Луқмоннинг хожаси жонлиқ қурбонлик қилиб, сўйилган қўйнинг энг яхши аъзосини пишириб келишни буюрибди. Луқмон қўй юраги ва тилидан таом тайёрлаб келибди. Эртасига хожаси унга энди қўйнинг энг ёмон аъзоларини пишириб келишни айтибди. Луқмон бу гал ҳам унинг олдига пиширилган юрак ва тилни қўйибди.
— Айтганим ёдингдан кўтарилганга ўхшайди, — аччиғи чиқибди хожасининг. — Нега менга яна қўйнинг кечаги аъзоларини пишириб келдинг?
— Йўқ, нима буйруқ қилганингиз яхши эсимда, — жавоб қилибди Луқмон. — Юрак бемаъни феъл-атворга изн бермаса, ножўя сўз тилга олинмаса, улардан яхши аъзони топа олмайсиз. Агар бунинг тескариси бўлса булардан-да ёмон аъзо йўқ..