Яхшилик кўнгил ойдинлигидир

Бир қишлоқлик киши шаҳарлик киши билан дўст тутинибди. Шаҳарга келса дўстининг уйида меҳмон бўлар, кунлаб, ҳафталаб қолиб, еб ичарди. Шаҳарлик киши дўстининг ҳамма эҳтиёжларини сўзсиз қондирар, гапини икки қилмасди. Дўсти ҳар келганида:
— Эй дўстим, сен ҳеч қаерга чиқмайсанми? Сен ҳам бола чақаларингни олиб бизнинг қишлоққа бор. Баҳорда қишлоғимиз жуда чиройли бўлади,  дея қаттиқ илтимос қиларди.
Бунга жавобан шаҳарлик дўсти ҳам:
— Келгуси йил ишлардан, ташвишлардан қутулсам албатта бораман, дер эди.
Шу зайлда ойлар, йиллар ўгди. Қишлоқлик киши ҳар «келганида дўстиникида меҳмон бўлар, хайрлашиб кетаётганда қишлоғига қайта-қайта таклиф қиларди. Бир куни шаҳарлик кишининг болалари:
Отажон, қишлоқлик дўстингизни шунча меҳмон қилдингиз, у учун кўп заҳматлар чектингиз. Уларни унутиб юборманг, бизни ҳам қишлоққа олиб боринг,  дейишди.
Шаҳарлик киши:
— Болаларим, тўғри айтасизлар, лекин кимга яхшилик қилган бўлсанг, ўшанинг ёмонлигидан қўрқ, деганлар. Қишлоқлик амакингиз билан дўстлигимиз охирги даражага етди. Бирор нарса бўлиб, орамиз бузилишидан қўрқаман,  деди.
Бу орада қишлоқлик киши яна хабар устига хабар юбориб, таклиф қилаверди. Ва охир  оқибат, баҳор кунларининг бирида шаҳарлик киши бола чақаларини олиб, хуш кайфият билан қишлоққа йўл олди. Бир неча кундан сўнг қишлоққа етиб келдилар. Дўстининг уйини сўраб суриштирдилар. Эшигини қоқтилар, бироқ негадир эшикни ҳеч ким очмасди. Устига устак ёмғир ёғарди. Усти бошлари ҳўл бўлиб, совқота бошладилар. Чорасиз қолиб, бир бошпана топиб бироз тин олдилар.
Қишлоқлик дўсти уларни танимади. Шу ҳолатда бир неча соат сарсон-саргардон бўлдилар. Охири шаҳарлик киши қишлоқлик дўстига қараб:
— Эй дўстим, мени танимадингми, анчадан буён кўришмадик, деди.
Қишлоқлик:
— Йўқ таний олмадим. Кеча кундуз ўзимни Аллоҳга бағишлаганман, менинг ҳаттоки ўз борлиғимдан ҳам хабарим йўқ,  деди.
Шунда шаҳарлик:
— Шаҳарга келиб дастурхоним атрофида ўтирган эдинг, ойлаб меҳмоним бўлгандинг? Мени неча маротаба қишлоғингга таклиф қилган эдинг…, деб, ҳайратини изҳор этди.
Қишлоқлик:
— Билмадим, сени таниёлмаяпман, исмингни ҳам эслай олмаяпман,  деди.
Шаҳарлик:
— Ҳаммаси тушунарли. Мен барча ҳақларимдан воз кечдим, фақат кеч бўлиб қолди. Бу ёғинли кунда бошпана бер, тонг отгирайлик, деди.
Қишлоқлик киши сўзида қаттиқ туриб  боғ четидаги қоровул кулбасини кўрсатди ва:
— Ярим тунда бу кулбага бўри тушади, агар тонг отгунча кута олсанг, ўша жойда тунагин, деди.
Шаҳарлик киши ноилож рози бўлди. Болалари билан кулбага жойлашди. Қулига ўқ ёй  олиб, кута бошлади. Бир маҳал ярим тунда бир бўрининг шарпаси сезилди. Ёйини кериб, нишонга олди ва бўрини отди. Бўри тепаликдан думалаб тушаркан шовқин эшитилди. Шовқиндан қишлоқлик “дўст” дарҳол ташқрига чиқти ва бақирди:
— Эй, воҳ! Эшагимнинг хўтигини отибсан!
— Йўғ-е, мен бўрини отдим. Шарпасига қарагин а!
Йўқ, хўтикни отдинг. Мен уни шовқинидан танидим.
Иттифоқо шаҳарлик чидай олмади. Юзинг кўзинг демай:
— Эй сен, ҳийлагар, нобакор… Бу қоронғу кечада хўтикни биласану, мени қандай танимайсан? Тунда хўтиғини таниган одам, куппа кундузи дўстини танимас эканми? Яна уялмай мен ориф одамман, кўнглимга Аллохдан бошқа ҳеч нарса сиғмайди, ҳатто ўзимни танимайман, дейсан-а!? Сен Аршйнинг муҳаббат шароби эмас, айрон ичибсан. Сенга ишонганнинг ўзи кўр  ва  кардир,  деди ва шаҳарга равона бўлди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан