини йўқотади.
• Ўз боласини севган етимларга ҳам мурувватли бўлади.
• Қуролини ташлаганни ўлдирмайдилар.
• Қироллар халқ устидан ҳукмронлик қиладилар, олимлар — қироллар устидан.
• Кишиларга муҳаббат — энг яхши давлат.
• Гуноҳларнинг дориси — тавба қилмоқдир.
• Уч нарса умрни узайтиради: кенг уй, яхши улов, меҳрибон хотин.
• Оқил ўзига ўзи соқчилик қилади.
• Кишилар адолат билан ҳаракат қилганларида эди, қозилар дам олган бўлар эдилар.
• Кесиб ташлаш қўлингдан келмагач, у қўлни ўпмай иложинг йўқ.
• Кўп пул одамни кўр қилади.
• Адл биноси ҳеч қачон хароб бўлмайди.
• Бахилнинг кулфати унинг бахиллигидадир.
• Дунё молига ҳарис бўлмаган киши ҳимматлидир.
• Қўрқув-ваҳимани жиловлаёлмаган киши, ўз мақсадларига эришолмайди.
• Битта нон билан тўядиган киши яримта нон билан ҳам тўяверади.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Араблар, ал-араб — Ғарбий Осиё ва Шимолий Африкадаги араб мамлакатларида яшовчи халқлар гуруҳи. Умумий сони 350 млн. киши (2014). Араблар, асосан Африка ва Осиё мамлакатларида: Миср, Судан, Ливия, Тунис, Жазоир, Марокаш, Ливан, Сурия, Ироқ, Иордания, Саудия Арабистони, Яман ва бошқа ерларда яшайди, бу мамлакатлар аҳолисининг қарийб 80% ини ташкил қилади. Катта европеоид ирқига мансуб. Араб тилида сўзлашади. Арабларнинг кўпчилиги суннийлар. Бундан ташқари, араблар ичида мусулмон динининг бир қанча мазҳаблари мавжуд; шиалар — Ироқ, Яман, Сурия ва Ливанда; ибодийлар — Шимолий Африкада; зайдий ва исмоилийлар — Шимолий ва Шарқий Ироқда, Ливаннинг тоғли туманларида яшайдилар. Миср, Ливан, Сурия ва Иорданияда яшовчи арабларнинг бир қисми христиан динига эътиқод қилади.